PDF WORD

Рўзага оид 70 масала

Рўзага оид 70 масала

Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид

Таржимон: Абдуллоҳ Абдурраҳмон

Мундарижа

Муқаддима

Рўзанинг таърифи

Рўзага оид ҳукмлар

Рўзанинг фазилати

Рўзанинг фойдалари

Рўза одоби ва суннати

Улуғ ой мобайнида нималар қилиш лозим?

Рўзага оид баъзи ҳукмлар

Рамазоннинг кириб келганини қандай биламиз?

Рўза тутиш кимларга фарз

Мусофирларга хос ҳукмлар

Касалга хос ҳукмлар

Кекса ва қариялар

Рўза учун қачон ният қилади

Саҳарлик ва ифтор

Рўзани бузадиган амаллар

Аёлларга хос ҳукмлар

Муқаддима

Барча ҳамд Аллоҳникидир! Биз У зотга  ҳамдлар айтамиз, Ундан мадад тилаймиз, истиғфорлар сўраймиз! Нафсларимиз ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ беришини ўтинамиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган инсонни ҳеч ким йўлдан адаштира олмас ва У адаштирган кимсани энди ҳеч ким ҳидоятга етаклай олмайди.  Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман, У Ёлғиз ва шериксиз Зотдир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир. У зотга аҳли-оилаларига ва уларга гўзал амаллар билан Қиёматга қадар эргашган барча мўминларга Аллоҳнинг кўпдан кўп салоту саломлари бўлсин.

Аммо баъд…

Аллоҳ таоло Ўз бандаларига маълум яхшилик кунларини раҳмат қилиб берди. Бу кунларда уларнинг солиҳ амаллари бир неча баробарга кўпаяди, гуноҳлари кечирилади, даражалари зиёда бўлиб, қалблари Ўз хожаларига кўпроқ яқинлашади. Инсонлар ўзларини поклаб саодатга эришадилар ёки ўзларини булғаб, ғафлатда қолиб барчасини бой берадилар. Аллоҳ таоло бандаларини фақат Ўзига ибодат қилишлари учунгина яратди.

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваззориёт: 56).

Энг улуғ ибодатлардан бири Аллоҳ таолонинг фарзи – рамазон рўзасидир.

«… тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди …» (Бақара: 183).

Аллоҳ таоло бандаларини рўза тутишга чақирди:

«… Агар билсангиз, рўза тутишларингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара: 184).

Бандаларини рўзани фарз этгани учун Аллоҳга шукр қилишларига йўллади:

«… ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185).

Аллоҳ таоло бандалари учун рўзани севимли ва осон қилиб қўйди. Шунинг учун рўза одамларнинг кундалик ишларига ва ҳаракатларига ҳеч қандай халақит бермайди.

«… саноқли кунларда …» (Бақара: 184).

Аллоҳ таоло бандаларига раҳм қилиб уларни қийинчилик ва зарарлардан йироқ этди.

«… Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади …» (Бақара: 184).

Демак, ушбу муборак ойда мўминларнинг қалблари Раҳмон роббиларига қайтишидан, тақво ва умид билан тўлиб-тошишидан ҳамда улуғ ғалаба яъни жаннатни қўлга киритишларини мақсад қилишларини ажабланмаса ҳам бўлади.

Бу ибодатнинг даражаси жуда улуғ бўлгани учун унга тегишли бўлган ҳукмларни ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун мусулмон киши рўзага оид қилиши керак бўлган фарз, четланиши керак бўлган қайтариқ ва улардан четланаман деб, ўзини ўзи қийнамаслиги учун рухсат берилган амалларни ўрганиб чиқмоғи лозим.

Бу китобча рўзага оид асосий ҳукмларни, рўза одоби ва суннатларини ўз ичига олади.

Рўзанинг таърифи

(1) «Сиём» араб тилида «тийилиш» деган маънони англатади. Ислом истилоҳида эса рўза тутишга ният қилингандан сўнг субҳдан то Қуёш ботгунигача рўзани бузадиган нарсалардан тийилиш тушунилади.

Рўзага оид ҳукмлар

(2) Ушбу Уммат Қуръон ва суннатдаги далилларга асосланган ҳолда рамазон ойида рўза тутишнинг фарз эканига иттифоқ қилган.

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди …» (Бақара: 183).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ислом беш асос устига қурилган …» – деб марҳамат қилган ҳадисларида ана ўша асослардан бири рамазон ойида рўза тутиш эканини таъкидлаганлар (Имом Бухорий ривояти). Бирор киши рамазон ойида узрсиз рўзасини бузса ёки вақтидан олдин очса, улкан гуноҳ кабира қилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрган тушларини тасвирлаб: «… бир тоққа етганимизда, турли (шовқинли) овозларни эшитдим. «Бу қанақа овозлар?» – деб сўрадим. Улар: «Бу жаҳаннам аҳлининг дод-фарёдлари» – дедилар. Кейин мен (бошқа бир жойга) олиб борилдим ва (у ерда) оёқларидан осиб қўйилган, оғизлари йиртилган ва оғизларидан қонлар оқиб турган одамларни кўрдим. «Булар кимлар?» – деб сўрадим. Улар: «Улар маълум (белгиланган) вақтдан (яъни ифтордан) олдин рўзаларини очган кишилардир» – дедилар» (Саҳиҳут тарғиб).

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Мусулмонлар ўртасида бирон киши рамазон рўзасини ҳеч қандай сабабсиз тутмаса, у фоҳишабоз ва ароқхўрлардан ҳам ёмонроқдир деган нарса кенг тарқалган ва унинг мусулмон эканидан шубҳа қилишган. Бундай кимсага нисбатан қўпол ва ғайридин киши сифатида муомала қилишган».

Шайхул Ислом Ибн Таймийя  роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бирор киши рамазон ойида рўза тутмаса ва бунинг ҳаромлигини билиб туриб (рамазон ойида рўза тутмасликни) ҳалол деса, уни ўлдиринглар. Агар буни ахлоқсизлик билан (аммо ҳаром эканига ишониб) қилса, (яъни рўза тутмаса) у ҳолда уни рўза тутмаётгани учун жазоланглар» (Мажмуъул фатава).

Рўзанинг фазилати

(3) Рўзанинг фойдалари шаксиз улкандир. Саҳиҳ ҳадисда Аллоҳ таоло рўза тутишни фақат Ўзи учун танлади, унинг ажрини ҳам Ўзи беради ва ҳад-ҳисобсиз кўпайтиради – дейилди. Аллоҳ таоло ҳадис қудусийда шундай дейди: «Фақат рўза мен учундир ва унга ажрни Ўзим бераман» (Имом Бухорий ривояти).

«Рўзанинг тенги йўқ» (Насоий ривояти).

«Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди (ижобатсиз қолмайди)» (Имом Бухорий ривояти).

«Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: Бири оғзини очганда (ифтор вақтида) ва иккинчиси (Қиёмат кунида) раббига рўбарў бўлганда» (Имом Муслим ривояти).

«Қиёмат кунида рўза ўз эгасини шафоат қилади ва: «Эй раббим, кун бўйи унинг таомланишига, жинсий хоҳишларини қондиришига тўсқинлик қилдим. Шунинг учун уни шафоат қилишимга рухсат бер» – дейди» (Имом Аҳмад ривояти, Ҳайсамий «Ал Мажмаъ»да иснодини ҳасан деган, Саҳиҳут тарғиб).

«Аллоҳ олдида рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид, мушкнинг бўйидан хушбўйроқдир» (Имом Муслим ривояти).

«Рўза қалқондир ва у кишини олов (дўзах) дан омонда сақловчи кучли ҳимоячидир» (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳут тарғиб).

«Бир киши Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса,  Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқлаштиради» (Имом Муслим ривояти).

«Бир киши Аллоҳ юзининг умидида бир кун рўза тутса, агар ўша куни ҳаётининг сўнгги куни бўлса, у жаннатга киради» (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳут тарғиб).

«Жаннатда «Райён» деб аталувчи бир дарвоза бор. Шу дарвозадан рўза тутувчи кишилар киради. Улардан бошқа ҳеч ким бу ердан кира олмайди. Уларнинг ҳаммалари кириб бўлгандан сўнг дарвоза ёпилади ва ҳеч ким у ердан киритилмайди» (Имом Бухорий ривояти).

Рамазон рўзаси Ислом асосларидан биридир. Қуръон мана шу ойда нозил бўлган ва бу ойда минг ойдан афзал бўлган бир кеча бор. «Рамазон бошланганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади» (Имом Бухорий ривояти).

«Рамазонда тутилган рўза ўн ойлик рўзага тенгдир» (Имом Аҳмад ривояти).

«Бир киши рамазон рўзасини иймон билан ва ажрини умид қилиб тутса ўтган барча гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ривояти).

«Ҳар (куни) ифтор вақтида, Аллоҳ таоло дўзахдан озод қилиш учун одамларни танлаб олади» (Имом Аҳмад ривояти).

Рўзанинг фойдалари

(4) Рўзада кўплаб ҳикмат ва фойдалар бўлиб уларнинг ҳаммаси тақво доирасида бўлади. Аллоҳ таоло деди:

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди …» (Бақара: 183).

Демак, киши (рамазонда) Аллоҳ таолонинг розилигини умид қилиб ва жазосидан қўрқиб ҳалол нарсалардан тийилса, ҳаром нарсалардан тийилиши жуда осон бўлади.

Кишининг қорни оч бўлса, унинг бошқа аъзолари очлик ва шаҳватдан фориғ бўлади. Агар унинг қорни тўқ бўлса тили, кўзи, қўли ва жинсий аъзолари очлик сезади. Рўза шайтонни енгишга ёрдам беради. Яъни хоҳишларни бошқаради ва аъзоларни ҳимоя қилади.

Киши очликнинг оғриқларини ҳис қилганда мискинларнинг аҳволини яхшироқ тушунади. Шундан кейин уларга нисбатан ачиниш ҳисси уйғонади. Чунки, мискин бечоралар ҳақида эшитиш улар чекаётган азиятларга шерик бўлиш дегани эмас. Бу худди уловдаги киши пиёда юришнинг азобини пиёда юриб кўрмагунича билмагани кабидир.

Рўза кишининг иродасини нафс шаҳватларидан ва гуноҳлардан четланишга чиниқтиради.  Шу билан бирга рўза кишини тартибли ва ўз вақтида иш юритишга ўргатади.

Рўза мусулмонларнинг бирлигини яққол кўрсатади. Бутун уммат бир вақтда рўза тутади ва  бир вақтда оғиз очадилар.

Рўза бошқаларни Исломга чақириш учун катта имконият ҳамдир. Бу ойда кўп одамлар масжидларга борадилар. Буларнинг ичида биринчи марта келувчилар ёки анчадан буён келмай қўйиб рўза шарофати билан келаётганлар бўлади. Энг муҳими қалблар очиқ бўлади. Шунинг учун бу имкониятни ғанимат билиб, бу ойни хушмуомалалик билан даъват қилиш, таълим бериш ва солиҳ амалларни биргалашиб қилиш билан ўтказишмиз керак. Даъватчи бошқалар билан қаттиқ ишлаб ўзини эсдан чиқариб қўймасин, шам бошқаларни йўлини ёритиб, ўзини тугатгани каби.

Рўза одоби ва суннати

(5) Барчамиз то бомдодга азон чақирилмагунича еб-ичиб саҳарлик қилишнинг мумкинлигига шак-шубҳасиз ишонамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор» - деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти). «Саҳарлик – баракадир (Яъни  саҳарликда барака бор). Ва у (бизни) аҳли китоблардан ажратиб туради. Мусулмон учун энг яхши саҳарлик, бу хурмодир» (Абу Довуд ривояти).

Ифторни орқага сурмангиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар ифторларини кечга қолдирмасалар, (бузилмасдан) мудом яхшилик узра қоладилар» – деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Киши рўзасини қуйида Анас  розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда тасвирлаганидек очиши афзалдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзаларини намоз (шом) дан олдин рутаб-ҳўл хурмо билан очардилар. Агар рутаб топилмаса, қуритилган хурмо ердилар. Агар қуритилган хурмо ҳам бўлмаса, икки-уч ҳўплам сув ичардилар» (Термизий ва бошқалар. Термизий «ғариб ҳасан ҳадис» деган. Албоний «ал Ирваъ»да саҳиҳ деган).

Ифтордан кейин қилинадиган зикр (дуо) тўғрисида Ибн Умар  розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзаларини очганларидан кейин: «Заҳабаз-замау, вабталлатил уру-у-қу ва сабатал ажру ин ша Аллоҳ» «Чанқоқ кетди, томирлар ҳўлланди ва ин ша  Аллоҳ ажр собит бўлди» - дер эдилар (Абу Довуд ривояти, Дора Қутний Ҳасан деган).

Гуноҳлардан четланинг, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирортангиз рўза тутса, гуноҳ иш қилмасин …» – деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда-ким ёлғон гапиришдан тўхтамаса ва ёлғонга биноан амал қилса, Аллоҳга унинг еб-ичишдан тийилишининг кераги йўқ» – деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Рўзадор ғийбат, сўкиниш, ёлғон каби барча ҳаром амаллардан тийилмаса, унинг савоблари йўққа чиқиши мумкин. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «… У киши очликдан бошқа нарсага эга бўлмайди» – деганлар (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳут тарғиб).

Савобларни йўқ қилиб, гуноҳларни кўпайтирадиган ёмон ишларга қуйидагиларни ҳам киритишимиз мумкин:

Бугун кўп рўзадор кишилар ўз вақтларини ҳаёсиз ва лағвга тўла кўрсатувлар, томошалар, сериаллар, мусиқали томошалар, кинолар ва спорт мусобақаларини томоша қилиш, лағв давраларида ўтириш, бирон бир мақсадсиз кўчаларда ёки бошқа жойларда тентираб юриш билан ўтказадилар. Айримлар эса, таҳажжуд, зикр, ибодат ойи бўлган ушбу улуғ ойни очликни ҳис қилмасликлари учун кундузи билан ухлаб ўтказадилар. Бу билан улар намозларни қазо қиладилар ва намозларни жамоат билан ўқиш имкониятларини қўлдан чиқарадилар. Кейин эса кечани турли кўнгил очар нарсалар ва шаҳватларини қондириш билан ўтказадилар. Ҳатто баъзилар бу ойни ғазаб билан кутиб олади. Чунки, улар бу ойда роҳатларини йўқотадилар. Баъзилар эса Рамазон ойида атайин таътил олиб, кофир мамлакатларга сафар қилиб, кўнгил очиб келади. Ҳатто масжидлар ҳам бундай ёмонликлардан холи эмас. Аёллар бўяниб ва атирлар суриб олганини кўрасиз. Баъзи одамлар эса бу ойни – эҳтиёжлари бўлмаса ҳам – тиланчилик мавсуми қилиб олади. Баъзилар эса вақтларини бозор ва дўконларни айланиш билан ўтказади.

Бирортанинг ғазабланишига йўл кўйманг. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирор киши рўзадор билан уришса, ёки ҳоқорат қилса, у «мен рўзадорман, мен рўзадорман» – десин» – деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бунинг бир сабаби (рўзадор эканини) ўзи эслаши бўлса, бошқа бир сабаби душманига эслатишдир. Аммо ҳозир рўзадорларнинг ҳатти-ҳаракатларига қараган киши анча фарқли нарсаларни кўради.

Кўп еманг, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Одам боласининг ошқозонидан кўра ёмонроқ тўлдирадиган идиши йўқ» – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти, Ҳасан саҳиҳ ҳадис деганлар). Оқил ейиш учун яшамайди, балки, яшаш учун ейди. Энг яхши таом бу осон тайёр бўладиган таомдир. Аммо баъзи одамлар турли туман таомларни ейишдан завқланадилар. Улар анвои таомлар тайёрлашга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун уй бекалари ва хизматкорлар бутун вақтларини таом тайёрлаш билан ўтказади ва бу уларни ибодат қилишдан машғул этади. Баъзилар рамазон ойида таом тайёрлашга бошқа вақтлардагига қараганда кўпроқ вақт ва пул сарфлайдилар. Турли хил таомларни тайёрлаб олганларидан кейин очкўзлар каби ейдилар ва чанқоқ касалига гирифтор бўлган туя каби ичадилар ва бу ой улар учун ҳазм қилиш, семириш ва гастрит касаллигини орттириб олиш ойи бўлади. Ошқозонларини тўлдириб олганларидан сўнг, таровиҳ намозига турганларида намоз ўқигилари келмасдан хоҳишсиз ўқийдилар ва баъзилари аввалги икки ракаатдан кейиноқ чиқиб кетади.

Илмни тарқатиш, пулни беришда ўзининг обрўси ёки жисмоний кучи билан бошқаларга яхшилик қилишда астойдил бўлиш. Бухорий ва Муслимда Ибн Аббос  розияллоҳу анҳумодан шундай ҳадис ривоят қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (яхшилик қилишда) одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жибрил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан рамазоннинг ҳар кечаси учрашарди ва у билан Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Одамлар қандай қилиб сахийликни бахилликка алмашадилар-а! Улар амалларини кўнгилдагидек қилмайдилар ва бошқаларга ёмон муомала қилиб буларнинг барчаси учун рўзани узр қилиб кўрсатадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, рўзани мискинларни тўйдириш билан боғлаш жаннатга элтгучи сабаблардан биридир: «Жаннатда ташқарисидан ичкарисини ва ичкарисидан ташқарисини кўриш мумкин бўлган уйлар бор. Аллоҳ таоло бу уйларни мискинларга таом едирувчилар, мулойим гапирувчилар, узлуксиз (давомий) рўза тутувчилар ва кечаси бошқалар ухлаётган вақтда намоз ўқувчилар учун тайёрлаб қўйган» (Аҳмад ибн Ҳузайма ривояти, Албоний иснодини Ҳасан деган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай марҳамат қилганлар: «Кимда-ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадорнинг савобидан заррача камайтирилмаган ҳолда рўзадор эга бўлганчалик савобга эга бўлади» (Имом Термизий ривояти, саҳиҳут тарғиб).  Шайхул Ислом ибн Таймийя: «Бу ҳадисда, рўзадорни тўйгунича таомлантириш назарда тутилган» – деганлар (Ихтиёротул фиқҳийя, 109-бет).

Салафлар ифторларини бечора-мискинлар билан  баҳам кўришни ўзларига одат қилиб олганлар. Улардан Абдуллоҳ ибн Умар, Молик ибн Динор, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа улуғ имомларни санаб ўтишимиз мумкин. Абдуллоҳ ибн Умар бир етим ёки мискин бўлмаса, ифтор қилмас эдилар.

Улуғ ой мобайнида нималар қилиш лозим?

Киши ўзини ва муҳитини ибодатга тайёрлаши, тавбага ва Аллоҳ таолога қайтишга шошилиши, ойнинг кириб келганидан хурсанд бўлиши, чиройли рўза тутиши, таровеҳ намозларини ўқиётганда Аллоҳ таолодан қўрқиши, ойнинг ўртасидаги ўн кунлигига келиб ўзида чарчоқни ҳис қилмаслиги, лайлатул Қадрни топишга ҳаракат қилиши, бир неча марта Қуръонни ўқиб ўтказиши, ўқиётганда маъноларини тушунишга ва йиғлашга ҳаракат қилиши керак. Рамазон ойида қилинган умра савоби ҳаж савоби билан тенгдир ва бу муқаддас ойда берилган эҳсон-садақаларга бир неча баробар кўп ажрлар берилади. Рамазон ойида масжидда эътикоф ўтириш суннати муаккададир.

Рамазоннинг бошида одамлар ой кириб келгани билан бир-бирларини табриклашлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига рамазоннинг кириб келаётгани хушхабарини берар эдилар ва уларни солиҳ амалларга рағбатлантирардилар. Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон – раҳмат ойи келмоқда. (Бу ойда рўзани) Аллоҳ сизларга фарз қилди. (Бу ой) мобайнида жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари қулфланади ва  шайтонлар кишанланади. (Бу ойда) минг ойдан афзал бўлган бир кеча бор. Кимда-ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, у шаксиз маҳрум кишидир» – деб марҳамат қилганлар» (Насоий ривояти, саҳиҳут тарғиб).

Рўзага оид баъзи ҳукмлар

(6) Рўзалардан пайдар-пай тутилиши фарз бўлганлари бор улар: Рамазон рўзаси, бир кишини билмасдан ўлдириб қўйгани учун каффорат рўзаси, хотинини зиҳор[1] қилгани учун тутиб бериладиган рўза,  рамазоннинг кундузида жинсий алоқа қилгани учун тутиб бериладиган рўза ва бир неча кун пайдар-пай рўза тутишни назр қилган бўлса, шу назрига вафо қилиб тутиладиган рўза.

Пайдар-пай тутиш лозим бўлмаган рўзалар ҳам бор. Улар: рамазон кунларидан ўтказиб юборган кишининг рўзаси, ҳажда қурбонлик қилишга қодир бўлмаган кишининг ўн кун рўза тутиб бериши, «каффоратул ямин» «қасам каффорати учун» тутиладиган рўза, эҳромда таъқиқланган ишлардан бирини қилгани учун (жазо) рўзаси (бу рожиҳ қавлларда), кетма-кетликни ният қилмаган бўлса назр рўзаси ҳам.

(7) Ихтиёрий (нафл) рўзалар фарз рўзаларнинг камини тўлдиради. Нафл рўзаларга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин: Ошуро (Муҳаррамнинг: афзали 9 ва 10 ёки 10 ва 11 ва ёки фақат 10 куни) нинг рўзаси, Арафа кунининг рўзаси, Айёмул Бийз (ойдин кечалар, яъни ҳижрий ойларнинг 13, 14, 15 – кунлари) да тутиладиган рўза, шаввол ойида тутиладиган 6 кун рўза, ва Муҳаррам ва Шаъбон ойларида кўпроқ рўза тутиш.

(8) Жума куннинг ўзида рўза тутишдан қайтарилган (Имом Бухорий ривояти). Шанба куни ҳам фарздан бошқа рўзани тутиб бўлмайди (Имом Термизий ривояти). Бу ерда ҳеч қандай сабабсиз хослаб олиш назарда тутилган. Ҳар куни рўза тутиш, икки ёки ундан кўп кун ифтор қилмай ўткарма рўза тутиш ҳам жоиз эмас.

Икки ҳайит кунида, ташриқ кунлари яъни, Зулҳижжанинг 11, 12, 13 – кунлари рўза тутиш ҳаромдир. Чунки, бу кунлар ейиш-ичиш ва Аллоҳ таолони зикр қилиш кунларидир. Аммо (Ташриқ кунлари) қурбонлик қилишга қодир бўлмаган (ҳожи) киши Минода рўза тутиши мумкин.

Рамазоннинг кириб келганини қандай биламиз?

(9) Рамазон янги ой кўриниши ёки Шаъбон ойи тўлиқ ўттиз кун бўлиши билан бошланади. Кишига янги ойни кўриши билан ёки ишонарли манбалардан эшитиши билан рўза тутиш фарз бўлади.

Ҳисоб-китоблардан фойдаланиб рамазоннинг бошланишини белгилаш бидъатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари бунга очиқ далилдир: «Ойни кўриб рўза тутинглар ва ойни кўриб оғизни очинглар» (Имом Термизий ривояти, Ҳасан ҳадис деган). Агар балоғат ёшидаги, ақли жойида, омонатли ва кўзи яхши кўрадиган бир мусулмон янги ойни ўз кўзи билан кўрганини айтса унинг хабари олинади ва рўза тутиш бошланади.

Рўза тутиш кимларга фарз

(10) Рўза балоғатга етган, ақли жойида, муқим (сафарда бўлмаган), рўза тутишга қодир ва рўза тутишга ҳайз, нифос каби тўсиқлари бўлмаган барча мусулмон ва муслималарга фарздир.

Инсонда қуйидаги уч ҳолат топилса, у балоғатга етган ҳисобланади: (а) Тушида ёки бошқа ҳолатда маний келса (эҳтилом бўлса); (б) Жинсий аъзо атрофида дағал жунлар чиқса; (в) (бу аломатлар зоҳир бўлмасада) 15 ёшга тўлса. Аёлларда «ҳайз» деб номланувчи тўртинчи ҳолат ҳам бор. Қиз бола 10 ёшга тўлмаган бўлсада агар ҳайз кўрса, унга рўза тутиш фарз бўлади.

(10) Болалар етти ёшга кирганда – кучлари етса – уларга рўза тутишни ўргатиш лозим. Баъзи олимлар 10 ёшли бола рўза тутмаса, худди намозда бўлгани каби уриш керак дейишган. Бола тутган рўзаси учун ажр олади. Ота-онаси ҳам уни тўғри тарбиялаганлари ва яхшиликка бошлаганлари учун ажрланадилар. Рубаййиъ бинт Муаввиз  розияллоҳу анҳо Ошуро рўзаси фарз бўлгандаги ҳолат ҳақида шундай дейди: «Биз болаларимизга рўза туттирар эдик. Уларга жундан ўйинчоқ ясаб берар эдик. Агар биронтаси «овқат» – деб йиғлай бошласа, ифтор пайтигача ўйнаб, овуниб туриши учун ўша ўйинчоқни берар эдик» (Имом Бухорий ривояти). Баъзилар боласига рўзани ўргатиш муҳим эканини ўйламайдилар. Бола рўза тутишга қизиқиши ва бунга унинг қурби ҳам етиши мумкин, аммо «меҳрибон» ота-оналари унга «ачиниб» рухсат бермайдилар. Улар болалар учун ҳақиқий меҳрибонлик, уларни рўза тутишга ўргатиб бориш эканини билишмайди. Аллоҳ таоло шундай буюради:

«Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида бағритош  ва қаттиққўл,  Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсанигина қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6). Қиз бола балоғатга етиши билан унинг рўза тутишига эътибор қилиш керак. Кўпинча, улар ҳайз кўрганини айтишдан уяладиларда рўза тутаверадилар кейин эса у кунларни қазосини тутмайдилар.

(12) Агар кофир рамазон ойида Исломни қабул қилса, боланинг балоғатга етгани билинса, ақлдан озган одам ҳушига келса, рамазоннинг қолган кунларида уларнинг ҳаммаси ейиш-ичишдан тийилсинлар. Чунки, улар рўза тутиш фарз бўлганлар қаторига қўшилдилар, аммо ўтказиб юборган кунлари учун бошқа вақт қазосини тутиб бермайдилар. Чунки, у пайтда уларга рўза фарз эмас эди.

(13) Мажнун амалларига жавоб бермайди (яъни, унинг амаллари амал дафтарига ёзиб борилмайди), аммо у маълум вақтларда ақлдан озса ва бошқа вақтларда хушида бўлса, унга ақли жойида бўлган вақт мобайнида рўза тутиши лозим ва мажнунлик даврида лозим эмас. Агар у кундуз куни мажнун бўлиб қолса, бу унинг рўзасини бузмайди. Бу гўёки касаллик ёки бошқа бир сабабли хушидан кетиши кабидир. Чунки, у ақли жойидалигида рўза тутишни ният қилган (Ибн Усаймин «Мажалису шаҳри рамазон» 28-бет). Тутқаноқ тутадиган кишининг ҳукми ҳам шу кабидир.

(14) Агар одам рамазонда вафот этса, у ёки меросхўрлари зиммасида бирор адо этиш шарт бўлган нарса йўқ.

(15) Агар киши рамазон рўзасининг фарзлигини, кундузи ейиш-ичишнинг ёки жинсий алоқа қилишнинг ҳаром эканини билмаса, унга ўхшаганлар ҳақиқатда маъзур тутиладиган жоҳил бўлса, кўпчилик олимлар фикрига кўра у маъзурдир. Булар Исломни янги қабул қилган, дорул-ҳарб (Кофир мамлакати)да яшаган ва кофирлар ичида ўсган каби кишилардир. Аммо мусулмонлар ичида бўлган ва сўраб суриштиришга ёки билишга имкони бўлган киши  маъзур ҳисобланмайди..

Мусофирларга хос ҳукмлар

(16) Мусофир маълум шартларга кўра рўзасини очиши (яъни, рўза тутмаслиги) жоиздир. Унинг сафари масофа жиҳатидан ёки урфга кўра сафар деб қабул қилинадиган (бу борада олимлар турли хил қарашдалар) бўлиши ва шаҳар (ёки кишлоқ) дан ва унга улашган уйлардан чиқиши лозим. Кўпчилик олимлар: «Мусофир шаҳар чегарасидан ўтмагунича рўзасини  очмасин. Чунки, у ҳали шаҳар ичида «муқим» ва шу ерда «ҳозир бўлганлардандир» – дейишган. Аллоҳ таоло шундай буюрган:

«… Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса рўза тутсин …» (Бақара: 185). Киши юртидан чиқмагунича мусофир ҳисобланмайди. У ўз шаҳри ичида бўлса, муқим ҳисобланади. Шунинг учун рўзасини очиши ва намозларини қаср қилиб ўқиши жоиз эмас. Кўпчилик олимлар агар киши гуноҳ-маъсият мақсадида сафар қилаётган бўлса, унинг учун бу сафар ҳисобланмайди деганлар.

(17) Ислом Умматининг ижмосига кўра мусофир сафарда рўза тутишга қодир ва имконияти бемалол бўлса ҳам, рўза тутиш унга оғирлик қиладими ёки қилмайдими, енгил сафарда ва унга хизмат қиладиган кишилар бўлса ҳам, рўза тутмаслиги ва намозни қаср қилиб ўқиши мумкин (Мажмуул фатава).

(18) Бир киши Рамазонда сафар қилишга ният қилса, то сафар қилмагунича рўзасини очмасин (рўза тутишни тарк қилмай турсин). Чунки, бирор сабаб билан сафар қила олмай қолиши мумкин.

Мусофир ўзи яшайдиган шаҳар (қишлоқнинг) уйларидан чиқмагунича рўзасини очмасин. Шаҳар (қишлоқ) нинг уйларидан чиққанидан кейин очиши мумкин. Агар у учоқ (самолёт) да учаётган бўлса, учоқ кўтарилиб шаҳарининг уйларидан чиқса ёки тайёрагоҳ шаҳарнинг ташқарисида бўлса тайёрагоҳга етгач рўзасини очиши мумкин.

(19) Агар Қуёш ботса ва ерда эканида рўзасини очса, кейин учоқда Қуёшни кўрса ҳам, ейиш-ичишдан тўхтамайди. Чунки, у шу куннинг рўзасини тўлиқ тамомлади, тугатилган ибодатни қайтариб бўлмайди. Агар учоқ Қуёш ботишидан олдин кўратилса ва сафар асносида шу куннинг рўзасини етказишни хоҳласа, ҳавода эканида қаерда бўлишидан қатъий назар Қуёш ботишини кутиши керак. Учувчи рўзани очиш мақсадида, Қуёш кўринмайдиган даражада пастлаши мумкин эмас. Чунки, бу ҳийладир. Аммо жиддий бир сабаб туфайли учоқни пастлатса ва натижада Қуёшнинг доира шакли кўринмай қолса, у ҳолда рўзадор рўзасини очиши мумкин (Шайх ибн Боз фатволаридан).

(20) Кўпчилик олимлар фикрига кўра, киши бир жойга сафар қилса ва у ерда 4 кундан кўп муддат туришни ният қилса, рўза тутиши керак. Шунинг учун агар киши хорижга (ёки узоқроқ шаҳарга) ўқиш учун борса, жумҳур уламолар, тўрт мазҳаб имомлари ҳам шулар жумласидан – у ўша ерлик ҳисобланади ва рўза тутади, намозларини тўлиқ ўқийди.

Агар мусофир бошқа бир шаҳардан ўтса ва у ерда 4 кундан ортиқ турадиган бўлса, унинг ҳукми муқим (ерлик)лардан ҳисобланади (Ибн Боз «Фатава аддаъва»).

(21) Бир киши муқимлик ҳолатида рўза тутган бўлса ва ўша куни сафарга чиқса, рўзасини очиши жоиз. Чунки, Аллоҳ таоло мутлақ сафарни рўза тутмаслик учун рухсат қилган:

«… Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади …» (Бақара: 185).

(22) Мусулмонларга хизмат қиладиган хат ташувчи (такси ҳайдовчилар, учувчилар, ҳаво йўли ишчилари) каби сафарга кўп чиқувчи киши ҳам рўзасини очиши жоиз, кейин қазосини тутиб беради (яъни сафар вақтида рўза тутмаслиги мумкин). Қуруқликда яшайдиган уй-жойи бўлган денгизчи ҳам шу кабидир. Аммо хотин ва бошқа барча эҳтиёжлари ўзи билан бирга бўлган, лекин доимий сафарда бўлган денгизчи сафар рухсатларидан фойдаланмайди. Рўзасини вақтида тутади ва намозларини тўла ўқийди. Агар бадавийлар (кўчманчи саҳроийлар) ўзларининг қишда яшайдиган жойларидан ёзда яшайдиган жойларига кўчсалар, ёки аксинча бўлса, кўчиш давомида рўза тутмай туришлари ва намозларни қисқартиришлари мумкин. Аммо қишлик ёки ёзлик жойларига етиб келишгач рўзаларини тутадилар ва намозларини тўла ўқийдилар (Ибн Таймийя «Мажмуул фатава»).

(23) Агар мусофир кундузи манзилига етиб келса, ейиш-ичишдан тўхташи ёки тўхтамаслиги тўғрисида олимлар турли сўзларни айтганлар. Аммо эҳтиётлиси шу ойнинг ҳурматидан еб-ичишдан тўхташлигидир. У шу кунда еб-ичишдан тўхтаган бўлса ҳам шу куннинг рўзасини бошқадан тутиб беради.

(24) Агар киши рамазонни бир шаҳарда бошлаган бўлса, кейин у ердаги одамлар ундан олдин ёки кейин рўза тутишни бошлаган бошқа шаҳарга сафар қилса, унинг ҳукми ана шу шаҳар аҳлининг ҳукмидадир. Улар билан бирга рўза тутади ва улар билан оғзини очади, гарчи у ўттиз кундан ортиқ рўза тутса ҳам. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳамма қатори рўза тутиб, ҳамма қатори рўзани очинглар (тугатинглар)» (Термизий ривояти) – деб марҳамат қилганлар. Агар унинг рўзаси 29 кундан кам бўлиб қолса, ҳайитдан кейин саноқни тўлдириб тутиб кўяди. Чунки, ҳижрий ой 29 кундан кам бўлмайди (Ибн Боз «фатава ассиям»).

Касалга хос ҳукмлар

(25) Киши хасталик ҳолатида рўза тутмаслиги жоиздир. Бунга қуйидаги оят асос бўлади:

«… Ва ким хаста ёки мусофир бўлса у ҳолда (рўза тута олмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтган) тутади …» (Бақара: 185).

Аммо йўтал, бош оғриғи каби енгил касалликлар рўза тутмасликка сабаб бўла олмайди. Агар рўза тутса, касаллигини яна ҳам ёмонлаштириши ёки тузалишининг орқага сурилиши тиббий исботланса, киши ўз тажрибаси ёки одатидан буни билса ёки бунга гумони ғолиб бўлса рўзасини очиши жоиз. Ҳатто бундай ҳолатда унинг рўза тутиши макруҳдир. Агар киши касал бўлса, ўша кечаси эртага рўза тутишни ният қилмасин, гарчи эрталабгача тузалиб қолиш эҳтимоли бўлса ҳам. Чунки, ҳисобга ҳозирги ҳолат олинади.

(26) Агар рўза кишининг ҳушидан кетишига сабаб бўлса, рўзасини очсин ва кейин ўтказиб юборган кунларининг саноғини тўлдириб, тутиб қўйсин (Мажмуул фатава). Агар киши кундузи ҳушидан кетса ва шомдан олдин ёки кейин ўзига келса, эрталаб рўза тутган бўлса, унинг рўзаси яроқли ҳисобланади. Агар у бомдоддан шомгача ҳушидан кетса, кўпчилик уламолар олдида унинг рўзаси яроқсиздир. Кўпчилик уламолар олдида қанча муддат ҳушидан кетган бўлишидан қатъий назар, ҳушидан кетган киши кейинчалик ўша кунлар учун бошқа рўза тутиб бериши фарз (Алмуғний маъа ашшарҳил кабир). Баъзи олимлар ҳушидан кетган ёки унга фойдали бўлиши учун уйқу дори ичирилган ёки наркоз берилган киши натижада ҳушидан кетиб қолса, агар унинг беҳушлиги уч кун бўлса, ухлаб қолган кишига қиёсланиб, рўзасининг қазосини тутади. Агар уч кундан ортиқ бехуш бўлса, мажнунга қиёсланиб, рўзасининг қазосини тутмайди (Шайх Ибн Бознинг фатоволаридан).

(27) Агар киши кучли очликни ёки қаттиқ чанқоқни ҳис қилса ва шу сабабли ўлиб қолишдан ёки бирон аъзосига тузалмайдиган даражада зарар етиб қолишидан қўрқса ва бу шунчаки гумон эмас, балки шундай бўлишига аниқ ишонса, у рўзасини очиши мумкин. Кейин қазосини тутиб беради. Чунки, жонни сақлаб қолиш фарздир. Аммо киши эҳтимолли қийинчилик, чарчаш ёки баъзи касалликларни орттириб олишдан қўрқкани учун рўзасини очиши мумкин эмас. Жисмоний куч талаб қилувчи ишларда ишловчи кишилар рўзаларини очишлари мумкин эмас ва улар ҳар куни кечқурун эртага рўза тутишни ният қилсинлар. Агар улар кун мобайнида ишларини тўхтата олмасалар ёки бирор зарар етиб қолишидан қўрқсалар ёки рўзасини очишига сабаб бўладиган жиддий машаққатга рўбарў келсалар, ўша машаққатни бартараф қилиш учун етадиган миқдорда ейишлари мумкин. Сўнг то Қуёш ботгунга қадар ейиш-ичишдан тийиладилар ва кейинчалик ўша куннинг рўзасини бошқа тутиб беришлари шартдир. Метал эритиш ва шу каби жойларда ишловчи кишилар ўз иш вақтларини кечки сменага ўзгартирсинлар ёки рамазон ойи кирганда таътилга чиқсинлар. Ойликсиз бўлса ҳам, таътил олсинлар. Агар иложи бўлмаса, у ҳолда диний ва дунёвий бурчларни бемалол адо эта оладиган бошқа жойлардан иш изласинлар:

«Кимки  Аллоҳдан қўрқса У Зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3).

Талабаларнинг имтиҳонлари рамазонда рўзаларини очиш учун узрли сабаб эмас. Ота-она имтиҳон пайти рўза тутма, деса ҳам уларга итоат қилинмайди. Чунки, яратувчига осий бўлиб қолинадиган ўринларда бандаларга итоат қилинмайди (Фатава аллажнатид даима).

(28) Соғайишига умид қилаётган хаста киши яхши бўлиб кетгунигача кутсин, кейин ўтган кунларининг қазосини тутиб тўла қилиб кўйсин. Унга ҳар кун ҳисобидан бир мискинни тўйидириб қўйиш жоиз эмас. Тузалмайдиган касалга дучор бўлган бемор, рўза тута олмайдиган кекса кишилар рўзанинг ҳар бир кунидан ярим соъ маҳаллий таом билан бир мискинни тўйдириши керак (масалан: гуруч, буғдой) (Ярим соъ бир ярим килога тенгдир). У бунинг ҳаммасини жамлаб ойнинг охирги кунида мискинларга едириши ёки ҳар куни бир мискинни тўйидириш билан адо этиши мумкин. Оятга кўра бу фидя мискинга пул шаклида эмас, овқат шаклида берилиши керак (Фатава аллажна аддаима). Бу ишни агар ўзи қила олмаса, бирорта ишончли киши ёки ташкилотга унинг номидан таом олиб мискинларга тарқатиши учун пулни берса бўлади.

Рамазонда рўза тутмаган бемор, тузалгач ўтган кунлари учун рўза тутиб беришни кутиб турган бўлса, кейин унинг касали тузалмас эканлиги аён бўлиб қолса, у ҳар бир кунидан бир мискинни тўйдиради (Ибн Усаймин фатволаридан).

Соғайишини кутиб турган киши вафот этса, унинг ва меросхўрларининг зиммасида ҳеч қандай қарз қолмайди. Кишининг касали тузалмас бўлса, ва шунинг учун у рўза тутмасдан ўтказиб юборган рўзаларининг ўрнига мискин тўйдирган бўлса, кейин тиббиёт илмининг ривожланиши натижасида унинг давоси топилиб соғайиб кетса, унга ўтган кунларидан бирон нарса лозим бўлмайди. Чунки, у ўша вақтида қилиши керак бўлган нарсани қилган (Фатава аллажна аддаима).

(29) Агар касал соғайиб ўтказиб юборган кунлари учун рўза тута оладиган ҳолга келса, аммо тутиб беришдан олдин вафот этса, унинг молидан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун бир мискинга таом чиқарилади. Агар қариндошларидан бирортаси унинг номидан рўза тутиб беришни хоҳласа, бу бўлади (мумкин). Чунки, бу ҳақда саҳиҳайнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда ким рўзадан қарзи бўлган ҳолида вафот этса унинг учун валийси (меросхўри) рўза тутиб берсин» деб марҳамат қилганлар (Фатава аллажна аддаима).

Кекса ва қариялар

(30) Кучдан қолган қария ва кундан-кун заифлашиб бораётган кексаларга рўза тутиш машаққатли бўлса, улар учун рўза тутмасликлари жоиз. Ибн Аббос  розияллоҳу анҳумо қуйидаги:

«… (кексалиги ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим» (Бақара: 184) ояти ҳақида: «Бу оят бекор (мансух) қилинмаган. Бу рўза тута олмайдиган кекса чол ва қари кампирдир, уларнинг ҳар бири ҳар куни бир мискинни тўйдирсин» дер эди (Имом Бухорий ривояти).

Кексалиги туфайли  заифлашиб, нарсаларнинг фарқига бормай қолган киши ва на унинг оиласи бирор нарса қилиши (яъни ўрнига рўза тутиш ёки мискинни тўйдириши) фарз эмас. Чунки, ундан жавобгарлик соқит бўлган. Агар у баъзан нарсаларнинг фарқига етиб, баъзан фарқига етмаса, унинг нарсаларининг фарқига етган вақтида рўза тутиши фарз, фарқлай олмайдиган пайтида фарз эмас (Мажалису шаҳри рамазон).

(31) Душман билан жанг қилаётган ёки душман юртларини қуршаб олган кишиларнинг рўза тутишлари жангда заифлашиб қолишларига сабаб бўлса, ҳатто сафарда бўлмасалар ҳам рўзаларини очишлари мумкин. Агар жангдан олдин рўзаларини очиш керак бўлиб қолса, очишлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жанг олдидан асҳобларига рўзаларини очишлари тўғрисида: «Эрталаб душманларингиз билан учрашасизлар, рўза тутмасаларинг бақувватроқ бўласизлар. Шунинг учун (эртага) рўза тутманглар» – дедилар (Имом Муслим ривояти). Ибн Таймийя ҳам шу қавлни ихтиёр қилганлар ва шом аҳлига мўғил-татарлар ҳужум қилганда улар шаҳар ичида бўлишларига қарамай шу фатвони берганлар.

(32) Агар киши касаллик каби кўриниб турган сабабларга кўра рўза тутмаётган бўлса, очиқ-ошкор еб-ичишида ҳеч қандай ёмонлик йўқ. Бироқ, ҳайз каби яширин сабаб туфайли рўза тутмаётган бўлса, турли гап-сўзларга сабаб бўлиб қолмаслиги учун махфий еб-ичиши яхшироқ.

Рўза учун қачон ният қилади

(33) Рамазон рўзасида ва шунингдек ҳар бир каффорат ва қазо каби фарз рўзаларда ният қилиш шартдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «кечқурун, ётишдан аввал рўзага ният қилмаган одамнинг рўзаси рўза эмасдир» - деганлар (Абу Довуд ривояти. Бухорий, Насоий ва Термизий каби уламолар бу ҳадисни мавқуф деганлар).

Ният кечанинг исталган вақтида қилиниши мумкин ҳатто фажрдан бироз олдин қилинса ҳам бўлади. Ният бу қалбнинг бир нарсага бўлган қатъий хоҳишидир. Уни овоз чиқариб айтиш бидъатдир. Кимки эртага рамазоннинг биринчи куни эканини билса ва рўза тутишни ирода қилса, у ният қилган ҳисобланади (Мажмуул фатава. Ибн Таймийя). Агар киши кундузи рўзасини очишни ният қилса, аммо шундай қилмаса, унинг рўзасига ҳеч қандай зарар етмайди. У намозда гапирмоқчи бўлиб гапирмаган киши кабидир. Баъзи олимлар наздида, у рўзасини очишни ният қилиши билан рўзаси очилади. Шунинг учун ҳар эҳтимолга қарши, кейинчалик ўша куннинг рўзасини тутиб қўйгани яхши. Муртадлик ниятни яроқсиз қилишида уламолар ўртасида хилоф йўқ.

Рамазон рўзасини тутаётган киши ҳар куни тунда ниятини такрорлаб, янгилаб туришга ҳожат йўқ. Ойнинг бошида қилинган ният етарлидир. Агар хасталик ёки сафар туфайли рўзани очиш билан ниятини бузса, узрлари бартараф бўлгач рўза учун ниятини янгилаши шарт.

(34) Умумий нафл рўзаларда ниятни кечқурун қилиши шарт эмас. Чунки, Оиша  розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадиси шариф бунга далилдир. «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга кириб келдилар ва: «Егулик бирор нарсангизлар борми?» – дедилар. Биз: «Йўқ» – дедик. «Ундай бўлса мен рўзаман» – дедилар» (Имом Муслим ривояти). Аммо Арафот ва Ошуро кунларидаги каби муайян нафл рўзаларда кечқурун ният қилиш яхшироқдир.

(35) Агар киши рамазонда ўтказиб юборган кунлари учун, назри ёки каффорат учун тутадиган рўзасини бошласа, рўзани охиригача (кечгача) тутиши шарт ва бирор узрсиз уни очиши мумкин эмас. Нафл рўзада эса: «Нафл рўза тутаётган киши ўзига ўзи хўжайиндир хоҳласа рўзасини очади ва агар хоҳласа охиригача (ифторгача) тутади» (Имом Аҳмад ривояти) бирор узрсиз очиши мумкин. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутдилар кейин рўзаларини очиб юбордилар. Бу қисса имом Муслимнинг саҳиҳларида келган, унда Оиша розияллоҳу анҳога «ал ҳайс» (хурмо, қурут ва сариёғни аралаштириб қилинадиган таом) хадя этилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига кирганларида Оиша  розияллоҳу анҳо ҳайсдан озгина олиб қўйганларини зикр қиладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олиб келингчи» дейдилар. Ундан еганларидан сўнгра: «Мен бугун рўза тутгандим» – дейдилар. Аммо бир киши рўзасини ҳеч қандай узрсиз очса, ўша пайтгача тутган рўзаси учун ажр оладими? Деган саволга баъзи олимлар: «Ажрга эга бўлмайди» деганлар. Шунинг учун нафл рўза тутган киши рўзасини очишга мажбурловчи сабаб бўлмагунича очмагани афзалдир.

(36) Кимки рамазон ойининг кирганини субҳ бўлгандан кейингина билса у ўша куннинг рўзасини тўла тутади. Кўпчилик уламоларнинг сўзларига кўра кечаси ният қилмагани учун шу куннинг қазосини кейин тутиб беради. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «кечқурун, ётишдан аввал рўзага ният қилмаган одамнинг рўзаси рўза эмасдир» – деганлар (Абу Довуд ривояти. Бухорий, Насоий ва Термизий каби уламолар бу ҳадисни мавқуф деганлар).

(37) Қамоқдаги ёки ҳибсдаги киши рамазон ойининг кирганини ўзи кўриб ёки биронта ишончли кишининг хабар бериши билан биладаган бўлса, унга рўза тутиш фарз бўлади. Ёки бўлмаса, ўзича ижтиҳод қилиб тўғри деб ўйлаганига амал қилади ва рўзани бошлайди. Агар кейинчалик рўзаси рамазон ойига тўғри келганини билса, унинг рўзаси тўғри. Рамазондан кейинга тўғри келган бўлса ҳам унинг рўзаси жумҳур уламолар олдида тўғри деб эътибор қилинган. Аммо унинг рўзаси рамазондан олдинга тўғри келган бўлса, унинг рўзаси ўтмайди, унга рўзанинг ҳаммасини қазосини тутиш лозим бўлади. Агар маҳбуснинг рўзаси рамазоннинг баъзисига тўғри келса, унинг рамазонга ва ундан кейинга тўғри келган рўзаси тўғридир. Аммо рамазондан аввалга мувофиқ келгани тўғри эмас, унинг қазосини тутади. Агар ноаниқлик давом этаверса ва у аниғини била олмаса, унинг рўзаси ўтади, чунки у бор кучини сарфлади,  Аллоҳ ҳар бир жонни тоқатига яраша нарсагагина буюради (Алмавсуатул фиқҳийя).

Саҳарлик ва ифтор

(38) Қуёшнинг доира шакли ғойиб бўлиши билан рўзадор рўзасини очиши мумкин. Уфқда кўриниб турган тўқ қизил шафаққа эътибор берилмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кеча бу ёқдан бостириб келса, кундуз бу ёққа чекиниб кетса ва Қуёш ботса рўзадор оғзини очибди» – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Кечиктирмасдан, тезда ифтор қилиш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч бўлмаганда бир ҳўплам сув билан рўзаларини очмагунларича шом намозини ўқимас эдилар (Ҳоким ривояти. Силсилатус саҳийҳа). Агар рўзадор рўзасини очиш учун ҳеч нарса топа олмаса, рўзамни очдим деб қалбида ният қилсин ва баъзи омилар қилгани каби бармоғини сўрмасин. Рўзадор рўзасини вақт киришидан олдин очишдан эҳтиёт бўлсин, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқларидан осиб қўйилган, оғзиларидан қон оқиб турган кишиларни кўрганларида ва улар ҳақида сўраганларида, улар рўзаларини вақтидан олдин очувчи рўзадорлар экани айтилганини хабар берганлар (Ибн Ҳузайма ривояти. Саҳиҳут тарғиб). Агар киши рўзасини вақтидан олдин очгани аниқ бўлиб қолса, шундай бўлганига гумони ғолиб бўлса ёки вақтдан олдин очиб қўйдим шекилли деб шубҳа қилса, унга ана шу куннинг рўзасининг қазосини тутиб бериши лозим бўлади. Чунки, у кундузида еб қўйган бўлади (Фатава аллажна аддаима). Болаларнинг ва ишончсиз манбаларнинг хабарларига ишониб қолишдан эҳтиёт бўлиш керак. Радио орқали азонни эшитилган ҳолда, шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги вақтнинг фарқлилигига эътибор қилиш керак.

(39) Субҳ кирганда яъни, кун чиқишда уфқ бўйлаб оқ чизиқ пайдо бўлганда рўзадор азонни эшитган ёки эшитмаганидан қатъий назар, ейиш-ичишдан тийилиши шарт. Агар у муаззиннинг субҳ кирганда азон чақиришини билса, азонни эшитиши билан еб-ичишдан тўхтасин. Аммо муаззин азонни бомдоддан аввалроқ чақирадиган бўлса, еб-ичишдан тўхташи шарт эмас. Агар муаззиннинг қай вақтда азон айтишини билмаса ёки муаззинлар турли вақтларда азон айтсалар ва  шаҳарларда чироқлар ва узун бинолар бўлгани учун ўзи субҳ кирганини била олмаса, тўғрилигига ишонган тақвим китобчалардан фойдаланиши мумкин.

Аммо эҳтиёт бўлиш мақсадида, бомдод вақтидан 10-15 дақиқа олдин еб-ичишдан тўхташ бидъатдир. Баъзи тақвимларда оғизни ёпиш учун бир вақт, бомдод учун бошқа бир вақт таъйинланганини кўриш мумкин. Бу ислом шариатига зиддир.

(40) Кечаю кундуз ёруғ бўладиган юртларда агар кечани кундуздан фарқлашни иложи бўлса, гарчи кун узоқ бўлсада рўза тутиш фарздир. Кечани кундуздан фарқлашни иложи бўлмаган юртларнинг мусулмонлари ўзларига яқин бўлган кечаси кундузидан фарқланадиган юртларнинг вақти билан рўза тутадилар.

Рўзани бузадиган амаллар

(41) Ҳайз ва нифосдан бошқа нарсаларда қуйидаги уч шартдан бири топилса, рўза бузилади: 1) Агар киши ўша нарса рўзасини бузишини билса; 2) Рўзадор экани ёдида бўлса, эсидан чиққан бўлмаса; 3) Агар у ўзининг хоҳиши билан, ҳеч қандай мажбурлашсиз ва заруратсиз қилса.

Рўзани бузадиган амаллар ичида бўшанишга оидлари бўлади улар: жинсий алоқа, қайт қилиш, ҳайз кўриш ва қон олдириш. Улардан қабул қилишга оидлари бор улар: ейиш ва ичиш кабилар (Мажмуул фатава).

(42) Рўзани бузадиган нарсалардан еб-ичиш ўрнига ўтадиганлари бор, улар қаторига суюқ дорилар, таблетка,  озиқлантирувчи укол (глюкоза каби), қон қуйиш ва қон алмаштириш.

Аммо еб-ичиш ўрнига ўтмайдиган пенциллин, инсулин, тетиклаштирувчи ва эмлаш уколлари хоҳ мускулларга ва хоҳ қон томирларга бўлсин рўзага зарар қилмайди (Ибн Иброҳим фатволаридан) бироқ, бу уколларнинг ҳаммасини кечқурунда олиш яхшироқдир.

Тозалаш учун қонни чиқаришга сўнгра унга баъзи кимёвий моддалар ёки озиқлантирувчи тузлар ёки ширинликлар каби нарсалар қўшилгандан кейин уни қайта қуйишни талаб қиладиган буйракни ювиш каби амалиётлар рўзани бузади (Фатава аллажна аддаима). Рожиҳ қавлларда клизма, кўзга ва қулоқка дори томитиш, тишни олдириш ва яраларга дори қўйиш рўзани бузмайди (Фатава Ибн Таймийя).

Астма (нафас қисиши) учун қўлланиладиган балонча рўзани бузмайди. Чунки, у таом эмас, балки ўпкага юбориладиган газ, холос. Қолаверса унга касалнинг ҳар доим эҳтиёжи бор.

Анализ (таҳлил қилиш) учун қон олдириш рўзани бузмайди, унга эҳтиёж бўлгани учун уни кечирилади (Фатава аддаъва. Ибн Боз). Ғарғара қилинадиган дорини ютиб юбормаса рўзани бузмайди. Агар бирон киши тишини даволатиб, ковагини тўлдиргизса ва дорининг таъмини томоғида сезса, бу унинг рўзасини бузмайди (Ибн Боз  роҳимаҳуллоҳнинг оғзаки фатволаридан).

Қуйидаги ишлар рўзани бузмайди:

1) Қулоққа, кўзга ва бурунга томитиладиган ёки пуркаладиган дорилардан фойдаланилганда димоққа келадиган нарсани ютиб юбормаслик шарти билан фойдаланиш.

2) Ангина стенокардия (юрак қисиши) ва бошқаларни даволаш учун  тил остига қўйиладиган таблеткалардан томоққа келадиган нарсани ютиб юбормаслик шарти билан фодаланиш.

3) Аёлларнинг жинсий аъзоларига тиббий кўрик ёки даволаниш учун жарроҳлик асбобларини (пессари, доуче, скопни) ёки бармоқларини солиб кўриш.

4) Бачадонни кўриш учун скоп ёки интра утерин асбобига ўхшаш нарсаларни солиш.

5) Аёлнинг ёки эркакнинг анал тешигига ташхис қўйиш, тиббий мақсадда катетер трубаси каби асбобларни солиш.

6) Томоққа келган нарсани ютиб юбормаслик шарти билан тишни пломба қилдириш, олдириш, мисвок ёки тиш пастаси билан тозалаш.

7) Томоққа келган нарсани ютиб юбормаслик шарти билан оғизни чайиш, ғарғара қилиш ёки оғизга сепиладиган дорилардан фойдаланиш.

8) Тери остига, мускул ёки томирга озиқлантирувчи бўлмаган уколлар олиш.

9) Кислород бериш.

10) Наркоз газларини ҳидлатиш, агар ундан ташқари озиқлантирувчи суюқликлар берилмаса.

11) Теридан сўрилиб кирадиган кремлар, ҳар хил суриладиган дорилар ва пластырларни истеъмол қилиш.

12) Ошқозонни текшириш ёки даволаш учун найча ютиш.

13) Юрак ичини текшириш ёки суратга олиш учун артерия қон томирларига ингичка найчани киритиш.

(43) Киши рамазонда бирон узрсиз очиқдан-очиқ еб-ичса, гуноҳ кабира қилган бўлади. У тавба қилиши ва ўша кун учун бошқа рўза тутиб бериши шарт. Агар рўзасини ароқ каби ҳаром нарса билан бузса, бу яна ҳам ёмонроқ гуноҳдир. Нима бўлган тақдирда ҳам у ихлос билан тавба қилиши ва кўп нафл рўза тутиш каби нафл ибодатлар қилиши лозим. Шояд фарз амалларининг бирор камчилигини тўлдирса ва Аллоҳ таоло тавбасини қабул қилса.

(44) «Агар у эсида йўқ еса ёки ичса, рўзасини охиригача (ифторгача) етказсин. Уни едириб ичирган  Аллоҳдир» (Имом Бухорий ривояти), бошқа бир ривоятда: «У ўша куннинг қазосини тутиб бермайди ва каффорат ҳам тўламайди» – дейилган.

Агар киши бирор одамни эсида йўқ еяётганини кўриб қолса, унга эслатиб қўйсин. Чунки,

«… Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2) оятининг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Агар унутсам эслатинглар» – деб марҳамат қилган ҳадиснинг умумий маъноси шунга далолат қилади (Ибн Усаймин. Мажалису шаҳри рамазон).

(45) Ҳаёти хавф остида қолган кишининг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида рўзасини очишга мажбур бўлган кишилар рўзаларини бузишлари мумкин ва қайта тутиб қўядилар. Масалан: чўкаётган кишини қутқариш ёки ўт ўчириш.

(46) Агар рўза тутиш фарз бўлган киши рамазоннинг кундузида ўз хоҳиши билан қасддан жинсий алоқа қилса, икки аъзо бир-бирига қўшилса ва эркак олатининг боши аёлнинг олд ёки орқа тешигига (бу амал қаттиқ ҳаромлардан) кирса маний келиш ёки келмасидан қатъий назар, унинг рўзаси бузилади. У тавба қилиши ва ўша куннинг рўзасини етказиши ва кейин қазосини тутиб бериши шарт. Унга оғир каффоратни адо этиши лозим. Чунки, Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шариф шунга буюради: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирганимизда бир киши келди ва:

- «Эй Расулуллоҳ, ҳалок бўлдим!» – деди.

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сенга нима бўлди?» – дедилар.

- У: «Рўзалигимда аёлим билан жинсий алоқа қилиб қўйдим».

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Озод қилиш учун қулинг борми?»

- У: «Йўқ».

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?»

- У: «Йўқ».

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олтмишта мискинни тўйдира оладиган нарсанг борми?»

-   У: «Йўқ» деди…… (Имом Бухорий ривояти).

Зино, баччавозлик ва ҳайвон билан жинсий алоқа қилганларга ҳам шу ҳукм тааллуқли.

Агар киши рамазоннинг бир неча кунида бир неча марта жинсий алоқа қилган бўлса, ҳар бир куни учун алоҳида-алоҳида каффорат тўлайди ва албатта ҳар бир куни учун қазосини тутади. Каффорат тўлашнинг фарз эканини билмаслиги узр ҳисобланмайди (Фатава аллажна аддаима)

(47) Агар киши аёли билан жимо қилишни хоҳласа ва аввал рўзасини бирон нарса еб очса, унинг гуноҳи яна ҳам қаттиқлашади. Чунки, у рамазоннинг ҳурматини икки бор топтаган ҳисобланади. Бу ҳолатда унинг каффорат тўлаши таъкидлироқдир. Унинг қилган бу ҳийласи унинг бошига балодир. Унга қаттиқ тавба қилиши лозим (Мажмуул фатава).

(48) Агар киши ўзини тутиб тура олишига ишонса, аёлини ёки чўрисини ўпиши, кучоқлаши, (шаҳват билан) қараши ва ушлаши мумкин.

Чунки, саҳиҳайнда Оиша  розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзадор ҳолларида ҳам аёлларини ўпгани ва кучоқлаганлари ривоят қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини ҳамиша тўхтата олганлар.

«Мен учун аёлидан узоқлашади» – дейилган ҳадиси қудсийдан тушуниладиган маъно жинсий алоқадир. Аммо кишининг шаҳвати кучли бўлса ва ўзини бошқара олмаса, унга аёлини ўпиши ёки кучоқлаши мумкин эмас. Чунки, бу рўзасини бузиб  қўйишига сабаб бўлиши мумкин. Яъни, маний келиши ёки жинсий алоқа қилишдан ўзини тўхтатиб қолиши аниқ эмас.  Аллоҳ таоло ҳадис қудсийда: «Мен учун шаҳватдан юз ўгиради» – деган. Шаръий қоидада «ҳаромга олиб борувчи ҳар қандай нарса ҳаромдир» дейилади.

(49) Агар киши жинсий алоқа қилаётган пайтда субҳ кириб қолса, жинсий алоқани тўхтатиши лозим. У олатини чиқариб олганидан сўнг маний келса, рўзаси бузилмаган бўлади. Аммо субҳ кирганидан кейин ҳам жинсий алоқани давом эттирса рўзаси бузилади ва у тавба қилиши, рўзасини бошқа тутиб бериши ва каффорат тўлаши шарт.

(50) Бир киши жунуб ҳолатида тонг оттириши рўзасини бузмайди. У (аёл ёки эр киши бўлсин) – жанобат, ҳайз ёки нифос ҳолатида бўлсин – ғусл қилишни субҳдан кейинги вақтга қолдириши мумкин. Аммо намозини ўз вақтида ўқиши учун тезроқ ғусл қилгани яхшидир.

(51) Агар ухлаётган киши жунуб бўлиб қолса, рўзаси бузилмаслигига уламолар ижмо қилганлар. ­Ғуслни кейинга қолдиришининг зарари йўқ. Аммо намозни ўз вақтида ўқиши ва фаришталар унга якинроқ келиши учун тезроқ ғусл қилгани яхшидир.

(52) Агар киши рамазон кундузида аёлига тегиниш, шаҳват билан қараш каби тийилиши керак бўлган нарсалар туфайли маний тўкса, Аллоҳга тавба қилиши ва куннинг қолган қисмида ҳам рўзасини давом эттириши керак. Шу билан бирга ўша куннинг қазосини тутиб беради. Агар у маний чиқаришни бошласа ва олатидан маний чиқишидан олдин тўхтатса, бу иши учун тавба қилиши керак, бу куннинг қазосини тутмайди, чунки ундан маний чиқмади. Рўзадор киши шаҳватини қўзғовчи ҳар бир нарсадан ўзини узоқ сақлаши ва ҳаёлига келган ёмон ўйларни тарк қилиши керак. Мазийнинг келиши рўзани бузмайди. Ҳеч қандай шаҳватсиз сийдикдан кейин келадиган шилмшиқ суюклиқ, яъни, вадий рўзани бузмайди ва ғусл қилишни ҳам тақозо қилмайди. Аммо истинжо ва таҳорат қилиши керак (Фатава аллажна аддаима).

(53) «Кимки қасддан қайт қилмаса, рўзасини қазо қилмайди. Аммо қасддан қайт қилган одам рўзасининг қазосини тутиб бериши керак» (Имом Термизий ривояти).

Бармоғини оғзига тиқиб, ошқозонини босиб, қайт қилдирувчи бадбўй бирон нарсани ҳидлаш ёки унга қараш билан кўнгил айнийдиган нарсага қараб туриш билан қайт қилса, рўзасининг қазосини тутиб бериши шарт. Агар кишининг кўнгли айниса ва ўз-ўзидан қайт қилиши қайтиб кетса, рўзаси бузилмайди. Чунки, бу унинг ихтиёридан ташқари нарсадир. Агар уни ўзи (мажбурлаб) қайтарса, рўзаси очилади. Агар кишининг кўнгли айниса, уни қайтармасин. Чунки, бу унга зарар қилиши мумкин (Мажалису шаҳри рамазон).

Агар киши тишлари орасидаги қолдиқни беқасд ютиб юборса ёки у ажратиб ва туфлаб юбориб бўлмайдиган даражада оз бўлса, бу сўлак каби саналади ва рўзасини бузмайди. Агар у туфлаб юбориладиган даражада кўп бўлса, туфлаб юборсин. Қасддан ютиб юборса, рўзаси бузилади (Алмуғний). Чайналадиган резинка (жевателная резинка, маҳаллий тил билан жевачка) дан бирор нарса ажралиб чиқса, таъми ёки ширинлиги бўлса уни чайнаш ҳаром. Агар ундан бирор нарса  халқумга етиб борса, рўзани бузади. Агар киши оғзини чайқаса ва сувни ташқарига туфлаб юборса, оғизда қолган намликнинг зарари йўқ. Чунки, у сақланиш мумкин бўлмаган нарсадир. Агар бурнидан қон келса, бу унинг иродасидан ташқари нарса бўлгани учун унинг рўзасини бузмайди (Фатава аллажна аддаима). Агар унинг милкида яраси бўлса ёки мисвок ишлатганда тиши қонаса, қонни ютиб юбориш мумкин эмас. Балки туфлаб ташлаш керак. Агар унинг иродасисиз қон ҳалқумига етиб борса бунинг зарари йўқ. Шунингдек қусқи унинг иродасисиз қайтиб кетса, рўзасини бузмайди. Бурнидан келадиган мишиқни ёки йўтал сабабли чиқадиган балғамни оғзига етишидан олдин ютиб юборса, рўза бузилмайди. Чунки, бу иложсиз муаммодир. У оғизга ўтгандан кейин ютиб юборилса, рўзани бузади. Аммо қасд ва иродасиз оғзига келгач ютиб юборса бунинг зарари йўқ (Фатава аллажна аддаима).

Сув тозаланадиган жойларда ишловчилар сувнинг буғидан нафас олсалар бу уларнинг рўзаларига зарар қилмайди. Беҳожат таомдан тотиб кўриш, унда рўзанинг очилиш хавфи бўлгани учун макруҳдир. Ҳожатли ҳолатларга онанинг боласига овқат чайнаб бериши киради, агар у бундан бошқа иложини топмаса. Яна овқатни пишганини билиш учун ундан тотиб кўриш ва бирор нарсани сотиб олаётганда ундан тотиб кўриш (албатта тотилган нарсани туфлаб юборилади) бу Ибн Аббос  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. «Сирка ёки сотиб олмоқчи бўлган нарсадан тотиб кўришнинг зарари йўқ» (Ирваул ғалил).

(54) Рўзадорга кун бўйи, ҳўл бўлса ҳам мисвок тутиши суннат. Рўзадор мисвок ишлатганда унинг аччиқ таъмини оғзида топса ва уни ютиб юборса ҳамда у мисвокни оғзидан чиқарса, унда сўлагидан бўлса сўнгра уни яна оғзига солса ва  сўлагини ютса, унинг рўзаси бузилмайди (Алфатава ассаъдийя). Унда эрийдиган моддаси бўлган яшил мисвак ёки лимон ва ялпиз таъми кўшилган мисваклардан сақланиш керак. Оғзида қолган мисвак қипикларини туфлаб ташласин, агар уларни беқасд ютиб юборса зарари йўқ.

(55) Агар рўзадорга жароҳат етса, бурни қонаса ёки оғзига фавқулодда сув ёки бензин кетса, рўзаси бузилмайди. Агар унинг оғзига фавқулодда чанг, тутун  ёки пашша кирса ҳам рўзаси бузилмайди. Сўлак, тупук, уннинг элаган пайтдаги чанги ёки кўча чанги каби, киши беихтиёр ютиб юбориши мумкин бўлган нарсалар рўзани бузмайди. Агар тупугини оғзида тўпласа кейин уни қасддан ютиб юборса ҳам рўзаси бузилмайди. Агар кўз ёши димоққа етиб борса, сочига ёки мўйлабига ёғ ёки хина чапласа ва унинг таъмини димоғида ҳис қилса, рўзаси очилмайди. Хина, сурма ва ёғ қўйиш рўзани бузмайди (Мажмуул фатава). Терини юмшатадиган ва яхшилайдиган кремлар ҳам шу кабидир. Шунингдек хушбўйлик ҳидлаш, атир суриш ва хушбўй ёғларни суриш рўзани бузмайди. Тутатиладиган хушбўйлардан чуқур нафас олиб ҳидламаслик шарти билан фойдаланиш мумкин.

Кундузи тиш пастасидан фойдаланмаган яхши, чунки унинг кучли сингиш хусусияти бор (Мажалису шаҳри рамазон).

(56) Эҳтиёт нуқтаи назаридан рўзадор ҳижома қилдирмагани яхши. Бу жуда ихтилофли масала. Ибн Таймийя қон олувчи эмас қон олдирувчининг рўзаси очилади деган қавлни ихтиёр қилган.

(57) Чекиш рўзани бузади ва бу рўзани очиш учун узрли сабаб ҳисобланмайди. Маъсият қандай қилиб узр ҳисобланиши мумкин?!

(58) Салқинланиш мақсадида сувга тушиш ёки нам латтага ўраниш рўзани бузмайди. Чанқоқ ёки иссиқ сабабли бошидан сув қуйиши мумкин, оғзига сув кириб рўзаси очилиб кетиш эҳтимоли бўлгани учун чўмилиш макруҳ. Агар кишининг хизмат амали сувга шўнғиш бўлса ёки сувга шўнғишни талаб қилса, оғзига сув кириб кетишидан саломат бўлса, у ҳолда зарари йўқ.

(59) Агар киши ҳали субҳ бўлгани йўқ деб еб ичса ёки жинсий алоқа қилсаю, кейин аллақачан субҳ кирганидан хабар топса, ҳеч  қандай зарари бўлмайди. Чунки, оятда очиқ равшан қилиб, бу нарсаларни то субҳ кирганига ишонч ҳосил қилгунича давом эттиришга рухсат берилган. Ибн Аббосдан саҳиҳ иснод билан: «Аллоҳ  субҳ кирганига ҳеч қандай шубҳангиз қолмагунича еб ичишингизга рухсат берган» (Абдурраззоқ ривояти). Ибн Таймийя ҳам шу қавлни танлаган.

(60) Агар киши Қуёш аллақачон ботиб бўлган деб ўйлаб, Қуёш ботишидан олдин рўзасини очиб қўйса, кўпчилик уламоларнинг сўзларига кўра бу куннинг рўзасининг қазосини тутиб беради. Бунга далил: аниқ нарса шубҳа билан зойил бўлмайди. Ибн Таймийя бу ҳолатда қазо тутиб беришга ҳожат йўқ деган.

(61) Агар субҳ кирсаю кишининг оғзида овқат ёки ичимлик бўлса, кўпчилик уламоларнинг сўзларига кўра у оғзидагини туфлаб юборади ва унинг рўзаси бузилмайди. Рўзадор эсида йўқ еб-ичиб қўйса ва дарҳол оғзидагини туфлаб ташлашлиги юқоридаги ҳукм билан бир хилдир.

Аёлларга хос ҳукмлар

(62) Ҳайз кўриш ёшига етган ёш қиз айтишга уялиб (ўзини ҳали ҳам балоғатга етмагандек қилиб кўрсатиб) рўза тутмаса, тавба қилиши ва ўтказиб юборган кунлари учун рўза тутиб бериши шарт. Бунга қўшимча қилиб, рўза тутмаганининг каффорати сифатида ҳар бир куни учун бир мискинни тўйдиради. Агар буларни қилиб улгурмасидан илгари жорий йилнинг рамазони бошланиб қолса, унинг ҳолати ҳайз ҳолатида эканини айтишга уялиб рўза тутаверган ва кейин қазосини тутмаган аёл кабидир. Агар у ўтган рамазонларда неча кун қолдирганини аниқ билмаса, қолдирган кунлари тугаганига шубҳаси қолмагунича рўза тутсин. Ҳар бир кун учун кечикканлик каффоратини берсин. Имкониятига қараб, агар хоҳласа каффоратни жамлаб, хоҳласа кундалик берсин.

(63) Аёл рамазондан бошқа пайтларда, агар эри ёнида бўлса, эрининг рухсатисиз рўза тутмайди. Агар эри сафарда бўлса, хоҳиш ўзида.

(64) Ҳайз кўраётган аёл одатда аёлларда ҳайзнинг тугаганига далолат қиладиган оқ шилимшиқни кўрса, (бу ҳайз тугагандан кейин бачадон сурадиган оқ сувдир) кечаси рўза тутишни ният қилиб рўза тутади. Агар у пок бўлганига далолат қиладиган аломатни кўрмаса, фаржига бир бўлак пахта ёки шу каби нарсани киргизиб кўради. Агар у тоза чиқса рўза тутади, агар ҳайз қони қайтадан кела бошласа, рўзасини очади. Одат кунларида бўлса, тўхтагандан кейин яна оз бўлсада қон келса ёки кудра-тўқ жигар ранг шилимшиқ бўлса ҳам рўзасини бузади (Фатава аллажна аддаима).

Агар қон то шом намозигача узилиб турса, агар у аввалги кечада ният қилиб бугуннинг рўзасини тутган бўлса, рўзаси яроқлидир. Агар аёл киши ҳайз қонининг чиқиш ҳаракатини сезсаю қон Қуёш ботганидан кейин ташқарига чиқса, унинг бу кунда тутган рўзаси яроқлидир.

Агар аёлнинг ҳайз ёки нифос қони кечаси тўхтаса ва у рўза тутишга ният қилса, аммо ғусл қилишидан олдин субҳ кириб қолса, барча олимлар фикрига кўра, унинг рўзаси яроқлидир.

(65) Агар аёл эртага ҳайз муддати бошланишини билса ҳам, ниятида ва рўза тутишда давом этсин ва қонни аниқ кўрмагунича рўзасини бузмасин.

(66) Ҳайз ҳолатидаги аёл қонни тўхтатувчи бирон-бир дори қўлламасдан, Аллоҳ таолонинг ёзганига рози бўлиб, табиий ҳолатида туриши унинг учун яхшидир. Аллоҳ таоло ҳайз пайтида улар рўза тутмаслиги ва кейин тўлидириб қўйишларини қубул қилган, у ҳам шуни қабул қилсин. Уммул муъминийн ва салафларнинг аёллари шундай қилганлар (Фатава аллажна аддаима). Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, қонни тўхтатиш учун қўлланиладиган дориларнинг зарарлари тиббий далиллар билан исботланган. Шундай нарсалардан фойдаланишлари натижасида кўплаб аёллар тартибсиз ҳайз кўришга мубтало бўлганлар.

Агар биронта аёл ҳайзни тўхтатувчи доридан фойдаланиб унинг натижасида ҳайз қони келмаган бўлса ва рўза тутган бўлса унинг рўзаси яроқлидир.

(67) Истиҳоза (ҳайз қонидан бошқа, бачадондан келиб турадиган қон) нинг рўзага таъсири йўқ.

(68) Агар ҳомиладор аёлнинг ҳомиласи тушиб кетса, агар у тўла ривожланган бўлса ёки унда қўл ёки бошнинг шакли кўринган бўлса, унинг қони нифос ҳисобланади. Аммо ҳомиласи тушсаю унда ҳали одам шакли пайдо бўлмаган лахта қон ёки бир парча гўшт бўлса, унинг қони истиҳоза ҳисобланади ва у агар қодир бўлса рўза тутади ёки рўза тута олмаса кейин қазосини тутиб беради (Фатава аллажна аддаима). Бачадони ювилгандан кейин қони тўхтаса, рўза тутсин.[2] Уламолар ҳомила 80 кунлик бўлгандан кейин унга инсон шакли кира бошлайди деганлар.

Агар аёл 40 кун тўлмасдан олдин нифосдан покланса, рўза тутади ва намоз ўқиш учун ғусл қилади (Ал Муғний). Агар 40 кун ичида яна қайта қон келса, рўза тутишдан тийилсин. Чунки, бу нифос қонидир. Қирқ кундан кейин ҳам қон тўхтамаса жумҳур уламолар: бу истиҳоза қони деб эътибор қилинади ва аёл рўзани бошлайди, ғусл қилиб намозларини ўқийди деганлар. Бироқ бу кунлар унинг одатдаги ҳайз кунларига тўғри келса, бу кунлар ҳайз деб эътибор қилинади (Фатава аллажна аддаима).

Эмизикли аёл кундузи рўза тутган бўлса ва кечқурун қон томчиларини кўрса, кундузи пок бўлгани учун унинг рўзаси яроқлидир.

(69) Ҳомиладор ва эмизикли аёл бемор кабидир. Шунинг учун улар ўзларига ёки болаларига бирон зарар етиб қолишидан қўрқишларидан қатъий назар уларга рўза тутмасликлари жоиз, кейин фақат қазосини тутиб берадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Аллоҳ таоло мусофирга намознинг ярмини ва рўзанинг ҳаммасини бекор қилди. Ҳомиладор ва эмизикли аёлга рўзани бекор қилди» дедилар (Термизий ривояти. Ҳасан ҳадис).[3] Агар ҳомиладор аёл рўза тутса ва қон кўрса, унинг рўзаси яроқлидир. Бунинг рўзага таъсири йўқ (Фатава аллажна аддаима)

(70) Рўза тутиши фарз бўлган аёл ихтиёрий равишда эри билан рамазоннинг кундузида жинсий алоқа қилса, эрига қўлланиладиган ҳукм унга ҳам қўлланилади. Агар эри уни мажбурласа ва у эрини қўлидан келганича қайтарса, у каффорат тўламайди. Ибн Ақил роҳимаҳуллоҳ рамазон кунида ухлаб ётган хотинини жимо қилган киши масаласида: «аёли каффорат тўламайди» – деди. Эҳтиёт шарт аёл ана шу куннинг қазосини тутиб кўяди. Шайхул ислом Ибн Таймийя  роҳимаҳуллоҳ бу унинг рўзасига ҳеч қандай зарар етказмайди деган.

Эрининг ўзини тутиб тура олмаслигини билган аёл рамазон кунларида ўзини эридан узоқроқ тутсин ва пардоз қилмасин.

Аёл рамазон ойида ўтказиб юборган рўзасини эрига билдирмасдан ҳам қазосини тутса бўлаверади. Чунки, фарз рўзаларда аёл эридан рухсат олиши шарт эмас. У фарз рўза тутишни бошласа шаръий узр сабаблигина рўзасини бузиши мумкин. Ўтказиб юборган кунларининг қазосини тутаётган аёлга эри рўзасини бузишга буйруқ бериши мумкин эмас. У билан жинсий алоқа қилиш ҳам мумкин эмас, бу ҳолатда аёлнинг эрига итоат қилиши жоиз эмас (Фатава аллажна аддаима).

Аммо нафл рўзани эри ҳозир бўла туриб, унинг рухсатисиз тутмайди. Чунки, Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бир аёл эри ҳозир бўла туриб, эрининг рухсатисиз рўза тутмасин» – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Рўзага оид масалалар хусусида Аллоҳ таоло қодир қилганича ёзганларим мана шу бўлди. Аллоҳ таолодан Унинг зикрини қилишимизда унга шукр этиб, ибодат қилишимизда бизга ёрдам беришини, рамазонни Унинг мағфирати билан тугатишимизни ва бизни дўзахдан сақлашини сўрайман!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, аҳли оилаларига ва асҳобларига Аллоҳ таолонинг салоти ва саломи ва раҳмати бўлсин!

Мазкур рисолани ёзган, таржима қилган, кўчирган ва сизларга етиб бориши йўлида арзимас хизматлар қилган биродарларингиз хаққига дуойи хайр қилишингиздан умидвормиз.  Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.

Сўзимизнинг сўнггида Аллоҳга ҳамдлар айтиб қоламиз.

Манба: Ислом Нури


[1] Зиҳор арабча «аз-заҳр» «бел» маъносидаги сўздан олинган бўлиб, бирор киши хотинига сенинг белинг онамнинг белидек деб, хотинини онасига ўхшатиш. Айнан белни зикр қилишнинг сабаби хотинни от-уловларга ўхшатишдир. Уларни минилганда устига яъни белига минилади. Хотин ҳам эрнинг уловидир, уни уловга ўхшатиш эса аёл жимоъда эрнинг тагида бўлгани учундир. Зиҳор талоқ эмас, балки у хотинни ўзига ҳаром қилишдир. Эр то каффорат бермагунича хотинига яқинлашмайди. Каффорат бериши билан хотини унга ҳалол бўлади. Каффорати ушбу тартиб бўйича уларнинг бирини қилиш билан бўлади: 1- Қул озод қилиш. 2- икки ой пайдар-пай рўза тутиш. 3- 60 та мискиннинг қорнини тўйдириш (Ислом Нури таҳририяти).

[2] Араб ўлкаларида туғишдан кейин бачадонни дорили сувда ювилади. Шунинг учун нифос қони узоқ давом этмайди, жуда тез тўхтайди.

[3] Ҳадисдаги «бекор қилди» деганидан мутлақ маъно тушунилмасин, мазкурларнинг ҳаммаси қолдирган рўзаларининг қазосини  тутиб берадилар (Ислом Нури таҳририяти).

Фикр билдиринг