Илмнинг фазилати ва унинг айрим офатларидан огоҳлантирув (Абдуллоҳ Бухорий) - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Руҳий тарбия (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=19) +--- Forum: Илм талаб қилиш (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=20) +--- Thread: Илмнинг фазилати ва унинг айрим офатларидан огоҳлантирув (Абдуллоҳ Бухорий) (/showthread.php?tid=1800) |
Илмнинг фазилати ва унинг айрим офатларидан огоҳлантирув (Абдуллоҳ Бухорий) - mutaallim - 12-23-2012 Илмнинг фазилати ва унинг айрим офатларидан огоҳлантирув
Шайх Абдуллоҳ ибн Абдурроҳим ибн Ҳусайн Ал-Бухорий ҳафизаҳуллоҳ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман. «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102). «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1). «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71). Сўнг… Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир. Сўнг... Дарҳақиқат, Жазоирнинг “Ислоҳ ойномаси”даги биродарлар, Аллоҳ уларни муваффақ айлаб, тўғриликка йўлласин, яхшилик ва тақво асосида ҳамкорлик қилиш негизи рўёбга чиқсин дея мендан улар билан мақола битишликда шерик бўлишимни сўрадилар. Иш шу манзилат ва мартабада бўлар экан, мақола ҳар доим эслатиб туришликка эҳтиёж тушадиган ишга боғлиқ бўлишига мувофиқ ва ҳарис бўлдим. У ҳам бўлса шаръий, соғлом илм ва унинг айрим офатларидан огоҳлантирув ишини эслатиб туришликдир. Зотан, ақл, идроки жойида бўлган кишига ҳаниф-(тўғри) шариатдаги илм ва унинг аҳлининг фазилат ва манзилати махфий эмас. “Инсон золим ва жоҳил ҳолда яратилгандир. Ундаги асос: илмсизлик ва кўнгли тусаган ёмонликка мойил бўлишдир. Демак, унинг жаҳолатини аритадиган муфассал илмга доим эҳтиёж сезади. Яхши ва ёмон кўришида, рози-ризолик ва ғазабида, бажариш ва тарк этишида, бериш ёки маън қилишида ҳамда айтаётган ва қилаётган барча нарсасида зулмни рад этадиган адолатга муҳтождир. Агар Аллоҳ унга муфассал илму адолатни марҳамат қилмас экан, бас, унда тўғри йўлдан чиқишига сабаб бўладиган жоҳиллик ва зулм мавжуддир”. Шайхул Ислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ. (“Қоида фий Анваъил Истифтаҳи фиссолаҳ” (40)). Ушбу муфассал илмга келсак, “Дарҳақиқат, илмнинг фазилати, уни қўлга киритишликка тарғиб, ундан насибадор бўлиб, таълим беришликка тиришишлик борасида кўплаб оят ва мутавотир хабар ҳамда асарлар ворид бўлиб, очиқ-ойдин далиллар бир-бирига ўхшаш ва мувофиқ келди. Мен ушбуларнинг бир қисмини эслаб ўтаман”. Ҳофиз Нававий роҳимаҳуллоҳ. (“Муқоддима Ал-Мажмуъ” (1/40)). Шулардан: 1) Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “(Зеро) Аллоҳ сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди”. (Нисо/113). Шайхул Ислом Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Мифтаҳ Дарус Саъадаҳ” (1/52)да шундай дедилар: “Аллоҳ субҳанаҳу Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга берган неъмат ва фазилатларини бирма-бир санади. Уларнинг энг олийси дея у кишига Китоб ва ҳикматни ато этгани ҳамда у кишига билмаган нарсаларини таълим берганини айтди”. 2) Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “(Эй Муҳаммад, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун барча покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг – Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатган жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир”. (Моида/4). Имом Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Мифтаҳ Дарус Саъадаҳ” (1/55)да шундай дедилар: “Аллоҳ субҳанаҳу жоҳил-(ўргатилмаган) итнинг овини ейишлик ҳаром бўладиган ўлакса деди ва ўргатилган итнинг овини мубоҳ қилди. Бу илмнинг шарафли эканидандирки, фақат олим-(ўргатилган) итнинг ови мубоҳ бўлади. Жоҳил итга келсак, унинг овини ейишлик ҳалол бўлмайди. Бу эса илмнинг шарафи ва фазлига далолат қилади. Агар илм ва таълимнинг имтиёзи ва шарафи бўлмаганида эди, ўргатилган ва жоҳил итнинг ови баробар бўлиб қоларди”. Пайғамбар суннатидаги ҳужжатлардан: 1) Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”лари (71-рақам, “Фатҳул Борий” (1/164))да ва имом Муслим ўз “Саҳиҳ”лари (Нававий 7/128)да Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимгаки Аллоҳ яхшиликни ирода қилса уни динда фақиҳ-(теран тушунувчан) қилиб қўяди. Албатта мен тақсимлаб берувчиман. Аллоҳ эса ато этувчидир. Ушбу уммат Аллоҳнинг амрида мудом қоим бўлиб бораверади. Аллоҳнинг амри келгунча уларга қарши чиққанлар уларга зарар беролмайди”. Имом Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Мифтаҳ Дарус Саъадаҳ” (1/60)да шундай дедилар: “Бу далолат қиладики, Аллоҳ кимни динда билимдон қилмаган экан унга яхшиликни ирода қилмабди. Худди Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса уни динда билимдон қилиб қўйганидек. У Зот кимни динида билимдон қилган экан, батаҳқиқ, унга яхшиликни ирода қилибди, агар фиқҳ-(билим)дан амални лозим тутувчи илм ирода қилинган бўлса. Агар ундан қуруқ-(амалсиз) илмни ўзи ирода қилинган бўлса, бас, бу кимки динда билимдон бўлса, батаҳқиқ, унга яхшилик ирода қилинганига далолат қилмайди. Ана шу дамда фиқҳ-(билим) яхшилик ирода қилинишлик шарти бўлади. Аввалги (қовлга) кўра эса (яхшиликни) вожиб қилувчи бўлади, Валлоҳу Аълам”. Ҳофиз Нававий роҳимаҳуллоҳ “Шарҳ Соҳиҳи Муслим” (7/128)да шундай дедилар: “Ушбу (ҳадис)да илмнинг ва динда билимдон бўлишликнинг фазилати, унга тарғиб ва у Аллоҳ таолодан тақво қилишга бошловчи экани (айтилди)”. 2) Имом Бухорий “Саҳиҳ” (82-рақам, “Фатҳ” (1/180)да ва имом Муслим “Саҳиҳ” (2391-рақам)да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: “Уйқуда эканман менга бир қадаҳда сут берилди. Чанқоқ босилгани тирноқларимга чиққанини кўргунимча ичдим. Сўнг мендан ортганини Умар ибн Хаттобга бердим”. “Уни нима деб таъвил қилдиз, эй Росулуллоҳ?”, дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм”, дедилар. Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий” (7/46)да шундай дедилар: “Бундай таъбир қилишликнинг услуби сут ва илмнинг кўплаб манфаатларда муштарак ҳамда иккиси салоҳият сабаби эканлиги жиҳатидандир. Сут баданий озуқа бўлса, илм маънавий озуқадир”. Салаф солиҳ розияллоҳу анҳумларнинг асарларидан: 1) Имом Бухорий “Саҳиҳ” (Фароиз Китоби, Фароиз илмини ўргатишлик боби (12-боб, “Фатҳ” (2/4))да дедилар, Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Гумон қилувчилардан олдин таълим олиб қолинглар”. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ушбу сўзни изоҳлаб шундай дедилар: “Яъни, гумон билан гапирадиганлар”. Ҳофиз Нававий роҳимаҳуллоҳ имом Бухорий сўзлари сўнгидан шундай дедилар: “Маъноси шуки: бирор шаръий асоссиз илм борасида ўз нафс ва гумонларига ўхшаши билан гапирадиган қавм келишидан олдин илмни ҳаққирост амалга оширадиган, парҳезкор аҳли кетиб қолишидан олдин олинглар”. (“Мажмуъ” (1/42)). Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ Уқба розияллоҳу анҳунинг асарлари манъоси борасида бошқа важҳни ёдга олдилар. Шулардан: “Ундан ирода қилингани: илм йўқолиб кетиши ва илмга асосланмай ўз гумони тақозо этганга кўра сўзлайдиганлар чиқишидан олдин, дейилди”. 2) Саҳл ибн Абдуллоҳ Ат-Тустарий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Илмда бирор нарса-(янгилик) пайдо қилган ҳар бир киши, албатта, қиёмат куни у ҳақида сўралади. Агар суннатга мувофиқ келса саломат қолади. Акс ҳолда у ҳалокатдир”. (“Жамиъ Баянил Илм” (2/1085)). 3) Солиҳ ибн Миҳрон Аш-Шайбоний роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ҳар бир саноат-(касб) соҳиби ўз саноатида ишлашга фақат асбоб билан қодир бўлади. Исломнинг асбоби илмдир”. (“Тобақотул Муҳаддисин Биасбаҳан” (2/216)). Қани энди зийрак мўмин ушбу фазилатга эришиш ва унинг аҳли карвонига қўшилиш учун жидду-жаҳд енгини шимарсин! “Илм талабидаги энг олий ҳиммат: Китобу Суннат илмини талаб қилишлик, Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айни муродни фаҳмлашлик ва нозил қилинган ҳад-ҳудудларни ўрганишликдир. Талабаларнинг энг тубан ҳимматлари шоз, рўй бермаган ва воқеликда учрамайдиган масалалар кетига тушишга чекланишлик ёки ҳиммати ихтилофни билиш ва одамларнинг сўзини текшириш бўлишидир. Унинг ушбу сўзлар ичида саҳиҳини билишликка ҳиммати йўқ. Ушбуларнинг бирортаси ўз илми билан фойда кўргани оз бўлади”. Ушбу сатрлар имом Ибнул Қоййимнинг фойдали китоблари бўлмиш “Фаваид” (60)да битилгандир. Агар бирор киши фойдали илмнинг ҳақиқати ҳақида сўрамоқчи бўлса, жавоб имом Ибн Ражаб Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ фойдали китоблари бўлмиш “Фадлу илмиссалафи аъла илмилхолафи” (45) (“Салафларнинг илмини халафларнинг илмидан афзаллиги”)да айтган сўзларидир: “Ушбу барча илмларнинг орасидаги фойдали илм: Китобу суннат ҳужжатларини аниқлаб олиб, унинг маъноларини тушунишлик, бу борада саҳоба, тобеъин ва уларга эргашувчилардан (ворид бўлган) асарларига боғланишликдир. Қуръон ва ҳадис маънолари, у зотлардан ҳалол ва ҳаром, зуҳд, қалб ҳолатлари, маърифат ва бундан бошқалари борасида ворид бўлган сўзларга боғланишлик. Биринчидан унинг саҳиҳи ва касали-(заифи)ни ажратиб олишликда тиришишлик, сўнг иккинчидан унинг маъноларига воқиф бўлиб, тушуниб етишликда тиришишликдир. Ана шу ақл юргизган киши учун етарлилик ва фойдали илмга аҳамият қаратиб, шуғулланаман деган кишига шуғулланадиган ишдир. Кимда-ким ушбуга воқиф бўлиб, бу борада мақсадни Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун холис қилса ва Ундан бу борада ёрдам сўраса унга ёрдам бериб, ҳидоятга йўллаб, тавфиқ бериб, тўғриликка бошлаб, фаҳм ато этиб, илҳом бағш этади. Ана шу дамда ушбу илм ўзининг хос самарасини беради. У – Аллоҳ таоло айтганидек “Хошя”-(қўрқувдир): “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур”. (Фотир/28). Ибн Масуд (розияллоҳу анҳу) ва бошқалар шундай деди: Аллоҳдан қўрқишлик учун илм кифоядир. Қалби Аллоҳдан банд бўлишлик учун жоҳиллик етарлидир...”. Ушбу бобдаги муҳим ва ёрқин сўзлардан бири имом, шайхул ислом Муҳаммад ибн Идрис Аш-Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг сўзларидир. У киши қимматли китоблари бўлмиш “Рисола” (44-45-46-рақам, 19-саҳифа)да шундай дедилар: “Одамлар илмда бир неча табақада бўлиб, уларнинг илмдаги мавқелари билимлари даражаси миқдорига қарабдир. Талабаларга билимни ошириб боришда ғоятда тиришишлари, барча илмдан тўсувчи нарсаларга сабр қилишлик, илмни хоҳ ҳужжат, хоҳ истинбот нуқтаи назаридан қамраб олишда ниятни Аллоҳ учун холис қилишлик, ундаги ёрдамда Аллоҳга рағбат қилишлик вожибдир. Чунки Унинг ёрдамисиз бирор бир яхшилик қўлга киритилмайди. Кимда-ким ҳужжат ёки далил келтириш нуқтаи назаридан Аллоҳнинг Китобидаги ҳукмлар илмига эришса ва Аллоҳ уни билган нарсасида сўз ва амалга муваффақ айласа дин ва дунёдаги фазилат ила бахтга эришиб, ундан шубҳалар ариб, қалбида ҳикмат нури чарақлаб, динда имомлик ўрнини эгаллабди”. (Юқорида) зикр қилинганлардан кейин илм офатларининг энг улканларидан бирини огоҳлантириб ўтаман. У ҳам бўлса: Аллоҳ ҳақида билимсизлик билан сўзлашликдир! Зотан, у улкан жиноят, қабиҳ иш, ёлғон ва Аллоҳ жалла ва аъла ҳақида ҳукм чиқаришликдир. У, Аллоҳ азза ва жалла бирор кишига Ўзи ҳақида беҳуда сўзлашликни ҳалол қилмаган ишдир. Ҳаттоинки У Зот жалла ва аъла Ўзининг Халили ва Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида -ҳолбуки У Зот у кишини ушбудан сақлаган, у кишидан қуйи бўлганлар ҳақида нима дейсиз?!!- шундай деди: “Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида. Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди”. (Ал-Ҳаққо/44-47). Ҳофиз Ибн Касир тафсирларида (4/415) шундай дедилар: “Аллоҳ таоло: “Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида”, деяпти, яъни, улар даъво қилганларидек Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар Биз ҳақимизда ёлғон тўқиб, рисолатга зиёдалик олиб кирса ёки унга нуқсон етказса ёҳуд ўзидан бирор нарса деб, уни бизга нисбат берса -асло бундай бўлмайди- батаҳқиқ, унга уқубатни тезлаштирган бўлардик. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган...бўлур эдик”, деди. Унинг маъноси ҳақида шундай дейилди: ундан ўнг Қўл билан ўч олган бўлур эдик. Чунки у ушлашликда қаттиқроқ-(мустаҳкамроқ)дир. Ва айтилдики: унинг ўнг қўлидан ушлаган бўлур эдик. “Сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик”. Ибн Аббос шундай дедилар: у сотомир-(аорта). Ва у юрак унга боғланган томирдир. “У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди”, яъни, агар унга ушбу (азоб)дан бирор нарсани хоҳлайдиган бўлсак, сизлардан бирор киши Биз билан унинг орасини тўсиб қолишликка қодир бўлмас эди. Бу борадаги маъно шуки: балки у ростгўй, итоаткор, тўғридир. Чунки Аллоҳ таоло уни тасдиқ этиб, Ўзи ҳақида (рисолатни) етказувчи қилди ва у кишини ажойиб мўжиза ва узил-кесил далиллар билан қўллаб-қувватлади”. Ушбу хатарли ва улуғ мақомни қайд этиб ўтишликдаги далиллардан: 1) Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда: «Менга ваҳий келди», деган...кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?”. (Анъом/93). Аллома Қуртубий (“Жамиъ лиаҳкамил Қуръан” (7/41))да шундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “...Кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?”, маъноси, ундан золимроқ бирор киши йўқ. “Ёлғон тўқиган”, яъни, Аллоҳ ҳақида ёлғонни ўйлаб топган. “«Менга ваҳий келди», деган”, ўзини пайғамбар эканини даъво қилган. “Ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда”... . Ана шу услубдандир кимда-ким фиқҳ, суннат ва салафлар юриб ўтган йўлдан юз ўгириб: ҳаёлимга шундай-шундай нарса келди ёки қалбим шундай хабар берди деб, қалбларига келган ва ҳаёлларига устун келган нарса ила ҳукм қиладиганлар. Ва ушбулар турли кирлардан мусаффо ҳамда ўзгариш-(беқарорлик)дан холий деб даъво қиладиганлар бўлиб, уларга илоҳий илм ва раббоний ҳақиқатлар маълум бўлади! Куллий сир-асрорларга воқиф бўлиб, жузъий ҳукмларни биладилар ва натижада ушбулар сабабли умум шариат ҳукмларидан беҳожат бўладилар. Айтадиларки: ушбу шаръий ҳукмлар омма учун бўлиб, у билан бефаросат ва оммага ҳукм қилинади. Авлиё ва хос одамларга келсак, улар ушбу ҳужжатлардан беҳожатдир”. Аллома Саъдий ўз тафсирларида (226) шундай дедилар: “Аллоҳ таоло айтяптики: Аллоҳ таоло ундан пок бўлган бирор сўз ёки ҳукмни Унга нисбат беришлик билан У Зотга ёлғон сўзлаган кимсадан-да улканроқ зулм ва каттароқ жиноят қилган бирор киши йўқ. Балки ушбу (кимса) махлуқотларнинг энг золимидир. Чунки ушбу қилмишда ёлғон ҳамда диннинг асоси ва бўлимларини ўзгартиришлик ва ушбуни Аллоҳ таолога нисбат беришлик мавжудки, бу бузуқ ишларнинг энг каттасидир”. 2) Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар”. (Наҳл/116). Ҳофиз Ибн Касир ўз тафсирларида (2/590) шундай дедилар: “Аллоҳ таоло ўзлари қўйиб олган ва истилоҳга киритган қуруқ исмлар билан ҳалол ва ҳаром қилиб оладиган мушрикларнинг йўлидан юришдан қайтарди... -дея давом этадилар-. Бирор шаръий асосга эга бўлмаган бидъатни ўйлаб топган ёки қуруқ раъй ва истак-хоҳиши деб Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаган ёҳуд Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром санаган ҳар бир кимса ушбу (маъно) остига дохил бўлади... Сўнг У субҳанаҳу ушбу ишга таҳдид қилиб айтдики: “Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар”, яъни, на дунёда ва на охиратда. Дунёга келсак, озгина матодир. Охиратга келсак, бас, улар учун аламли азоб бордир. Аллоҳ таоло айтганидек: “Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз!” (Луқмон/24)”. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ёлғон тўқишлик ҳам Аллоҳ ҳақида ёлғон тўқишлик остига киради. Чунки суннат ваҳийдир. Аллоҳ таоло деди: “Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”. (Нажм/3-4). Дарҳақиқат, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Саҳиҳайн”да келганидек ўзларига нисбатан ёлғон тўқиган кимса ҳақида ваъид-(қўрқитув) айтиб, шундай дедилар: “Менга нисбатан (тўқилган) ёлғон бирор кишига нисбатан (тўқилган) ёлғон каби эмас. Кимда-ким менга қасддан ёлғон тўқиса, бас, ўрнини дўзахдан эгаллайверсин”. 3) Аллоҳ таоло деди: “Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос”. (Аъроф/33). Олийҳиммат имом Ибнул Қоййим буюк китоблари “Иълам Ал-Муваққиъин ан Роббил Аъламин” (1/38)да шундай дедилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу фатво ва қозиликда Унинг шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришни ҳаром қилди ва ҳаром қилинганларнинг энг улкани деди. Балки уни энг юқори мартабага қўйди. Субҳанаҳу айтдики: “Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос”. У Зот ҳаром ишларни тўрт даражага тартиблади. Уларнинг энг енгили бўлмиш фаҳш ишлардан бошлади. Сўнг иккинчи ўринга ҳаром эканлиги ундан қаттиқроқ-(қабиҳроқ) бўлгани бўлмиш гуноҳ ва зулмни қўйди. Сўнг учинчи ўринга ҳаром эканлиги у иккисиданда улканроқ бўлган У субҳанаҳуга ширк келтиришни қўйди. Сўнг эса тўртинчи ўринга ҳаром эканлиги ушбуларнинг баридан қаттиқроқ-(қабиҳроқ) бўлган У Зот шаънига илмсиз сўзлашликни қўйди. Бу эса Унинг исм, сифат, феъллари ҳамда шариати ва дини борасида У субҳанаҳуга нисбатан билимсиз сўзлашликни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар. (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир”. (Наҳл/116-117). Субҳанаҳу уларга У Зот шаънига Унинг ҳукмлари борасида ёлғон сўзлашлик, У Зот ҳаром қилмаган нарсани: бу ҳаром дейишликлари ва У ҳалол қилмаган нарсани: бу ҳалол дейишликлари ҳақида ваъид билан мурожаат қилди. У субҳанаҳу томонидан баён қилиняптики, бандага Аллоҳ субҳанаҳу ҳалол ёки ҳаром қилганини билгандан кейингина: бу ҳалол, бу эса ҳаром дейишлиги жоиз бўлади. Баъзи салафлар шундай дейишган: сизлардан бирингиз: Аллоҳ ушбуни ҳалол қилди, мана буни ҳаром қилди дейишликдан қўрқсин. Шунда Аллоҳ унга: ёлғон сўзладинг, Мен ушбуни ҳалол қилмагандим ва мана буни ҳаром қилмагандим дейди. Унинг ҳалол ва ҳаром эканлиги ҳақида очиқ-ойдин ваҳий ворид бўлганини билмаган нарса борасида Аллоҳ уни ҳалол қилган деб гап очишлиги ярамайди. Аллоҳ уни қуруқ-(кўр-кўрона) тақлид ёки таъвил сабаб раҳм қилсин! Дарҳақиқат пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда ўз(лари қўшинга сайлаган) амирлари Бурайдани, душманни қамал қилганда уларни Аллоҳнинг ҳумкига туширишдан қайтардилар. Айтдиларки: “Батаҳқиқ, сен улар борасида Аллоҳнинг ҳукмига (тўғри) етасанми ёки йўқми билмайсан. Бироқ уларни ўзинг ва шерикларингнинг ҳукмига тушир”. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг ҳукми билан мужтаҳид амирнинг ҳукми ўртасини қандай ажратганлари ва мужтаҳидларнинг ҳукми Аллоҳнинг ҳукми деб аталишидан қайтарганларини ўйлаб кўринг! Яна шундайлардан, котиб мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурида у киши чиқарган ҳукмни ёза туриб: бу Аллоҳ таоло мўминларнинг амири Умарга кўрсатган (ҳукми), деди. Шунда у киши (розияллоҳу анҳу): “Бундай дема! Балки: бу мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб раъй қилган (ҳукм) дегин, дедилар”. Ибн Ваҳб Моликни шундай деяётганларини эшитдим деди: “Одамлар ҳам бундай қилишмасди, ўтган салафларимиз ҳам. Ўзим иқтидо қиладиган бирор кишини бирор нарсада шундай деганини топмадим: бу ҳалол, бу эса ҳаром. Улар бунга журъат қилишмасди. Балки шундай деб айтардилар: буни кариҳ кўрамиз, буни яхши деб биламиз, шундай лозим бўлади, ушбуни раъй қилмаймиз”. У кишидан ушбуни Атиқ ибн Яъқуб ривоят қилиб, шуни зиёда қилди: “Улар: ҳалол ҳам, ҳаром ҳам демасдилар. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлини эшитмаганмисан: “Айтинг: «Хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу рўзнинг (айримларини) ҳаром, айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: «Хабар берингиз-чи, (бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!»”. (Юнус/59). Ҳалол – Аллоҳ ва Расули ҳалол қилгани. Ҳаром – Аллоҳ ва Расули ҳаром қилганидир”. Имом Ибнул Қоййим “Мадариж Ас-Саликийн” (1/372)да шундай дедилар: “Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашлик ҳаром қилинганлар ичидаги энг оғир-(қабиҳ) ҳаром қилингани ва гуноҳи улканроғидир. Шу сабабли шариат ва динлар иттифоқ қилган ҳаром бўлган ишларнинг тўртинчи мартабасида ёд этилди. Ушбулар бирор ҳолатда ҳалол бўлмай, фақат ҳаромлигича қолади. Ўлакса, қон ва тўнғиз гўшти каби эмаски, маълум бир ҳолатда ҳалол қилинса. Ҳаром қилинганлар икки турлидир: Зотига кўра ҳаром қилинганлар бўлиб, бирор бир ҳолатда ҳалол бўлмайди. Маълум вақтда шароит тақозосига кўра ҳаром қилинганлар. Аллоҳ таоло зотига кўра ҳаром қилинганлар ҳақида шундай деди: “Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни ...”. Сўнг унданда улканроғига кўчиб, шундай деди: “(Барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни”. Сўнг унданда улканроғига кўчиб, шундай деди: “Ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни”. Сўнг унданда улканроғига кўчиб, шундай деди: “Ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос”. Ушбулар Аллоҳ наздидаги энг улкан ҳаром ишлар ва гуноҳи оғирроқларидир. Батаҳқиқ у Аллоҳ шаънига ёлғон тўқишни, Унга нолойиқ нарсани нисбат беришни, динини ўзгартириб, алиштиришликни, исбот қилганини инкор этиб, инкор этганини исбот қилишликни, ботил деганини ҳақ ва ҳақ деганини ботил дейишликни, дўст тутганини душман ва душман тутганини дўст тутишликни, ғазаб қилганига муҳаббат қўйиб, муҳаббат қўйганига ғазаб қилишликни ҳамда Унинг Зоти, сифатлари, сўзлари ва феълларида Уни нолойиқ нарса билан сифатлашликни ўз ичига олади. Ҳаром қилинганлар жинси ичида Аллоҳ ҳузурида ушбуданда улканроғи ва гуноҳи оғирроғи йўқ. У ширк ва куфрнинг асли ҳамда бидъат ва залолатлар қуриладиган асосдир. Диндаги барча йўлдан оздирувчи бидъатнинг асоси Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашликдир. Шу сабабли салаф ва имомлар ушбуларни қаттиқ инкор қилиб, ушбуларга қўл урганларга дунёнинг турли чеккаларидан хитоб қилдилар ва уларнинг фитналаридан ниҳоятда огоҳ этдилар. Бу борада шундай муболаға билан (огоҳ этдиларки), фаҳш, зулм ва тажовузни инкор қилишда бу даражада муболаға қилмадилар. Зеро, бидъатларнинг зарари, динни бузишлиги ва унга номувофиқ келишлиги қаттиқродир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бирор ҳужжатсиз ўзининг наздидан бирор нарсани ҳалол ёки ҳаром қилишни динига нисбат берган кимсага инкор қилиб, шундай деди: “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар”. (Наҳл/116). Энди Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога Ўзини сифатламаган сифатларни нисбат берган ёки У Зотдан Ўзини сифатлаган сифатни рад этган кимса қандай бўларкин?! Баъзи салафлар шундай дейишди: бирортангиз: Аллоҳ буни ҳалол қилди, Аллоҳ мана буни ҳаром қилди дейишдан ҳазир бўлсин. Шунда Аллоҳ айтадики: ёлғон сўзладинг. Ушбуни ҳалол қилмагандим ва мана буни ҳаром қилмагандим. Аллоҳ ва Расулидан бирор ҳужжатсиз қуруқ раъй билан ҳалол ва ҳаром дейишлик назарда тутиляпти. Ширк ва куфрнинг асли Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашликдир. Батаҳқиқ, мушрик Аллоҳдан ўзга маъбуди уни Аллоҳга яқинлаштиради, уни Унинг ҳузурида шафоат қилади, У Зот подшоҳларнинг ҳузурида воситачилар бўлгани каби унинг воситасида ҳожатларини ўтайди дея даъво қилади. Демак, ҳар бир мушрик Аллоҳ шаънига билимсиз сўзловчидир, акси эмас. Зотан, Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашлик инкор-(таътил) ва Аллоҳнинг динида бидъат қилишликни ўз ичига олади. Демак, у ширкданда умумийроқдир. Ширк унинг жуъзларидан бир жуъздир. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларига ёлғон тўқишлик жаҳаннамга киришни ва ундан жой ҳозирлашликни лозим тутади. У ўз соҳибидан мудом ажралмайдиган манзилдир. Чунки у, У Зотга очиқ ёлғон тўқиш каби Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашликни ўз ичига олади. Чунки элчига нисбат берилган нарса элчи қилиб жўнатувчи Зотга нисбат берилгани ва Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлаш, Унга очиқ ёлғон тўқишдир. “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган...кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?”. (Анъом/93). Бидъат аҳлининг барча гуноҳлари ушбу тур остига дохилдир. Ундан тавба қилишлик фақат бидъатдан тавба қилишлик ила рўёбга чиқади. Уни бидъат эканини билмаган ёки уни суннат дея гумон қилиб, унга чорлаган ва тарғиб қилган кимса ушбулардан қандай тавба қилсин? Ушбу кимсага улардан тавба қилишлиги вожиб бўладиган гуноҳлари фақат суннатдан тўла хабардор бўлишлиги, ундан илм ҳосил қилиб, давомий изланиш ва суриштиришда бўлишлиги билан кўринади. Бидъат соҳибини эса бундай ҳолатда асло кўрмайсан”. Якунида шайх, аллома Абдурроҳман Саъдийнинг муаллимнинг мутааллимга билмаган нарсаси борасида жавоб ўлароқ “Аллоҳу Аълам” (Аллоҳ Билгувчироқ) дейишининг аҳамияти ҳақидаги ажойиб сўзларини айтаман. У киши фойдали, мухтасар рисолалари бўлмиш “Муаллим ва мутааллимнинг одоби” (27)да шундай дедилар: “Бу уларнинг қадрларини туширмайди. Балки қадрларини кўтаради ҳамда пархезкор эканликлари ва тўғриликка одатланганликларига далолат қилади. Билмаган нарсасида тўхташлигида кўплаб фойдалар бор: Бу аслида унга вожибдир. У тўхтаб: билмайман деса, ушбу нарсанинг илми унга тезда келади. Ё ўзи мурожаат қилади ёки ўзгаси мурожаат қилади. Батаҳқиқ, мутааллим муаллимини тўхтаганини кўрса, ушбу (масала)нинг илмини ҳосил қилишда жиддий тиришади ва уни муаллимга тортиқ қилади. Ушбунинг таъсири қандай ҳам яхшидир. У агар билмаган нарса борасида тўхтаса, бу унинг ишончли, қатъий киришган масалаларини пухта эгаллаганига далолат қилади. Худди билмаган нарсаси ҳақида гап бошлаган одамдан маълум бўлганидек, унинг бу иши барча гапирган сўзларида шубҳа туғдиришига олиб келади. Ҳатто очиқ-ойдин ишларда ҳам. Мутааллимлар муаллимдан билмаган нарсасида тўхтаганини кўрсалар, бу уларга ушбу гўзал йўлни таълим беришлик ва йўллашлик бўлади. Ҳолат ва амалларга эргашишлик сўзларга эргашишликдан етукроқдир...”. Айтаманки: ушбулар муаллимнинг “Аллоҳу Аълам” дейишлиги ёки билимсиз сўзламаслигидан келиб чиқадиган айрим фойдалардир. Шак-шубҳасиз ушбу сўзни мутааллим томонидан айтилишлиги таъкидлироқ ва лозимроқдир. “Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман”. (Ҳуд/88). Мукаррам арш Раббиси Буюк Аллоҳдан барчамизни Ўзи яхши кўриб, рози бўладиган амалларга муваффақ айламоғини, бизларни йўлдан озган йўлдан оздирувчилар эмас ҳидоят йўлидан бораётган ҳидоят йўлига етакловчи қилишлигини сўрайман. Албатта, У Эшитувчи ва (дуоларни) ижобат этувчидир. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг аҳли оила ва саҳобаларига саловату саломлар йўлласин. Абдуллоҳ ибн Абдурроҳим ибн Ҳусайн Ал-Бухорий Мадина Ан-Набавийядаги исломий дорилфунун қошидаги ҳадиси шариф қисми мударриси 16/Жумадул Ахир/1431 ҳ Манба: http://www.elbukhari.com/index.php?page=article&action=article&article=28 |