Рўзанинг одоб ва аҳкомлари
Рўзанинг одоб ва аҳкомлари
الصيام: آداب وأحكام
Муаллиф: Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий
Мундарижа
Муаллиф ва Абу Анас Алий ибн Ҳусайн Абу Лавз муқаддимаси
Биринчи фасл: Лаҳзалар, фойдалар ва одоблар
Бешинчи фасл: Рамазоннинг охирги даҳасини ибодатлар билан ўтказиш
Олтинчи фасл: Рамазонда Қуръон ўқиш ва зикр қилиш
Саккизинчи фасл: Рўза ва Қурбон ҳайити аҳкомлари
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Рамазонни бошқа ойлардан афзал қилиб, солиҳ амаллар ва савоблар мўл бўладиган мавсум айлаган, рамазонда ҳидоят ва нур бўлган Қуръон Каримни нозил қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ҳамду сано ва шукроналар айтаман. Мен Аллоҳнинг ўзигина илоҳ экани ва Унгагина ибодат қилишимизга ҳамда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Умматга амалларни баён қилган, мағфират ва кўплаб савобларга эришишлари учун уларга нафл – кўнгилли ибодатлар қилишни кўрсатиб берган Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи ва саҳобаларига сонсиз салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг …
Бу – рамазон ойида адо этилиши кўрсатилган рўза, таҳажжуд, эътикоф ва солиҳ амаллар ҳақида турли муносабат ва фурсатларда қилганим маърузалар мажмуъасидир. Ушбу маърузаларни айрим солиҳ дўстларимиз тўплабдилар ва уни нашр қилиш учун мендан рухсат сўрадилар. Бу маърузалар ичида умумий ва хусусий манфаатлар ётгани учун мен ҳам уларга рухсат бердим.
Мен бу маърузаларни олдиндан тайёргарлик кўрмасдан қилганим учун, унда таъбир заифлиги, гапнинг оқимида номутаносиблик ва тартибсизлик бўлиб қолгани, шубҳасиздир. Шундай бўлсада, ундаги маънолар аниқ маълумдир. Аллоҳ таолодан ушбу рисолани мусулмонларга фойдали, бизга ва бу рисолани нашр қилишда кўмакчи бўлган барчага савобларни сероб қилишини сўраб қоламан.
Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ Жибрин
Муқаддима
Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Биз Аллоҳга ҳамдлар, истиғфорлар айтамиз ва Ундан ёрдам, нафсимизнинг шарри ва ёмон амалларимиздан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоятловчи кисма йўқдир. Мен ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ экани, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эса Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман.
Сўнг …
Аллоҳ таоло: «Эй мўъминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам (саноқли кунларда) рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183) – деди. Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят тафсирида шундай дейди: «Аллоҳ таоло бу Умматнинг мўъминларига хитоб қилар экан, уларни рўза тутишга буюрди. Рўза – Аллоҳга холис нийят қилиб ейиш, ичиш ва жинсий алоқадан тийилиш, демакдир. Чунки бундай қилиш билан нафслар бад хилтлар ва разил аҳлоқлардан тозаланиб, покланади. Аллоҳ таоло рўза тутишни худди бу Умматга фарз қилганидек, булардан илгари яшаб ўтган умматларга ҳам фарз қилганини, уларда бу Уммат учун ўрнак ва намуна борлигини, шунинг учун булар ушбу фарзни улардан кўра яхшироқ адо этиш учун ҳиммат камарларини маҳкам боғлашлари зарур эканини эслатди. Сўнгра эса, рўзанинг баданни поклашини ва шайтоннинг келиш йўлларини қийинлаштирганини таъкидлади» (Ибн Касир тафсири 1/497).
Хонадонингизга мукаррам ой кириб келди. Аллоҳ таоло унинг рўзасини тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказишни вазифа қилиб юклади. Бу ибодатларда лоқайд бўлган одамлар – зиёнкордирлар. Бу ойнинг рўзасини тутиш ва тунги ибодатларини қилиш учун тиришганлар эса катта даромадни қўлга киритган кимсалардир.
Рамазон ойи – баракалар ойи бўлиб, унинг аввали – раҳмат, ўртаси – мағфират ва охири жаҳаннамдан қутилишдир. Бундай муборакли ойнинг тунлари ва наҳорларини ғанимат билишимиз керак. Бу ой чиққач гуноҳлари мағфират қилинмаган одам, ҳақиқатан, зиён кўрган одамдир.
Рўзанинг аҳамияти ва шаънининг буюклиги сабабли устозимиз алллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибриннинг маъруза ва фатволаридан ушбу рисолани тартибладим ҳамда унга ҳурматли шайхимиз тарафидан ёзилган айрим муҳим масъала ва фатволарни қўшиб қўйдим. Бунинг натижасида рўзанинг одоблари ва аҳкомларини баён қилган кенг қамровли рисола вужудга келди. Бундан ташқари эътикоф аҳкомлари, рамазоннинг охирги даҳасининг фазилатлари, фитр закоти, ҳайит аҳкомлари ва бу муборак ой билан видолашиш хотимасини ҳам қисқача тафсилотлари билан илова этдим.
Аллоҳ таолодан биз ва сизларга мусулмонларнинг иззат, зафар ва ҳукмронлик билан яшаган пайтларида рамазон ойини қайта қайта яшатишини, янги рамазонга етказишини, биздан рўзаларимиз ва тунги ибодатларимизни қабул этишини тилаб қоламиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ Эшитгувчи ва Қабул этгувчи Зотдир.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва Унинг оиласига салавоту саломлар йўлласин.
Абу Анас Алий ибн Ҳусайн Абу Лавз
30 / 05 / 1417 ҳ. – 12 / 10 / 1996 м.

