Тавҳид форуми
Ношаръий тўй қилишга рози бўлиш - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Фиқҳ (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=10)
+--- Forum: Оила (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=23)
+---- Forum: Никоҳ (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=57)
+---- Thread: Ношаръий тўй қилишга рози бўлиш (/showthread.php?tid=1514)



Ношаръий тўй қилишга рози бўлиш - Меҳмон - 05-03-2011

Assalamu Alaykum va raxmatulloh. Alloh qilayotgan hayrli ishlarizga ajr-savoblar yog'dirsin va bu yo'lda sizga sabr-toqat va madad bersin, amiyn.
Savolim. Bundan bir necha yillar, ibodat faqat namoz, ro'za, zakot va haj deb bilib tavhiddan umuman bilimga ega bo'lmagan paytlarimda bitta qiz bilan tanishib unga ko'ngil qo'ygan edim va oradan vaqt o'tib fotihamiz ham bo'ldi va bir yildan keyin safardan uyga qaytkanimizda to'y qilishga kelishdik. To'yni erkak-ayol aralash va o'yin-kulgu ashula bilan o'tqizadigan bo'lib kelishgande bo'ldik. Hijob to'g'risida ham gap yo'q edi.
Alhamdulillah tavhid bilimini o'rganishni boshlaganimdan so'ng iymonim ziyodalashib taqvoim oshib, diniy bilimlarim ham ancha boyib qoldi. Tavhid kalimasi asosida hayotini qurgan inson Allohga osiy bo'ladigan har qanaqa gunohdan o'zini tiyishga harakat qilarkan. Huddi shunga binoan mani u qizga to'ydan keyin ertasi kuniyoq hijobga kirishini talab qila boshladim va buni har qanaqa yo'llar bilan chuntirdim lekin u o'zim hohlab hijobga kirishimga qo'yib bering demoqda. Payg'ambarimiz (SAV) etganlaridek, jannat dayus uchun harom bo'lgani uchun, dayus hukmida bo'lib qolishdan qo'rqib unga uylanishim uchun shu shartni qo'ydim. Va yana to'yni hich qanaqa qo'shiqchilarsiz, ayollarga alohida bazm qiberish shartini qo'ydim. Bu shartlarimga uning ota-onasi qarshi chiqib, bitta qizimizni kelin ko'ynagida ko'rishni hohlaymiz, to'yni hamma qatori o'yin-kulgu bilan o'tishini hohlaymiz va yana ming hil bohonalar keltirishmoqda. Savolim shundan iboratki, man bularga boshida qo'ymagan shartlarimni to'yga azgina vaqt qolganida qo'yib, agar man aytgan yo'singa bo'lmasa bunday to'yga rozimasman deb shart qo'yishlarim ularga nisbatan adolatsizlik bo'lib qolmaydimi? Shunday vaziyatda Allohga osiy bo'lmagan holatda qanday yo'l tutsam bo'ladi? Hijobni o'zi hohlab kirishiga qo'yib bersam gunohkor bo'lib qolmaymanmi? Qaysi holatda ular bilan murosaga kelsam bo'ladi?

Alloh qilayotgan hayrli ishlarizdan rozi bo'lsin, amiyn!
Va assalamu alaykum va raxmatulloh!


RE: Турмуш қураётган ёшлар ва ота-она орасидаги тушунмовчиликлар ҳақида - Муслим - 05-03-2011

Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Биродар, Аллоҳ сизни динида собитқадам қилсин.
Мен бир биродарни танийман. Исломга амал қилмай юрганида бир қизни қаттиқ севган экан. У билан турмуш қуришни орзу қилиб яшар экан. Вақтлар ўтиб, Аллоҳнинг тавфиқи билан, шу биродар Исломга амал қилишни бошлаган экан. Уйланиш даври келганида, ўша ўзи ёқтирган қизга очиқчасига "Мен Исломга мувофиқ ҳаёт кечиришни истайман. Агарда турмуш қурадиган бўлсак мана бу, мана буларга амал қилишимиз, турмушни мана бундай тарзда олиб боришимиз керак бўлади. Агар сен шу каби ҳаёт тарзига рози бўлсанг, марҳамат, турмуш қурамиз. Акс ҳолда бирга яшаб, ҳаётимиз мобайнида бир-биримизни қийнаганимиздан кўра, барчамиз ўзимиз истаган йўлдан кетганимиз афзал" деган маънода шарт қўйган экан. Қиз маълум вақт ўйлаб кўриб (ота-онаси билан маслаҳатлашгандир балки) бу каби ҳаёт тарзида яшашга тайёр эмаслигини ёки истамаслигини айтган экан.
Қисқаси шу биродар ўз истагига қарамай «Аёлни тўрт нарса учун никоҳланур: моли учун, насаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», ҳадисига амал қилган экан. Шу биродар қилмишига ачинди деб ўйлайсизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор кимга маслаҳат берадилар-ку, ўша одам ушбу маслаҳатдан зиён кўриши мумкинми?! Йўқ, Аллоҳга қасамки йўқ! У диндор қиз топиб уйланди ва алҳамдулиллаҳ бахтли ҳаёт кечиряпти.
Биродарнинг айтишича, ҳозир ўша эски ёқтирган қизига яхшиям уйланмаган эканман дейди. Чунки у қиз билан бу каби ҳаёт кечиришига ишонмайди.
Одатда инсон бир кимсани ёқтирса, ҳудди усиз бирортаси билан бахтли бўла олмайдигандек ҳаёлга боради. Бу эҳтирос оқибатида унинг айбларни кўрмайди ёки кўз юмади. Турмуш қурганидан кейин эса бу камчиликлар юзага чиқади. Надомат қилишга кеч, нима ҳам қила олар эди энди. Шунинг учун бу каби ҳолатларда эҳтиросга берилмаслик, барча нарсани реал баҳолай билиш жуда муҳим.
Тўй борасида орада ихтилоф бўлди дедингиз. Менимча бу бошланиши биродар. Эртага фалончининг фасод тўйига бориш бормасликда, туғилган кунига бориш бормасликда, нима кийиш нима киймасликда, ҳижоб ўраш ўрамасликда ва ҳоказо масалаларда ихтилоф бўлиши аниқ. Бунинг охири бўлмайди. Ҳақиқий диндор қизга уйланган биродарлардан бир сўранг, уларда бу каби муаммолар бўлармикин?! Йўқ албатта, чунки у қизлар шу тарбияни олган бўлади. Керак бўлса бу масалада сизга тақво қилишни ва қаттиқроқ туришни тавсия қилишади иншааллоҳ.
Бу менинг мавзу борасидаги ожиз фикрим эди. Буни фатво сифатида қабул қилманг. Масаланинг узил-кесил ҳукмини билиш учун эса илм, тақво ва тажрибага эга бўлган илм аҳли билан муҳокама қилишни ва бир қарорга келишни тавсия этаман.
Фойда учун сиз санаб ўтган масалаларда баъзи олимларнинг фатволарини келтирмоқчиман. Шояд улардан ўзингизга керакли фойдани олсангиз.
Quote:mani u qizga to'ydan keyin ertasi kuniyoq hijobga kirishini talab qila boshladim va buni har qanaqa yo'llar bilan chuntirdim lekin u o'zim hohlab hijobga kirishimga qo'yib bering demoqda.
Пардозли аёлга уйланиш

Савол: Муслима, бироқ пардозланиб юрадиган аёлга уйланишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Пардозланиб юрадиган аёлга бу ишдан қайтиши учун насиҳат қилиб, огоҳлантирилади. Агар ижобат қилса яхши, акси тақдирда ундан бошқа шаръий ҳижоб билан ўранган мултазима аёлларга уйланиш авлодир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 18999–2.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдулазиз Оли Шайх,
Аъзолар: Бакр Абу Зайд, Солиҳ Фавзон ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Quote:To'yni erkak-ayol aralash va o'yin-kulgu ashula bilan o'tqizadigan bo'lib kelishgande bo'ldik.

Эркак ва аёллар аралашган тўйларга бориш

Савол: Эркаклар ва хотин-қизлар аралаш иштирок этадиган никоҳ тўйларига боришнинг ҳукми нима?
Жавоб: Эркаклар ва хотин-қизларларнинг аралашиб юриши, мусиқа ва ҳаром қўшиқлар айтилаётган йиғинларга бориш уч қисмга бўлинади:
Биринчиси: у тўйда иштирок этиб, мункар нарсаларга тўсиқ бўлмаслик. Бу – ҳаром ва бундай ҳолатда иштирок этган одам тўйхона эгаларининг гуноҳларига ўртоқдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: «Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз уларнинг ўзисиз» (Нисо: 140).
Иккинчиси: тўйда иштирок этиб гуноҳлардан қайтариш ва у қайтаришнинг ўша гуноҳни тарк қилишда таъсири бўлиши. Бундай ҳолатда тўйга иштирок этиш фарз бўлади. Чунки бундай ижобат – бир тарафдан чақириққа ижобат бўлса, иккинчи тарафдан мункарни йўқотиш учун ижобат бўлади.
Учинчиси: тўйларга иштирок этиб, тўйхонадаги мункарлардан норози бўлиш. Бундай одам мазкур мункарни йўқотишга ҳаракат қилиши, уддасидан чиқа олса яхши, бўлмаса, ўрнидан туриб тўйхонадан чиқиб кетиши керак.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн
Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Мезбоннинг хотини билан ўтириш

Савол: Мусулмон киши хотини билан ёки ўзи ёлғиз мусулмон ёки мусулмон бўлмаган мезбоннинг хотини билан бирга бир дастурхон атрофида ўтириши мумкинми? Бу чақириқ унинг ўзига ёки одамлар оммаси учун бўлган бўлса-чи?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Агар ҳолат сиз айтгандек бўлса, улар билан бундай ҳолатда бирга ўтириш жоиз эмас. Чунки бу ҳолат, фитнанинг манбаидир. Ҳатто бундай чақириққа, гуноҳга, гуноҳдан рози бўлишга ва унинг одатга айланишига ҳамкорлик бўлгани учун, ижобат қилиш ҳам жоиз эмас. Аммо ўтирганлар маҳрамлар бўлса, уларнинг бир дастурхон атрофида еб-ичишларига бирон монеълик йўқдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 6430 –2.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Қаъуд

Тўйларда исроф кўп ...

Савол: Маълумингизким, ҳозирги кундаги тўйларда исроф ва ҳикматсизликлар кўп. Мен олдиндан исроф борлигини била туриб шундай тўйларга борсам бўладими? Рафиқамга ҳам боришига ижозат берсам-чи? Келин билан куёв бир жойга келганларида, хотинлар тарафга куёвнинг қариндоши бўлган эркаклар ҳам кириб келадилар. Аллоҳ таоло устингиздан мукофоту савобларни ёғдирсин, бизга тушунтириб берсангиз.
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Агар тўйларда сиз айтгандек пишириқларда исроф ва келин билан куёв бирга туришганида эркак ва хотин-қизларнинг аралашиши содир бўлса, у тўйга ўзингиз ҳам борманг, рафиқангизни ҳам юборманг. Фақатгина, ўзингизда гуноҳни қайтаришга куч ва ҳайбат бўлиб, ҳозир бўлганларни тўғри йўлга чорлай олсангизгина боринг. Чунки ҳақиқатни қоим қилиб, мункарни йўқотиш зиммангиздаги вазифадир. Хотинингизга нисбтан ҳукм ҳам шундайдир. Аллоҳ тўғри йўлга йўлловчи Зотдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 2894–3.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Боғда қилинган зиёфатга бориш ...

Савол: Истироҳат боғида қилинган умумий зиёфатда иштирок этишнинг ҳукми нима? Гоҳида биз у ерга чақирилганимизда битта ёки ундан кўра кўпроқ муслима ва муслима бўлмаган қизлар бўлиши мумкин. Боғ эса жуда ҳам катта ва унинг хоҳлаган жойида ўтириш мумкин. Бундай зиёфатга ижобат қилиш ва ўзининг оғайнилари билан қизлардан йироқда ўтириш билан, мусулмон одам гуноҳкор бўладими? Шуни ҳам айтишим керакки, бундай пайтда йигитлар олдига нима қилаётганларидан бохабар бўлиш учун битта ёки иккита қиз келиб қолиши ва улар билан бирга ўтириши ҳам мумкин.
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Бундай йиғинга, гарчи узоқроқда ўтирилса ҳам, ижобат қилиш жоиз эмас. Чунки бу йиғин – фитнанинг ўчоғи бўлиб, гуноҳдан холий эмасдир. Бундай йиғинга ижобат қилиш унда иштирок этиш, унга рози бўлиш ва у ердаги гуноҳларга кўз юмиш, демакдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 6430 –5.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Қаъуд

Хотин-қизлар ҳузурида куёвнинг ҳозир бўлиши

Савол: Куёвнинг тўй куни хотин-қизлар турган тарафдаги «тахти»да келин билан бирга ўтириши, хотин-қизларнинг уни кўриши ва унинг ҳам ясан-тусан ва пардоз-андоз қилган хотинларни кўришининг шаръий ҳукми қандай? Бундай «келин-куёв тахти» деган нарсанинг бўлиши жоизми? Агар хотин-қизларнинг даф ва ноғора билан никоҳ эълони учун иштирок этишлари жоиз бўлса, ўзларига бегона бўлган куёв олдида рафиқаларимизнинг пардозлари билан туришларига рашк қиладиган биз эркаклар нима қилишимиз керак? Ҳозирги анъаналарга кўра, куёв хотин-қизлар тарафга ўтиб, ўз «тахти»га ўтириши керак. Бундай пайтда номаҳрам бўлган хотин-қизлар нима қилишлари керак?
Сиз жаноблардан бу ҳақдаги ҳукмни баён қилиб, барча ўқиб ўзининг дини, аҳлоқи ва мақтовга сазовор бўлган одатларини англаб етиши учун ёзиғлиқ фатво шаклида жавоб юборишингизни илтимос қилиб қоламан.
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Қайлиғи ёнида куёвнинг тўйда иштирок этаётган ва маҳрами бўлмаган бегона хотин-қизлар ҳузурида ҳозир бўлиши, уни хотин-қизлар ва у пардозли ва ясан-тусанли хотин-қизларни кўриши, жоиз эмас. Бундай кўриниш гуноҳ бўлиб, унга келин ва куёвнинг яқин қадрдонлари ва тўйга келган хотин-қизларни бошқариб турадиган хотинлар барҳам беришлари керак. Ҳар бир етакчи – ҳоким, олим, амру маъруф ва наҳий мункар жамоатининг аъзоси ва ҳар бир инсон ўз имконияти доирасида бу ишларни барҳам топишида кўмакчи бўлиши зарур.
Шунингдек, ноғора чалиш ва бошқа ҳаром ишларни тўйларда қилдирмаслик керак.
Аллоҳ таоло барчани Ўзи рози бўладиган ва суядиган ишларга муваффақ айлаб, тўғри йўлга йўлласин ҳамда ошкора ва хуфёна ҳаёсизликдан йироқ қилсин!
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 8854.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Тўйга юбормасам онам мени золимликда айблайди ...

Савол: Опа-сингилларимни қишлоғимиздаги йиғин ва тўйларга юбормасам, онам ва опа-сингилларим мени «Золим» деб айблашади. У йи0ин ва тўйларга қишлоғимиздаги хотин-қизлар боришади. Мен сизлардан бу ишим онам айтганидек зулмми ёки йўқ эканини сўрамоқчиман. Мен бу ишим билан гуноҳкорманми? Аллоҳ сизларга билдирсин, менга тушунтириб берсангизлар.
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Агар уйланиш валимаси эркак ва аёлларнинг аралашиши ёки ҳаром таом ва ичимликлар тортишни ёхуд чолғу асбоблари билан ашула айтиш ва мусиқа чалишни ўз ичига олса, у ерга бориш жоиз эмас. Фақатгина хотин-қизлар (эркаклардан алоҳида жойда) даф чалиб ашула айтсалар, бу – мубоҳдир. Агар валимада ҳаром нарсалар бўлмаса, у ерга боришнинг зарари йўқ.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 13315.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Аъзолар: Абдурраззоқ Афифий ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Quote:Va yana to'yni hich qanaqa qo'shiqchilarsiz, ayollarga alohida bazm qiberish shartini qo'ydim. Bu shartlarimga uning ota-onasi qarshi chiqib, bitta qizimizni kelin ko'ynagida ko'rishni hohlaymiz, to'yni hamma qatori o'yin-kulgu bilan o'tishini hohlaymiz va yana ming hil bohonalar keltirishmoqda.

Тўйга хонанда олиб келиш

Савол: Тўй ҳақида ихтилоф чиқди. Қишлоқда ёки шаҳарда яшайдиган айрим қабилаларда қизнинг отаси никоҳ пайтида валима қилиб беради. Қизни йигитга узатиш замони келганида эса куёв тўра валима қилиб, никоҳни мусиқа, ашула ва турли ўйинлар билан эълон қилади. Баъзи оилалар эса валиманинг мусиқасидан тортиб барча харажатларини куёвга юклашади. Қизнинг отаси бир тийин ҳам харажат қилмайди. Ҳурматли шайх, юқоридаги мавзулар учун шаръий ҳукм нима эканини айтиб беришингизни сўрайман.
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Уйланиш валималарида исрофга йўл қўйиш ва уларни ўтказиш учун хонанда хотин-қизларни олиб келиш жоиз эмас. Шунингдек, қўшиқ эшитиш ҳаромдир. Агар куёв билан, қизнинг валийси ўртасида келишмовчилик пайдо бўлса, унинг ечими учун шаръий маҳкамага мурожаат этилади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 2886.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён


Мадинадаги тўй ҳужжат бўла олмайди ...

Савол: Покистонликлардан бири Мадинада яшаб, ишлаган эди. У ўз юртига уйланиш учун қайтди ва мусиқа, ҳаром қўшиқ, мушакбозлик ва даф билан тўй қилди. Маҳаллий уламолар унга қаршилик қилишсада, у, бу ишларни ҳалол деб гумон қилиб, Мадинаи Мунавварадаги тўйларда шундай қилинганини кўргани ва бу, қилган ишининг ҳалоллигига ҳужжат эканини айтди. Шунингдек, қизнинг валийси маҳрдан бошқа пул олиши мумкинлигини ҳам айтди. Буларнинг шариатдаги ҳукми нима? Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара аҳолиси ёки арабларнинг қилган ишлари шариатда ҳужжат бўла оладими?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Аввало, мадиналикларнинг қилган ишлари ёки сиз айтганингиздек, айтган гаплари билан шариат аҳкомлари асосланмайди. Маккаликлар, куфаликлар ва бошқа шаҳар аҳолисининг иши ҳам исломий аҳкомлар асосланадиган ишлар эмасдир.
Иккинчидан, қизнинг отаси ўзининг розилиги билан никоҳ қилинганидан кейин куёвдан маҳрдан бошқа пул олса, жоиздир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 5419.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён


Опамнинг тўйи мусиқа билан ўтади ...

Савол: Опаси мусиқа ва Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам рози бўлмайдиган нарсалар билан тўй қилмоқчи бўлса, укаси уйда қолиб, ичкаридан эшикни қулфлаб, тўйи ўтгунича узоқда туришига Ислом динининг ҳукми нима? У, уйда қолса бўладими? Ота тўйга кетадиган нарсаларга ёрдам беришни талаб қилса, нима қилиш керак?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Агар ука тўйдаги гуноҳ ва ҳаром ишларни енгиллатишга кучи етадиган бўлса, тўйда иштирок этишининг зарари йўқ. Чунки бунинг ортида гуноҳни йўқ қилиш манфаати ётибди. Аммо гуноҳдан қайтаришга кучи етмаса, тўйда иштирок этиши жоиз эмас. Чунки иштирок этиши гуноҳ ишни қилишга ҳамкор бўлиш, рағбатлантириш ва рози бўлиш, демакдир.
Ота талаб қилган тўй харажатларини мубоҳ бўлган тақдирда сотиб олишнинг зарари йўқ. Чунки мубоҳ нарсаларни сотиб олиш, гуноҳга шериклик ҳисобланмайди.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 20422–1.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдулазиз Оли Шайх
Аъзолар: Бакр Абу Зайд ва Солиҳ Фавзон

Тўйимга халқ артистини олиб келсам бўладими?

Савол: Уйланмоқчи бўлсам оилам ва ҳамқишлоқларимни шод қилиш учун халқ артистини олиб келсам ва у, уларни бир хурсанд қилса деган эдим. У артист ҳаром нарсаларни ичмайди ва отам ҳам ўша артистни олиб келишимни талаб қилмоқда. (Уни олиб келсам бўладими?).
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Уйланмоқчи бўлсангиз халқ артисти бўлган эркак ёки хотин хонандани оилангиз ва қишлоқдошларингизни шод қилиш учун олиб келишингиз жоиз эмасдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 2186–1.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Ноғорачига пул бериш – ҳаром

Савол: Бирон муносабат, кўпинча эса тўй мсабабли қабиладошлар тўпланадилар ва «ноғорачи» деб аталган одам чорлайдилар. У уч минг Саудия риёлидан беш минг риёлгача пул олиб, ноғора чалиб беради. Унга ноғорани ибодат пайтларидан бошқа замонда чалдирадилар ва бу билан ўзларини ибодатдан чалғитмаётгани балки қабиладошларнинг тўпланиши ва никоҳнинг эълони учун чалинаётганига ҳужжат қиладилар. Аллоҳ рози бўлсин, бир биродар уларга шу ишни барча тўпланганлар фойдаланадиган ва янги авлодни тарбиялайдиган диний ваъзга айлантириш ҳақида насиҳат қилди. Ўша ерда бўлганлар бу ҳақда Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси тоаонидан чиқарлиган фатвони сўрадилар. Шунинг учун бизга фатво берсангизлар. Аллоҳ таолодан устингиздан мукофотлар ёғдиришини сўраб қоламиз.
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Никоҳ эълони учун тинчлик ва ҳамкорлик нийятида тўпланиш, куёвнинг уйланиш валимасини қилиши, хотин-қизларнинг эса даф чалиши машруъруъдир. Аммо сиз айтган ноғорачини олиб келиш жоиз эмас. Унга берилаётган пул эса, ҳаромдир. У пулни бериш ҳам, олиш ҳам мумкин эмас.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 12700.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Отарчилар иштирокидаги тўйга бориш

Савол: Никоҳ тўйларидаги отарчиларнинг ҳукми нима? Агар хотин киши у тўйга боришни қабул қилишга мажбур бўлган бўлса, нима қилиши керак?
Жавоб: Бу ердаги отарчилардан ноғорачи, дафчи ва бошқа чолғу асбобларини чаладиган аёллар назарда тутилмоқда. Никоҳ тўйида дафчи аёлларнинг иштирок этишида зарар йўқ. Агар ҳаром нарсаларни айтмасалар, уларнинг иштироки матлуб ишдир. Ноғора ва бошқа чолғу асбобларини чалган аёллар бўлса, ундай жойларга бориш жоиз эмас. Чунки, суннатда даф чалиш ҳақида кўрсатмалар бор. Даф – бир тарафи тери билан қопланган (кичик) доирадир. Ноғора эса икки тарафи тери билан қопланганидир. Бу отарчилар айтаётган қўшиқларга ҳам диққат этишимиз керак. Агар уларнинг ашулалари пасткаш инсонларнинг қўшиқларидан фарқли бўлса, у (ерда ўтириш)нинг зарари йўқ. Агар пасткаш ва тубан маъноларни ифодалайдиган қўшиқлар бўлса, у ерда ўтиришга ҳожат йўқ. Бундай пайтларда фақатгина хотин киши ўзининг обрўси, мақбул сўзи ёки шаръий етакчилиги билан уларни қайтариш – мункарга тўсиқ бўлиш учунгина ўтириши мумкин. Агар мункарни тўсишга кучи етмайдиган бўлса ва ундай йиғинларда иштирок этса, бу қатнашиши ҳаромдир.
Хуллас, отарчиларнинг қуйидаги ҳолатларида иштирок этиш ҳаромдир:
Биринчидан: ноғора ёки бошқа чолғу асбобларини чалишаётган бўлса.
Иккинчидан: улар айтаётган қўшиқлар тубан ва сафил маъноларни ўз ичига олса.
Учинчидан: у йиғинда эркак ва хотинлар аралашиб юрган бўлса.
Тўртинчидан: хотин-қизлар кийиш ҳаром бўлган ярим-яланғоч кийимларни кийишган бўлса.
Ҳа, фақатгина шундай ҳаром ишларни қайтаришга сабаб бўла оладиган хотинларгина мазкур йиғинларда иштирок этиши мумкин. Балки, ҳаромни йўқ қилиш учун иштирок этиши вожибдир. Бироқ, хотин киши бундай мункарлардан хабарсиз тўйга чақирилган бўлса, мункарни кўргач уни ўзгартишга кучи етса, ўзгартириши керак. Акси тақдирда, ўрнидан туриб, уйига қайтиши фарз бўлади.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн
Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ҳар чақирган ерга бориш фарз эмас

Эътимод Сойиғ: Йиғин ва тўйларга бориш, отарчилар қилаётган мункар ишлар бўлмаган пайтдагина вожибдир. Сизга маълумки, кўплаб никоҳ тўйлари отарчисиз ўтмай қолди ва уларни қайтаришга бизнинг кучимиз етмаяпти. Аллоҳ сизга билдирсин, бизга тушунтириб берсангиз: отарчилар борлигини била туриб чақириққа ижобат қилишим керакми ёки бормаслигим керакми? Қандай бормай, ахир Аллоҳ таоло нафл рўза тутган бўлсам, ўша тўйга бориш учун рўзамни очишга буюрган-ку?!
Жавоб: Савол берган аёлнинг: «Тўйга бориш – вожиб»– деб айтган гапи мутлақ эмас. Агар никоҳ тўйи бўлса, бу тўйга ижобат қилиш вожибдир. Куёв билан келиннинг қариндошлари ўртасидаги йиғинга ижобат қилиш ҳам, вожибдир. Чунки, куёв Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳуга айтган: «Битта қўй сўйиб бўлса ҳам, зиёфат қил!»– ҳадисларига кўра тўй қилиб бериши керак (Имом Бухорий 1907, 1908; Имом Муслим 2556, 2557).
Агар келиннинг яқинларигина тўй қилишаётган бўлса, куёв ҳам келинни тушириб келгач ўз уйида тўй қилиб бериши керак. Бундай пайтда куёв қилаётган тўйга келин яқинларининг ижобат қилишлари вожиб эмас, суннат бўлади.
Хуллас, тўй куёв ёки келиннинг яқинлари ёхуд ҳар иккиси тарафидан уюштирилган бўлса ҳам, ижобат қилиш ўзгартишга кучи етмайдигн даражадаги мункар бўлмаслиги билан, шартдир. Агар тўйда ўзгартишга кучи етадиган мункар бўлиши эҳтимол бўлса, ўша мункарни ўзгартиш ва чақириққа ижобатни бажо келтириш учун ҳозир бўлиш, вожибдир. Агар ўша мункарни ўзгартишга кучи етмагудек бўлса, чақириққа ижобат қилиш ҳаромдир.
Энди отарчи аёлларга келсак, агар улар паст товушда, рухсат берилган даф билан куйлашса ва хотин-қизлар даврасида бўлиб, эркаклар эшитишмаса, бунинг зарари йўқ. Бу – шариатнинг хотин-қизларнинг куйлаши ва даф чалишига изн беришининг шартидир. Бошқа шарт эса, қўшиқда ҳаром қилинган жумлалар ва гуноҳлар бўлмаслиги керак. Шу шартлар бажо келтирилсагина бундай йиғинларга борса бўлади. Аммо бир хонанда чолғу асбоблари иштирокида, рақсга тушиб, муқом билан микрофонда қўшиқ айтса ва унга бошқа хонандалар жўр бўлишса, бу – жоиз эмас, балки, таъқиқланиши фарз бўлган гуноҳдир. Ундай йиғинда иштирок этиш – гуноҳга рози бўлиш, демакдир. Бундай пайтларда иштирок этмайсиз.
Савол берган аёлнинг: «Гарчи нафл рўза тутган бўлса ҳам чақирқиққа ижобат қилиш учун рўзасини очиш» жумласига келсак, нафл рўза тутган одам чақириққа ижобат қилган бўлса хоҳласа рўзасини очади, хоҳламаса очмайди. Агар тўй эгаларининг кўнглини олиш учун очмоқчи бўлса, очиши мумкин. Бироқ, тўйхона эгаси унинг келиши билан хурсанд бўлса ва дастурхондан бирон нарсани рўза сабабли емаганига рози бўлса, рўзасини очмайди. (Ҳа), рўзасини очмай, рўзасини давом эттираверади.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн
Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Бидъат ва ҳаром бўлган жойга борманг!

Савол: Бизнинг Марокашда тўйлар қилиниб, унга одамларни айтилади. Биласизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига кўра уларга ижобат қилиш вожибдир. Бироқ тўй муносабати билан талайгина бидъат ва ҳаром ишлар ҳам қилинади. Ундай тўйларга бориш вожибми ёки вожиблик соқит бўладими?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Агар таклиф қилинган одам у ердаги гуноҳларни қайтришга кучи етса боради, кучи етмаса у чақириққа ижобат қилиш соқит бўлади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 13959–2.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Ғудайён