Рўзадаги ҳалол ва ҳаромлар, рамазонда Қуръонни кўп ўқиш
Рўза тутишдаги ҳалол ва ҳаромлар ҳамда рамазон ойида Қуръонни кўп тиловат қилиш
Хатиб: Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Асл сарлавҳа: الحلال والحرام في الصيام – إكثار قراءة القرآن في شهر رمضان
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Биринчи хутба
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Бандаларига ҳалол ва ҳаромни баён қилиб, уларга аниқ белгиларни чегаралаб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Мен: «Ягона шериксиз Буюк ва Олий Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани ҳамда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Унинг гап ва амалда махлуқотларнинг энг ҳидоятли бандаси ва расули» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга ўтган кеча ва кундузлар давомида издош бўлганларга салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг …
Ҳой одамлар, Аллоҳдан тақво қилингиз! Чунки Аллоҳ сизларни Ўзига ибодат қилишингиз учунгина яратди ва айтди:
«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Зариёт: 56 – 58).
Аллоҳга, дин белгиларини баён қилиб бергани учун шукр қилинглар ва Аллоҳнинг тоати, пайғамбар ва расулларнинг сийратидан айрилманглар! Чунки Аллоҳ таоло масъулиятларни фарз қилди, уларни зое қилманглар! Чегараларни қўйди, ундан ошиб кетманглар! Аллоҳ таолонинг чегаралаган, баён қилиб сизларга кўрсатган нарсаларидан бири рўза эканини унутманглар! Аллоҳ таоло рўзанинг ой ва кун ўлароқ бошланиши ва интиҳосини, Ўзининг Муқаддас Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида баён қилиб берди. Аллоҳ таоло айтди:
«Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар у (рамазон ойининг ҳилоли)ни кўрсангизлар рўза тутинглар. Агар у (шаввол ойининг ҳилоли)ни кўрсангизлар рўзангизни очинглар! Агар ҳаво булутли бўлса саноқни ўттиз қилиб тамомланглар!» (Имом Бухорий 1774, 1776; Имом Муслим 1799, 1808; Доримий 1624).
Аллоҳ таоло айтди:
«Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).
Бу оятдаги «оқ ип» – субҳининг оқариши, «қора ип» эса кечаниниг қорайишидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига: «Ибн Умми Мактумнинг азонини эшитмагунча еб, ичаверинглар! Чунки у, тонг балқмагунича азон айтмайди» - дедилар (Имом Бухорий 1785; Имом Муслим 1829).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар кеча ҳўв анави тарафдан келса» дея шарқ томонни кўрсатдилар ва: «кундуз ҳўв анави томондан кетса» дея ғарб томонни кўрсатдилар ва: «рўзадор оғзини очади» – дедилар» (Имом Бухорий 1818, 1820; Имом Муслим 1842, 1843).
Агар одам уфқда ёйилган субҳини кўрса ёки субҳи бошланмагунича азон айтмайдиган ишончли муаззиннинг азонини эшитса, овқат тановулидан тўхтатиши керак. Офтобнинг доира шакли уфқда йўқ бўлган ва ҳануз ёғдулари самода кўриниб турганини кўрган ёки қуёш ботмагунича азон айтмайдиган муаззиннинг азонини эшитган одамнинг рўзасини очиши ҳалол бўлади. Афсуски, айрим одамлар (саҳарда) кеч туради ва кечлигини била туриб сув ёки сут ичади. Чунки у, еб ичмай рўзани бекитишни тасаввурига келтира олмайди. Бундай қилиш – Аллоҳ қўйган ҳудудларга лоқайдлик ва Аллоҳнинг ҳаромларини бузиш, демакдир. Одам (саҳарда) ўрнидан турганида субҳи ёйилган бўлса, унинг бирон нарсани ейиши ёки ичиши ҳалол бўлмай, сўлаклари билан рўзасини бекитиши керак бўлади. Шундан сўнгра кундузлари унинг рўза тутиши оғирлашса ва ўзига бирон зарар келишидан қўрқса, рўзасини очиши мумкин. Ҳа, субҳи ёйилганини кўргач унинг бирон нарсани тановул қилиши ҳаромдир. У ўша куни агар рўза тута олмаса, Аллоҳга тавба қилиши ва тута олмаган ўша кунги рўзасининг қазосини тутиб бериши фарз бўлади.
Ҳой мусулмонлар, рўза – рўзани бузадиган нарсалардан субҳидан то кечгача ўзини тийиш, демакдир.
Рўзани бузадиган нарсалар етти турли бўлади.
Биринчи: Жинсий алоқа
Жинсий алоқа рўзани бузадиган нарсаларнинг каттаси ва ашаддийсидир. Рўза тутиши фарз бўлган одам тарафидан рамазон ойининг кундузларида бу иш содир бўлса, бу одамга оғир каффорот – бир қул озод қилиш, агар бунга кучи етмаса ўртасида узрсиз бирон кун қолдирмай пайдарпай икки ой рўза тутиш, агар бунга ҳам қодир бўлмаса олтмишта қашшоқ одамни тўйдириш жаримаси солинади (Имом Бухорий 1800; Имом Муслим 1843).
Хотин кишига ҳам, ўз ихтиёри билан жинсий алоқа қилган ва қаршилик кўрсатмаган бўлса, ушбу ҳукм жорий қилинади. Агар қаршилик кўрсатган ва эрининг мажбурлаши олдида ўзини ҳимоя қила олмаган бўлса, уни каффоротга ҳам, қазога ҳам ҳукм қилинмайди.
Биз шундай деймиз: Агар рўза тутиши фарз бўлган одам тарафидан рамазон ойининг кундузида жинсий алоқа содир этилган бўлса, унинг каффорот бериши шартдир. Аммо рўза тутиши фарз бўлмаган мусофир эркак хотини билан жинсий алоқа қилган бўлса, унга каффорот бериши ҳукм қилинмайди. Чунки у, аслида, еб-ичиши жоиз бўлган ҳолатдадир.
Рўзани очадиган иккинчи жинсий истак - манийнинг хотин кишидан бўса олиш ёки хотин кишига тегиш ёхуд хотин кишини қучоқлаш ё кафтаки билан шуғулланиш ва бошқа йўллар сабабли чиқишидир (Имом Бухорий 1761; Имом Аҳмад 8749; Доримий 1705).
Иҳтилом сабабли манийнинг чиқиши, рўзани бузмайди. Чунки иҳтилом уйқудаги одамдан содир бўлади ва ундан манийнинг чиқиши ихтиёрий бўлмайди.
Учинчи: Ейиш ва ичиш (Имом Бухорий 1761; Имом Аҳмад 8749; Доримий 1705).
Бундан мақсад таом ёки ичимликни ҳалол ёки ҳаром, фойдали ёки зарарли бўлсин, оғиз ёки бурун йўлларидан қоринга етказишдир. Масалан, нон ва сув каби ҳалол, сигарет каби ҳаром нарсаларни.
Сигарет чекиш ҳам рўзани бузади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Таҳорат қилаётганда) рўзадорлик ҳолатингдан бошқа ҳолларда бурунга яхшилаб сув ол!» - дедилар (Термизий 718). Ушбу ҳадис бурундан кирган нарсанинг, худди оғиздан киргандек ҳисобланишига далолат қилмоқда.
Шундай бўлсада, бирон хушбўй нарсани ҳидлаш рўзани бузмайди. Аммо тутатқиларни рўзадор одам шимириб ҳидламайди. Чунки тутатқиларни шимириб ҳидлагудек бўлса, тутатқиларнинг зарралари ичига кетиб қолиши ва бунинг оқибатида рўзаси очилиши мумкин. Хуллас, рўзадор зарралари бўлмаган хўшбўйларни ҳидлаши мумкин.
Тўртинчи: Ейиш ва ичиш маъносидаги нарсалар
Масалан, ейиш ва ичиш ўрнига ўтадиган озиқлантирувчи игна – уколларни қилиш. Бундай уколлар озиқлантирувчи ҳисобланади. Озиқлантирмайдиган уколлар эса, уларни даволаниш ёки тетиклаштириш учун томирдан ёки мускуллардан берилган бўлса ҳам, рўзани бузмайди. Чунки улар ейиш ва ичиш – озиқлантириш учун қилинмагандир. Бундай ҳолатдаги асос, насс ёки ижмоъ ёхуд соғлом қиёс билан собит бўлмагунича, рўзанинг қолишидир. Одам уколнинг таъмини ҳалқумида ҳис этса ҳам, рўзаси бузилмайди. Чунки бу уколлар ейиш ёки ичиш ўрнига қилинмаган.
Бешинчи: Қонни қортиқ ёрдамида чиқариш – ҳижома
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қон олган ва олдирган одамнинг рўзаси бузилади» - дедилар (Имом Аҳмад 21412; Термизий 705; Абу Довуд 2020, 2021; Ибн Можа 1669, 1670, 1671; Доримий 1667).
Қонни таҳлиллар учун олиш эса, оз бўлгани учун, рўзани бузмайди ва танага қортиқ билан қон олишдек таъсир кўрсатмайди. Қоннинг тинмай ўз-ўзидан келиши ҳам инсон истагисиз бўлгани учун, рўзани очмайди. Масалан, қоннинг пичоқнинг ёки ойнанинг кесиши ёхуд бирон ҳодиса сабабли келиши инсон ихтиёридан ташқари бўлгани учун, рўзани бузмайди. Қоннинг тишлардан бирини, хусусан, озиқ тишларни олинганидан кейин келиши ҳам рўзани бузмайди. Бироқ, бемор оғзидаги қонни ютиб юборишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки қонни ютиш рўзадорга ҳам, бошқасига ҳам ҳаромдир. Агар қон беморнинг ихтиёрисиз ичига кетиб қолса, унинг рўзаси очилмайди.
Ичидаги нарсаларни чиқариш учун бирон жароҳатни ёриш оқибатида ундан қоннинг келиши ҳам рўзани бузмайди. Чунки бундай пайтда келадиган қонларнинг миқдори жуда ҳам оз бўлиб, инсон танасига ҳижома каби таъсир кўрсата олмайди. Шунинг учун, фарз бўлган рўзани тутган одамнинг ўзидан кўп қон олдириши ҳаромдир. Бироқ қон олдиришга мажбур бўлган бемор бўлса ва кун ботишигача сабру бардоши бўлмаса, бундай одамнинг қон олдириши, (зарурат нуқтаи назаридан) жоиздир. Чунки маъсумнинг эҳтиёжини қондириш – вожибдир. Бундай ҳолатда у, рўзасини очади ҳамда куннинг қолган қисмида еб, ичаверади. Кейин эса шу кунининг қазосини тутиб беради. Чунки, рухсатли нарса сабабли рўзасини очган одамнинг ўша куннинг қолган вақтларида таом тановул қилиши жоиздир.
Олтинчи: Қусиш
Қусиш деганда меъдадаги таом ёки ичимликларни ташқарига чиқариш тушунилади. Агар қусқи қасдсиз, ўзи чиққудек бўлса зарари йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қусқи ғолиб келиб чиқса зарари йўқ. Агар биров қасддан қусган бўлса (ўша кун рўзасининг) қазосини тутиб берсин!» – деганлар (Имом Аҳмад 10058; Теризий 2032; Ибн Можа 1666; Имом Молик 595; Доримий 1666).
Ушбу олти очувчи рўзадор тарафидан била туриб, унутмай ва ихтиёрий равишда қилинсагина рўза очилади. Ҳукми ёки вақтини билмаган ҳолатида қилган бўлса, рўзани очмайди. Масалан, биров субҳи содиқ бўлганини билмай бирон нарса тановул қилди. Кейин эса, субҳи содиқ ёйилганини билди ёки қуёш ботганини гумон қилдию, кейин қуёш ботмагани маълум бўлди. Бундай пайтларда унинг рўзаси раводир ва у қазо рўзасини тутмайди. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу оятларидир:
«Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама!» (Бақара: 286);
«Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар)» (Аҳзоб: 5).
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абу Бакрнинг қизи Асмоъ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида булутли кунда рўзамизни очдик. Сўнгра бирдан қуёш кўринди!» (Имом Бухорий 1823).
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг у кунги рўзанинг қазосини тутишга буюрганлари зикр қилинмади. Агар у кунги рўзани тутиш фарз бўлганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам албатта буюрган бўлар ва у ҳукм умматга етказилган бўлур эди. Чунки у ҳукм, Аллоҳ таоло баён қилишни кафолатга олган ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга уни етказишни фарз қилган шариатнинг бир парчаси бўлиб қолар эди.
Агар рўзадор ўзининг ҳануз кундуз ичида эканини билса, ейишдан тўхташи керак. Чунки ейишга давом этса рўзаси бекор бўлади. Агар биров билмасдан рўзани очадиган бирон ишни қилиб қўйса унинг рўзаси тўкис бўлиб, унинг қазосини тутмайди. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир:
«Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама!» (Бақара: 286).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай деганлар: «Биров рўзадор эканини унутиб еса ёки ичса, рўзасини охиригача етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичиргандир» (Имом Бухорий 1797; Имом Муслим 1952).
Бироқ, рўзадорнинг ёдига тушса ёки биров эслатиб қўйса, таом тановулидан тўхташи зарур. Ҳатто, оғзидаги луқмасини ҳам оғзидан чиқариши шарт. Агар эслаганидан сўнгра оғзидаги нарсани ютса, рўзаси бекор бўлади. Шунинг учун ҳам, унутгани учун еб, ичаётган рўзадорни кўрган одамнинг уни огоҳлантириши, эзгулик ва тақво асосидаги ҳамкорлик жумласидандир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар унутсам эслатиб қўйинглар!» - деганлар (Имом Бухорий 386; Имом Муслим 889).
Зиммасида фарз бўлган нарсани унутган ёки унутгани учун ҳаром қилинган нарсани қилаётган одамни кўрган биродари, уни бундан огоҳлантириши керак. Хуллас, рўзани очувчи нарсаларни ихтиёрсиз қилган одамнинг рўзаси раводир. Масалан, ичига бирон ғубор кетиб қолса, мазмаза ёки бурнига сув олганида ёхуд сувни рухсатли омиллар сабабли тортаётганида беихтиёр ичига кетиб қолса, бу рўзадорнинг рўзаси раводир (бузилмагандир) ва у бунинг қазосини тутиб бермайди.
Еттинчи: Ҳайз ва нифос (туғруқ) қонининг келиши
Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисидир: «(Хотин киши) ҳайз қони кўрса намоз ўқиб, рўза тутадими?!» (Имом Бухорий 293; Имом Муслим 889).
Хотин кишининг ҳайз ёки нифос (туғруқ) қони қуёш ботишидан бир лаҳза олдин келса ҳам унинг рўзаси бекор бўлади. Агар бу қонлар қуёш ботганидан бир оз кейин келса эса, тутган рўзаси раво бўлади ва унга қазо қилиши буюрилмайди. Мен шу ерда хотинлар ўртасида кенг тарқалган бир масъалани эслатиб ўтмоқчиман:
Айрим аёллар қуёш ботгач, шом намозини ўқимаслигидан илгари ҳайз қони келиб қолса: Ўша кунги рўзам бекор бўлди, деб ўйлайдилар. Бу – тўғри эмас. Эътибор, ҳайз қонининг қуёш ботишидан илгари келишигадир. Агар қон кун ботишидан илгари келган бўлса рўзаси бекор бўлади. Агар кун ботишидан бир дақиқа кейин келган бўлса, рўзаси раво бўлади ва рўзасининг қазосини тутиб бермайди.[1] Мен сизлардан хотинларни бу масъала ҳақида огоҳлантиришингизни сўрайман.
Рўзадорнинг кўзларига хоҳлаган сурмасини қўйиши (Имом Бухорий 2080), кўзи ва қулоқларига дори томчилатиши жоиздир. Бундай қилиш оқибатида, гарчи дорининг таъмини томоғида ҳис этсада, рўза очилмайди. Лекин, ичига кетиб қолмаслиги учун тутатқиларнинг тутунидан шимириб ҳидламаслиги керак.
Рўзадорнинг иссиқ ёки чанқоқлик машаққатини енгиллатиш учун сув, кийим ва бошқа нарсалар билан салқинлаши мумкин. Молик разияллоҳу анҳу айрим саҳобаларнинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорлик маҳалларида чанқаганлари ёки иссиқ сабабли бошларидан сув қуйганларини кўрдим» – деганларини ривоят қилган (Имом Аҳмад 16007, 22107; Абу Довуд 2018; Имом Молик 2577; Имом Шофиий «Муснад» 765, 766; Абдурраззоқ «Мусаннаф» 7509).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу кийимларини ҳўллаб, танасига ташлаб олди.
Рўзадорнинг оғзини ювар экан бурнига сув олиши, кундузнинг аввалида ёки охирида мисвок ишлатиши мумкин (Термизий 657). Зеро мисвок қилиш рўзадорга ҳам, рўза тутмаган одамга ҳам суннатдир (Имом Бухорий «Рўзадорнинг нам ёки қуруқ мисвок ишлатиши ҳақидаги боб»). Таҳорат асносида, намоз ўқишдан илгари ва уйқудан уйғонганида (Насоий 1298) ҳамда зарур бўлса, уйга илк кираётгани маҳал мисвок қилиниши керак (Имом Муслим 371, 372).
Ҳой мусулмонлар, рўзангизни ўз вақтида тутингиз ва уни ҳимоя қилингиз! Рўзангизда ғулув ва лоқайдликка берилмай, Аллоҳнинг ҳудудларидан айрилмангиз! Чунки Аллоҳнинг дини лоқайдлик ва ғулув ўртасидаги – мўътадил диндир. Бас, «Саҳарлик қилинглар! Чунки саҳарликда барака бордир!» (Имом Бухорий 1789; Имом Муслим 1835). «Саҳарликни (охирги пайтигача) кечиктиринглар! Саҳарликни кечиктириб қилиш афзалдир» (Имом Аҳмад 24230; Насоий 2129).
Аммо, субҳи содиқ ёйилган бўлишига қарамай еб, ичаверманглар! Субҳи содиқни кўрган маҳалингизда, таом тановулидан тўхтанглар! Қуёш ботиши биланоқ ифтор қилинглар! Оғзингизни очишга шошилинглар! «Чунки, одамлар модомики оғизларини очишга шошилар эканлар, яхшилик узра бўладилар» (Имом Бухорий 1821; Имом Муслим 1838). «Рутаб (ғўра) хурмо билан, агар у бўлмаса бошқа хурмо нави билан рўзангизни очинг. Агар хурмо бўлмаса сув билан очинг. Чунки сув – покловчидир» (Имом Аҳмад 12215, 15654, 17214; Термизий 632; Абу Довуд 1689, 2009; Доримий 1639). Агар у ҳам бўлмаса ҳалол бўлган ҳар қандай таом ва шароб билан рўзангизни очишингиз мумкин. Агар кун ботсаю сиз еб, ичадиган бирон нарса бўлмаган жойда бўлсангиз, рўзангизни очганингизни қалбингиз билан ният қилинг. Айрим одамлар айтгани ва омилар гумон қилганидек, бармоғингиз ёки кийимингизни сўрманг! Чунки, бундай қилиш фойда бермайди.
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳга итоатни тўкис қилингиз. Рамазон ойида эса тоат-ибодатни яна ҳам кўпроқ қилингиз! Аллоҳ таоло сизларга таъқиқлаган беҳуда ва бемаъни гаплардан йироқ турингиз! (Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар):
«Ёлғон сўз ва унга амал қилишдан воз кечмаган одамнинг таом ва шаробини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ» (Имом Бухорий 1770, 5597; Термизий 641);
«Биров сизни сўкса ёки сўкишмоқчи бўлса: Мен рўзадорман, денг ва уни тарк этинг!» (Имом Бухорий 1761; Имом Муслим 1994).
Намозларни масжидларда жамоат билан тўкис ўқингиз ва унга лоқайд бўлмангиз! Йўқса, намозларни зое қиласизлар! (Имом Муслим 1044; Насоий 841). Унутмангларки, сизлар зое қилган барча вазифалар ва қилганингиз барча ҳаромлар иймонингиз ва рўзангиздаги нуқсондир. Шунинг учун улардан Аллоҳга тавба қилинглар!
Радио ёки бошқа ерлардан чолғу асбобларининг куйларини эшитишдан сақланингиз! «Чунки, рўза – қалқондир!» (Имом Муслим 1943). Мусулмон тутган рўзаси воситасида гуноҳлардан сақланади ва жаҳаннамдан халос бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга (ҳам саноқли кунларда) рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).
Аллоҳим, биз Сендан гўзал исмларинг ва олий сифатларинг билан биз учун динимизни ҳимоя қилишингни тилаймиз! Аллоҳим, бизда динимизга бўлган рағбатни кучайтир ва динимизда бизларни устивор қил! Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганингдан кейин қалбларимизни оздирма! Ўз тарафингдан бизга раҳматлар ёғдир! Зеро Сен инъом этгувчи Зотсан!
Аллоҳим, банданг ва пайғамбаринг, сўнгги пайғамбар ва тақводорларнинг имоми бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан издош бўлганларга салавоту саломлар йўлла!
Иккинчи хутба
Аллоҳга эҳсонлари учун ҳамду санолар бўлсин! Мен Унга муваффақият ва марҳаматлар ато этгани учун шукроналар айтаман ҳамда «Ягона, илоҳлиги, роблиги ва салтанатида танҳо бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг эса ҳужжатлар билан мададланган, Аллоҳнинг жаннати ва розилигига чорлаган бандаси ва расули» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва ёрдамчиларига кўпдан кўп салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг …
Мен ҳозиргина уч кишининг икки хутба ўртасида намоз ўқиётганларини кўрдим. Бундай қилиш таъқиқланган. Чунки, масжидга янги кириб келган одамгина хутба қилинаётган пайтда ёки икки хутба ўртасида енгил қилиб намоз ўқиши мумкин. Агар (бундан бошқа одамнинг) намоз ўқиётганини кўрган бўлсангиз, унга бундай қилиш машруъ эмаслигини тушунтиришингиз ва бу ишдан қайтаришингиз керак. Бу ҳам амру маъруфга киради.
Дўстлар, ушбу рамазон ойи ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:
«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» (Бақара: 185).
Шунинг учун ҳам, биз бу муборак ойда Қуръон Каримни кўп тиловат қилишимиз керак. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисга кўра: «Жибрил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига тушар ва рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръонни ўргатар эди» (Имом Бухорий 5; Имом Муслим 4268). Шунинг учун ҳам, биз бу муборак ойда Қуръоннин кўп ўқишимиз керак. Қуръонни шошилмай, тафаккур билан ўқингиз! «Чунки Қуръон ўқишга моҳир бўлган одам ҳурматли элчилар – фаришталар билан бирга бўлади. Қуръонни ўқишда дудуланиб, қийналган одамга эса, ўқигани ва ўқишда қийналгани учун иккита ажр берилади» (Имом Бухорий 4556; Имом Муслим 1329).
Агар сажда оятларини ўқиган бўлсангиз, хоҳ кечаси, хоҳ кундузи ва қайси вақт бўлишидан қатъий назар, дарров сажда қилингиз: «Сажда қилганингизда такбир айтингиз ва намозда тасбиҳ айтганингиздек (саждада ҳам) тасбиҳ айтингиз» (Имом Бухорий 752; Имом Муслим 746) ва: «Аллоҳим, Сенга сажда қилдик ва Сенга иймон келтирдик …» - деб бу дуони охиригача айтингиз (Имом Муслим 1290). Сўнгра, такбир ва саломсиз бошингизни саждадан кўтарингиз. Намоздаги саждада эса бунинг аксидир: намозхон сажда қилганида ва саждадан бош кўтарганида такбир айтиши керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини тавсифлаган ровийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «ҳар кўтарилиш ва йиқилишда такбир айтганларини» ривоят қилганлар (Имом Бухорий 743; Имом Муслим 590, 593). Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда сажда оятини ўқигач, зудлик билан сажда қилганлари маълумдир.
Қуръонни таҳорат билан ўқинглар. Чунки Қуръонни таҳоратли ўқиш – афзалдир. Агар жунуб бўлсангизлар Қуръонни ғусл қилмагунча на мусҳафдан ва на ёддан ўқиманглар.
Ҳоизанинг эса эсидан чиқиб кетмаслиги боис Қуръондан ёд олиш учун ўқиши, мактабларда ўқиши ёки ўқитиши жоиздир. Унинг Қуръондан бўлган вирдларни кечаю кундуз ўқиши ҳам раводир. Бироқ, фақатгина тиловат ёки савоб умидида Қуръон ўқимаслиги авлодир. Чунки уламоларнинг ҳоизанинг Қуръон ўқишининг ҳаромлигига тааллуқли фарқли фикрлари бор. Уларнинг айримлари ҳоизанинг Қуръон ўқишининг мутлақ жоизлигини таъкидласалар, айримлари Қуръонни мутлақ ўқимаслиги тарафдоридирлар. Шундай экан, ҳоиза Қуръон ўқишга қачон эҳтиёжни ҳис этса ўқисин, эҳтиёжни ҳис этмаса, ушбу кучли ихтилофдан чиқиш учун, ўқимаслиги авлодир.
Қуръонни таҳоратсиз ушламанглар! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръонни пок одамларгина ушласин!» – деганлар (Имом Молик 419). Яъни, таҳоратсизликдан пок одамлар ушласин. Чунки таҳорат билан тавсифлаш таҳоратсизлик пайтида бўлади. Аллоҳ таоло таҳорат, ғусл ва таяммум оятини зикр қилар экан шундай деган:
«Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди» (Моида: 6).
Бу оят таҳоратсиз одамнинг пок эмаслигини кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъмин ҳақида «пок» сўзини эмас, иймон васфини ишлатгани, тақводор ҳақида эса «тақво» сўзини истеъмол қилганлари ривоят қилинган. Ҳа, (шундай).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўъмин – (нажас) ифлос бўлмайди» - дедилар (Имом Бухорий 274, 276; Имом Муслим: 556).
Бунинг маъноси: Мўъмин маънавий жиҳатдан ифлос бўлмайди, балки, пок бўлади, демакдир. Мўъмин – маънавий ифлос бўлган мушрикнинг аксидир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти далолат қилади:
«Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир, бас, (улар) бу йилдан сўнг Масжид-ал-Ҳаромга яқин келмасинлар! Агар сизлар (мушриклар ҳаж мавсумида Маккага келтирадиган озиқ-овқатлар ва бошқа нарсалар тўхтаб қолиши сабабли) камбағалликдан қўрқсангизлар, (билингки) яқинда (Аллоҳ) хоҳласа, Ўз фазлу карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 28).
Мушрикнинг ифлослиги – маънавийдир. Шунинг учун ҳам, уни нам қўлингиз билан ушласангиз қўлингиз ифлос бўлмайди. Ҳатто, таомингизни пишириб келса ҳам, таомингиз ифлос бўлиб қолмайди. Чунки, мушрикнинг ифлослиги – маънавийдир. Аллоҳ таолодан мамлакатимизни барча кофир ва мушриклардан тозалашини сўрайман!
Дўстлар, Қуръонни кўп ўқинглар! Чунки Қуръон ўқишга ажру савоб берилади. «У (Қуръон)нинг сиз ўқиётган ҳар бир ҳарфи учун ўнта савоб бор. Мен «Алиф, лом, мим – битта ҳарфдир» – деб айтмаяпман. Балки алиф – битта ҳарфдир, лом – битта ҳарфдир ва мим – битта ҳарфдир» (Термизий 2835). Аллоҳим, барча ҳамдлар, неъматлар, фазллар, эҳсонинг учун миннатлар, фазлу марҳаматингга муҳтож бўлган фақир бандаларингга ато этган эҳсонлар - Сенингдир! Беражак савобларинг нақадар кўп а!
Хусусан, Буюк, Карим ва Улуғ Роббимизнинг Каломини тиловат қилиш учун берилажак ажру савоблар нақадар кўп а!! Ҳолбуки, Аллоҳ таоло:
«Балки, У – Буюк Қуръондир» (Буруж: 21) деган.
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳнинг Каломини эъзозланглар ва уни кучларинг етганича хушуъ ва тавозеъ билан ўқиб, ундаги шаръий аҳкомлар, фойдали хабарлар, чиройли ҳикоялар ва катъий таъқиқларни синчиклаб ўрганинглар! Чунки Аллоҳ таоло шундай демоқда:
«Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ эътиқодлардан иборат нарсаларга шифо ва иймон келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан – мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир»» (Юнус: 57, 58).
Аллоҳим, эй оламлар Робби, бизларни Китобингни кечаю кундуз лойиқ бўлганидек тиловат қиладиган Қуръон шайдоларидан қил!
Дўстлар, бизга Унайзадаги (Саудия Арабистони) Вақфлар идорасидан ҳуфтон намозининг азони кун ботганидан кейин икки соат сўнгра айтилиши ҳақидаги муаззинларга тарқатилган буйруғи етиб келди. Бу кунларда қуёш тақрибан олти яримларда ботмоқда. Демак, ҳуфтон намозининг азони соат саккиз яримда айтилади. Вақф идораси томонидан бизга ҳам, бу масъалада раҳбар бўлган Вақф Ишлари Вазирининг қарорини, сизларга қайта уқтириш масъулияти юкланган. Зеро бу вазир давлат бошлиғининг шу соҳадаги ўринбосари ҳисобланади. Унинг қарори Илмий изланишлар ва Фатво бериш Доимий Қўмитасининг раиси муҳтарам шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Бознинг хитобига асослангандир. Шунинг учун ҳам мен шундай демоқчиман: Модомики (Аллоҳнинг шариатига кўра амал қилган) раҳбарлар томонидан бирон буйруқ ёки қарор келар экан, унга мўъмин ва мусулмон ўлароқ итоат этишимиз лозим. Чунки бу итоатимиз Аллоҳга бўлган итоатимизнинг бир бўлаги ҳисобланади. Зеро Аллоҳ таоло шундай деган:
«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз!» (Нисо: 59).
Сиз (Аллоҳнинг шариатини ижро этаётган) раҳбарингизга итоат этсангиз, бу билан Аллоҳнинг амрига итоат этган бўласиз. Бас, бу қарорга итоат этиш билан Аллоҳга яқин бўлишни ният қилингиз! Чунки, Аллоҳ сизларни шунга буюрди. Аллоҳ сизга буюрган барча нарса ибодат ва итоат, демакдир.
Ҳой дўстлар, мусулмон раҳбарларнинг амрларини ижро этиш билан Аллоҳга яқин бўлишни ният қилингиз! Чунки, бу ижро сизларни Аллоҳга яқинлаштиради. Агар мазкур раҳбарлар Аллоҳга осий бўлишга буюрсалар, уларнинг фармонларига итоат қилинмайди. Чунки Холиққа осий бўлишда махлуққа итоат этилмайди.
Ҳуфтон азонини шом азонидан икки соат кейин айтиш ҳақидаги қарор, Аллоҳга осий бўлишни ифодаламайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаларнинг бирида ҳуфтон намозини тун ўтиб кетгач ўқидилар ва: «Умматимга оғир бўлмаса, ҳуфтон намозининг вақти шудир» - дедилар (Имом Муслим 9, 10). Ушбу ҳадис ҳуфтон намозини, модомики бандага оғирлик қилмас экан, нақадар кечиктириб ўқилса, шунча яхши эканига далолат қилмоқда.
Дўстлар, бу ва бунга ўхшаш ишларда Аллоҳга итоат этиб, қулоқ беришимиз, Аллоҳнинг амрларига бўйинсунишимиз ҳамда биз ёқтирайлик ёки ёқтирмайлик, барча яхшилик Аллоҳга итоат қилишда эканини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон одам суйган ва суймаган нарсаларида, модомики гуноҳга чорланмас экан, (Аллоҳнинг шариатини ижро қилган амирларига) қулоқ бериб, итоат этиши шартдир» - деганлар (Имом Бухорий 6611; Имом Муслим 3423).
Аллоҳим, ҳой оламлар Робби, Сен бизларни амрингга итоатли ва розилигинг бўлган ишларга амал қилганлар қаторида қил!
Дўстлар, каломларнинг яхшироғи – Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – (дин ниқоби остида) янги пайдо бўлганлари, (дин ниқоби остида) янги пайдо бўлган ишлар – бидъат, ҳар бир бидъат – залолат ва барча залолат жаҳаннамга элтгувчи эканини унутманглар!
Жамоатдан айрилманглар! Чунки Аллоҳнинг қўли жамоат узрадир. Жамоатдан айрилган жаҳаннамда танҳо қолади!
Билингларки, Аллоҳ таоло сизларни бир нарсага буюриб, уни Ўзидан бошлади ва шундай деди:
«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).
Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар йўлла! Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар йўлла! Аллоҳим, уни умматлари номидан энг яхши мукофотлантирганинг пайғамбарлардан кўра яхшироқ тақдирла! Аллоҳим, бизга Уни зоҳиран ва ботинан суюш ва Унга издош бўлишни насиб айла! Аллоҳим, бизни Унинг миллатида вафот эттир! Аллоҳим, бизни Унинг шафоатига насиб эт ва Ҳавзидан сув ичишга муяссар айла! Аллоҳим, бизни У билан, Ўзинг инъомлар ато этган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар қаторида – неъматлар жаннатида бирга қил!
Аллоҳим, пайғамбарларга энг яхши издош бўлган Унинг халифалари Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алийлардан, пайғамбаримизнинг муҳтарама рафиқалари – мўъминларнинг оналаридан, барча саҳобаларидан ва уларга Қиёматгача яхши издош бўлган барчадан Ўзинг рози бўл! Аллоҳим, ҳой оламлар Робби, улар билан бирга биздан ҳам рози бўл ва ҳолатларимизни уларникини ислоҳ қилганингдек ислоҳ айла!
Аллоҳим, (Ислом шариатини ҳаётга татбиқ қилаётган) бизнинг ва барча мусулмонларнинг раҳбарларини Ўзинг ислоҳ айла! Аллоҳим, уларни неъматларингга шукроналар келтирадиганлардан қил ва уларнинг шукроналарини ўйин ва кулгу, рақс ва ҳуштакларнинг эмас, уларга юборадиган неъматларингнинг мўллигига сабаб қил! Аллоҳим, уларни неъматларингга интиқомингни даф қила оладиган даражада шукроналар келтиришларига муяссар айла! Аллоҳим, уларни интиқомингни даф қилиш асносида интиқомингни куй, рақс ва ҳуштаклар билан кутиб оладиган ўйинбоз ва маишатпарастлардан қилиб қўйма! Чунки бундай қилиш нонкўрликдир!
Аллоҳим, барча Оламлар Робби, Ер куррасининг чор атрофида Сенинг йўлингда курашаётганларга мадад бер! Аллоҳим, барча Оламлар Робби, Ер куррасининг чор атрофида Сенинг йўлингда курашаётганларга мадад бер!
Аллоҳим, биз Сендан мусулмонларга ёмонликни хоҳлаганларнинг ишларини бузишингни, режаларини ўзларининг ҳалокатларига сабабчи қилишингни, макрларини кўксиларига қайтаришингни, иттифоқ ва бирликларини парчалашингни, лашкарларини мағлуб этишингни, мусибатларини ўрталарига отишингни ҳамда жиноят халқлардан тўсилмайдиган мусибатларингни улар устига ташлашингни тилаймиз! Аллоҳим, уларни кўмаксиз ташла, хор қил ва Қиёматгача пешоналарига хорлик ва хўрликни ёз! Чунки, Сен барча нарсага Қодирсан!
Аллоҳнинг қуллари!
«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур. Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Наҳл: 90, 91).
(Аллоҳнинг бандалари), Буюк ва Азиз Аллоҳни ёдга олинглар Аллоҳ ҳам сизларни ёдга олади, неъматларига шукр қилинглар неъматларини мўл қилади.
«Аниқки Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётан ишларингизни билиб турур» (Анкабут: 45).
Манба: Ҳикмат Нури
[1] Бу масъаланинг тафсилоти учун хатибнинг «Рамазон суҳбатлари» китобининг «Олтинчи суҳбат»ига қаранг.

