PDF WORD

Рўза тутинглар, шояд тақволи бўларсиз!

Рўза тутинглар, шояд тақволи бўларсиз!

Асл сарлавҳа: صُومُوا لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

Хатиб: Шайх Солиҳ ибн Абдуллоҳ Ҳумайд, Масжидул Ҳаром имоми ва хатиби

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Сўнг …).

Ҳой одамлар, мен сизларга ва ўзимга Аллоҳдан тақво қилишни васият қиламан. Чунки иззат ва шараф тақвода, саодат ва олийлик эса тақводорлардадир.

Ҳой мусулмонлар, тақво туганмас бойлик, бебаҳо гавҳар, дунё ва охират яхшилигидир:

«Ва таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқиш – тақводир» (Бақара: 197).

Амалларнинг қабул бўлиши тақвога боғлиқдир:

«Аллоҳ тақводорлардангина амалларни қабул қилади» (Моида: 27).

Савоб ва мағфиратлар тақво учунгина ваъда қилинган:

«Ким Аллоҳдан қўрқса унинг ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва унинг ажр-мукофотини улуғ қилур» (Талоқ: 5).

Тақво аҳли охиратда ҳам, бу дунёда ҳам юксак мақомларда бўладилар:

«Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасас: 83).

Афсуски, кейинги вақтлар ва моддий асрларда одамлар қалбига ғафлат кийимлари кийдирилиб, кўзларини қалин пардалар тўсиб, тўғри йўлдан айрилдилар. Одамларнинг обрўлари ва салтанатлари ҳақида яхши гумонда бўлина бошлади. Натижада, уларнинг тасаввуридаги бахтиқаро – дунёси оз бўлган ва ризқи чекланган одам бўлиб қолди. Аллоҳга қасамки, бу ўта қаттиқ ғафлат ва ўлчовларни ҳеч ҳам билмасликдир:

«Сиз кўзларингиз (кофирлардан айрим) тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган — ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир. Аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билъакс) Ўзимиз сизга ризқ берурмиз. Оқибат-жаннат аҳли тақвоникидир» (Тоҳа: 131, 132).

Ҳа, азиз биродарлар, тақводорлар бу дунёда тоат ва ибодатлар, охиратда эса жаннатдаги юксак мақомлар билан севинган одамлардир.

Ҳой мусулмонлар, шунинг учун ҳам: «Сизларга муборакли ва шояд тақволи бўларсиз дея рўзаси фарз қилинган ой келди!» – дейилади.

Дўстлар, рўза тутишдан мақсад – Аллоҳ таолодан тақво қилишдир. Бу тақвода эса Аллоҳдан қўрқиш, Қуръонга амал қилиш, оз нарсага қаноат, охиратга тайёргарлик мужассам бўлиши шарт. Яъни, бу тақво чин тақво бўлиб, рўзадор гуноҳ қилиб қўйишдан қўрқиб нафсининг истакларидан воз кечади. Гарчи Исломнинг фарзлари, аҳкомлари, буйруқ ва таъқиқларининг барчаси тақво йўли бўлсада, рўза билан тақво ўртасидаги алоқа ўта ҳайратлидир.

Дўстлар, инсоннинг кўз, қулоқ, қўл, тил, қорин, таносил аъзоси ва қалбнинг ортида уларнинг пойдевори ва ҳокими туради.

Қалб ибодатни Аллоҳ учунгина қилса, Аллоҳга бўйинсунса, Аллоҳ учун ҳаракат қилса, Аллоҳга муножот қилиш билан таскин топса: ширкка қўл урмаса, бидъатлардан сақланса ва гуноҳлардан пок бўлса рўза тутган ва тақво қилган бўлади. Бундай қалб истак ва хоҳишни, гумон ва зулмни, адоват ва нафратни, гина ва ҳасадни, баҳс ва жанжални қабул қилмайди. Ҳолбуки, улар қалбни вайрон қиладиган, шахслар ва халқларни ҳалок қилган иллатлардан ҳисобланиб, тақволи қалб уларни рад этади, унинг тутган рўзаси эса улардан узоқлаштиради.

Рўзадорнинг қалби Аллоҳга қуллик билан бўйинсунади, итоат ва ижобат билан таслим бўлади, амр ва таъқиқларга мужассам бўлган шариатни ижро этишга берилади. Бу қуллик Аллоҳ учун холис бўлиб, уни на шаҳват ва на шубҳа оғдира олади. Хавфсизлик ва тамаъгирлик унга таъсирини ўтказа олмайди. Чунки унинг қалби – кучли ва тақволи қалб бўлиб, ўқиган намози, тутган рўзаси, қилган ибодатлари, қўйингки, ҳаёти ва мамоти Аллоҳ учунгина бўлади. Чунки, «Ким рамазон (рўзаси)ни иймон ва савоб умидида тутса унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади».

Қалб тузалса узвлар ҳам тузалиб, Аллоҳга лойиқ бўлганидек итоат этади, гуноҳлардан тийилади. Ошқозонга бирон нарса тушмайди. Чунки Аллоҳ учун ейиш ва ичишдан воз кечиш – нафсни истаклардан тўсадиган олий тақво, Роббисининг амрларини маҳкам ушлаб, қайтариқларидан воз кечадиган мустаҳкам иродадир.

Узвларини ёмонлик ва озор беришдан тўсиш учун танасини озиқ оғирлигидан маҳрум қилган одам, ҳидоятда ва тақво узрадир. Ҳолбуки, оз ейиш шаҳватни сусайтириб, шайтон васвасаларидан йироқлаштиради. Маълумки, шайтон одам фарзандининг қон томирларида юради.

Тўймай овқатланиш узвларга ибодат қилишни осон қилади, қалбни юмшатади, кўз ёшларини оқизади ва шайтонни қувади. Аллоҳ динингизни ҳимоя қилиб, тақвойингизни зиёда қилсин, анави заиф инсонлардаги масхаромуз ҳаракатларга бир нигоҳ ташланг: улар кундузлари оч юриб, кечалари қоринларини тўйдирадилар. Улар жўшган лаззат олдида мағлуб бўлиб, қутурган шаҳватларга асир бўлмоқдалар. Айтингчи, ширин таомлар ва турфа дастурхонлар билан тақво амалга ошадими? Уларнинг озгина қисмигина очларни тўйдириб, кам даромадли оилаларга ёрдам қўлини узатади. Ҳа, уларнинг озгинасигина кўз ёшларини артиб, мушкилларни аритади. Хўш, у бериб тақво ҳосил қилдими ёки қандай қилиб берди?!! Берар экан нимадан қўрқди?!! Айтингчи, рамазонни исрофга айлантириб, ўз мақсадидан йироқлаштирган ким?!! Улар – рўза тутиб очлик ва томирлари тоқат қила олмайдиган даражадаги ташналикдан бошқа нарсани мукофот қилиб олмаган бечоралардир!!

Бундай масхарабозларда қандай тақво ва қандай мужодала ҳисси бўлиши мумкин?!! Улар – иродалари қоринларининг очлиги олдида сўнган, қоринни ўта тўйдириш бағритошликни келтириб чиқариб меҳрсиз қилган ва ялқовга айланган инсонлардир!!

Ҳой овқат еб, кийим кийишдан нарига ўтмаган, қийматлар жанггида бир неча лаҳзаларгагина чидай олган инсонлар, сизлар ўтираверинглар! Чунки сизлар тақводорлар иззатини яшай олмайсизлар, шаҳидлар ва Аллоҳ йўлида курашаётганлар мақомига эриша олмайсизлар!!

Аллоҳу акбар! Рўза тақвони синаш ва мусулмон ейиш ва ичишини Аллоҳ розилиги учун тарк қилиши учунгина фарз қилинди: «(Аллоҳ таоло айтди): Рўза Мен учундир ва Мен ўзим уни тақдирлайман!»

Бу масъаланинг қоринга тааллуқли қисми бўлса, бош ва у ичига олган нарсалар ҳақида нима дейишимиз мумкин?! Биров ёлғон гапиришдан тўхтамаса ва ёлғон ишларни қилиб юрса қандай рўза тутган ва қандай тақволи бўлган бўлади?!! Унинг тутган рўзасидан олган «мукофоти» очлик ва ташналик, тунги ибодатларидан олган насибаси эса бедорликдан бошқа нарса бўлмайди. Унинг қулоғи ва кўзларидаги тақво қаерда?! Беҳуда ишлар, мишмишлар, мусиқа товушлари, ҳаёсиз расмлар, шаҳвоний ҳикоялар, кундузлари уйқу, тунлари беҳуда нарсалар билан бедорлик, хунук ишлар, ёмон муомалалар, масъулиятсизлик, кўнгил очиш учун саъю ҳаракат, жиддий ҳаёт ва ибодат учун эса танбаллик …

Биродарлар! Сизларнинг бу ойингиз тақво ойи бўлиб, нафсни сарҳисоб қилиш мавсуми ва рақобатнинг кенг майдонидир. Бу ойда нафслар ичкаридан тозаланади, қалблар холиқига яқинлашади, жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар занжирбанд қилинади, эзгулик ва савоб омиллари кўпаяди.

Бу ой – раҳмат, мағфират ва жаҳаннамдан қутилиш ойидир. Шундай экан, ибодатларга берилинг, тақводан озиқланинг, жаннат уфорида жавлон уринг, ибодатларга бел боғланг!

Тақволи рўзадорлар мудом рўза тутадилар, намоз ўқийдилар, Қуръонни тиловат қиладилар, зикр қиладилар, қариндошлари билан алоқада бўладилар, эҳсон қиладилар, солиҳ амалларга муккасидан кетадилар. Шундай экан, ҳаётингиз давомида яхшиликларни изланг, Роббингизнинг марҳаматидан қуруқ қолманг! Чунки, сизларнинг яхшироғингиз умри узоқ ва амллари солиҳ бўлганингиз, бадбахтингиз эса умри узоқ ва қилган амаллари ёмон бўлганингиздир!

Ҳой рўзадор тақволилар! Қариндош ва қўшниларингиз ичидаги бечораҳол ва биродарларингиз ичидаги ғариб инсонларни топиб, уларга иона ва ёрдам қилиш, қалбларига қувонч киритиш, Роббингизнинг сизларга берган ризқида уларни ҳам ўртоқ қилишни унутманг! Очларнинг очлиги, муҳтожларнинг муҳтожлиги, жабрдийдаларнинг мусибатлари, муҳожирларнинг ғурбати ва қийинчиликларини ёддан чиқарманг!

Тақво ва сарҳисоб ойида сўроқланглар: Ўзи тўқ ётиб, атрофи очларга тўлган ва уларнинг ҳолидан хабар олмаган одам рўза тутган ҳисобланадими?!! Атрофида мусибатланган мўъмин қалблар бўлсада, кучи ета туриб уларнинг қалбига сурур кирита олмаган одам бу ойнинг ҳаққини берган бўладими?!!

Ҳой мусулмонлар, рўзани лойиқ бўлганидек тутинглар, шояд тақволи бўларсизлар! Ким Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ у билан биргадир! Аллоҳ бирга бўлган банда билан эса мағлуб бўлмайдиган жамоат, ухламайдиган соқчи ва адашмайдиган йўл кўрсатувчи бўлади. Ҳой Аллоҳнинг бандаси, Аллоҳ сен билан бирга экан кимдан қўрқасан?! Аллоҳ сенинг устингда экан, кимдан умид қиласан!!

Аузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм.

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 183 – 185).

Иккинчи хутба

Рўзани қалқон ва жаннат сари элтувчи омил қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Мен Аллоҳга ҳамду санолар йўллаб, шукроналар айтаман. Чунки У энг яхши йўл ва энг мустаҳкам суннатга бизни йўллади. Мен: «Шериксиз, ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, саййидимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эса Унинг бандаси ва Расули бўлиб, уни бизга Ўз тарафидан марҳамат ва лутф қилиб юборган» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи, саҳобалари, тобиинлар ва уларга яхшилик билан Қиёмат кунигача издош бўлганларга салавот, салом ва баракалар йўлла!

Сўнг …

Ҳой одамлар, Аллоҳдан тақво қилинглар! Чунки ойлар, йиллар, кечалар ва кундузлар амал маҳали ва ажал онлари ҳисобланиб, тез ўтиб кетади ва тез тугайди. Улар Аллоҳнинг кунлари бўлиб, уларни Аллоҳ яратган, вужудга келтирган, айримларини бошқалардан кўра фазилатли қилган. Қайси кун бўлмасин бандаларнинг Аллоҳ учун қилишлари керак бўлган итоат вазифаси ва латиф шаббодаси борки, у Аллоҳ хоҳлаган бандага Аллоҳнинг фазлу марҳаматини олиб боради. Ҳолбуки, Аллоҳ раҳмли ва мағфират қилгувчи Зотдир.

Олдингизда буюк ой, фазилатли кун ва шарофатли тунлар бор. Уларни яхши ўтказингиз, амал қилиш учун белларни маҳкам боғлангиз! Сизнинг салафингиз бу ойда ортиқча овқат ва ичимликлар учун эмас, балки, тоат-ибодат, эҳсон ва саховат учун тайёргарлик кўришар эди. Улар Роббилари ҳузурида обид ва итоатгўй, дўстлари олдида сахий ва жўмард эдилар. Бу бобдаги ўрнак – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. У, рамазон ойида бошқа ойлардагидан кўра ўта жўмардга айланар, бошқа ойларда тиришмаган нарсаларига бу ойда қаттиқ ғайрат кўрсатар: бу ойнинг тунларини ибодатлар билан бедор ўтказар, оиласини уйғотар, жинсий муошаратдан йироқ турарди. Мана шу – тақво йўлидир. Мана шу – кутиб олиш тараддудидир. Шундай экан, сизлар амал ва эҳсон қилинглар ва қилган амалларингиз ортидан келажак савоблар билан қувонинглар!

Манба: Ҳикмат Нури

Фикр билдиринг