Таҳорат одоблари
Таҳорат одоблари
Абу Закариё ал-Маданий тайёрлади
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Инсонлар эргашиб, итоат қилишлари учун юборилган Пайғамбар Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у кишининг оила аъзолари, саҳобаи киромлар ва у кишига эргашганларга салавоту саломлар бўлсин.
Намознинг тўғри бўлиши учун таҳорат шарт, бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз!» (Моида: 6).
Таҳорат намозга кириш ва Аллоҳга муножот қилишга тайёргарлик учун очиқ аъзоларни сув билан поклаш, бадан аъзоларини гуноҳ ва хатолардан поклаш аломати, қалбни Аллоҳдан машғул қиладиган ва Унинг нурларидан, файзидан ва илоҳий ҳикматларидан бахра олишдан тўсиб қўядиган ғафлат ҳамда ҳаром ишлардан тозалашдир.
Уламолардан бири шундай деган эканлар: «Шуни билгинки, агар сен таҳорат олсанг ундан сўнг албатта роббингни зиёрат қиласан, бас, шундай экан сен унга тавба қил. Чунки у, сув билан ювинишни гуноҳлардан покланишга муқаддима қилди. Оғзингни чайқадингми, тилингни ёлғон, ғийбат ва чақимчиликдан сақла. Аллоҳ таоло тилингни зикр ва Қуръон тиловати учун, халойиқни тўғри йўлга чақиришинг ҳамда ичингдаги дунё ва дининг ҳожатларини баён қилишинг учун яратган. Агар сен уни ноўрин жойларда ишлатсанг, бу аъзодаги Аллоҳнинг неъматига нонкўр бўласан. Ҳар бир аъзойинг неъмат, гуноҳ ишларни қилишда неъматлардан фойдаланиш нонкўрликнинг чўққисидир. Бурнингни чайсанг, ҳаром нарсани ҳидлашдан бурнингни пок тут. Юзингни ювсанг, назарингни уч нарсадан четлат: «Ҳаромга қарашдан, мусулмон кишини назар-писанд қилмасликдан ва бирон кишининг айбига қарашдан». Кўз зулматларда йўл топишинг, ҳожатларнингда фойдаланишинг, еру-осмонлардаги ажойиботларга қарамоғинг ва у иккиси билан кўраётганинг ҳодисалардан ибрат олмоғинг учун яратилгандир. Қўлларингни сув билан покласанг, у иккиси билан бирон мусулмонга озор беришдан, ёки ҳаром молни ушлашдан ва ё тил билан айтиб бўлмайдиган нарсани ёзишдан сақлан. Қалам икки тилнинг биридир, сен уни тилни сақлаш керак бўлган нарсадан сақла. Бошингга масҳ тортсанг, билгинки, бу амал Аллоҳнинг буйруғини бажариш, унинг Олийлиги олдида бош эгиш ва унга муҳтожликни изҳор қилишдир. Икки оёғингни покласанг, улар билан ҳаромга юришдан сақлан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам маарҳамат қилганларидек: «Ҳар бир банда бирон қадам босадиган бўлса, албатта у билан нимани ирода қилганлиги ҳақида сўралади» (Абу Нуайм «Ҳиля»да ривоят килган).
Мана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарини берган гўзал таҳоратдир:
«من توضأ فأحسن الوضوء خرجت خطاياه من جسده حتى تخرج من أظفاره» رواه مسلم عن عثمان.
«Кимки таҳорат қилса, бас, уни чиройли қилса хатолари унинг баданидан чиқиб кетади. Ҳаттоки хатолари унинг (қўл-оёқларини ювганида) тирноқларидан чиқиб кетади» (Муслим ривояти).
Мана булар таҳорат одобларидандир:
1. Таҳоратни «Бисмиллаҳ» билан бошлаш. Абу Довуд Абу Ҳурайрадан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:
«لا وضوء لمن لم يذكر اسم الله تعالى» رواه أبو داود.
«Бисмиллаҳ демаган кишининг таҳорати (тўла) таҳорат эмас» (Абу Довуд ривояти).[1]
2. Таҳорат асносида шошмаслик ва қалбнинг ҳозир бўлиши. Чунки таҳоратдаги сокинлик ва хушуъ намоздаги хушуънинг муқаддимасидир.
3. Ҳар сафарги таҳоратда мисвок ишлатиш, чунки у оғизни поклайди ва Парвардигорни рози қилади.
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «لولا أن أشقّ على أمتي لأمرتهم بالسواك مع كل وضوء» رواه البخاري.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимга оғир қилиб қўймаганимда, уларни ҳар бир таҳоратда мисвокка буюрган бўлардим» (Бухорий ривояти).
4. Таҳорат асносида сўзлашиш, кулги ва сув билан ўйнашдан четланиш.
5. Юз ва пешонага сувни шаппиллатиб уришдан четланиш.
6. Таҳоратдан кейин қўлни силтамаслик.
7. Таҳорат сувини фарз бўлган ўринлардан юқорироққа етказиш, тирсакдан юқорироққа[2] ва болдирнинг ярмигача, билхусус совуқ кунларда. Чунки бу Қиёмат кунида мўминнинг нури ва зийнатидир.
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «ألا أدلكم على ما يمحو الله به الخطايا، ويرفع به الدرجات، قالوا : بلى، يا رسول الله. قال: إسباغ الوضوء على المكاره، وكثرة الخطا الى المساجد، وانتظار الصلاة بعد الصلاة فذلكم الرباط، فذلكم الرباط» رواه مسلم.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ у туфайли хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсага сизларни йўллаб қўймайми», – дедилар. Улар: «Ҳа (йўллаб кўйинг)», – дедилар. «Совуқ кунларда таҳорат сувини эриниладиган ўринларга етказиш (улар тирсак ва тўпиқдан юқориси), масжидларга кўп юриб бориш ва бир намоздан кейин иккинчисини кутиш. Мана шу ишинглар «Рибот»дир, мана шу ишинглар «Рибот»дир»[3] (Муслим ривояти).
وعنه قال: سمعت خليلي صلى الله عليه وسل يقول: « تبلغ الحلية من المؤمن حيث يبلغ الوضوء» رواه مسلم.
Абу Ҳурайра айтадилар: «Ҳалилим соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Зийнат-тақинчоқ мўминнинг таҳорат суви етган еригача етади»»[4] (Муслим ривояти).
8. Бармоқ ораларига, тўпиқ орқасига, умуман барча таҳорат аъзоларига сувни яхшилаб етказиш.
عن أنس قال: رأى النبي رجلا وفي قدمه مثل الظفر لم يصبه الماء. فقال له: «ارجع فأحسن وضوءك» رواه أبو داود والنسائي.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайхи ва саллам бир кишининг оёғида тирноқчалик сув тегмаган жойни кўриб қолдилар ва унга: «Қайт, таҳоратингни яхшилаб қил», – дедилар (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
9. Таҳоратни қилиб бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ушбу дуони ўқиш:
عن عمر رضي الله عنه أن رسول الله e قال: «ما منكم من أحد يتوضأ فيحسن الوضوء ثم يقول حين يفرغ من وضوئه: «أشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له وأشهد أن محمدا عبده ورسوله، اللهم اجعلني من التوابين واجعلني من المتطهرين» إلا فتحت له أبواب الجنة الثمانية يدخل من أيّها شاء» رواه الترمذي.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингиз таҳорат оладиган бўлса ва таҳоратини чиройли қилса, таҳоратни қилиб бўлгач ушбу дуони ўқиса: «Гувоҳлик бераман албатта Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, унинг шериги йўқ ёлғиздир. Ва яна гувоҳлик бераман албатта Муҳаммад унинг бандаси ва элчиси. Эй Парвардигор, мени тавба қилувчилардан қилгин ва мени покланувчилардан қил!», у учун жаннатнинг саккиз эшиги очилади, у улардан хоҳлаганидан киради» (Термизий ривояти).
10. Ҳар бир таҳоратдан кейин агар суннат намознинг вақти бўлмаса, икки ракаат нафл намоз ўқиш мустаҳаб.
عن عقبة بن عامر رضي الله عنه قال: قال رسول الله : «ما من أحد يتوضأ فيحسن الوضوء ويصلي ركعتين يقبل بقلبه ووجهه عليهما إلا وجبت له الجنة» رواه مسلم وأبو داود.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирор киши таҳорат олса ва у таҳоратни чиройли қилса кейин юзи ва қалби билан юзланиб икки ракаат намоз ўқиса, унга жаннат вожиб бўлади» (Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).
11. Сувни тежаб ишлатиш, ҳожатдан ортиқ сувни қуймаслик ва аъзоларни уч мартадан кўп ювмаслик.
Амр ибн Шуайб бобосидан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хузурларига бир аъробий келиб, таҳорат ҳақида савол қилди. Ул зот аъзоларни уч мартадан ювиб кўрсатиб бердилар. Кейин: «Мана шу комил таҳорат, ким бунга зиёда қилса ёмон иш қилибди – ёки ҳаддан ошибди ёки зулм қилибди», – дедилар (Ибн Можа ва Абу Довуд ривоятлари).
12. Доимо таҳоратда бўлиш, чунки таҳорат мўминнинг руҳий қуроли, у мўминнинг қалбидан ёмонликлар, ғафлатни ҳайдайди, гуноҳ ва ҳаром ишлардан сақлайди. Шунингдек у намоз ва Қуръон тиловати учун тайёр туради.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Агар доимо таҳоратли бўлишга қодир бўлсанг, шундай қилгил».[5]
Манба: Ислом Нури
[1] Ушбу ҳадис ҳақида шайх Усаймийн «Булуғул Маром» китобига қилган шарҳларида дедилар: «Таҳоратда «бисмиллаҳ» дейиш ҳақида ҳадис бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотдан ривоят қилинган ҳадисда: «Таҳорат олганда Аллоҳнинг исмини зикр қилмаганга таҳорат йўқ», дедилар. Лекин бу ҳадис заиф, худди муаллиф (Ибн Ҳажар) айтгани каби: «Унинг исноди заиф». Имом Аҳмад: «Бу борада ҳеч нарса собит эмас», деди. Шунинг учун уламолар, Аллоҳ уларни раҳматига олсин, таҳоратда «бисмиллаҳ» дейиш вожибми, йўқми, деб турли фикрлар билдиришди. Тўғриси шуки, у вожиб эмас. Инсон таҳорат олиб «бисмиллаҳ» демаса, унинг таҳорати саҳиҳ (дуруст), лекин афзали «бисмиллаҳ» дейишдир. Фақат ҳожатхонада бундан мустасно, чунки (у ерда) «бисмиллаҳ» айтилмайди. Агар қалбида Аллоҳни зикр қилмоқчи бўлса, ҳеч қиси йўқ. Лекин муҳими шуки, «бисмиллаҳ» дейиш вожиб эмас. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратларини сифатлаб берганлар у зот соллаллоҳу алйҳи вассаллам таҳорат пайтида «бисмиллаҳ» деганларини зикр қилишмаганини кўрамиз».
Албоний раҳимаҳуллоҳ «Ирво» (№81)да қуйидагиларни айтди: Бу ҳадиснинг кўп шоҳид (қўллаб-қувватловчи ҳадис)лари бўлиб, уни Мунзирий, Асқалоний (Ибн Ҳажар) кучли дейишган, Ибн Салоҳ ва Нававий ҳасан дейишган. Ад-Давлабий «ан-Ний» (1/120)да бу ҳадиснинг бир санадини келтириб айтди: «Бухорий: «Бу ушбу бобда энг яхши нарса», деди». Ҳофиз Ироқий эса «Махажжа» (27-28-с.) китобида: «Бу ҳасан ҳадис», деди. Шунингдек Албоний раҳимаҳуллоҳ «Тамомул-минна» (1/89)да бу ҳадиснинг зоҳири «бисмиллаҳ» дейишнинг вожиблигига далолат қилади ва уни мустаҳаб даражасигача туширадиган далил йўқ, деган. Бу зоҳирийларнинг ва Исҳоқнинг мазҳаби, шунингдек бу ҳақда Аҳмаддан бир ривоят бор. Шавконий («Сайлул-Жарор» 1/76-77) ва Сиддиқ Ҳасанхон ҳам шу фикрда бўлишган.
Валлоҳу аълам.
[2] Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари ривоят қилинган ҳадисда: «Икки қўлларини ювдилар, ҳатто азудларига (яъни, қўлнинг елкадан билаккача бўлган қисми) сув етказдилар» дейилган (Имом Муслим ривояти).
[3] Изоҳ: «Рибот» деб Ислом диёрларининг душман томондаги чегараларида қўрикчилик қилишга айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ишларнинг муҳимлиги эътиборидан уларни «Рибот» деб атадилар.
[4] Изоҳ: бу ҳолат Қиёмат куни бўлади.
[5] Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Таҳоратни фақат мўмин кишигина муҳофаза этади» (яъни доимо таҳоратда юради) деганлар (Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари).

