PDF WORD

Рамазон рўзасини тутиш вожиблиги ҳақидаги ҳадислар

Рамазон рўзасини тутиш вожиблиги, рўза тутиш фазилати ва шунга боғлиқ масалаларнинг баёни ҳақидаги боб

﴿ باب وجوب صوم رمضان وبيان فضل الصيام وما يتعلق به﴾

من كتاب رياض الصالحين

Абу Абдураҳмон Насафий – أبو عبد الرحمن النسفي

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على نبينا محمد و على آله و أصحابه و من تبعهم بإحسان إلى يوم الدين.

Азиз ва муҳтарам мусулмон биродарлар. Ушбу муборак ойда Аллоҳ таъоло ажру-савобларни жуда мўл-кўл қилиб беради. Унда эзгулик истовчи ҳар бир киши учун яхшилик эшиклари очилади. Бу ой хайру-баракотлар ойи бўлиб, унинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзах азобидан озод қилишдир. Яна бу ойда солиҳ амаллар кўп бўлганлиги ва амал қилувчи кишиларни тарғиб қилиш учун Жаннат эшиклари очилиб, гуноҳкор мусулмонлар кам бўлгани учун Дўзах эшиклари беркитилади ва Шайтонлар занжирбанд қилиб қўйилади. Араб тилида (савм ёки сиём) сўзлари тийилиш маъносини англатиб, унинг шаръий маъноси – бомдод вақти киришидан (яъни фажри содиқдан) то қуёш ботгунча холис Аллоҳ учун ейиш-ичиш ва жинсий алоқа қилишдан тийилиш билан унга ибодат қилиш дегани. Инсон ушбу нарсалардан фақат урф-одат ёки бадан соғлиги учун тийиладиган бўлса, у ибодат ҳисобланмайди. Рамазон ойи эса қамарий ҳисоб бўйича тўққизинчи ой бўлиб, Шаъбон ва Шаввол ойлари орасида жойлашган. Бу ой рўзасини тутиш янги ойни кўриш билан бошланиб, Шавволнинг янги ойини кўриш билан якунланади. Агар янги ойни кўришдан булут ва чанг-тўзон каби нарсалар ман қилса, унда Шаъбон ойини тўлиқ (яъни ўттиз кун) қилиш билан рўза тутиб бошланади. Муаллиф роҳимаҳуллоҳ бу бобни ушбу ояти-карима билан бошлайдилар:

قال الله تعالى: « يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمْ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلى الَّذينَ مِنْ قَبْلِكُمْ « إلى قوله تعالى: « شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدىً لِلنَّاسِ، وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ، وَمَنْ كَانَ مَرِيضاً، أَوْ عَلى سَفَرٍ، فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ « الآية 183-185 من سورة البقرة.

Аллоҳ таъоло рўза ва унинг фарз қилиниши ҳақида шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ . أَيَّامًا مَعْدُودَاتٍ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ (سورة البقرة: 183-184)

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир» (Бақара: 183-184).

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ (سورة البقرة: 185)

«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185.).

وأما الأحاديث فقد تقدمت في الباب الذي قبله.

Бу бобга тегишли ҳадислар эса юқориги бобда зикр қилинди. Шунинг учун рўзанинг фарзлиги ва унинг ислом рукнларидан бири эканига далолат қиладиган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадислари билан кифояланамиз.

عن ابن عمر، رضي الله عنهما، أن رسول الله، صلى الله عليه وسلم، قال: بني الإسلام على خمسٍ: شهادة أن لا إله إلا الله، وأن محمداً عبده ورسوله، وإقام الصلاة؛ وإيتاء الزكاة، وحج البيت، وصوم رمضان متفقٌ عليه.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом бешта рукн устига қурилган; Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закот бериш, Каъбага бориб, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», – деган эканлар (Муттафақун алайҳ).

وعن أبي هريرة رضي الله عنه، قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: قال الله عز وجل: كل عمل ابن آدم له إلا الصيام، فإنه لي وأنا أجزي به. والصيام جنةٌ؛ فإذا كان يوم صوم أحدكم فلا يرفُث ولا يصخُب، فإن سابه أحدٌ أو قاتله، فليقل: إني صائمٌ. والذي نفس محمدٍ بيده لخلوف فم الصائم أطيب عند الله من ريح المسك. للصائم فرحتان يفرحهما: إذا أفطر فرح بفطره، وإذا لقي ربه فرح بصومه متفقٌ عليه.

وهذا لفظ رواية البخاري. وفي روايةٍ له: يترك طعامه، وشرابه، وشهوته، من أجلي، الصيام لي وأنا أجزي به، والحسنة بعشر أمثالها.

وفي روايةٍ لمسلمٍ: كل عمل ابن آدم يضاعف: الحسنة بعشر أمثالها إلى سبعمائة ضعفٍ. قال الله تعالى: إلا الصوم فإنه لي وأنا أجزي به: يدع شهوته وطعامه من أجلي. للصائم فرحتان: فرحةٌ عند فطره، وفرحةٌ عند لقاء ربه. ولخلوف فيه أطيب عند الله من ريح المسك.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Одам боласи қилган барча амал ўзи учун. Рўза эса бундан мустасно, чунки у мен учун ва унинг мукофотини ўзим бераман», -дейди. Рўза қалқондир; агар биронталарингизнинг рўза тутадиган куни келиб қолса, сўкинмасин, шовқин-сурон қилмасин. Агар биров уни сўкса ёки у билан уришса, «Мен рўзадорман», -десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки рўзадор оғзидаги бадбўй ҳид Аллоҳ ҳузурида миск ҳидидан кўра хушбўйроқдир. Рўзадорнинг икки хурсандчилиги бор: оғиз очганда оғиз очганлиги билан хурсанд бўлса, Парвардигори билан учрашганда рўзаси билан хурсанд бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Бу ривоят имом Бухорий ривоятларидан бири. Бошқа бир ривоятларида: «Мен учун егулик-ичкилиги ва шаҳватини тарк қилади. Рўза мен учун ва унинг мукофотини мен бераман. Ваҳоланки битта ҳасана ўн баробар қилиб берилади», – дейилган экан. Имом Муслим ривоятида эса: «Одам фарзандининг барча амали бир неча марта зиёда қилинади, битта ҳасана ўн баробардан етти юз баробаргача зиёда қилинади. Аллоҳ таъоло айтадики: Рўза булардан мустасно, чунки у мен учун ва унинг мукофотини ўзим бераман. Чунки у таоми ва шаҳватини мен учун тарк қилади. Рўзадорнинг икки хурсандчилиги бор: бири оғиз очганда, иккинчиси Парвардигори билан учрашганда. Унинг оғзидаги бадбўй ҳид Аллоҳ ҳузурида миск ҳидидан кўра хушбўйроқдир», – дейилади.

Шарҳ: Аллоҳ таъоло рўза ибодатини бошқа барча ибодатлар орасидан ўзига хослаб олган экан. Рўза мутлақо ибодатларнинг энг буюги, чунки у банда билан Аллоҳ таъоло ўртасидаги сир ҳисобланади. Сиз одамлар орасидаги рўза тутган кишига боқингчи, уни рўза тутган ёки тутмаганини аниқлай оласизми?! Йўқ, албатта, чунки унинг нияти бизга номаълум. Рўзадор одамлардан холи жойда бўлса ҳам, рўза орқали ҳаром қилинган нарсаларни тановул қилмайди, Аллоҳнинг азобидан қўрқиб ва унинг ажру-савобларини умид қилиб, уларни тарк қилади, чунки у хилватда ҳам ундан хабардор Парвардигори бор эканини ва ўша зот бу нарсаларни унга ҳаром қилганини билади. Бу улуғ ибодатдаги ихлос ўта катта бўлгани учун ҳам Аллоҳ таъоло уни бошқа барча ибодатлар орасидан ўзига хослаб олган экан. Уламолардан Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ айтишларича: «Қиёмат куни Аллоҳ таъоло бандасини ҳисоб-китоб қилиб, унинг зиммасидаги ўзгаларнинг ҳақларини қилган барча амалларидан олиб берар экан, тойинки рўзадан бошқа амал қолмагач, қолган ҳақларни Аллоҳ ўз зиммасига олиб, уни тутган рўзаси билан Жаннатга киргизар экан». Демак, рўзадан бирон кишининг ҳақи олинмас экан, чунки рўза Аллоҳ таъоло учун хос ибодат бўлиб, унда бирон кимсанинг ҳақи йўқ экан.

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки сабр уч хил бўлади:

1. Аллоҳ таъолонинг тоатига сабр қилиш.

2. Аллоҳ таъолога маъсият қилишдан сабр қилиш.

3. Аллоҳ таъолонинг қазойи-қадарига сабр қилиш.

Рўза эса сабрнинг мана шу уч турини ўз ичига олгани учун унинг ажру-савоби ҳисоб-китобсиз берилиб, у сабрли кимсалар сафидан жой олар экан. Аллоҳ таъоло сабрли кимсалар ҳақида ўз китобида: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз, тўла-тўкис қилиб берилур» (Зумар: 10), – деб марҳамат қилади.

Энди рўзадорнинг Аллоҳ таъолонинг тоатига сабр қилишига келсак, чунки у баъзида рўзани ёқтирмаслигига қарамасдан ўзини бу ибодатни тўла-тўкис адо қилишга ундайди. Лекин унинг бу ёқтирмаслиги рўзадаги машаққат сабабли бўлади, Аллоҳ фарз қилганлиги учун эмас, чунки Аллоҳ фарз қилганлиги учун ёқтирмайдиган бўлса, унинг қилган амаллари бекор бўлиб, куйиб кетади. Шу машаққатларга қарамасдан ейиш-ичиш ва жинсий алоқадан ўзини тийишлик билан бу ибодатни комил бажаришга ҳаракат қилади. Шу боис Аллоҳ таъоло унинг бу амалини мақтаб, ҳадиси қудсийда: «Мен учун егулик-ичкилиги ва шаҳватини тарк қилади», – дейди.

Рўзадорнинг Аллоҳ таъолога маъсият қилишдан сабр қилишига келсак, бу рўзадор учун бўлиб турган нарса, чунки у Аллоҳга исён қилмаслик учун ўзини уриш, сўкиш, ёлғон гапириш ва беҳуда гап-сўзлардан тияди.

Сабрнинг учинчи хили бўлмиш Аллоҳ таъолонинг қазойи-қадарига сабр қилишликнинг маъноси шуки: инсонни рўза кунларида хусусан иссиқ ва узун кунларда малолланиш, эриниш ва чанқаш каби унга озор берадиган ҳолатлар қамраб олади. Шуларга қарамасдан рўзадор рўзасини Аллоҳ розилигини истаб тутганлиги учун бу ҳолатларга сабр қилади.

Аллоҳ таъоло рўза ҳақида: «… унинг мукофотини ўзим бераман …» деб, бизга унинг мукофотини фақат ўзигина беражагини билдирди. Чунки солиҳ амалларнинг ажру-савоблари адад билан орттириб зиёда қилинади, битта ҳасана ўн баробардан етти юз баробаргача орттириб зиёда қилинади. Аммо рўзанинг мукофотини эса, ҳеч қандай ададни эътиборга олмасдан Аллоҳ ўзи беражагини хабар қилди, ваҳоланки у энг сахий зот бўлиб, бериладиган атонинг миқдори уни берувчи зотнинг мартабасига қараб бўлади. Бундан келиб чиқадики рўзанинг ажру-мукофоти беҳисоб катта бўлади.

Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўза қалқондир», – дедилар, чунки у рўзадорни сўкиниш ва беҳуда сўзлардан сақлайди. Шунинг учун ҳам ҳадисда: «… агар биронталарингизнинг рўза тутадиган куни келиб қолса, сўкинмасин, шовқин-сурон қилмасин», -дейилган. Шу билан бирга рўза ўз соҳибини Дўзахдан сақлайди; имом Аҳмад ҳасан иснод билан ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида: «Рўза банда у билан Дўзахдан сақланадиган қалқондир», – дейилади.

Рўзадор оғзидаги бадбўй ҳид Аллоҳ ҳузурида миск ҳидидан кўра хушбўйроқдир. Чунки бу ҳид рўза ибодатидан келиб чиққанлиги сабабли Аллоҳ учун суюкли ва хушбўй саналади.

Рўзадорнинг иккита хурсандчилиги бор. Бири оғиз очганда, иккинчиси Парвардигори билан учрашганда. Оғиз очганда энг солиҳ амаллардан бўлмиш рўза ибодатини тўла-тўкис бажаришга Аллоҳ уни муваффақ қилганлиги билан суюнади, зеро қанча-қанча кишилар бу улуғ ибодатни адо этишдан маҳрум бўлишгани кўпчилигимизга маълум. Шунингдек рўзадор ҳолида унга ҳаром қилинган ейиш, ичиш каби нарсаларни оғиз очгандан сўнг ҳалол қилганлиги билан хурсанд бўлади. Парвардигори билан учрашгандаги хурсандчилигининг боиси қиёмат куни ажрга энг муҳтож бўлиб турган чоғда Аллоҳ таъоло ҳузурида рўзасининг ажрини бекаму-кўст, тўлиғича олган вақтда тутган рўзаси билан хурсанд бўлади.

Яна бу ҳадисдаги рўзадорга бўлган йўл-йўриқлардан бири: агар бирон киши уни сўкса ёки у билан жанжаллашса, сўкинмасдан, шовқин-сурон қилмасдан: «Мен рўзадорман», – деб жавоб беришлигидир. Ушбу жавоби билан ўчини олишдан ожиз эмаслиги, балки рўзани эҳтиром қилётганига ишора қилади ва бу билан ўртадаги жанжал ва сўкинишларга барҳам берилади. Аллоҳ таъоло айтадики: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса жонажон дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан даф қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» (Фуссилат: 34-35).

Шундай экан бу улуғ ибодатни адо қилаётган пайтда ниятларимизни Аллоҳ учун холис қилиш ва амалларимизни риёкорликдан асрашга катта аҳамият бериб, амалларимизга путур етказадиган нарсаларни олдини олишимиз керак бўлади.

وعنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: من أنفق زوجين في سبيل الله نودي من أبواب الجنة: يا عبد الله هذا خيرٌ، فمن كان من أهل الصلاة دعي من باب الصلاة، ومن كان من أهل الجهاد دعي من باب الجهاد، ومن كان من أهل الصيام دعي من باب الريان، ومن كان من أهل الصدقة دعي من باب الصدقة قال أبو بكرٍ، رضي الله عنه: بأبي أنت وأمي يا رسول الله ! ما على من دعي من تلك الأبواب من ضرورةٍ، فهل يدعى أحدٌ من تلك الأبواب كلها ؟ قال: نعم وأرجو أن تكون منهم. متفقٌ عليه.

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: «Ким Аллоҳ йўлида бир жуфт бир хил мол нафақа қилса, Жаннат эшикларидан: «Эй Аллоҳнинг бандаси, сенга бу ерда яхшилик бор», – деб чақирилади. Ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан чақирилади. Ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан чақирилади. Ким рўза аҳлидан бўлса, Райён эшигидан чақирилади. Ким садақа аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади». Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин! Ушбу эшиклардан чақирилган кишининг бошқа эшикларга эҳтиёжи йўқ-ку, бирор киши ўша эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими!?» – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, сиз ўшалардан бўлишингизни умид қиламан», – дедилар (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган (في سبيل الله  - фий сабийлиллаҳ) яъни, Аллоҳ йўлида-деган иборанинг маъносида уламолар ихтилоф қилишиб, баъзилари: унинг маъноси-жиҳод дейишган бўлса, яна бошқалари: маъноси-ундан кўра умумийроқ дейишган экан. (أنفق زوجين  - анфақа завжайни) иборасининг маъноси молнинг ҳар қандай туридан иккита бир хил нарсани инфоқ–эҳсон қилиш дегани. Масалан: икки туя, ё икки от, ё икки динор, ёки икки дирҳам ва ҳоказо. Ҳадисдаги: (هَذَا خَيْر) иборасидаги хайр калимаси араб тили қоидаларида истеъмол қилинадиган исми тафзил маъносида эмас, балки: бу яхшиликлардан бири деган маънода келган экан. Ва ундаги танвин шу нарсани жуда улуғ эканини билдириш учун истеъмол қилиниб, бу билан гапдан кўзланган мақсад келиб чиқади.[1] (Ҳаза хайр) иборасини баъзилар: «Сенга бу ерда яхшилик, савоб ва роҳат-фароғат бор», – деган маънода дейишган бўлса, бошқалар: «Бу эшикнинг ажри ва роҳати кўплиги туфайли сенга бошқа эшиклардан кўра яхшироқ деб ўйлаймиз, шунинг учун шу эшикдан кир», – деган маънода дейишган экан. Уламолар айтишларича: «Ким қайси бир амал ёки ибодатни кўпроқ қилиб танилган бўлса, ўша амал ёки ибодатга тегишли эшикдан чақирилар экан». Масалан: фарз намозларни адо этиб, нафл намозларни жуда кўп ўқийдиган киши намозга тегишли эшикдан, кўп рўза тутиш билан танилган киши ундан рўзадорларгина кирадиган Райён номли эшикдан чақирилар экан ва ҳоказо. Бу эшик Райён деб аталишининг боиси унинг араб тилидаги (ар-рий) яъни чанқоқни босиш ва сувга қониш маъносидаги феъл негизидан олиниб ясалганлигидир. Бу маънонинг иссиқ кунларда рўза сабабли ташна бўлган кишининг тезда чанқоғи босилишига бўлган алоқаси яққол кўриниб турибди.[2] Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ тарзда ривоят қилган ҳадисда Жаннатнинг бу эшикларига чорловчилар Жаннат хазиначилари эканлигига очиқ-ойдин далил бор.

Ҳадисдаги Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: “مَا عَلَى مَنْ دُعِيَ مِنْ هَذِهِ الْأَبْوَابِ مِنْ ضَرُورَةٍ”, – деган сўзларининг маъноси: «Бу эшикларнинг биридан чақирилган киши Жаннатга киришлик билан мақсадига эришганлиги учун бошқа эшиклардан чақирилишига эҳтиёжи йўқ-ку!» – дегани. Бу услуб у кишининг: «Бирор киши ушбу эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими?» – деган гаплари учун гўёки муқаддима эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бу саволга: «Ҳа, сиз ўшалардан бири бўлишингизни умид қиламан», – дедилар. Аллоҳ ва унинг пайғамбари тарафидан қилинган умид эса рўёбга чиқишлиги муҳаққақ бўлиб, бу ҳадис Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фазилатларига далолат қиладиган ҳадислар қаторидан ўрин олар экан. Ибн Ҳиббон Ибн Аббос розияллоҳу анҳумадан ривоят қилган ҳадисда бу ҳолат Абу Бакр розияллоҳу анҳу учун ҳақиқатдан содир бўлиши очиқ айтилиб: «Ҳа, эй Абу Бакр ўша киши сенсан», – деган эканлар.[3]

Муҳтарам мусулмонлар, шундай экан, ушбу муборак Рамазон ойида барчамиз енг шимариб, Қуръон тиловати, зикр, намоз ва садақаю-эҳсон каби эзгу-амалларни Аллоҳ азза ва жалла розилиги учун адо қилишга ҳаракат қилайлик. Рўзадор ҳолимизда бир кунда бир марта қорни тўйиб, овқат емайдиган бева-бечоралар ва етим-есирларнинг ачинарли ҳолатларини кўз ўнгимизга келтириб, уларга Аллоҳ таъоло ўз фазли-карами билан бизларга инъом қилган молу-дунёмиздан имкон борича эҳсон қилиб, уларни сийлайлик, шоядки Аллоҳ таъоло молу-дунё ва бола-чақанинг фойдаси тегмайдиган кунда бизларга раҳм қилса.

وعن سهل بن سعدٍ رضي الله عنه عن النبي، صلى الله عليه وسلم، قال: إن في الجنة باباً يقال له: الريان، يدخل منه الصائمون يوم القيامة، لا يدخل منه أحدٌ غيرهم، يقال: أين الصائمون ؟ فيقومون لا يدخل منه أحدٌ غيرهم، فإذا دخلوا أغلق فلم يدخل منه أحدٌ متفقٌ عليه.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатда Райён деб аталадиган бир эшик бўлиб, ундан қиёмат куни рўзадорлар кирадилар. Ундан рўзадорлардан бошқа ҳеч ким кирмайди. «Рўзадорлар қани?» – дейилганда улар ўринларидан турадилар. У эшикдан улардан ўзга ҳеч ким кирмайди. Киришгандан сўнг эшик беркитилиб, ундан бошқа бирон киши кирмайди», – деган эканлар (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ: Ушбу ҳадис ҳам рўзадорлар фазилатига далолат қилиб, олдин айтиб ўтганимиздек уларнинг Жаннатдаги Райён деб номланадиган ва ўз номи билан рўзадорларнинг тезда чанқоғлари босилишига ишора қиладиган бир улуғ эшикдан киришларини баён қилмоқда. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолодан бизларни ушбу эшикдан чорланиб, ундан киришимизни насиб этишини сўраймиз.

وعن أبي سعيدٍ الخدري، رضي الله عنه، قال: قال رسول الله، صلى الله عليه وسلم: ما من عبدٍ يصوم يوماً في سبيل الله إلا باعد الله بذلك اليوم وجهه عن النار سبعين خريفاً متفقٌ عليه.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини Дўзахдан етмиш йил узоқлаштиради», – деган эканлар (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Аллоҳ таъолонинг розилигини истаб рўза тутиш фазилати зикр қилиниб, унинг фазилати ушбу рўза билан зарар кўрмайдиган, у сабабли ўзгалар ҳақини суистеъмол қилмайдиган ва унинг муҳим вазифаларига путур етказмайдиган кишига тааллуқли экан. Ушбу ҳадисда рўзадор юзини Дўзахдан узоқ қилиниши билан уни Дўзахдан узоқлаштирилиб, ундан саломат сақланишига ишора қилинмоқда. Ҳадисдаги «харийфан» лафзи йил маъносида истеъмол қилинган.[4]

وعن أبي هريرة، رضي الله عنه، عن النبي، صلى الله عليه وسلم، قال: من صام رمضان إيماناً واحتساباً، غفر له ما تقدم من ذنبه متفقٌ عليه.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон келтириб ва ажр истаб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», – деган эканлар (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф Рамазон рўзасини тутишлик фазилатига далолат қилади. Ва ундаги иймондан мурод Рамазон рўзасини тутиш фарз деб эътиқод қилиш. Эҳтисобдан мурод Аллоҳ таъолодан савоб исташ. Хаттобий роҳимаҳуллоҳ: «Эҳтисобнинг маъноси азму-қарор, яъни, рўза савобини истаб, бу билан кўнгли хушнуд бўлиб, рўзадан малолланмай ва рўза кунларини узоқ санамай рўза тутиш», – деган эканлар. Ҳадисдаги  «гуноҳлари» деган сўз барча гуноҳларни ўз ичига олади, лекин кўпчилик уламолар наздида у муайян гуноҳлар билан хосланган.[5]

وعنه، رضي الله عنه، أن رسول الله، صلى الله عليه وسلم، قال: إذا جاء رمضان، فتحت أبواب الجنة، وغلقت أبواب النار، وصفدت الشياطين متفقٌ عليه.

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар Рамазон келса, Жаннат эшиклари очилади, Дўзах эшиклари беркитилади ва шайтонлар кишанланади», – деган эканлар (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ: Ҳалиймий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Шайтонлардан мақсад кимлар эканлигида икки эҳтимол бор:

1. Шайтонлардан мақсад ваҳийга қулоқ тутиб, гап ўғирлайдиган шайтонлар бўлиб, улар Рамазон кунларида эмас, балки унинг кечаларида кишанланадилар, чунки улар Қуръон нозил бўлаётган вақтда ваҳийга қулоқ тутиб, гап ўғирлашдан ман қилинган эдилар, шу боис ваҳийни сақлаш учун яна ҳам кишанлари зиёда қилинган эди.

2. Мусулмонлар Қуръон тиловати, зикр ва шаҳватларни сусайтирадиган рўза билан машғул бўлганлари учун шайтонлар бошқа ойларда қила оладиган васваса ва йўлдан оздиришларига Рамазонда эриша олмас эканлар. Бошқа уламолар эса: «Бундан шайтонларнинг катта ва исёнкорлари кўзда тутилган», – дейишган экан. Ибни Ҳузайма ўз саҳиҳида шу маънода бир боб тузиб, унда ўзи, Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадисни келтирган. Ушбу ривоятда: «Рамазоннинг биринчи кечасида шайтонлар ва жинларнинг катталари кишанланади», – дейилган экан. Яна баъзилари: «Рамазонда шайтонлар кишанлаб қўйилишида мукаллаф банданинг баҳоналарини бекор қилишга ишора бор. Гўёки унга: шайтонлар сендан тийиб қўйилган, шунинг учун тоат-ибодатни ташлаб, гуноҳларни қилишингга уларни баҳона қилма», – дейилади.[6] Баъзи уламолар Рамазон сўзини ой сўзига қўшмасдан алоҳида зикр қилиш жоиз эмас, балки  Рамазон ойи деб айтиш керак, дейишган экан. Бу ҳадисда эса Рамазон сўзини ой сўзига қўшмасдан алоҳида зикр қилиш жоиз эканлигига далил бор. Яъни, Рамазон кирди, ёки Рамазон келди деб айтиш жоиз экан. Бу мазҳабни имом Бухорий ва муҳаққиқ олимлар тўғри деб топишган».[7]

Азиз ва муҳтарам мусулмон биродарлар. Ушбу ойда саховатпеша Раббимиз ато қиладиган бу каби фурсатларни барчамиз ғанимат билиб, амал саҳифаларимизни ажру-савоблар билан тўлдиришга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таборака ва таъолодан ҳаммамизни ушбу муборак ойда солиҳ амаллар қилишга муваффақ қилишини ва қилган тоат-ибодатларимизни ўз даргоҳида қабул қилишини сўраб, унда билиб-билмай қилиб қўйган хато-камчиликларимизни кечиришини сўраймиз. У сахий ва улуғ зотдир.

وعنه أن رسول الله، صلى الله عليه وسلم، قال: صوموا لرؤيته، وأفطروا لرؤيته، فإن غبي عليكم، فأكملوا عدة شعبان ثلاثين متفقٌ عليه وهذا لفظ البخاري.

وفي رواية مسلم: فإن غم عليكم فصوموا ثلاثين يوماً.

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Янги ойни кўришлик билан (Рамазон ойида) рўза тутинглар ва уни кўришлик билан рўзани якунланглар. Агар чанг-тўзон сабабли сизларга кўринмай қолса, Шаъбоннинг саноғини ўттиз кун қилиб тўлиқ қилинглар», – деган эканлар (Бу имом Бухорий қилган ривоятнинг лафзи, имом Муслим ривоятида эса: «Агар булут ойни кўришларингиздан тўсса, ўттиз кун рўза тутинглар», – деган эканлар).

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Рамазон ойи рўзаси қачон ва қандай бошланиши ва қандай якунланиши ҳақида сўз юритилади. Рамазон рўзасини тутиш то янги ой киргани аниқ бўлмагунча вожиб бўлмайди. Рамазон ойи кирмасдан олдин унинг рўзаси тутилмайди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Биронталарингиз Рамазондан бир ё икки кун аввал рўза тутмасин, лекин бирон киши олдиндан тутиб юрган рўзаси бўлса, у ҳолда тутаверсин», – дедилар. Яъни, олдиндан душанба ва пайшанба каби кунларда рўза тутиб юриб, кейин шу кунлардан бири Шаъбоннинг йигирма тўққизинчи ё ўттизинчи кунига тўғри келиб қолса, фақат шу кишигагина Рамазондан бир ё икки кун аввал рўза тутиш жоиз бўлар экан. Рамазон ойи кирганига икки нарсадан бири билан ҳукм қилинади:

1. Рамазоннинг янги ойини кўриш. Чунки Аллоҳ таъоло: «Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185), – деган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар янги ойни кўрсангизлар рўза тутинглар» деганлар (Муттафақун алайҳ). Ҳар бир киши учун янги ойни кўриш шарт эмас, балки гувоҳлиги билан ой киргани собит бўладиган киши кўрса, ҳамма мусулмонлар рўза тутишлари учун кифоя. Янги ой кўрилгани ҳақидаги гувоҳлик қабул қилиниши учун гувоҳлик бераётган шахс ақлли, балоғатга етган, омонатдорлиги ва кўзи ўткирлиги сабабли гапига ишониладиган мусулмон киши бўлиши лозим. Балоғатга етмаган ёш бола ва жинни кишиларнинг янги ой кўрганлиги ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинмайди. Шунингдек кофир кишининг гувоҳлиги ҳам қабул қилинмайди.  Ёлғончилик, шошқалоқлик ва кўзи ўтмаслик билан танилган кишиларнинг янги ой кўрганлиги ҳақидаги гувоҳликлари билан ой кирганлиги собит бўлмайди. Хусусан Рамазон ойи кирганига бир кишининг гувоҳлиги қабул қилинади, чунки Абдуллоҳ ибн Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга янги ойни кўрганликларини хабар берганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутиб одамларни ҳам рўза тутишга буюрган эканлар (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти). Кимда–ким янги ойни аниқ кўрса, уни мутасадди шахсларга зудлик билан хабар бериши керак. Шунингдек рўза, Рамазон ҳайити ва ҳаж каби шаръий ибодатларга тааллуқли бўлгани учун Шаввол ва Зул-ҳижжанинг янги ойларини кўрган киши ҳам кўрганлигини билдириши керак.

2. Янги ойни ғубор ва булут каби нарсалар кўришдан ман қилса, у ҳолда ой кирганига ундан олдинги ойни тўлиқ, яъни ўттиз кун қилиш орқали эришилади. Чунки қамарий ой ўттиз кундан зиёда ва йигирма тўққиз кундан кам бўлиши мумкин эмас. Баъзи йилларда икки ойдан тўрт ойгача ўттиз кун ёки икки ойдан тўрт ойгача йигирма тўққиз кун бўлиши мумкин. Лекин кўпинча бир ё икки ой тўлиқ ва учинчиси ноқис бўлади. Қачон ўтган ой тўлиқ ўттиз кун бўлса, янги ой кўрилмаса ҳам шаръан ундан кейинги ой кирган деб ҳукм қилинади, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Янги ойни кўришлик билан Рамазон рўзасини тутиб, уни кўришлик билан рўзани тугатинглар. Агар булут ойни кўришларингиздан тўсса, уни ўттиз кун қилиб ҳисобланглар», – деган эканлар.

Ушбу ҳадислардан маълум бўладики Рамазон рўзасини янги ой кўрмасдан олдин тутилмайди. Агар ой кўринмаса, Шаъбон ойи ўттиз кун тўлиқ қилинади. Шаъбоннинг ўттизинчи куни осмон булутли бўлса ҳам очиқ бўлса ҳам рўза тутилмайди. Чунки Аммор ибн Ёсир: «Ким шак кунида рўза тутса, Абул-Қосимга осий бўлибди», – деган эканлар.[8]

Муҳтарам биродарлар. Мана шу ҳадис билан ушбу дарсимизга якун ясаймиз. Аллоҳ таъолодан бу ойни бизлар учун яхшилик ва барака ойи қилиб, унда фақат ўзигагина тоат қилишни насиб этишини, унга маъсият қилишдан сақлашини ва бизларни ва ота-оналаримизни мағфират қилишини сўраб қоламиз. Ушбу муборак ойда ҳаммамизни ўзи севган эзгу амалларга муваффақ қилиб, тутган рўзаларимиз, ўқиган намозларимиз ва қилган эҳсонларимизни ўз даргоҳида қабул қилишини сўраб, ушбу дарсимизни якунлаймиз.


[1] Фатҳул-Борий, Ибни Ҳажар.

[2] Саҳиҳ Муслим шарҳи, Нававий.

[3] Туҳфатул-Аҳвазий.

[4] Саҳиҳ Муслим шарҳи, Нававий.

[5] Фатҳул-Борий, Ибни Ҳажар.

[6] Фатҳул-Борий, Ибни Ҳажар.

[7] Саҳиҳ Муслим шарҳи, Нававий.

[8] Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти, Риёзус-солиҳийннинг шарҳи, Ибн Усаймийн.

Фикр билдиринг