Салафи солиҳ рамазонда
Салафи солиҳ рамазонда
Ислом Нури таҳририяти
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз, унинг оиласи, саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган барча кишиларга Аллоҳдан салавот ва саломлар бўлсин.
Мусулмон биродарим ва муслима синглим, сизларни Аллоҳ учун яхши кўрганимиз сабабли қалбимиз қўридан отилган муҳаббат билан йўлламоқчимиз. Аллоҳ таолодан Ўзининг каромат диёри ва раҳмат маконида бизларни сизлар билан бирга жам қилишини сўраймиз. Рамазон ойининг келиши билан сизларга камтарона совғани тақдим этмоқчимиз. Шояд бу совғани ва насиҳатларни қабул қилсангиз. Аллоҳ сизларни ўз паноҳида сақласин.
Муборак рамазон ойини қандай кутиб оламиз?
Аллоҳ таоло деди:
«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (Ҳақ билан ботилни, ҳалол билан ҳаромни ажратувчи) нинг очиқ оятлари бўлиб Куръон нозил қилинган» (Бақара: 185).
Азиз дўстим, Аллоҳ таоло рамазон ойини бошқа ойлардан кўп хусусият ва фазилатлар билан устун қилди.
Рўзадорнинг оғзидан келадиган бўй Аллоҳ таолонинг наздида мушкдан кўра хушбўйроқдир.
Фаришталар ифтор қилгунига қадар рўзадор учун истиғфор айтадилар.
Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатини безайди ва: «Тез кунда менинг солиҳ бандаларим ўзларидаги қийинчилик ва машаққатларни ташлаб, сенга келадилар» – дейди.
Рамазон ойида шайтонлар занжирбанд қилинади.
Рамазон ойида жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади.
Рамазон ойида Қадр кечаси бўлиб, у минг ойда қилинган ибодатдан кўра яхшироқдир. Унинг яхшиликларидан маҳрум бўлган одам барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.
Рамазон ойининг охирги кунида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади.
Аллоҳ Рамазон ойининг ҳар кечасида жаҳаннамдагилардан баъзиларни озод қилади.
Азиз дўстим, хусусият ва фазилатлари шундай бўлган ойни қандай кутиб оламиз? Унинг келишидан бетоқат бўлиб, аччиғланиб кутиб оламизми? Бундай бўлишидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Солиҳ банда бу ойни тавба, сидқидиллик ва вақтларни солиҳ амаллар билан зийнатлаб, Аллоҳ таолодан чиройли ибодат қилишни сўраб кутиб олади.
Шунинг учун ҳам, азиз дўстим, рамазон ойида қилишимиз керак бўлган баъзи яхши амалларни эслатмоқчимиз.
1 – Рўза тутиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одам фарзандининг ҳар бир амали ўзи учундир, ҳар бир яхшилик ўн мислдан етти юз мислга қадар кўпайтириб берилади. Аллоҳ таоло деди: «… Фақатгина рўза, у мен учундир ва унга ўзим мукофот бераман. (Банда) мен учун шаҳвати, таоми ва ичимликларини тарк қилди. Рўзадор учун икки қувонч бор: Ифтор қилиш пайтида ва роббисига йўлиққан вақтда.
Рўзадор оғзининг ҳиди, Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини иймон билан ва савоб умидида тутган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳи)
Шубҳасиз бу катта савоб емоқ ва ичмоқдангина тийилган кишига берилмайди. Балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ёлғон сўзлашни ёки унга амал қилишни тарк қилмаган кишининг емоқ ва ичмоғини тарк этишига Аллоҳнинг эхтиёжи йўқ» (Имом Бухорий ривояти).
«Рўза қалқондир. Сизлардан бирингиз рўза тутса сўкинмасин, фисқ сўзларини сўзламасин ва жоҳиллик қилмасин. Агар уни бирортаси ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман» – деб айтсин» (Муттафақун алайҳ).
Эй Аллоҳнинг бандаси, рўза тутсангиз қулоқларингиз, кўзларингиз, тилингиз ва барча аъзоларингиз ҳам рўза тутсин! Рўзадорлик кунларингиз бошқа кунларингиздан фарқли бўлсин.
2 – Кечалари бедорлик
Аллоҳ таоло деди:
«Раҳмоннинг бандалари – Ер юзида тавозе билан юрадиган, жоҳиллар (бемаъни) хитоблар қилганида: «Саломат бўлинглар!» дейдиган ва кечаларни сажда ва (намозда) туриш билан ўткизадиган (кишилардир)» (Фурқон: 63, 64).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон кечаларини иймон ва савоб умидида намоз ўқиб бедор ўткизган кишининг гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ).
Кечаларни ибодат билан бедор ўткизиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг одатларидан эди. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Кечаларни бедор ўткизишни тарк қилманг! Кечаларни (ибодат билан ) бедор ўткизиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидан эди. Агар касал бўлсалар ёки сустлик қилсалар ўтириб намоз ўқир эдилар».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кечалари намоз ўқир, кечанинг ярми бўлганида оиласини уйғотар ва уларга: «Намозга туринглар, намозга туринглар!» дер ва ушбу оятни ўқир эди…
«Аҳлингизни намозга буюринг, ўзингиз ҳам у (намоз)да чидамли бўлинг. Биз сиздан ризқ сўрамаймиз. Биз сизга ризқ берамиз. Чиройли оқибат (аҳли) тақво учундир» (Тоҳа: 132). Ибн Умар розияллоҳу анҳу ушбу оятни ўқир эди:
«Ёки кечалари сажда қилган ва қиём-тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматини умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми?!)» (Зумар: 9). Ибн Умар бу Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу – деди. Ибн Аби Ҳотим айтади: «Ибн Умарнинг бундай дейишига сабаб: Амирул-муъминийн Усмон розияллоҳу анҳу кечалари кўп намоз ва Қуръон ўқир эди. Ҳаттоки Қуръонни бир ракаатда хатм қилган ҳоллари ҳам бўлган».
Имом Молик: «Мен салаф солиҳларнинг, имом саккиз ракаатда Бақара сурасини ўқиганини кўришса бу жуда ҳам енгил намоз ўқиди деганларини кўрдим – дедилар. Бизга нима бўлдики ана шу сурани бир неча кечада ўқиймиз?!»
Сойиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: «Саҳобалар ичидаги қори икки юз оят ўқир, қиёмнинг узоқ бўлиши сабабли асоларга суяниб қолар эдик. Саҳобалар субҳ кирганидагина намозларини тугатар эдилар» дейилган.
Танбеҳ: Мусулмон биродарим, сиз имом билан таровеҳни охиригача ўқинг, шунда кечани ибодат билан ўтказган қоимлар қаторида ёзиласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Имоми намозини тугатиб қайтиб кетгунига қадар бирга қоим бўлган кишига кечаси билан ибодат қилганлик ажри ёзилади».
3 – Садақа бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг саҳоватли кишилардан эдилар. Хусусан, рамазон ойи келганда у кишининг саҳоватлари эсиб турган шамолдан ҳам саҳоватлироқ бўлиб қолар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақаларнинг энг афзали рамазон ойидаги садақадир» - дедилар (Термизий ривояти).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни садақа беришга амр этдилар. Бу – менинг молим бор даврга тўғри келди. Мен ўзимга: «Абу Бакрдан ўзган куним бўлса шу кунимдир» – дедим. Молимнинг ярмини олиб келдим. Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оилангиз учун бирор нарсани қолдирдингизми?» – деб сўрадилар. Мен: «Шунчасини қолдирдим» – деб жавоб бердим. Абу Бакр ҳам молини олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Оилангизга ҳам қолдирдингизми?» – деб сўрадилар. Абу Бакр: «Уларга Аллоҳ ва расулини қолдирдим» – деб жавоб берди. Шунда мен: «Сиздан ҳеч бир нарсада ўза олмас эканман» – дедим.
Азиз дўстим, садақанинг рамазон ойида ўзгача хусусиятлари бор шунинг учун ҳам рамазон ойида имкониятингизга қараб садақа қилишга шошилинг. Садақанинг кўринишлари кўп бўлиб, улардан баъзилари куйидагилар:
Таом едириш. Аллоҳ таоло деди:
«Севимли бўлишига қарамай мискин, етим ва асирларга таом берадилар ва биз сизларга Аллоҳнинг юзи учун таом берамиз. Сизлардан мукофот ва миннатдорчилик истамаймиз. Бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобдан юзлар) тиришиб, буришиб қоладиган бир Кундан қўрқамиз – дедилар. Аллоҳ уларни у Куннинг даҳшатларидан сақлади ва уларнинг юзларига нурафшонлик ва дилларига сурур берди. Уларни қилган сабрларининг эвазига жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади» (Инсон: 8-12).
Салаф солиҳ таом едиришга ҳарис бўлиб, уни кўплаб ибодатлар устидан афзал кўрар эдилар. Бунда оч одамни тўйдириш ва солиҳ дўстни таомлантириш ўртасида ҳеч фарқ йўқдир. Чунки, таомлантириладиган одамда камбағаллик шарт эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси мўъмин бошқа бир оч мўъминни таомлантирса, Аллоҳ уни жаннат мевалари билан таомлантиради. Ташна мўъминни чанқоғини қондирган кишини Аллоҳ Раҳийқул-махтумдан суғоради» (Термизий ривояти). Салафларнинг баъзилари: «Мен учун дўстларимдан ўнтасини чақириб, иштаҳалари хоҳлаган таомни едиришим, Исмоил ўғилларидан ўнтасини озод қилишимдан кўра яхшироқ» – деган эди.
Салафлардан кўплари ўзи рўзадор бўла туриб ифторлигини бошқаларга бериб юборар эди. Абдуллоҳ ибн Умар, Довуд ат-Тоий, Молик ибн Дийнор ва Аҳмад ибн Ҳанбал шулар жумласидандир. Абдуллоҳ ибн Умар етим ва мискинлар билангина ифтор қиларди. Гоҳида аҳллари мискинларни қайтариб юборганларини билиб қолса ана шу кечада ифтор қилмас эди.
Кўплаб салаф олимлари рўзадор бўлишларига қарамай ўз дўстларига таом беришар ва хизмат қилишар эди. Ҳасан Басрий ва Ибн Муборак шулар жумласидандир. Абу Суввор Адавий айтади: «Адий қабиласидан бўлган кишилар мана шу масжидда намоз ўқишар ва улардан бирортаси ўзи ёлғиз ифтор қилмас эди. Таомини бирга ейдиган одам топмаса таомини масжидга олиб чиқиб одамлар билан ер эди».
Таомлантириш ибодатидан бошқа ибодат ҳам келиб чиқади. Дўстлашиш ва таом берган биродарларингиз учун муҳаббат пайдо бўлиши. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатга мўъмин бўлмагунингизга қадар кира олмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча мўъмин бўла олмайсизлар» – дедилар. Бундан ташқари, таом едиришдан солиҳ кишилар билан бирга ўтириш, сизнинг берган таомларингиздан ибодат қилишга қувват олишлари сабабли савобни умид қилиш ҳам келиб чиқади.
Рўзадорларга ифтор бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўзадорга ифтор берган кишига рўзадорнинг савобининг мислича савоб берилади ва рўзадорнинг савоби ҳеч ҳам камайтирилмайди» (Саҳиҳ ҳадис, Насоий ривояти). «Рўзадорга ифтор қилган ёки ғозийни жиҳодга тайёрлаган кишига (рўзадор ёки ғозий) савоби берилади» (Саҳиҳ ат-тарғиб: 2701).
Қуръон ўқиш
Азиз дўстим, мен сизга шу муносабат билан салаф солиҳ ҳаётидан икки муҳим нарсани эслатмоқчиман:
А) Қуръонни кўп ўқиш.
Б) Қуръонни қироат қилиш ёки тинглаш асносида Аллоҳ таолога хушуъ ва тавозе қилиб йиғлаш.
Рамазон ойи Қуръон ойидир. Шунинг учун ҳам мусулмон банда Қуръонни кўп тиловат қилиши керак. Зеро, салаф солиҳ Қуръони Каримни ўқишга кўп эътибор берар эдилар. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Қуръонни дарс қилар эди. Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонни ҳар куни хатм қилар эди. Баъзи салаф олимлари рамазон ойининг уч, баъзилари етти, баъзилари эса ўн кечасида хатм қилар эдилар. Улар Қуръонни намознинг ичида ва намоздан ташқарида ўқишар эди.
Қатода доимо етти кунда, рамазонда уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар куни бир марта хатм қилар эди.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ рамазон ойида, намоздан ташқари олтмиш марта Қуръонни хатм қилар эдилар.
Имом Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ рамазон кириши билан ҳадис ва илм дарсларини тўхтатар ва Қуръонни Мусҳафга қараб ўқишга берилар эди.
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ деди: «Қуръон Каримни уч кунда давомли суратда хатм қилиш таъқиқланган. Бироқ, рамазон ойи каби фазилатли вақтлар, хусусан, қадр туни илинжида кечалари тиловат қилиш, бундан ташқари Макка каби муқаддас ерларга кирган, лекин, маккалик бўлмаган кишиларнинг бу замон ва маконларни ғанимат билиб, Қуръон ўқишлари мустаҳабдир».
Тиловат пайтида йиглаш
Қуръон Каримни тафаккурсиз, шеър ўқилгани каби ўқиш салафлар йўлидан эмасдир. Чунки, улар Аллоҳнинг сўзлари билан таъсирланишар ва у билан қалбларни титратишар эди. Имом Бухорийнинг саҳиҳ тўпламида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ушбу ривоят келтирилган. У деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга Қуръон ўқиб беринг» – дедилар. «Сизга нозил қилинган бўса-ю, мен сизга ўқиб берайинми?» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен бошқалардан эшитишни ёқтираман» – дедилар. Мен «Нисо» сурасини ўқиб
«Биз барча халқлардан гувоҳни келтириб, сизни уларнинг барчасига гувоҳ қилиб келтирсак қандай бўлади?» (Нисо: 41), оятига келганимда: «Бўлди» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарадим. Ул зотнинг кўзларидан ёш қуйилар эди».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «(Эй мушриклар), ҳали сизлар мана шу Сўздан (Қуръондан) ажабланурсизларми?! (Ундаги оятларнинг беназир ва бемисл ўгит-насихатларидан таъсирланиб) йиғламасдан, ғофил бўлган ҳолларингизда кулурсизларми?!» ояти нозил бўлганда суффадагилар йиғладилар. Ҳатто уларнинг юзларидан кўз ёшлари оқди. Уларнинг товушларини эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам йиғладилар. У кишининг йиғлаганларини кўриб биз ҳам йиғладик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кишилар жаҳаннамга кирмайдилар» - дедилар.
Абдуллох ибн Умар розияллоҳу анҳу «Мутаффифийн» сурасини ўқир экан:
«Одамлар барча Оламлар роббиси бўлган Аллоҳ қаршисида турган кунда» оятига етиб келганларида йиғлаб йиқилди ва ундан кейинги оятларни ўқий олмади.
Офтоб чиққунига қадар масжидда ўтириш
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқиганларидан кейин қуёш чиққунига қадар намозгоҳида ўтирар эдилар» (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жамоат билан намоз ўқиган, кейин, Қуёш чиққунига қадар Аллоҳни зикр қилган, кейин эса икки ракаат намоз ўқиган кишига ҳаж ва умранинг тўла-тўла савоблари берилади» (Термизий ривояти).
Бу савоблар ҳар куни берилар экан, рамазон ойида қандай берилмасин?!
Азиз дўстим, Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин, кечаларни бедор ўткизиш, солиҳ кишилардан ўрнак олиш, Аллоҳ учун нафсга қарши курашиш билан савоблар олиш ва жаннатнинг олий мақомларига етишиш учун Аллоҳдан ёрдам сўранг.
Эътикоф
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот топган йиллари йигирма кун ўтирдилар. Эътикоф – намоз, Қуръон тиловати, зирк ва бошқа ибодатларни ўз ичига олган ибодатдир. Эътикофни тажриба қилиб кўрмаган одамларгина қийин деб ўйлайдилар. Бироқ, у Аллоҳ енгил қилган кишилар учун осондир. Яхши ният ва содиқ азм билан ҳаракат қилган одамга Аллоҳ ёрдам беради. Эътикофни қадр кечасини топиш учун рамазон ойининг охирги ўн кунида бўлиши суннати муаккададир. Эътикоф шаръан рухсат берилган танҳоликдир. Эътикофга кирган одам Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлади ва нафсини чалғитадиган барча нарсалардан тияди. У қалби ва бутун вужуди билан роббиси ва унга яқин қиладиган амаллар билан ибодат қилади. Унинг қайғуси фақат Аллоҳни розилигини топиш бўлади.
Рамазон ойида умра қилиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон ойидаги умра ҳажга баробардир» (Муттафақун алайҳ), бошқа бир ривоятда: «Мен билан бирган ҳаж қилишга баробардир» дедилар.
Қадр кечасини топишга қаттиқ интилиш
Аллоҳ таоло деди:
«Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр: 1-3). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида намоз ўқиб ўтказган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қадр кечасини топишга тиришар ва саҳобаларни ҳам бунга буюрар эдилар. Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳл байтларини рамазоннинг охирги ўн кечасида уйғотар эдилар.
Ҳой, умрини пуч нарсалар билан ўтказган одам, Қадр кечасида йўқотган нарсаларингизни топиб олинг! Чунки у кеча бир умрга тотийди. Унда қилинган амал минг ойда қилинган амалдан кўра яхшироқдир. Унинг яхшиликларидан маҳрум қолган кимса, кўп нарсадан маҳрум бўлади. У кеча рамазоннинг охирги ўн кунидаги тоқ кечаларнинг биридир. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бизга берган хабарларига кўра, у кечанинг тонггида офтоб нурсиз чиқади» - деди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг жомиъус-саҳиҳида ушбу ривоят бор: Оиша розияллоҳу анҳо: «Эй, Расулуллоҳ мен Қадр кечасига тўғри келсам нима дейман» – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Илоҳим, сен афв қилувчисан, афвни яхши кўрасан мени афв эт – денг», дедилар».
Зикр дуо ва истиғфорни кўпайтириш
Азиз дўстим, рамазон ойининг кунлари ва кечаларининг фазилатли соатлари бўлиб, сиз уни кўп дуо ва зикрлар билан ғанимат билинг. Хусусан, дуолар ижобат бўладиган ушбу лаҳзаларда:
А) Ифтор қилишни кутиб ўтирилган пайтда.
Б) Кечанинг охирги учдан бири қолганида. Чунки бу пайтда Аллоҳ таоло дунё осмонига тушади ва сўрайдиган борми бераман, истиғфор айтадиган борми унинг гуноҳларини кечираман – деди.
В) Саҳарларда айтилган истиғфор. Аллоҳ таоло: «Улар саҳарларда истиғфор айтадилар» – деди.
Г) Жума соатларини қасд қилиш. Аниқроғи жума кундузининг охирги соатларида астойдил дуо қилиш.
Азиз дўстим, ва ниҳоят сизга энг муҳим бўлган ишни эслатмоқчимиз. Уни биласизми?!.. У ихлосдир. Ҳа, ихлос..
Рўза тутган қанча-қанча одамлар бўлсада, уларнинг баъзиларининг тутган рўзаларига «мукофот» очлик ва чанқоқлик бўлади, холос.
Одамлар ичида қанча-қанча кишилар борки, кечаларни ибодатда ўтказган, бироқ, уларнинг мукофотлари бедорлик ва қийналиш бўлади холос. Аллоҳ таоло бизларни ва сизларни бундай бўлиб қолишдан сақласин. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу икки нуқта: «Иймон ва савоб умид қилиш» га қаттиқ эътибор бердилар. Ҳолбуки салаф солиҳларимиз ҳам ўз жонига жабр қилиб қўйишдан қўрқиб, амалларини сир сақлашга тиришар эди…
Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Мен баъзи одамларни кўрдимки, улар ўз хотинлари билан бир ёстиққа бош қўйиб ухлашар ва кўз ёшларини тўкиб йиғлаб, ёстиқларини ҳўл қилишар, бироқ буни хотинлари билмас эди. Мен яна шундай одамларни кўрдимки улар намозларда сафда туриб йиғлар, бироқ, буни ёнидаги одам билмас эди».
Айюб Сиҳтиёний раҳимаҳуллоҳ кечалари ибодат учун ўрнидан турар, бироқ, буни яширар, тонг отишига яқин қолганда эса худди уйқудан турган кишидек овозларини кўтарар эдилар.
Ибн Абу Али деди: «Довуд ибн Абу Ҳинд қирқ йил рўза тутди. Бироқ, буни оиласи билмади. У жуда ҳам эҳтиёткор одам эди. Таомларини ўзи билан олиб чиқиб кетар ва уларни кўчада садақа қилар, кеч кирганда эса уйига қайтиб, рўзасини оиласи билан кечки овқатда очар эди».
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ деди: «Менга етган хабарларга кўра, банда бир амални маҳфий қилади. Бироқ, шайтон уни давомли васваса қилиб, унга ғолиб келади. Натижада, амалини ошкор қилгани амал дафтарига ёзилади. Шайтон васвасаларида яна давом этаверади. Ҳатто у одам қилган амали эвазига мақталишни хоҳлаб қолади. Ундан амалини ошкор қилганлиги ўчирилиб, риёкорлик қилгани ёзиб қўйилади».
Рамазон ойида бехуда нарсалар билан шуғулланишдан сақланиш
Азиз дўстим, вақтни Аллоҳнинг тоат-ибодатидан бошқа нарсаларда зое қилиш ғафлат ва Аллоҳнинг раҳматларию инъомларидан маҳрумликдир. Аллоҳ таоло деди:
«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур. Ва биз уни Қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У: «Эй роббим нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку», дейди. (Аллоҳ) айтади: «Шундай. Сенга бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни («кўрмадинг») - унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва роббисининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби шак-шубҳасиз, қаттиқроқ ва давомлироқдир» (Тоҳа: 124-127).
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, унинг оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин.
Манба: Ислом Нури

