PDF WORD

Рўзанинг фарз бўлиш босқичлари

Рўзанинг фарз бўлиш босқичлари

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят, у зот айтадилар: «Аввалда агар ифторлик вақти келса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан биронтаси овқат емай ухлаб қолса, шу билан улар туни билан ва кейинги кун давомида то кечгача бошқа таом ея олишмас эди. Бир куни Сирма ибн Қайс ал-Ансорий рўза тутди. Ифторлик вақти келганида у хотини олдига келиб: «Овқатимиз борми?» деб сўради. Хотини: «Йўқ, лекин мен ҳозир бориб сизга бирор егулик топиб келаман» деб жавоб берди. У куни билан ишлаган эди ва унга уйқу ғолиб келди. Хотини қайтиб келгач эрининг ухлаб қолганини кўриб: «Кўнгилдагидек иш қилмадингиз» деди (яъни, у таомланиш имконидан маҳрум бўлганини назарда тутган эди). Кейинги кун ярмида у хушидан кетиб қолди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар қилинганида қуйидаги оят нозил бўлди:

«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди» (Бақара: 187). Мўминлар бундан жуда шодландилар, сўнгра:

«Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187), ояти нозил бўлди (Имом Бухорий ривояти).[1]

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят, у зот айтадилар: «Намознинг фарз бўлиши 3 босқичдан иборат эди. Рўзанинг фарз бўлиши ҳам 3 босқичда бўлди. (У намознинг босқичларини санаб ўтиб рўза ҳақида сўзлай бошлади). Аввалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ойда 3 кун ва Ошуро кунида рўза тутар эдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло оят нозил қилди:

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим» (Бақара: 183-184).

Шундан сўнг хоҳлаган рўза тутар, хоҳламаган мискинни таомлантирар эди. Бу рўзанинг ўрнини босарди ва бунга рухсат бор эди.

Кейин Аллоҳ таоло оят нозил қилди:

«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади» (Бақара: 185).

Шу оят нозил бўлганидан кейин бу ойда ҳозир бўлган барча учун рўза фарз бўлди. Касал ва мусофирлар қолдирилган рўзани бошқа кунда тутиб беришар, рўза тутишга ожиз бўлган қариялар эса рўзанинг ҳар кунига мискинни таомлантирар эдилар (Абу Довуд ривояти).[2]

Аҳмаднинг ривоятида: «Рўзанинг фарз бўлиши қуйидаги босқичлардан иборат:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида ҳар ойда 3 кун ва Ошуро кунида рўза тутар эдилар. Кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қуйидаги оят билан рўзани фарз қилди:

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим» (Бақара: 183-184).

Шундан сўнг хоҳлаган рўза тутар, хоҳламаган мискинни таомлантирар эди. Бу рўзанинг ўрнини босарди ва бунга рухсат бор эди.

Кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бошқа оятни нозил қилди:

«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185).

Шу билан Аллоҳ барча соғлом ва муқим инсонга рўзани қатъий фарз қилди. Бемор ва мусофирга рўзани кейин тутиб беришига рухсат берди. Шунингдек Аллоҳ рўза тутишга қодир бўлмаган қарияларга ҳар бир кунги рўза эвазига мискинни таомлантиришни фарз қилди. Бу аввалги 2 босқичдир. Бу босқичда мусулмонлар ухлашдан аввал ейиш, ичиш ва аёлларига яқинлик қилишлари мумкин эди. Агар ухлаб қолишса бу ишларнинг барчасини қилиш мумкин эмас эди. Бир куни ансорлардан бўлган Сирма исмли киши рўза тутди ва куни билан то кечгача ишлади. Кечқурун оиласига қайтди, тунги намозни ўқиб, емай ичмай тонггача ухлаб қолди. Эрталаб рўзадор ҳолда уйғонди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўриб, Сирма жуда қаттиқ чарчоқ хис қилаётганини сезиб сўрадилар: «Сенга нима бўлди? Нима сабабдан қаттиқ толиққан кўринасан?» Сирма: «Эй Аллоҳнинг Расули, кеча мен ишладим. Қайтиб келганимда ётиб ухлаб қолдим. Эрталаб эса рўзадор ҳолимда уйғондим» деб жавоб берди. Шу вақтда Умар ҳам жорияси ёки хотинига яқинлик қилиб қўйиб, сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бу ҳақда сўз очди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:

«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди» дан то:

«Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» гача бўлган оятни нозил қилди (Бақара: 187).

Ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1) Енгиллаштириш Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларига бўлган раҳмати эканлиги. Чунки босқичларнинг бирида агар инсон қуёш ботганидан кейин ёки тунги намозни ўқиб бўлгач ухлаб қолса, унга ейиш, ичиш ва аёлига яқинлик қилиш кейинги кун ботгунига қадар мумкин бўлмай қолар эди. Хушидан кетган саҳоба ҳақидаги ривоятдан маълум бўлишича, бу босқичда мусулмонлар қаттиқ қийналишар эди. Шунда Аллоҳ уларга енгиллаштирди. Инсон ухлаган ёки ухламаганлигидан қатъий назар, Рамазоннинг барча кечаларида ейиш, ичиш ва аёлига яқинлик қилишига рухсат берди. Бу ишларга Аллоҳнинг раҳмати билангина ижозат берилди. Унга ҳамду санолар бўлсин!

2) Эрга нисбатан ғамхўрлик, яхши эр-хотинлик муносабати ва оилавий ҳамжиҳатликнинг кўриниши эканлиги.

3) Саҳобаларнинг тақволари. Аллоҳнинг барча амрларини тўғри адо этишга интилганликлари ва аксинча, унинг амрига хилоф ёки нотўғри ёндашишдан бўлган хавфлари. Бу ҳадис шунга далолат қиладики, саҳобалар барча амалларида, хоҳ махфий бўлсин, хоҳ ошкора бўлсин, Аллоҳ уларни кўриб турганлигини ва кузатаётганини хис этганликлари. Бу ҳадиснинг баъзи ривоятларида айтиладики: «… аммо унинг хотини ушланиб қолди ва у ухлаб қолди. Қачонки унинг хотини уйғотганида, у (ансорий) Аллоҳ ва унинг Расулига осий бўлишдан қўрқди ва таомдан юз ўгирди. Эрталаб эса рўзадор ҳолида уйғонди».[3] Бошқа бир ривоятда эса шундай дейилган: «У бошини қўйди ва уни мудроқ босди. Кейин хотини таом билан келди ва таомни ейишини айтди. У ухлаб қолганини (ва энди таомлана олмаслигини) айтди. Хотини унга эътироз билдириб: «Сиз ҳали ухламадингизку!» деди. (Аммо у таомланишдан бош тортди) ва эрталаб оч ва толиққан ҳолда (тонг оттирган) эди».[4]

4) Аллоҳ тарафидан бўлган енгилликларга нисбатан хурсандчилик ҳисси дин тарафдан маъқулланиши ва бу амал қилишдаги жиддийликка зид эмаслиги. Барчаси Аллоҳданку. Аллоҳ бандаларига У тарафдан берилган енгилликларидан фойдаланганини, худди амрини бажаришдаги барқарорликни суйгандек яхши кўради.

5) Ибодатлар бандалар учун фойдалилиги, дилларига шифо ва қалбларини поклаши Аллоҳнинг уларга нисбатан раҳматининг бир намоёндасидир.

6) Аллоҳ буйруқларини босқичма босқич нозил қилиши. Айниқса инсонлар ҳали ўрганиб бўлмаган масалаларда. Масалан, намознинг фарз бўлиши 3 босқичдан иборат. Шунингдек ҳамр (маст қилувчи ичимлик)ни ҳаром қилиниши ҳам бир неча босқичдан иборат. Чунки инсонлар бунга мойилликлари бор эди ва ҳамрнинг аста секин ҳаром бўлиши Аллоҳнинг бандаларига енгиллик бўлди. У зотга ҳамдлар бўлсин!

7) Рўзанинг фарз бўлиш жараёни аста секин содир бўлди. Чунки баъзи ҳадисларда айтилганидек, Исломнинг аввалги йилларида инсонларга рўза тутиш одат тусига кириб улгурмаган эди: «… улар рўзага одатланмаган ва рўзани тутишда қийналган инсонлар эдилар».[5]

8) Рўзанинг фарз бўлиши 3 босқичдан иборатлиги:

1. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш ва Ошуро рўзаси.

2. Рамазонда рўза тутиш ёки эвазига мискинни таомлантиришдаги ихтиёр.

3. Рўза қодир бўлган барчага фарз қилиниши. Рўза тутишга қодир бўлмаган қарияларга эса енгиллик мавжуд. Бундай вазиятда улар мискинни таомлантиришлари лозим. Бу енгиллик тузалишдан умидини узган беморга ҳам тааллуқлидир.

«Рамазон ҳақидаги танланган ҳадислар»

Иброҳим Муҳаммад ал-Ҳақийл


[1] Бу ҳадисни Бухорий (1816), Абу Довуд (2314), Термизий (2968), Аҳмад (4/295) ривоят қилган.

[2] Бу ҳадисни Абу Довуд (507), Аҳмад (5/246), Табароний «Ал-Кабир» (20/132)да (270) рақам билан ривоят қилган. Ҳоким бу ҳадисни саҳиҳ деган, Заҳабий саҳиҳлигини тасдиқлаган (2/301). Бу ҳадисдан кейин келадиган Аҳмаднинг ривоятини Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий саҳиҳлигини тасдиқлаган. Аммо, бу ҳадисда заифлик бор бўлса ҳам, уни қувватловчи бошқа саҳиҳ ривоятлар мавжуд.

[3] Ушбу ривоят Табарийнинг тафсиридаги ас-Саррийнинг ҳадисида (2/167) келтирилган.

[4] Ушбу ривоят Табарийнинг тафсиридаги Муҳаммад ибн Яҳё ибн Ҳиббоннинг ҳадисида (2/168) келтирилган.

[5] Абу Довуд (506), Байҳақий «Сунан» (4/201) ва «Фадаилул аукат» (30) китобида, Албоний «Саҳиҳу Аби Довуд» китобида бу ҳадисни саҳиҳ деганлар.

Фикр билдиринг