Рамазон аҳком ва одоблари
Рамазон аҳком ва одоблари
Абу Жаъфар ал-Бухорий
Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар ва Унинг бутун Оламларга раҳмат қилиб юборган сўнгги пайғамбарига салавот ва саломлар бўлсин.
Аллоҳ таъоло ўз пайғомини юборган, инсон ва жинларга дунё ва охиратдаги бахтли ҳаётларини кафолатлаган, ибодатларни фарз қилган. Шу ибодатлардан бири – рамазон ойида рўза тутишдир.
Рўза – саҳардан Қуёш ботгунига қадар танага озуқа бўлган барча нарсаларнинг кириши, жинсий алоқа ва ғийбатдан сақланиш, демакдир.
Рўза – Аллоҳ таъоло бевосита қабул киладиган нодир ибодатлардан биридир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: (Аллоҳ деди): «Одам фарзанди қилган рўзадан бошқа барча амал ўзи учун. Рўза эса мен учун ва мен унга мукофот бераман»» (Ҳадис қудсий. Имом Аҳмад, имом Муслим ва имом Насоий ривоятлари).
Рўза – гуноҳлар ва жаҳаннам оловидан ҳимоя қиладиган қалқондир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «… Рўза қалқондир …» (Имом Аҳмад, имом Муслим ва имом Насоий ривоятлари).
Рўза – Қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Роббим, мен уни таом ва майлликлардан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!» – дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!» – дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).
Рўза – банданинг жаҳаннамдан узок бўлишига сабабдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ жаҳаннамни Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутган банданинг юзидан етмиш аср (лик масофага) узоқ қилади» (Имом Абу Довуддан бошқа барча ишончли муҳаддислар ривоят қилдилар).
Рўза сабабли рўзадор оғзидаги ҳид (бўй) Аллоҳ учун мушку анбардан кўра хушбўйроқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «… Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасам ичиб айтаманки, рўзадор оғзининг ҳиди қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида мушку-анбардан кўра хушбўйроқ бўлади» (Имом Бухорий ва имом Абу Довуд ривоятлари).
Рўзадорлар жаннатга Райён давозасидан кирадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатнинг Райён номли дарвозаси бор. Қиёмат куни: «Рўзадорлар қаерда?» дейилади ва улар кирганларидан сўнг Райён дарвозаси ёпилади» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Рўза ҳукм нуқтаи назаридан фарз ва мустаҳаб бўлиб, фарз бўлган рўза уч қисмга бўлинади:
Рамазон ойи, каффорот ва назр рўзалари.
Рамазон ойида рўза тутиш Қуръон Карим, суннат ва мусулмонлар ижмоси билан фарздир.
Куръон Каримдаги рўзанинг фарзлигига далиллар:
Аллох таъоло деди:
«Эй мўъминлар, сизларга сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек рўза тутиш фарз қилинди. Шояд тақволи бўлсангиз» (Бақара: 183).
«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185).
Суннатдаги рўзанинг фарзлигига далиллар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ислом беш нарсага асосланган: «Аллоҳдан ўзга (ҳақиқий) илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, рамазон рўзасини тутиш ва Каъбани ҳаж қилиш».
Талҳа ибн Убайдуллоҳ деди: «Бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг менга фарз қилган рўзасидан хабар беринг» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон рўзаси» – дедилар …».
Ислом Уммати ҳам рамазон рўзасинин тутиш фарз экани, унинг Исломдан экани маълум бўлган ва инкор этган одам кофир бўладиган рукни эканига ижмо қилдилар.
Рамазон ойининг рўзаси ҳижрий иккинчи йилнинг шаъбон ойининг иккинчи куни Аллоҳ таъоло тарафидан фарз қилинган.
Рамазон ойи қачон бошланади ва қачон тугайди?
Рамазон ойи рамазон ойининг бошланишида ҳилолни кўриш билан бошланади ва шаввол ойининг ҳилолини кўриш билан тугайди. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)!» - деб айтганларини эшитганман» (Имом Муслим ривояти).
Агар ҳаво булутли бўлса уларни ўттиз кун қилиб, тўла қилинади ва кейинги кун ҳайит бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «… Агар сизларга булутли бўлса, (ойни) ўттиз кун қилинглар!» (Имом Муслим ривояти).
Ҳилолни кўришга рамазон рўзасини қайд қилингани учун, қамарий ой ҳилолларини ойлар охирида кузатиш керак. Чунки қамарий ойлар ўттиз ёки йигирма тўққиз кун бўлиши мумкин.
Рамазон ойидаги ибодатлар
Аллоҳ таъоло рамазон ойини муборакли қилгани, юқорида келтирилган оятда очиқ намоён бўлмоқда. «Барака» сўзини баъзи одамлар моддий жиҳатидангина тушунадилар. Гарчи бу ҳам бир ҳақиқат бўлса-да, бироқ, рамазон ойидаги барака инсон учун маънавийликни ўз ичига олади. Банданинг бу ойда қилаётган ибодатлари бошқа ойлардагидан кўра савоблироқ бўлади. Буни ҳатто банданинг ўзи ҳам хис қилгандек бўлади. Натижада банда савоб ишларни қилишдан чарчамайди. Банда шахсий тарбияси ва муомалаларига жиддий эътибор беради. У ғийбат, туҳмат, хиёнат, бидъат, сотқинлик, ҳаёсизлик, товламачилик, фирибгарлик, каллоблик, ўғирлик ва шу каби Аллоҳ ва одамлар тарафидан ёмон кўрилган ва улар учун шариатда жазолар белгиланган ишларни қилмайди.
Рамазон рўзаси саҳарлик қилиш билан бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бордир» (Имом Муслим ривояти).
Рўза ниятсиз бўлмас ва кечки уйқуга кетишдан аввал мен саҳарликда туриб саҳарлик қилиб сўнгра рўза тутаман деб ният қилишга одатланиш керак.
Эрта тонг – субҳи содиқдан то Қуёш ботгунига қадар тоат-ибодат билан машғул бўлиш қалбларга даводир. Ой давомида кундузлари Қуръон тиловати, садақа бериш, таълим-тарбия ишлари билан шуғулланиш, намозларни жамоат билан ўқиш мақсадга мувофиқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръонни ҳар ойда ўқи!» (Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойи кириши билан кўплаб салаф олимлари Қуръон тиловат қилишга киришар ва бу ойни ғанимат билар эдилар.
Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилар ва буларнинг барчасини намоздан ташқари ўқир эди.
Ифтор Қуёш ботиши биланоқ қилиниши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кеча келиб, кундуз кетса ва Қуёш ботса рўзадор ифтор қилади» (Имом Муслим ривояти).
Рўзадорнинг ифтордан аввалги дуолари ижобатдир.
Рамазон ойи ва унда қилинган амалларнинг фазилатлари
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Хузурингизга муборакли ой кириб келди унинг рўзаси сизларга фарз қилинди. У (ой) да жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилади, Шайтонлар кишанланади. Унда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у (кеча) нинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад, имом Насоий ва имом Байҳақий ривоят қилдилар).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Беш вақт намоз, жума (намози келгуси) жумагача, рамазон (келгуси) рамазонга қадар ўрталарида (содир бўлган) катта гуноҳлардан бошқа (кичик) гуноҳлар учун каффоротдир»» (Имом Муслим ривояти).
Абу Саид разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини тутган ва унинг худудларини билган ҳамда сақланиш керак бўлган нарсалардан сақланган одам(нинг бу ибодатлари) ўтган гуноҳларига каффорот бўлади» (Имом Аҳмад ва имом Байҳақий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Аҳмад ва «Сунан» муаллифлари ривоят қилдилар).
Фаришталар рўзадор учун ифтор пайтига қадар Аллоҳдан мағфират сўрайдилар.
Аллоҳ таъоло жаннатини безайди ва унга: «Солиҳ бандаларимнинг устларидаги қийинчилик ва азиятларни ташлаб, сенинг хузурингга келишларига оз қолди» - дейди.
Рамазон ойининг сўнгги кунида рўзадорларга мағфират қилинади.
Унутиб қилинган ишларнинг ҳукми
Рўзадор унутиб бирон нарсани еб-ичса, рўзаси бузилмайди, балки Аллоҳнинг меҳмони бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўзадорлигини унутиб еган ёки ичган одам, рўзасини етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичиргандир» (Имом Муслим ривояти).
Рўзадорнинг қасддан оғзини очишининг ҳукми
Рўзадорнинг қасддан оғзини очиши қаттиқ гуноҳлардан биридир. Агар у рўзасини қасддан очган бўлса тавба қилиб, каффорот бериши керак. Агар рўзанинг фарз эканини инкор этиб, тавба қилмаса кофир бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига бир одам келиб: «Мен ҳалок бўлдим!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сени нима ҳалок қилди?» – деб сўрадилар. У: «Рамазонда (кундуз кунида) хотиним билан жинсий алоқа қилдим» - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қул озод қила оласанми?» – дедилар. У: «Йўқ» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайдар-пай олтмиш кун рўза тута оласанми?» – дедилар. У одам: «Йўқ» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олтмишта мискиннинг қорнини тўйдира оласанми?» – дедилар. У одам: «Йўқ» – деди-да, ўтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳурмо келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шуни садака қил!» – дедилар …» (Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойида рўза тутмаслик оқибати
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исломнинг асоси ва диннинг пойдевори учта бўлиб, улар устига Ислом тикланган. Улардан бирини тарк қилган одам кофир ва унинг қони ҳалолдир. (Улар): «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деб гувоҳлик бериш, фарз қилинган намозлар ва Рамазон ойининг рўзаси»» (Абу Яъло, Дайламий ва имом Заҳабий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазоннинг бир кунида Аллоҳ изн бермаган рухсатсиз (қасддан) рўза тутмаган одам ҳаёти давомида рўза тутсада, қазо ўрнига ўтмас»» (Имом Абу Довуд, имом ибн Можжа, имом Термизий ривоятлари).
Имом Заҳабий деди: «Мўминларда бир қоида бор: Хаста бўлмай (ва шаръий узрларсиз) рамазон рўзасини тутмаган одам зоний ва маст қилувчи ичимликларни ичишга муккасидан кетган одамдан кўра бадбахтроқдир. Балки, мўъминлар ундай одамнинг Исломидан шубҳаланиб, зиндиқ ва ахлоқсиз дея гумон қилар эдилар».
Манба: Ислом Нури

