PDF WORD

Фитр закоти

Фитр закоти

Абдуллоҳ Шариф

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين ولا عدوان إلا على الظالمين والصلاة والسلام على سيدنا محمد سيد المرسلين وإمام المتقين وعلى آله وصحبه أجمعين

Муҳтарам ва азиз мўъмин мусулмон биродарлар! Мана муборак рамазон ойини ҳам кузатиш арафасида турибмиз, Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни ўз даргоҳида қабул айлаб ўтмиш гуноҳларимизни мағфират қилсин!

Бу дарсимизда фитр закоти ҳақида сўз юритамиз инша Аллоҳ! Фитр закоти ўзи нима? миқдори қанча, унинг ҳукми ва қандай ҳикмати бор, чиқариш вақти қачон? - деган саволларга ҳадис шарифлар ва у ҳадисларга биноан уламоларимизнинг қилган ижтиҳодларидан баҳоли қудрат жавоблар қидирамиз. Имом Бухорий ва имом Муслим «саҳиҳ» тўпламларида ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар айтадиларки:

فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكاة الفطر من رمضان صاعا من تمر أو صاعا من شعير على العبد والحر و الذكر و الأنثى و الصغير و الكبير من المسلمين.  متفق عليه

«Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг фитр закотини мусулмонларнинг каттаю кичиги, эркагу-аёли, ҳуру-қулига ҳурмо ёки арпадан бир соъ чиқармоқликларини  фарз қилдилар». Яна имом Бухорий Абу Саид Худрийдан ривоят қилган ҳадисда Абу Саид айтадиларки:

كنا نخرج يوم الفطر في عهد رسول الله صلى الله عليه وسلم صاعا من طعام و كان طعامنا الشعير  والزبيب و الأقط  والتمر. رواه البخاري

«Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида фитр куни таомдан бир соъ закот чиқарар эдик, ўша вақтда таомимиз арпа, майиз, ақит (ақит: курут ёки пишлоқ каби сут маҳсулоти) ва ҳурмо эди».

Демак фитр закоти рамазон рўзасига тегишлик садақа экан.

Кимларга вожиб бўлишини уламоларимиз фиқҳ китобларида батафсил айтиб ўтишган ана шундай уламоларимиздан «Тасҳили зарурий» китобиниг муаллифи Ошиқ Илоҳий шу китобларида айтадиларки: «Киши закотнинг қайси туридан бўлмасин нисобига қодир бўлса ва бу мулки турар жойидан, кийимидан ва уй рўзғорлик анжомларидан ва қуролидан ортиқча бўлса унга закот чиқариш вожибдир». Аммо закотга ҳақли кишиларга келсак, уламолар айтадиларки: Улар  камбағал кишилар бўлиб улардан бирига кўпчилик закотини жамлаб берса ҳам бўлади. Бир киши закотини бир кишига бериши шарт эмас, айниқса закот олишга ҳақли бўлган қариндош уруғларингизга тўплаб беришингизда сиз учун катта ажри бор.

Миқдори эса бир соъ ўша вақтдаги ўлчов бирлиги бўлиб, у тўрт мудга тенг, муд эса ўрта қўллик инсоннинг икки кафти тўла миқдоричадир. Аввалги ҳадисда қулга ҳам фитр закоти фарздир – деб ўтдик. Лекин бунинг маъноси: Хўжайини бўйнида деганидир. Чунки қулнинг ҳеч қандай мулки бўлмай, балки ўзи мулкдир шунингдек ёш болалар учун ҳам оталари чиқармоқликлари даркор. Ошиқ Илоҳий «Тасҳили зарурий»да: «Фитр садақанинг миқдори буғдойдан бир соъ ҳурмо майиз ва арпадан бир соъ. Агар бу нарсаларнинг қийматини берса ҳам жоиздир» – дейдилар.

Энди унинг асосий ҳикматини билиш учун, Имом Абу Довуд, Ибн Можжа Ад-Дору Қутний, ва Ҳоким Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисга қулоқ соламиз, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:

فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكاة الفطر طهرة للصائم من اللغو  والرفث و طعمة  للمساكن فمن اداها قبل الصلاة فهي زكاة مقبولة ومن اداها بعد الصلاة فهي صدقة من الصدقات.

«Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорни лағв ва номаъқул ишлардан поклаш ва мискинлар учун таом бўлиши мақсадида унга фитр закотини фарз қилдилар. Кимки уни намоздан аввал, яъни ҳайит намозидан аввал адо қилса, бас у мақбул закотдир, кимда ким уни намоздан кейин адо этса у садоқотлардан бир садоқотдир».

Яъни ҳайит намозидан аввал чиқарилган садақа, фитр закоти бўлиб намоздан кейин чиқарилган садақа эса кўзда тутилган садақа бўлмайди, лекин у садақа ҳам албатта ажрсиз қолмайди.

Уламоларимиз бу хадисда баён қилинган фитр закотининг асосий ҳикматларини  изоҳида айтадиларки: Закоти фитрнинг ҳикматларидан бири: «Камбағал ва мискинлар ҳайит кунида  хурсандчилик шодлик билан ҳайитларини ўтказишлари учун эҳсон қиладилар. Яна бу закотда мусулмонлар ораларида саховат, ҳамжиҳатлик, ҳамдардлик сифатлари намоён бўлади ва закот берувчи учун, рамазонда қилган баъзи қилган камчилик ва нуқсонларидан покланиш бор». Хуллас унинг манфаати фақат камбағалларга чекланиб қолмай, балки уни берувчи учун ҳам катта фойдаси бор экан. Яна бу фитр закотни бериш ҳикматларидан киши шу нафақаси билан рамазон ойининг рўзасига, таровиҳ, таҳажжуд ва бошқа солиҳ ибодатларга муваффақ бўлгани учун шукр изҳор қилади. Инфоқ қилиш молни поклаш ва уни кўпайишига олиб боради. Умуман олганда бу садақа ва закотлар камбағалчиликга чек қўйиш бойлар ва камбағаллар ўртасида муҳаббат ўрнатиш, ҳаёт ташвишларини енгиллатишга сабабдир. Бу закотни чиқариш вақтига келсак, айтиб ўтилган ҳадислардан маълум бўлди десак ҳам бўлади. Лекин баъзи бир муҳим нуқталарни билиб олиш учун уламоларимизнинг бу ҳадислардан истинбот қилиб олган кўрсатмаларига назар ташламоқ зарур бўлади. «Тасҳили зарурий» китобининг муаллифи Ошиқ Илоҳий айтадилар: «Фитр закоти, ҳайит куни тонг отиши билан вожиб бўлади. Кимки тонг отмай вафот қилган бўлса унга вожиб эмас. Шунингдек тонг отгандан кейин туғилган ёки исломга кирган кишига ҳам вожиб эмас. Уни чиқариш учун мустаҳаб вақти, яъни афзал вақти, бомдод намозидан кейин ҳайит намозини ўқиш учун чиққан вақтдир. Ҳайитдан бир кун аввал берса ҳам бўлади» – деб жоиз вақтини ҳам айтиб ўтадилар. Аллоҳ таоло барчаларимизни яхши амаллар қилишга енг шимарадиганлардан қилсин ва келаётган ҳайитимизни барчаларимизга муборак қилсин.

وأخر دعوانا أن الحمد لله رب العالمين

وصلى الله على نبينا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين وسلم

Фикр билдиринг