PDF WORD

Рамазон – гувоҳдир!

Рамазон – гувоҳдир!

Хатиб: Шайх Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд,

Маккаи Мукаррамадги Масжидул Ҳаром имоми ва хатиби

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Сўнг …

Ҳой одамлар, ўзимга ва сизларга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия этаман. Бас, Аллоҳ устингиздан раҳматларини ёғдирсин, Аллоҳдан тақво қилинглар ва даромадлар мавсумини ғанимат билинглар! Чунки, даромадлар бозори очилди! Тавба дарвозаларини қулфланишидан илгари мудом қоқинглар! Ғафлат даромаднинг олдини тўсади, гуноҳ эса зиён сари етаклайди.

Аллоҳникидан бошқа дарвоза олдида турган банда, ўта хордир. Аллоҳдан бошқасидан умидвор бўлганнинг қўйни, пуч ёнғоққа тўлгандир. Аллоҳдан бошқаси учун амал қилганнинг амаллари, зоедир. Аллоҳникидан бошқа барча сабаблар, пучдир. Аллоҳнинг дарвозаларидан бошқалари, ёпиқдир. Неъмат – Аллоҳнинг муножоти билан лаззатланишда, роҳат – Аллоҳга хизмат қилиб чарчашда, бойлик эса Аллоҳга ёлборишни тузатишдадир.

Ҳой мусулмонлар, кунлар шошиб ўтиб, йиллар тез тугамоқда. Кўплаб одамлар эса ҳануз ғафлатда қолиб, Аллоҳнинг зикридан юз ўгирмоқда. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда шундай демоқда:

«У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир» (Фурқон: 62).

Аллоҳнинг бандалари, инсон умри чекланган ва бу дунёдаги кунлари саноқли бўлгани учун ҳам, Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликлар ва мукофотлар мавсумини ато этди. Уларга шараф, фазилат, мўл савоб, қат-қат ажрлар билан хосланган кеча ва кундузларни лутф этди ҳамда у айёмларда, Ўз лутфи ва карами билан, умр ва амалларнинг оз бўлишига қарамай катта муваффақиятни қўлга киритиш имконини жо қилди. Сизларнинг шу кунларингиз энг фазилатли айёмларингиздир. Бу ойнинг охирги даҳаси – ўн кунлиги эса, энг афзал ва энг мукаррам кунлардир.

Ҳой мусулмонлар, ушбу фазилатли кунларда банда ўзини сарҳисоб қилишга қанчалар муҳтож эканини бир билса эди! Чунки бу, шахс ва жамоат ҳаётидаги ўзгариш, тузатиш ва ислоҳотлар учун муносиб фурсатдир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Рамазон кирса жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари қулфланади ва шайтонлар занжирбанд қилинади» (Имом Бухорий 3035; Насоий 2072, 2077);

«Рамазоннинг биринчи кечаси шайтонлар ва осий жинлар занжирбанд қилинади. Жаннат дарвозалари очилиб, уларнинг биронтаси қулфланмайди. Жаҳаннам дарвозалари қулфланиб, уларнинг биронтаси очилмайди. Жарчи нидо қилиб: «Ҳой эзгуликни излаган, кел! Ҳой ёмонликни излаган, тўхта!» – дейди. Аллоҳнинг жаҳаннамдан қутиладиган (бандалари) борки, (қутилиш) ҳар кеча давом этади» (Термизий 618; Ибн Ҳиббон 3435).

Ҳа, бу кунлар сарҳисоб, ўзгариш ва ислоҳотлар учун қимматли фурсатдир: «Ҳой эзгуликни излаган, кел! Ҳой ёмонликни излаган, тўхта!»

Мусулмонлар жамоати, келиб қолган ушбу қулай фурсат баҳонаси билан ўзингизни ўзингиз сарҳисоб қилиш ва сарҳисобнинг аҳамиятни чуқурроқ ҳис этиш учун мусулмонлар ушбу муборак ойда, хусусан, унинг охирларида – ҳилоли кета бошлаганида, ундан ажралишни юракдан ҳис этиб, видолашув лаҳзалари яқинлашган пайтида тинмай такрорлашаётган дуо ҳақида ўйлаб кўрганмисизлар?! Бу дуо, уларнинг жўшиб турган ва иймон ҳиссиёти билан самога интилаётган қалбларидан отилиб чиқаётган дуодир. Улар қўлларни Роббилари сари очиб: «Аллоҳим, рамазонни зараримизга эмас, фойдамизга гувоҳ қил!» - демоқдалар. Сизлар бу дуо ҳақида тафаккур, унинг мазмуни, оқибатлари, ҳақиқати ва натижаларини текшириб кўрдингизми?!

Ҳой рўзадорлар, рамазон ойининг шоҳидлиги тўғридир. Дарҳақиқат, рамазон – ҳар такрорланар экан шахслар ва Уммат ҳолига гувоҳ бўлиб қолади. У, сизларнинг ҳолингизга ҳам гувоҳ бўлади! Ажабо, рамазон бизнинг фойдамизга гувоҳ бўладими ёки зараримизгами?! У ҳозир ҳолимизни кузатиб, яқин кунда ё бизни расво қилади, ёки қувонтиради: Уни қандай кутиб олдик?! Унда нималарга лоқайдлик қилдик?! Фақат ундагина эмас, балки, йил ёки умримиз давомида нималарга бепарво бўлдик?

Аллоҳнинг бандалари, ўтаётган кунлар – гувоҳдир! (Танамизнинг) аъзолари – гувоҳдир. Замон ва макон – гувоҳдир. Ушбу муборак ойнинг бизнинг фойдамиз ёки зараримизга гувоҳлиги ҳақидаги тафаккур сарҳисоб, ўзгариш ва ислоҳотлар учун жиддий фурсат ва ҳолатдир: «Ҳой эзгуликни излаган, кел! Ҳой ёмонликни излаган, тўхта!»

Гоҳо рамазон гувоҳлигининг имтиёз ва хослик кўриниши бўлади. Нега?! Чунки рамазон ойи – сабру бардош, нафсу ҳавога, унинг истакларига қарши курашиш ва иродали бўлиш ойидир.

Мусулмонлар жамоати, рамазон ойи – катта ва кичик нафслар, олийҳиммат ва пастҳимматлар ўртасидаги фарқлар майдонидир! Ушбу шоҳид ой – мусулмоннинг ички туйғуларини синаш учун ҳақиқий фурсатдир. Виждон ва туйғулар – муваффақиятли тарбиянинг пойдеворидир.

Рамазоннинг гувоҳлиги ҳақида чуқурроқ фикр юритиш ва уни текшириб кўриш учун, рўзадорларнинг айрим хусусиятлари ва ҳолатларига бир назар ташлангиз. Рўза – банда билан Аллоҳ ўртасидаги сир бўлиб, Аллоҳ таоло уни қуйидаги ҳадис қудсийда ўзи учун хос қилди: «Рўза Мен учундир ва уни Мен тақдирлайман. (Бандам) Мен учун таоми, шароби ва шаҳватидан воз кечади» (Имом Бухорий 6938; Имом Аҳмад 8749, 9112).

Аллоҳ йўлидаги биродарлар, зоҳирий очувчилардан рўза тутиш кўплаб одамлар учун осондир! Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Гоҳида бандалар рўзадорнинг зоҳирий очувчилардан воз кечганини кўрадилар. Унинг таоми, шароби ва шаҳватидан Аллоҳ учун воз кечганини эса бирон инсон билмайди. Мана шу – рўзанинг ҳақиқатидир» («Зодул маод» 2/59).

Аллоҳ устингиздан раҳматларини ёғдирсин, сизлар буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисига таққосланг: «Рамазонни иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Рамазонда иймон ва савоб умидида қоим бўлган одамнинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Қадр тунини иймон ва савоб умидида қоим қилган одамнинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Аҳмад 6979, 7278, 7280, 9735).

Аллоҳнинг бандалари, айтингларчи, иймон ва савоб умидини ким ҳам лойиқ бўлганидек рўёбга чиқара олаяпти?! «Ҳой эзгуликни излаган, кел! Ҳой ёмонликни излаган, тўхта!».

Дўстлар, айрим рўзадорларнинг таом ва ортиқча ейишга бўлган муносабатлари ҳақида ўйланиб кўринглар. Улар ейиш, ичиш ва сарфларида исрофга йўл қўйиб, мўътадиллик ҳадларидан ошмоқдалар. Уларнинг бундай қилишига истеъмолчиларни жалб қилиш мақсадида ишлаб чиқарувчилар тарафидан йўлга қўйилган мавҳум танитиш – рекламалар катта омил бўлмоқда. Бу рекламалар савдогарлар билан истеъмолчилар ўртасида номутаносиб ҳаракатлар билан ейиш ва даструхон учун кенг майдонларни яратиб қўйди.

Аллоҳ сизларни Ўз паноҳида сақласин, сизлар шоҳид бўлган ушбу ой ичида туриб фазилатли лаҳзалар ва шарафли тунларни ўйин кулгу билан ўтказаётган ғофиллар, фойдасиз ҳатто айрим зарарли, ҳалокатли ва динни бузадиган ғийбат, чақимчилик ва ҳаром ҳунарлар билан шуғулланаётган, кечаларини кундузга, кундузларини уйқуга буркаб маъсият, ўзлари ва умматларига фойдасиз нарсалар билан шуғулланаётган баттоллар аҳволи ҳақида ҳам фикр юритиб кўринглар! Улар фарз ва масъулиятни зое қилиш ёки таъқиқланган ва ҳалокатли ишларни қиладиган туновчи гуруҳлардир. Уларнинг бундай қабоҳат билан шуғулланишларига сабаб эса сафил кўнгил очар (ойнаи жаҳон) дастурлар(и), каналлар(и)  ҳамда шаҳвоний ҳирсларни қўзғовчи сериал (силсила)лардир.

Ҳой рўзадорлар, сергаплик ҳақида ўйлаб кўрсангиз ҳайратдан ёқангизни ушлаб қоласиз! Ҳатто диндорлиги билан танилганган айрим ғофил олимлар ва даъватчилар ҳам бу соҳада тилни тийиш ўрнига, бошқалардан қолишмайдилар. Улар сергаплиги сабабли хомушлик ва ҳикматни йўқотдилар, жиддийлик билан ҳазилни аралаштирдилар. Уларнинг ғийбат, чақимчилик, ёлғон, риё ва ким эшитсинга берилишлари кучайди.

Кўп ҳазил қилиш, хусусан, ибодат пайтида сергапликка, вақтларни беҳуда ўтказишга, чалғишга, муножотларни қилмасликка олиб боради. Эътикофдаги одамларнинг бундай балога гирифтор бўлганларини бир мулоҳаза қилиб кўринглар! Аллоҳ уларни ҳидоят ва ислоҳ қилсин! Улар тўп-тўп бўлиб эътикоф қилар эканлар, бирданига гап очилади-да, уларнинг овозларидн одамлар атрофларига тўпланишиб, эътикофнинг усули ва ҳикматларидан йироқ қоладилар. Ҳофиз Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди: «… Буларнинг барчаси эътикофда ўтирган жоҳилларнинг ўнта одамнинг жойини эгаллаб олиш, зиёратчиларни жалб этиш ва улар билан суҳбатлашиш каби амалларнинг акси ўлароқ, эътикоф мақсадлари ва лаззатини ҳосил қилиш учундир. Бундай эътикофлар бошқа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатганидек эътикоф қилиш бутунлай бошқа нарсадир» (Зодул маъод: 2/90).

Бу ҳақда айрим донишмандлар шундай деганлар: «Агар одамлардан узлат қилмоқчи бўлсанг, улар билан гаплашма. Чунки одамларнинг ўзаро муносабатларининг кўпи гаплашиш орқали бўлади. Одамлар билан гаплашмай қўйган кишидан, одамлар ўзлари узлат қиладилар».

Ҳой мусулмонлар, булар айрим рўзадор ва обидлар ҳолатига берилиши мумкин бўлган гувоҳликларнинг ишоратлари, холос! «Ҳой эзгуликни излаган, кел! Ҳой ёмонликни излаган, тўхта!»

Ҳой мусулмонлар, ушбу рамазон гувоҳлигини тушуниб, у ҳақда тафаккур қилаяпмизми?! Биз, ўзгаришга ўта муҳтож ҳолатдамиз. Чунки, ҳар биримиз эртанги куннинг бахтиёр бўлиши умидида яшамоқдамиз. Муаммоларни ҳал этиш ва муваффақият гарови бўлган нарсалар биздан узоқ эмас. Биз – Қуръон уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати, гувоҳ бўлган муборак ойнинг уммати ва гувоҳ бўлган умматмиз!

Ўзгартиш ва ислоҳот дастури ушбу оятда очиқ баён қилинган:

«Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11). Рамазон нидосида эса шундай дейилган: «Ҳой эзгуликни излаган, кел! Ҳой ёмонликни излаган, тўхта!»

Ислоҳотлар танқид, бир бирини маломат қилиш, масъулиятни душманлар ёки мухолифлар елкасига ташлаш билан амалга ошмайди. Балки, ўзи ва уммати учун яхшиликларни суйган чин мусулмоннинг Роббиси бўлган Аллоҳдан қўрқиши, ушбу ҳаёт ва дунёдаги ғояни билиши, вақтини ва шарафли кунларини ғанимат билиши, ўзгариш ва ислоҳотлар сари интилиши, жиддий ва мутаносиб ҳаёт кечириши, фарз ва вожиблар ҳисобига мубоҳ ишлар билан чалғиб қолмаслиги, нафсини тарбиялаб, солиҳ амалларни қилиш, суннатларни қасд этиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятига издош бўлишга чиниқтириши керак.

Ҳой мусулмон биродарлар, (рамазоннинг) охирги даҳа(си) энг афзал нарсалар илинжида нафсни ўзгаришлар сари синаш учун энг қулай фурсатдир. Ниятини холис қилган ва қасдида самимий бўлган одамнинг, Аллоҳнинг тавфиқи ва ёрдами билан, нафсини ўрганиб қолган нарсалардан тийиши ва ўзгартиш учун ҳаракат қилиши қийин эмасдир. Мунзир ибн Убайд раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди: «Умар ибн Абдулазиз жума намозидан сўнгра халифалик курсисига ўтирди. Аср намозидан кейин эса мен уни нақадар ўзгарганини кўрдим!»

Ушбу сабр ойида иродали, самимий ва ойлийҳимматли бўлиш кўриниш ва ўзгартиш аломатларидан бири – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, шу кунларда амал ва эҳсонлар қилишга қаттиқ бел боғлашдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойининг ҳар кунини, хусусан охирги ўн кунликни тиришиш учун фурсат деб билган эдилар. Оиша разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ (ибодат қилишга) ҳаракат қилар эдилар. Охирги ўн кунда эса бошқа кунларда кўрсатмаган ғайратни кўрсатар эдилар» (Имом Муслим 2009; Имом Аҳмад 23387, 23766, 24992).

Банда Қадр тунини топишга ҳаракат қилар экан, ҳимматлар жўшади ва ўзгариш учун интилиш кучаяди. Банда амал қилишга киришади, изланади. Нафс ҳам олий мартаба ва мақом сари интилади, тавба қилади, гуноҳлардан воз кечади, солиҳ амал ва эзгуликларни қилиш учун шошилади. Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рағбат ва сарҳисоб мужассам бўлган ушбу ҳадиси ҳақида бир тафакур қилиб кўринглар: «Рамазон кирган ва мағфират қилинмай чиқиб кетган одам хор бўлсин!» (Баззор, 8465).

Дўстлар, ўзингиздаги яхшиликлар: рўза, тунги ибодат, эътикоф, Қуръон тиловати, садақа, дуо, сарҳисоб, босиб ўтилган йўлга боқиш, афсус, надомат, тавбалар қилишни Аллоҳга кўрсатинг! «Ҳой эзгуликни излаган, кел! Ҳой ёмонликни излаган, тўхта!»

Ҳой рўздорлар, буюк бир ҳикмат учун, рўза ҳақидаги оят ичида дуо ҳақидаги оят келди:

«Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара: 186).

Буюк бир ҳикмат учун рўза ҳақидаги оят ушбу насиҳатомуз оят билан тугалланди:

«Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187).

Аллоҳ таоло мени ва сизларни Қуръон Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидояти билан фойдлантирсин. Мен Аллоҳдан ўзим, сизлар ва барча мусулмонларнинг ҳар бир гуноҳи ва хатоларини мағфират қилишини сўрайман. Бас, сизлар ҳам мағфират сўранглар! Чунки Аллоҳ Кечиргувчи – Ғафур ва Меҳрибон – Раҳийм зотдир.

Иккинчи хутба

Нафсларни ўз ҳидоятига йўллаб, ҳалокатидан огоҳлантирган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

«Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Шамс: 9, 10).

Мен Аллоҳга беадад ва туганмас неъматлари учун ҳамдлар айтаман ва «Шериксиз ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Унга робб ва илоҳ дея рози бўлганимиз»га ҳамда: «Пешвомиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва расули, яратилган махлуқлар ичида мақоми улуғи, Аллоҳнинг ҳузурида обрўси энг баланди» эканига гувоҳлик бераман. Модомики қуёш чошгоҳи билан ёритиб турар экан, Аллоҳ Унга, Унинг саҳобаларига ва Қиёмат кунигача уларга издош бўлганларга салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Ҳой мусулмонлар, рамазон гувоҳлиги, ўзгариш ва ислоҳотлар фурсати ҳақида гап кетар экан, шуни айтмоқчимиз:

Рамазон ойи яхшиликларнинг катта мавсуми ва Аллоҳнинг баракалари ҳис этиладиган замон бўлиб, уни солиҳ амалларни кўплаб қилиш учун тақводорлар ғанимат биладилар. Бу ой ўзининг кенг сояларини ғофил ва лоқайд осийлар устига ҳам солади. Натижада, улар ҳам Аллоҳни эслайдилар, қилган хатоларига афсус чекадилар, тавба қиладилар. Бахтли инсон – ушбу ойи азм, итоат, Қуръондан айрилмаслик ва тақво билан кўпроқ таъминланиш билан ўтган одамдир. Бунга уни ундаган нарса эса унинг олий ҳиммати, азму амалдан воз кечмайдиган нафсидир. Аллома Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: «Агар ҳиммат булутлари дангасалик тунларида пайдо бўлса ва унга азм нури тушса, қалб олами Роббисининг нури билан порлайди» (Фавааид 1/51) дейди.

Ҳой мусулмонлар, олийҳиммат ва камолот изқуварлари инсон табиати ва инсон заифлигини билишлари керак:

«Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилишни истайди, ҳою ҳавасга берилган кимсалар эса (ҳақ йўлдан) бутунлай оғиб кетишингизни истайдилар. Аллоҳ сизлардан (юкингизни) енгиллатишни истайди. (Зотан), инсон ожиз қилиб яратилгандир» (Нисо: 27, 28).

Бу мавзуда айрим илм аҳллари ва аҳли донишлар шундай деганлар: «Бировнинг бирон яхшиликнинг энг яхши хислатларига эришиш учунгина ҳиммат камарини боғлаши хато ва самарасиз ишдир. Чунки у, ғоясига етиш учун ўзида ожизликни ҳис этгач, шу ишдан насибасиз бўлган танбаллар гуруҳига қўшилиб олади. Шунинг учун ҳам, энг тўғри, ҳикматли йўлнинг саодат дастури – узоқ ғоялар учун ҳиммат камарини боғлаш, унинг йўлида бор кучини сарф этиш, кучи ва тоқати қолмаганидагина у йўлдан тўхташидир».

Ҳой одамлар, Аллоҳ устингиздан раҳматларини ёғдирсин, унутмангларки, бу ойга етиш ва унда яхшиликлар қилиш буюк неъмат ва Аллоҳнинг катта марҳаматидир. Унга Аллоҳ ўз лутфу карами билан ато этган ва эзгуликлар дарвозасини очган кимсаларгина муваффақ бўладилар ва ундан катта насибаларини оладилар. Аллоҳ сизларга раҳматларини ёғдирсин, тоат ибодатда мусобақалашингиз! Эзгу ишларни кўп қилингиз! Қадр тунини излангиз! Роббингизнинг марҳаматларига йўлиқингиз!

Аллоҳ таоло биздан ва сизлардан рўзаларимиз, тунги ибодатларимиз ва бошқа тоатларимизни қабул айласин! Дарҳақиқат У – Эшитгувчи ва Ижобат қилгувчидир.

Барча оламларга раҳмат қилиб юборилган, аввалгию охиргиларнинг пешвоси бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар йўллангиз! Чунки Роббингиз бунга Муқаддас Қуръонида ушбу оятлари билан амр қилган:

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва Унинг пок оиласига салавоту саломлар йўлла…

Манба: Ҳикмат Нури

Фикр билдиринг