PDF WORD

Саховат

Саховат

Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Ҳамад

Араб тилидан Абу Тоййиб таржимаси

Карийм[1] ва Ваҳҳоб[2] сифатли Раббим Аллоҳга яратмишларининг сони, Ўзининг розилиги, Аршининг оғирлиги ва Сўзларининг сиёҳи қадар ҳамду-санолар бўлсин! Пайғамбарлар хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга то қиёмат саловоту дурудлар ёғилиб турсин!

Сўнгра …

Cаховат ва мурувват, нафслар Ҳожасига яқинлашадиган, ўзини хасислик ва зиқналик иллатидан поклагувчи нарсалар сари талпинадиган амалдир.

«Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи кимсалардир!» (Ҳашр сураси, 9-оят).

Саҳиҳайнда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан қуйидаги сўзлар ривоят қилинади:

«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида  –  ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Росули соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар».

Сахийликда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари мана шундай тасвирланган эди. Ва бинобарин, ҳар бир мусулмон ҳам мана шундай бўлишга интилмоғи лозим.

«Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳнинг Росулида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Азиз мусулмонлар жамоаси!

Хайр-эҳсон ва саховатнинг фазилатлари санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада беҳисобдир.

Садақа – Тангри ғазабини сўндиради. Ёмон ўлим топиш эҳтимолини даф қилади. У Аллоҳга бўлган азбаройи иймондан, Унга бўлган ишонч ва У ҳақда қилинган чиройли гумондан  дарак беради.[3]

Садақа киши қалбидаги меҳрдан, ўзгалар аҳволини ўз танасида ҳис қилиш туйғусидан нишонадир. Хайр-эҳсон ва саховат мушкул ишлар енгиллашишига, мусибатлар кўтарилишига сабаб бўлади. Парвардигори оламнинг ёрдамини чақиради. Зероки, банда модом биродарининг ёрдамида елиб-югурар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади.

Инфоқ-эҳсон мол-давлатнинг зиёдалашувига, яхшиликлар ва қут-баракалар нозил бўлишига сабабдир. У Аллоҳнинг соясидан ўзга биронта ҳам соя бўлмайдиган кунда Аллоҳнинг сояси остида сояланиш бахтига муяссар этади. Шунингдек, балонинг даф бўлишида ҳам хайр-эҳсоннинг аҳамияти каттадир.

Ибнул Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар:

«Садақа – у хоҳ фожирдан бўлсин, хоҳ золимдан бўлсин, балки, ҳатто кофирдан содир бўлсин – турли туман бало-офатларнинг даф бўлишида ажиб таъсирга эга. Бу барча инсонлар қошида маълум бўлган ҳақиқат бўлиб, ер юзи аҳолиси бунга иқрордирлар».

Хайр-саховат кишининг баҳри дилини очади, нафсга ором ва қувонч бағишлайди.

Ибнул Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) яна айтадилар:

«Саховатпеша инсон ҳар қачон хайр-эҳсон қилар экан, бундан унинг қалби шодликка тўлади, юрагининг чигиллари ёзилиб, кўнгли хотиржам тортади ва юзида мамнунлик ифодаси акс этади. Агарда, садақанинг фойдалари фақат мана шулардангина иборат бўлган тақдирда ҳам у бандалар тарафидан кўп ва хўп бажарилишга сазовор бўлган бўлур эди».

Инфоқ-эҳсон зоҳирдан, моддапарастлик нуқтаи назаридан қаралганда эҳтимол мол-давлатни камайтираётгандек бўлиб кўриниши ҳам мумкиндир. Лекин, аслида аҳвол бунинг том тескариси. У мол-давлатга барака киришига, сарфланган хайриянинг ўрни Аллоҳ таоло томонидан ортиғи билан тўлдирилишига сабаб бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтдилар: «Бандалар тонг оттирадиган бирон-бир кун йўқки, магар икки фаришта осмондан ерга тушади. Улардан бириси: Аллоҳим, инфоқгўй бандангнинг сарфлаган молига эваз бер, – дейди. Иккинчиси эса: Аллоҳим мумсик (бахил) бандангнинг молига офат юбор, – дейди» (Муттафақун алайҳ).

Ундан ташқари, саховат киши обрў-эътиборининг покиза сақланишига, эл орасида яхши ном чиқаришига сабаб бўлади. Тарқоқ ва бир-бирига қарама-қарши бўлган дилларни бирлаштиради, биродарчилик ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Мурувватпешалик қашшоқларнинг бойларга ҳасад қилиши, бойларнинг эса ўз навбатида камбағалларга такаббурона муомала қилиши каби жамият биносини емирувчи қабиҳ ва разил ахлоқларга барҳам беради.

Саховат айбу нуқсонларнинг ёпилиб кетишида ҳам улкан аҳамият касб этади.

Имом Шофеий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар:

Халойиқ ичра гар кўпайса айбинг,
Мазаммат эшитсанг шоҳу гадодин,
Аларни яширмоқ истаса қалбинг,
Либос эт саховат отлиқ матодин.

* * *

Демишлар, ҳар неки айб бўлса ошкор
Саховат ёпармиш хўп мўъжизакор.

Сахий киши Аллоҳга, Унинг бандаларига ва жаннатга яқин бўлган кишидир. Бахил эса бунинг аксидир.

Саховат ва олийҳимматлик бошқа хил фазилатлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ ва туташдир. Сахий киши кўп ҳолатларда кўнгилчанлик ва кечиримлиликни лозим тутади. Мулойимлик ва ҳалимлик билан зийнатланади. Одамлар билан қиладиган муомалаларини инсоф пойдевори устига қуради. Ўзгалар ҳақини ўз ҳоҳиши билан чиройли суратда адо этади.

Дарҳақиқат, ҳаққоний маънодаги сахий кишини мутавозеъ ҳолатда топасиз. Кибр-ҳаво деган нарса адашиб ҳам унинг ахлоқлари орасига суқилиб кирмайди. Гердайиш ва ўзига бино қўйиш оғуси унга кор қилмайди. Сахий кишини одамларнинг мардлик, шижоат ҳамда иззати нафс каби фазилатларга энг яқини эканини кўрасиз. Зотан, инсон шижоат ва иззати нафсдан ҳаёти дунёнинг ўткинчи ва арзон матоҳларига бўлган ашаддий ҳирси туфайлигина маҳрум бўлади.

Аллоҳнинг – бандалари орасида жорий қилган азалий суннати шуни тақозо этадики, чинакам сахий киши бу дунёда яхши ҳаётга сазовор бўлади. Унинг оқибати Аллоҳ томонидан риоят ва иззату ҳурмат билан хайрли бўлади. Ҳамонки, у фақиру мискин ва муҳтожларга раҳмли бўлиб, уларни бахтиёр қилишга, қалбларига сурур ва шодлик олиб киришга ҳарис бўлгач, унинг жазоси ҳам албатта қилган амалининг жинсидан бўлади.

Саховат тушунчаси фақат молни нисор қилиш билангина чекланиб қолмайди, балки унинг мазмун-моҳияти анча кенгроқ, кўринишлари ҳам бундан кўпроқдир. Қуйида саховат мафҳуми ўз ичига олган айрим кўринишлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

1. Унинг кўринишларидан бири шуки, бир кишининг бошқа одамнинг гарданида қарзи бўлади. Ва у ҳеч бир зиён ва заҳматсиз ўша пулни ундириб олишга қодир бўлгани ҳолда қарздор биродаридан қарзини шундоқ кечиб юборади ва унинг зиммасидан ўз ҳаққини соқит қилади.

Қайс ибн Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳумо сахийликда донг таратган жўмард кишилардан эдилар. Бир куни у киши бетоб бўлиб қоладилар. Лекин, биродарларининг ҳа деганда зиёратларига келавермаслиги у кишини таажжубга солади. Шунда у кишига шундай дейишди: – Улар сиздан қарздор эканликлари учун келишга истиҳола қилаяптилар.Ҳали шунақами, – дейди Қайс, –  ундоқ бўлса биродарларни зиёратдан тўсадиган ундай молни Аллоҳ хорласин! – Сўнгра жарчини чорлаб, шаҳар бўйлаб шундай жар солишга буюрди: «Кимда-ким, Қайсдан қарздор бўлса, бас, у ундан озоддир!». Ўша куни то қош қорайгунча зиёратчиларнинг азбаройи кўпайиб кетганлигидан Қайснинг уйининг остонаси синиб кетди!

2. Бирор кимсанинг юмушини бажариб, ажрга лойиқ бўлгач, ўз ҳаққини ўз хоҳиши билан тарк этмоқ. Бу ҳам саховатдир.

3. Одамларнинг ҳожатларини раво қилиш, ташвишларини аритиш йўлида саъйи ҳаракат қилувчилар ҳам сахийлар жумласига дохилдирлар.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бирорта биродаримнинг ҳожатини чиқаришим мен учун йил бўйи эътикоф ўтирмоқдан ҳам севимлироқдир!»

Ибнул Мункадир раҳимаҳуллоҳдан сўрашди:

– Сиз учун энг суюкли бўлган амал нима?

– Мўъмин кишининг қалбига хурсандчилик олиб кириш!

– Қандай мол-дунё сизга энг маҳбуб?

– Унинг-ла биродарларга илтифот ва мурувват кўрсатиладиган мол!

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Кимики, қўлларида ҳожатлар бўлгай раво
Ул эрур халойиқнинг энг афзали бериё

4. Кишининг ўз унвони, обрў-эътибори ва эгаллаб турган мансаб-мартабаси билан ҳотамтойлик қилиши. Бунда у ўз мартабасини эзгулик йўлларида сарф қилади, обрў ва нуфузини ҳақни қарор топтириш, мазлумга ёрдам бериш, заифни ҳимоя қилиш ва ҳожатманд кишини (ҳожатини раво қилиш учун) қўлида ҳукмронлик измлари бўлган одамнинг ҳузурига бошлаб бориш каби яхши шафоатдан ҳисобланган ишларда қурбон қилади. Аллоҳ таоло айтади:

«Кимда-ким яхши шафоат ила (бировни) ҳимоя қилса (ўртасига тушса), бас, унга ҳам ўша шафоатидан насиба (савоб) бўлур» (Нисо сураси, 85-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтдилар: «Шафоат қилинг (яъни мусулмонлар манфаати учун воситачилик қилинг, ҳимоя қилинг) ажр оласиз!» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

5. Раислиги ва бошлиқлиги билан саховат қилмоғи. Бунда унинг саховати риёсатини назар-писанд қилмасликка, унга беэътиборлик билан ёндашишга ва уни илтимос қилиб келган кишининг ҳожатини раво қилишда қурбон қилишга ундайди.

6. Ўзининг истироҳати ва қимматли вақтини одамларга манфаатли бўлган ваъз-насиҳат ва иршод ишларида аямаслик ҳам саховатдир.

7. Илмда саховатпешалик қилиш. Бу шубҳасиз, саховатнинг энг юксак мартабаларидан бири бўлиб, мол билан саховат қилишдан-да шарафлироқдир.

8. Саховат бобларидан яна бири инсоннинг ўз ор-номусини ҳиммат қилишлигидир. Бунда у ўзини қоралаган ва иффатига тил теккизган одамни кечириб юборади. Саховатнинг бу тури қалбнинг саломат бўлиши, кўнгилнинг роҳатига сабаб бўлади. Одамлар билан адоватда бўлишдан қутулишда муҳим ўрин тутади.

9. Сабр ва таҳаммул, кўнгилчанлик ва айбу нуқсонлардан кўз юмиш билан саховат кўрсатиш. Бу шундай шарафли бир мартабаки, фақат буюк нафсоният эгаларигина унга ноил бўлурлар.

10. Одамларга гўзал хулқ, хушмуомалалик, хушчақчақлик, табассум ва очиқ чеҳра билан саховат кўргузиш. Албатта бу – сабр, таҳаммул ва кечиримлилик билан мурувват қилишдан бир поғона юқорида туради. У соҳибини кундузлари соиму кечалари қоим бўлган одамнинг даражасига олиб чиқади. Ўз ортидан эргашиб келувчи турли-туман хурсандчилик ва манфаатларга сабаб бўлади. Савобу гуноҳлар тортиладиган мезонга қўйиладиган энг оғир амал ҳам шудир!

11. Инсонларни яхшиликка тарғиб қилиш, эзгулик йўлларига далолат қилиш ҳамда саховатпешаларга раҳмат айтиш, уларга ташаккур ва миннатдорчилик изҳор қилиш, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилиш ҳам саховат маъносига дохилдир.

12. Саховатнинг яширин ва мақтовга лойиқ кўринишларидан бири нафснинг ҳасад иллатидан ва мақтовга сазовор хислатларни якка ўзи эгаллаб олиш касаллигидан ўзини олий тутишлигидир. Бу нарса кишининг ўзи учун яхши кўрган нарсасини биродарларига ҳам яхши кўришида, ўзи учун ёмон кўрган нарсасини биродарлари учун ҳам ёмон кўришида намоён бўлади ва амалга ошади. Бунда киши ўз биродарлари учун ҳам турли-туман соҳаларда фаолият майдонларини очиб беради. Уларга ижодкорлик, нутқ ва турли тадбир ва анжуманларда иштирок этиш каби ўзларини кўрсата олишлари учун муҳим саналган фурсат ва имкониятларни тақдим қилади. Уларнинг ютуқ ва муваффақиятларидан хурсанд бўлади. Муваффақиятсизликлари учун хафа бўлади. Мана шулар саховатнинг ўта пинҳоний кўринишларидандирки, камдан-кам кишиларгина уни англаб, идрок эта олурлар.

13. Саховатнинг энг зўри ва энг ажабтовури кишининг ўз жонини саховат қилишидир. Жонни саховат қилишнинг энг ажойиби ва энг мўъжизавори эса бу нарсанинг Аллоҳ азза ва жалла йўлида қилинадиганидир.

Азиз мусулмонлар жамоаси!..

Саховатпешалар бир-бирлари билан саховату жўмардликда мусобақалашар эканлар, ҳимматларининг кўламию, нафсларининг олийжаноблиги миқдорига қараб саховат даражаларидан бир-биридан тафовут қилувчи ўринларни эгаллайдилар. Қуйида ана шулар ҳақида бироз сўз юритамиз.

1. Инфоқ-эҳсон қилиш жиҳатидан тафовут қилишлари. Пинҳона инфоқ қилувчи киши фақатгина ошкора равишда инфоқ қилувчи кишидан афзалроқ ва комилроқдир.

2. Инфоқ қилинаётган нарсани ҳақир ёхуд буюк санаш жиҳатидан тафовут қилишлари. Эзгулик йўлида бирор нарса инфоқ қилгач, уни тезда эсидан чиқариб юборадиган ёки ҳеч бўлмаганда эсдан чиқаришга ҳаракат қиладиган киши албатта бирор нарсани эҳсон қилгач, мудом уни эслаб юрадиган ва эслатадиган кишидан (хусусан агар эслатиш миннат қилиш ўрнида бўлса) сахийроқ бўлади.

3. Ва яна одамлар инфоқ қилишга шошилиш ёки уни пайсалга солиш жиҳатидан ҳам бир-бирларидан фарқ қиладилар. Ҳожатманд кишининг ҳожатини сезиб қолган заҳоти унга мурувват қўлини чўзадиган одам фақат сўралгандан кейингина молини сарфлайдиган одамдан устун туради.

4. Ўзига таниш бўладими, нотаниш бўладими ажратмасдан, хайр-эҳсон қилишда асосан ҳожат ўрнини муҳим деб билувчи киши фақат ўзи танийдиган ёки уни танишадиган маълум одамларнигина ўз муруввати билан хослайдиган кишидан кўра сахийроқдир.

5. Қилаётган хайр-эҳсонидан кўнгли ҳузурланиб, мамнуният билан берадиган киши оғриниб берадиган кишидан сахийрокдир.

6. Ҳузурига ёрдам сўраб келганларга –  токи уларнинг иззат-нафс ва ғурурлари поймол бўлмаслиги учун – одоб, ширинсуханлик ва самимийлик билан муомала қилишлиги кишининг саховат бобида нечоғли собитқадам эканлигидан дарак беради.

7. Кишининг аслзодалиги, олийжаноблиги ва саховат фазилатида нечоғлик собитқадам эканлигига энг кўп далолат қилувчи нарса, бу – унинг ҳожатманд кишига жони ачиши, раҳми келиши ва гарчи у ўзининг душманларидан бўлса-да унга эҳсон қўлини чўзишлигидир. Муҳаққақки, бу нарса буюк нафсоният, олийжаноблик ва адоват деган тубан иллатдан ўзни олий тутиш фазилатидан келиб чиқади.

8. Саховатда собитқадамлик аломатларидан яна бири: бирор нарса сўралганда агар ўша нарса ўзида бўлмаса, бундан қаттиқ изтиробга тушиши, ич-ичидан эзилиши ва афсус чекишидир.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Сўраб келмоқ бўлса биров қўлимда йўқ нарсани
Эрур унга «Узр!» демоғим мусибатларим улкани

9. Сахийлар ичра саховат бобида шу даражада юксак мақомларга кўтарилганлари ҳам борки, ундай одам фазлу-марҳаматни, илтифоту-саховатни ўзидан эмас, балки ўзидан нарса сўраб келган кишидан деб билади. Негаки, ундан ҳожатини сўраган киши у ҳақда чиройли гумон қилганидан шундай қилди. Ва унга Жаводу Кариймнинг марҳаматларига сазовор бўлиш имкониятини юзага келтирди. Бас, шу жиҳатдан унинг наздида у сўровчига эмас, балки сўровчи унга мурувват ва илтифот кўрсатди. Шубҳасизки, бу саховатнинг ажиб кўринишларидандир.

10. Саховат даражаларининг энг юқори чўққиси шуки, киши ўз қўлидаги бирон нарсага қаттиқ эҳтиёж сезгани ҳолда уни тарк қилиб, ўзидан ўзга муҳтожларга раво кўради. Мана шу «ийсор»[4] деб аталади.

Парвардигоро, бизларни нафсларимизнинг бахиллигидан сақлаб, нажотга эришгувчилардан қилгин! Парвардигоро, пайғамбарлар хотами Набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, Ул зотнинг оила аъзоларига ва жамики саҳобаларига саловоту саломлар йўллагин!..


[1] Аллоҳнинг сифати: сахий, олийҳиммат, мурувватпеша деган маъноларни англатади.

[2] Аллоҳнинг сифати: кўп тортиқ қилгувчи маъносини билдиради.

[3] Садақа – Аллоҳ розилиги йўлида одамларга инфоқ-эҳсон қилиш, мурувват кўрсатиш, оғирини енгил қилиш, Аллоҳ йўлида масжид мадрасаларга, талабаларга, дин хизматида юрганларга иона қилиш, қарздорларга қарзини узишда ёрдам бериш, тутқунликдагиларни озод қилиш учун пул сарфлаш, қийналиб қолган мусофирларга ёрдам бериш ва умуман ҳақдорларга закот бериш маъноларини ўз ичига олади. Баъзилар садақа деганда фақатгина эшигини тақиллатиб келган гадога бериб юбориладиган уч-тўрт сўм пул ёки егуликнигина тушунади. Садақа сўзи қулоғига ёмон эшитилади ва бу сўздан эти жимирлашиб кетади. Иззат нафси қўзиб кетади. Ҳолбуки, садақанинг маъноси бунданда кенгроқдир. Закотни ҳам Аллоҳ таоло бежиз «садақалар» дея атамаган. Аслида бу сўзнинг «садақа» дея номланишида ҳам етук ҳикмат яширинган. Садақа сўзининг ўзаги сидқ – садоқат, ишониш, тасдиқ қилиш маъноларини билдиради. Мутасаддиқ (садақа берувчи) қилган хайр-эҳсони учун Аллоҳ таоло томонидан ваъда қилинган буюк ажру савобга ишонгани туфайлидан ҳам мана шундай нафсларга ёқмайдиган ишга, айримларнинг ақли бовар ҳам қилмайдиган мардликка журъат қилади. Шу боис ҳам унинг хайр-эҳсони «садақа» яъни «тасдиқ белгиси» дея номланган бўлса не ажаб! Валлоҳу аълам (Таржижон).

[4] Ийсор – бошқани ўзидан устун қўйиш. Яъни ўзи бирон нарсага муҳтож бўлгани ҳолда ўша нарсани бошқа муҳтожга раво кўриш. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 9-оятида ансорийларни мақтаб шундай деди: «Гарчи ўзларида қаттиқ эҳтиёж бўла туриб (ўша нарсани эҳсон қилишда) ўзга биродарларини ийсор-ихтиёр қилурлар!» (Таржимон).

Фикр билдиринг