Сўнгги даҳа
Сўнгги даҳа
Хатиб: Аллома Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Асл сарлавҳа: العَشْرُ الأَوَاخِرُ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бандаларига солиҳ амаллар билан заҳира олишлари, Роббиларига ёмон қилмишларидан тавба қилишлари ҳамда ажру савоблар орттирилиши учун фазилатли вақтлар ва ибодат мавсумини ато этган, бандаларига эҳсонларини ёйган ва Ўз раҳмати ва марҳаматларини юборган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.
Мен Аллоҳга берган сонсиз неъматлари учун ҳамду санолар ва шукроналар айтаман ҳамда ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, шариатларни жорий қилган ва уни қулайлаштирган, раҳм қилиб кечирган Зот эканига ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Унинг бандаси ва расули эканига, У (Муҳаммад ибн Абдуллоҳ) умматига насиҳат қилиш, эзгуликларни жалб этиш ва ёмонликларни даф қилишга ҳарислик қилиб фазилат мавсумларини ғанимат билган ва уни ғанимат билишга чорлаган эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, Унинг ҳидоятидан айрилмаган ва суннатига эргашган саҳобаларига кўпдан-кўп салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг …
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан тақво қилинглар ва билингларки, сизлар муборак ўн кун – муаззам рамазон ойининг охирги даҳасига кириб келмоқдасиз. Бу даҳа Аллоҳ таоло фазилатлар, кўплаб савоблар ва эзгуликларни мўл қилган даҳадир. Бу даҳанинг хоссаларидан бири – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўн кунликда ибодатлар учун бошқа ойларда кўрсатмаган ғайратларини кўрсатар эдилар. Икки «Саҳиҳ» китобида Оиша разияллоҳ анҳонинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги даҳа кирса жинсий алоқа қилмас, тунларини (ибодат билан бедор) ўтказар ва оилаларини уйғотар эдилар» - деб қилган ривоятлари келтирилган (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий 2024, Имом Муслим 1174).
Бу, ушбу даҳада қилинган ибодатнинг Қуръон тиловати, намоз, Аллоҳ таолони тасбиҳ, таҳлил ва истиғфор билан зикр қилиш, садақа бериш ва бошқа барча турларини ўз ичига олади. Мазкур ва унинг маънолари мужассам бўлган бошқа ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу даҳадаги вақтларини фақатгина ибодатларга айирганларини кўришимиз мумкин.
Шунинг учун ҳам, ҳой мусулмон, пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, савоб ва мағфиратлар илинжида сиз ҳам бу даҳада дунё ишларидан фориғ бўлишингиз ёки уни енгиллатиб, ибодатлар билан машғул бўлишингиз керак.
Бу даҳанинг хоссаларидан бири, сиз тунларни ибодат билан бедор ўтказиш, намозларни: қиёми, рукуъси ва саждаларини узун қилиб ўқиш, рафиқа ва фарзандларни ибодат ва ушбу диний анъаналарни ҳурматлаб улғайишлари учун, мусулмонларнинг ушбу анъаналарини изҳор қилишларида, ажру савобларга эришишда ўртоқ бўлишингиздир. Бундан кўплаб мусулмонлар ғафлатда қолмоқдалар. Фарзандларини кўчаларда ўйнаб, диний ҳаётларига зарар берадиган ишлар билан шуғулланиб, ўйинлар билан кечаларини бедор ўтказишларига имконият яратмоқдалар. Ўзлари, рафиқалари ва фарзандлари ушбу улуғ кечаларни бўшига ўтказаётган мусулмонларни кўриш катта маҳрумлик ва катта зарардир. Ушбу бебаҳо вақтлар улар учун фойдасиз ўтмоқда. Улар тунларининг кўп қисмини ботил ўйинлар билан ўтказмоқдалар. Таровиҳ ва таҳажжуд пайти келганида эса кўрпаларига ўраниб, кўплаб яхшиликлардан маҳрум қолмоқдалар. Ким билади дейсиз, балки улар келгуси рамазонга ета олмаслар?! Балки, рафиқалари ва фарзандлари зиммасига оғир гуноҳларни юклаб, унинг ёмон оқибатлари ҳақида ўйлаб кўрмагандирлар?!
Шайтон бўйнига миниб, Аллоҳнинг йўлидан тўсган кимсалар: «Ушбу тунги ибодатлар нафл ибодатлардир. Фарз намозларни ўқишим менга етарлидир» – дейишлари мумкин. Унга жавоб ўлароқ шундай деймиз: «Фарз ибодатларни ўз вақтида тўкис адо этишнинг катта савоблари бор. Сиз қиёмат куни ундан сарҳисоб берасиз. Бироқ, у фарзларни тўкис ва вафодорлик билан адо этганингизга ким кафил бўла олади?! Сизнинг Қиёмат куни камчилиги бўлган фарзларни тўкис қилиш учун нафл ибодатларга эҳтиёжингиз бордир. Термизий (раҳимаҳуллоҳ) ва бошқа муҳаддислар ушбу ҳадисни ривоят қилганлар: «Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: «Қарангларчи, бандамнинг нафл ибодат (намоз)лари бормикин?!» – дейди ва нафл ибодат (намоз)лари билан камчилиги бўлган фарзлари тўлдирилади. Бошқа амаллари ҳам шундай қилинади»» (Термизий 378).
Аллоҳ таоло айрим амалларни фарз қилди ва бандаларининг уларни бажо келтиришда камчиликларга йўл қўйишларини ҳам билди. Шунинг учун уларга меҳрибонлик қилиб, шу камчиликларни тўлдириш мақсадида нафл ибодатларни ҳам вазифа ўлароқ машруълаштирди. Шунинг учун ҳам, ҳар бир фарзнинг ёнида нафл ибодат бордир.
Фараз қилиб кўрайликки, сиз фарз ибодатларни тўкис адо этдингиз. Шундай бўлсада, сизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишга буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса рамазоннинг охирги даҳасидаги тунги ибодатни ҳеч қачон қолдирмаган. Оиша разияллоҳу анҳонинг ривоятига кўра агар касал ёки мажолсиз бўлиб қолсалар, ўтириб намоз ўқир эдилар. Унинг бир ривоятида шундай дейилган: «Менга етиб келган хабарларга қараганда, баъзи одамлар: «Биз фарзларни адо этаяпмиз. Ундан ортиқча ибодатларни қилмоқчи эмасмиз»- дейишаяпти экан. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ улардан зиммаларга юклаган фарзлар ҳақидагина сарҳисоб қилади. Бироқ улар кечалари ва кундузлари хатога йўл қўяётган инсондирлар. Сизлар Пайғамбарингиз тарафдорисиз, Пайғамбарингиз эса сизларнинг тарафдорингиздир. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги ибодатни ҳеч қачон қолдирмаган» (Табароний «Муснадуш Шомиййин», 3/122 (1616)). Оиша разияллоҳу анҳо бу гаплари билан мусулмоннинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга издош бўлиши зарурлигига ҳамда тунги ибодатларни қолдирмаслигига ишора қилдилар.
Ҳой мусулмонлар, ушбу даҳанинг хоссаларидан бири, бу даҳада Аллоҳ таоло:
«Қадр туни минг ойдан кўра яхшироқдир!» (Қадр: 3) деб айтган Қадр тунига тўғри келиб қолиши мумкин. Нахаий (раҳимаҳуллоҳ) бу тунда қилинган ибодатнинг бошқа минг ойда қилинган ибодатлардан кўра яхшироқ эканини таъкидлаган. Ҳой Аллоҳнинг бандалари, минг ой дегани саксон уч йилу тўрт ой, демакдир. Икки «Саҳиҳ» китобида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси ривоят қилинган: «Қадр тунини Аллоҳга бўлган иймон ва у кечани бедор ўтказганлар учун тайёрлаб қўйган ажру савобларига ишонч билан бедор ўтказган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий 1768).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хабарига кўра, Қадр туни рамазон ойининг охирги ўн кечаси ичидадир: «Қадр тунини рамазоннинг охирги даҳасида излангиз!» (Имом Бухорий 1878, 1880; Имом Муслим 1998; Термизий 722; Имом Аҳмад 23157, 24509).
Бу тунни охирги даҳанинг ҳар кечасини ибодат билан ўтказсангизгина топишингиз мумкин. Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат бўлиши, улар бу фазилатли кечаларда намоз, зикр ва дуо каби амалларни кўп қилиб, Аллоҳ таолога қурбатни зиёда қилиб, савобларни қўлга киритишлари ҳамда бандалари ичидан тиришқоқларни дангасалардан айириш учун илмини гизли сақлади. Зеро, тиришган одам излаган нарсасини топади…
Айтингларчи, бирон ширкат ўз ҳиссаларини сотишга чиқарса ва ундан одамлар катта даромад умидида бўлсалар, ҳиссаларни сотиб олиш учун ширкат дарвозаси олдига тирбанд навбатда туриш ва уни қўлга киритиш учун машаққатларга чидашга аҳд қиладиларми?! Мўмайгина пулларини сарф этадими?! Ундан маҳрум қолганлар қаттиқ афсус чекадиларми?! Арҳамур Роҳимийннинг жаннатидаги ҳиссаларнинг ҳаракат қилганлар ҳисобсиз даромадларни қўлга киритиши таклиф қилинса, одамлар нима қилишлари мумкин?! Унга ҳаракат қилмаган ҳақиқатан ҳам зиёнкор ва маҳрум инсондир!! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ! Аллоҳ таоло айтди:
«Балки улар дунё ҳаётини афзал кўрадилар. Охират ҳаёти эса яхшироқ ва боқийроқдир» (Аъло сураси: 16-17).
Ҳой мусулмонлар, ушбу муборак ўн кунликнинг хусусиятларидан бири – унда эътикоф қилинишидир. Эътикоф – масжидда шу кунлар ичида Аллоҳга итоат этиш нияти билан фақат ибодат қилиб туришдир. Эътикоф – Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари билан собит бўлган суннатлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари саҳобалари билан бирга эътикоф қилдилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам эътикоф қилишда давом этдилар.
Эътикоф – масжидлардан бирида одамлардан узлатда, Аллоҳнинг фазли, савоби ва Қадр тунини излаб Аллоҳнинг ибодати учун вақт ажратишдир. Эътикофдаги одам зикр, Қуръон қироати, намоз ва бошқа ибодатлар билангина шуғулланиб, масжиддан ўта муҳим эҳтиёжи учунгина чиқиши муҳим. Чунки у, Роббиси билан холи қолиш ҳамда ушбу муборак кунлар мобайнида солиҳ амаллар билан ўзини таъминлаш учунгина шундай қилади.
Шу кунлар мобайнида катта ажру савобларни олишга имкони бўлган одам, эътикофда ўтириши ва нафсини ибодатларга чиниқтириши керак. Чунки, шу кунларда умра қилишдан кўра ушбу тарк қилинган суннатни жонлантириш афзалдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилганлари учун бу ойда ҳаётларининг охиригача умра қила олмаган эдилар. Сиз, одамларнинг умра қилишга бир-бири билан мусобақалашаётганларини кўрасиз. Бу ҳам яхши иш. Бироқ, эътикоф қилиш ундан кўра яхшироқдир! Эътикоф қилишга имконияти бўлмаган одамлар эса, бошқа фарз ва масжидга эртароқ бориш, Қуръонни тиловат қилиш, зикр ва бошқа суннат бўлган амалларни ўз вақтида қилишга ҳаракат қилсинлар.
«Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни (Қиёмат Куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар» (Муззаммил: 20).
Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
«Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.[1] У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир» (Қадр сураси).
* * *
Манба: Ҳикмат Нури
[1] И з о ҳ: Демак у кечада тоат ибодат ҳам минг ойлик ибодатдан яхшироқ бўлади. Биз бу кечанинг барокоти ҳақида Духон сурасининг 2-5 оятлари изоҳида айтиб ўтган эдик. Кўпчилик уламоларнинг айтишларича, қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир.

