PDF WORD

Охирги даҳа

Охирги даҳа

Хатиб: Абдулмуҳсин ибн Муҳаммад Қосим

Мадинадаги Масжидун Набавий имоми ва хатиби

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Сўнг …

Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек тақво қилинглар. Чунки Аллоҳдан тақво қилиш – ҳидоят йўли, ундан воз кечиш эса – бахтиқаролик йўлидир.

Ҳой мусулмонлар!

Аллоҳ таоло бандаларига эзгуликлар ва ибодатлар онини марҳамат қилиб берадики, унинг бебаҳолигини солиҳ одамлар ғанимат билиб, тавбакорлар унинг охирини идрок эта оладилар. Рамазоннинг охирги даҳаси ҳам охирлаб қолмоқда. Жаннат дарвозалари очилган, жаҳаннам дарвозалари қулфланган, (морид) шайтонлар кишанланган муборак ойнинг охирги даҳасининг кечалари  - тунларнинг тожидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги даҳанинг кечаларини ибодатлар билан ўтказар, оиласини уйғотар ва жинсий алоқадан узоқ турар эдилар. Оиша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазон ойида ибодатлар учун бошқа ойларда кўрсатмаган ғайратларни кўрсатганини, рамазоннинг охирги ўн кунлигида эса бошқа пайтларда кўрсатмаган ғайратини кўрсатганларини ривоят қилган (Имом Муслим ривояти).

Охирги даҳада бир кеча борки, у, кечаларнинг онаси ҳисобланади. У кечанинг баракалари кўп, лаҳзалари эса бебаҳодир. У кечада қилинган амалнинг савоблари мўл, кўп амалларнинг эса савоблари орттилади.

«Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр: 3).

У тунга гувоҳ бўлиш учун кўплаб махлуқлар самодан тушадилар:

«У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар» (Қадр: 4).

У кеча, уммат учун осудалик ва баракалар кечаси бўлади. Ҳофиз Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ): «Баракаси кўплигидан у кечада фаришталар кўплаб тушадилар» – дейди. Фаришталар Қуръон тиловати пайтида тушиб, дарс ҳалқаларини ўраш, илм излар экан садоқатли бўлгани учун толибга қанотларини поёндоз қилганларидек, барака ва раҳмат нозил бўлгани учун тушадилар.

Рамазонда Роббимизнинг Муаззам Китоби нозил бўлди. Уни тиловат қилган одамга кўплаб савоблар берилади. Унинг ўқилган ҳар бир ҳарфига ҳасанот берилади. Қуръон – ўқиган одамга шафоат қилади. Қиёмат куни қорига: «Ўқи ва кўтарил! Сенинг жаннатдаги жойинг ўқиган энг охирги оятинг олдидадир!» – дейилади. Шунинг учун охирги даҳа мобайнида тилингизда Қуръон тиловатининг таровати, овозингизнинг шираси бўлсинки, бу билан Қиёмат кунидаги икки шафоатчи: рўза ва Қуръон шафоатини қўлга киритинг!

Намоз – солиҳ бандаларнинг қувончи, хушуълиларнинг қалб роҳатидир. Фарз намозларидан кейинги энг афзал намоз – таҳажжуддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини тунги намозни ўқишга рағбатлантирар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумога: «Агар тунлари намоз ўқиса, Абдуллоҳ қандай яхши одам бўлар эди!» - деган эдилар (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий 1054, 1088; Имом Муслим 4528; Имом Аҳмад 6048, 6330; Доримий 2152). Бу гапни эшитгач, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо умрининг охиригача таҳажжуд намозини тарк этмади.

Банда таҳажжуд ўқимагани учун мазаммат қилингандир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуга: «Ҳой Абдуллоҳ, сен тунни бедор ўтказиб, таҳҳажжуд ўқимаган фалончиларга ўхшамагин!» - дедилар (Имом Бухорий 1084; Насоий 1742; Ибн Можа 1321).

Тунги ибодат – энг афзал амал ва жаннатларга кириш омилларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳой одамлар, саломни ошкора беринглар, (қашшоқларни) тўйдиринглар, одамлар ухлаётганида тунлари намоз ўқинглар жаннатга хотиржамлик билан кирасизлар!» (Термизий 2409).

Рамазон кечаларида ибодат қилган одам учун гуноҳларнинг мағфират қилиниш муждаси бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рамазон (кечалари)ни иймон ва савоб умидида ўтказган одамнинг ўтган гуноҳлри кечирилади» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий 37, 1870; Имом Муслим 1266, 1267; Имом Аҳмад 7455, 9100, 9913).

Бу кечаларнинг ҳар бирида ижобат лаҳзалари бордир. У пайтда дарвозалар ланг очиқ, Саховатли Зот эса истакларни беришга тайёрдир. Сиз хоҳлаган нарсангизни сўранг, бергувчи Буюк Зотдир! Дуоларингизнинг мустажоб бўлишига юракдан ишонинг, чунки Парвардигор – саховатпешадир! Унга шикоятларингизни қилинг, чунки У – Меҳрибон ва Раҳмлидир! Унга ўз паноҳига олиши учун қўлларингизни кўтаринг, чунки У – Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир! Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тунда бир соат борки, мусулмон одам унга тўғри келиб Аллоҳдан дунё ва охират яхшиликларидан тиласа, Аллоҳ унга уни албатта беради. Бу – ҳар кеча давом этади» - деганлар (Имом Муслим 1259; Имом Аҳмад 13825, 14017, 14355, 14544).

Кечанинг охирги лаҳзаларида дуоларнинг ижобат бўлиши яна ҳам ишончлироқдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қайси дуо яхши эшитилади (тез қабул бўлади)?» – деб сўралганида: «Туннинг охирги ярмида ва фарз намозлар ортидан» - деб жавоб берган эдилар (Термизий 3421).

Банданинг ушбу (охирги) ўн кечада хатоларининг ювилиши, Аллоҳ таолонинг ҳузурида хоксор бўлиши ва Унга масжидлардан бирида эътикофда ёлборишига эҳтиёжи бор. Чунки эътикоф, хатоларнинг кечирилиши, банданинг Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлиши ва ризосига эришишга лойиқ бўладиган ибодатдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам рамазоннинг охирги даҳасида ҳаётларининг охиригача эътикофда бўлдилар. Шунинг учун сиз ҳам Роббингизга эътикофда ибодат қилишга ҳаракат қилинг, ижобат бўладиган лаҳзаларда кўп дуолар қилинг! Чунки улар, ғанимат бўлган лаҳзалардир. Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ): «Замоннинг фазилати унда рўй берадиган яхшиликларнинг кўплиги биландир» -дейди. Агар банда Роббисига яқинлашса, Аллоҳ унга лутф қилади, сезмаган томонидан мараҳаматлар ато этади, кутмаган тарафидан ёмонликлардан асрайди, бандани ҳаёлига ҳам келмаган жиҳатлардан мақомларини кўтаради.

Ҳой мусулмон, молу дунё қўлингиздаги омонатдир. Ундан еб тугатганингиз, кийиб эскиртганингиз, садақа қилиб берганингизгина сизникидир. Бечораларга чин юракдан мутавозеъ бўлинг! Уларга яқинлашинг, меҳрибон бўлинг ва бирон камбағални пастга урманг! «Чунки, жаннат аҳлининг кўп қисми камбағаллардир» (Имом Муслим ривояти).

Озгина ихлосли тушунча билан жаҳаннам оташидан қутилиш мумкин. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаҳаннамдан ёрти хурмо билан бўлсада сақланинглар!» - деганлар (Имом Бухорий 1328, 5564, 6058; Имом Муслим 1689, 1690). Нафсингизни қурумсоқликдан сақланг! Бадавлатлик Аллоҳ тарафидан берилишини, берганга Аллоҳ беришини унутманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Аллоҳ таоло: «Ҳой одам фарзанди, сарф этки, сенга ҳам берилсин!» – дейди» (Муттафақун алайҳ);

«Садақа бойликни камайтирмайди» (Имом Муслим 4689; Имом Аҳмад 6908, 8647).

Шайтон васваса қилиб, қурумсоқликка чорлайди ва сизга алдов ва ҳийлани чиройли қилиб кўрсатади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

«Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади» (Бақара: 268). Шундай экан, етимни таҳқирламанг ва гадойни жеркиманг! Чин юракдан самимий инфоқ қилингки, Аллоҳ сизнинг молингиз ва фарзандларингизга баракалар ато этсин!

Аузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм

«Эй мўминлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Парвардигорингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз, шоядки нажот топсангизлар» (Ҳаж: 77).

Аллоҳ таоло менга ва сизларга Қуръон Каримни баракали қилиб, ундаги оятлар ва доноларча ўгитдан фойдаланишга муяссар айласин. Мен шу гапларни айтиб ўзим ва сизлар учун барча гуноҳларимизга Аллоҳдан мағфират сўрайман. Бас, сизлар Аллоҳга истиғфор айтинглар. Дарҳақиқат У Кечиргувчи – Ғафур ва раҳимли – Раҳийм зотдир.

Иккинчи хутба

Берган эҳсонлари учун Аллоҳга ҳамду санолар, берган муваффақияти ва марҳамаматлари учун шукроналар бўлсин. Мен шаънини улуғлаб ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканига, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Ҳой мусулмонлар, рамазон ойи ҳам бандалардан содир бўлган амалларини омонат қилиб охирлаб қолди. Оқил одам бу ойни гуноҳ ва маъсиятлардан йироқда тавбалар билан тугаллаётган, муфлис (қўлидагиларни бой берган одам) эса гуноҳларга ғарқ бўлиб, Роббисига гуноҳ устида йўлиққан бандадир.

Тавба – нуқсон эмасдир. Балки у, энг афзал камолотлардан ва Аллоҳ учун суюкли ҳасанотлардандир. У – ишлар тузаладиган пойдевордир. Бас, бу ойингизнинг сўнггида Аллоҳга кўп истиғфор айтингизки, бу истиғфор ҳасанотларингизнинг тожи, тойилишларингизнинг ўчирғичи бўлсин! Аллоҳ таоло кечалари, кундузлари ёмонлик қилган одамларни, кундузи эса кечаси ёмонлик қилган одамларни кечириш учун қўлларини очишини ва бу Қуёш ботиш тарафидан чиққунича давом этишини унутманг! Тавба қилишга лоқайд бўлманг, чунки, ўлим кутилмаганда келиб қолади!!

Шуни ҳам билингларки, Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар йўллашга амр қилди ва Қуръонида шундай деди:

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Аллоҳим, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар йўлла ва Унинг тўғри йўлдаги халифаларидан рози бўл!

Манба: Ҳикмат Нури

Фикр билдиринг