PDF WORD

Охирги ўн кунлик ва қадр кечасининг фазилатлари

Охирги ўн кунлик ва қадр кечасининг фазилатлари

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Мунажжид

Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Аммо баъд…

Мўмин биродарлар! Мусулмонлар муборак ойларининг сўнгги кунларига етиб келдилар, мусобақа ниҳоясига етай деб қолди, охирги ўн кунлик кириши билан қадр кечасига етишиш иштиёқида иймон ҳарорати зиёдалашди. Бу кунлар астойдил ҳаракат қилиш ва имкон қадар тоат-ибодат қилиб олиш фурсатларидир. Шундай экан, имкони борича амал қилиб қолингиз. Улар яна қайтиб келмайдиган кунлар, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган фурсатлардир. Келгуси Рамазонга яна қайтиб етишамизми, йўқми, ҳеч кимимиз билмаймиз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида бошқа пайтларга қараганда кўпроқ тоатга берилардилар, эътикоф қилардилар, шу кунлар ичида қадр кечасини талаб қилардилар. Охирги ўн кунлик киргач, тунларни бедор ўтказардилар, аҳли-оилаларини уйғотардилар, белларини ибодатга маҳкам боғлардилар, Аллоҳ таолонинг розилиги умидида одатдагидан кўпроқ ибодатга машғул бўлардилар, масжидда эътикоф ўтирардилар, аёлларидан узоқлашардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ўн кунликдаги йўллари ана шундай эди. Тунларни намоз ва бошқа ибодатлар билан ўтказардилар, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси тонг отгунча намозда бўлмасдилар, балки кўп вақтларини намозга бағишласалар ҳам, қолган пайтларини истиғфор, зикр, дуо, тафаккур, тадаббур билан ўтказардилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли-оилаларига ҳам аҳамият қаратар, аёлларини тунги намозга уйғотардилар. Йилнинг бошқа кунларида баъзан уйғотганлари ҳолда хоссатан шу кунларда ҳар куни қиёмул лайлга тургизардилар. Зеро, мусулмон киши ўз аҳлига ҳам яхшилик тилайди. Қолаверса, уларга қаттиқ туриш ва уларга яхшилик исташ уларга нисбатан ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қилишдан келиб чиқади. Биз ҳам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишимиз, мазкур ўн кунликда тоатга бел боғлашимиз, Аллоҳнинг ибодатида астойдил бўлишимиз, шундай қимматли кунларни зое қилмаслигимиз лозим. Билмаймизки, лаззатларни кесувчи ва жамоатларни бўлиб ташловчи ўлим тўсатдан келиб қолар, унда кўп пушаймон бўламиз, лекин пушаймонликдан наф бўлмайди.

Қадр кечасининг фазли

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги ғоят улуғ кунлардир. Улар йилнинг мутлақо энг улуғ кунлари саналади, уларда қадр кечаси бор, бу кеча рўза ойи ичидадир:

«Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр: 1-3).

«Ҳо. Мим. Очиқ-равшан Китобга – Қуръонга қасамки, албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантирувчи бўлдик. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат Биз (башариятга пайғамбарлар) юборувчи бўлдикки, (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган раҳмат-меҳрибонликдир. Албатта Унинг Ўзигина (барча нарсани) эшитувчи, билувчидир» (Духон: 1-6).

Бу кеча муборак кечадир, унда Қуръон нозил бўлган ва

«У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур)» (Духон: 4). Яъни, бандаларнинг йил мобайнидаги тақдирлари шу кечада тақдир қилинади, ҳаётда қолувчилар ва вафот этувчилар, нажот топувчилар ва ҳалок бўлувчилар, бахтлилар ва бахтсизлар, азизлар ва хорлар ким бўлиши битилади, келгуси йилда Аллоҳ ирода қилган ишларнинг ҳаммаси шу кечада китобат этилади, бандаларнинг тақдирлари Лавҳи Маҳфуздан шу тунда кўчирилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Бир киши супир-сидир ва экин-тикин қилиб юргани кўрилади, ваҳоланки у ўликлар қаторида бўлади». Яъни қадр кечасида унинг ўликлар қаторига ўтиши битилган бўлади, фаришталар келгуси йилда бўладиган ишлардан шу кеча бохабар бўладилар, Аллоҳ таоло у ишларни Лавҳи Маҳфуздан уларнинг лавҳларига кўчиради.

Қадр кечасида фаришталар кўплигидан ерга сиғмай кетадилар, бу кеча ерга тушувчи фаришталар сони майда тошлар сонидан ҳам кўп бўлади. У қадри улуғ, мартабаси олий кечадир. Сабаби, унда гуноҳлар кўп кечирилади, айблар яширилади. У мағфират кечасидир: «Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида (намозда) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ривояти). Бу кечадаги ибодат минг ойлик, яъни саксон уч йиллик ибодатдан яхшидир. Унда фаришталар тушадилар, Жибрил алайҳиссалом тушадилар, ерга раҳмат нозил бўлади. Бу кеча тинчлик-омонлик кечасидир, яъни унда шайтон ёмонлик қилишга ва бировга озор етказишга қодир бўлмайди, унда мўминларнинг кўп тоат-ибодатлари сабаб жазо ва азобдан қутулиш кўп бўлади.

Бу кеча жуда шарафли кеча, Аллоҳ таоло унда иймон билан ва савоб умидида бедор бўлган кишини мағфират қилади. Аллоҳ таоло бу кечанинг қадри ва шарафини бўрттириб:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз?!» (Қадр: 2), деди. Бу билан бандаларни уни қасд қилишга ва унга эришиш учун ҳаракат қилишга тарғиб қилади. Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кечаларида, кўпроқ тоқ кечаларда қасд қилинади. Баъзи уламолар унинг йил сари кечалар орасида кўчиб юришини ва қайси кечада бўлишини Аллоҳгина билишини айтганлар. Лекин аксарият сўзига қараганда у йигирма еттинчи кечада бўлади, баъзан йигирма биринчи кечада, йигирма учинчи кечада, Рамазоннинг сўнгги кечасида ҳам бўлади. Баъзи уламолар, жумладан шайхулислом Ибн Таймия фикрларига кўра, уни Рамазоннинг қолган кунларидан ҳисобланиб, жуфт кечаларда келиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Шундай экан, уни охирги ўн кунликнинг ҳаммасида қидириш яхши бўлади, унинг аниқ кунини фақат бизнинг фойдамиз ва манфаатимиз учунгина яшириб қўйилди. Чунки, агар қайси кечалиги аниқ айтиб қўйилса, эҳтимолки ўша кечадан бошқа тунлари қиёмга ва ибодатга у қадар иштиёқ кўрсатмасак керак эди. Махфий қилиб қўйилгани учун ҳам дилларда қандай қилиб бўлмасин, унга етишиш истаги жўш уради, мазкур ўн кун мобайнида давомий бедорлик билан, узоқ чўзилган машаққат билан бўлса ҳам, уни топишга ҳаракат қилинади.

Ундан ташқари, бу кечанинг яшириб қўйилишига сабаб бўлган воқеани, яъни мусулмонлардан икки кишининг ўзаро жанжаллашиб қолишлари воқеасини таҳлил қилиш орқали бошқа бир нуқтага ҳам диққат қаратиш лозимки, мусулмонларнинг ўзаро талашиб-тортишишлари ва хусуматлашишлари ҳаммага шумлиги ва ёмонлиги урадиган хатарли ишдир. «Мен сизларга қадр кечаси ҳақида хабар бериш учун чиққан эдим, фалончи билан фалончи жанжаллашиб қолиб, ёдимдан кўтарилди. Бу эса сизлар учун яхши бўлиши ҳам мумкин. Уни (охирги ўн кунликда) еттинчи, тўққизинчи, бешинчи кунларда талаб қилинглар» (Имом Бухорий ривояти).

Мўмин биродарлар! Бу кечага етган киши жуда катта бахтга эришган бўлади. Нақадар улуғ бахт, нақадар улкан саодат!

Қадр кечасининг аломатлари

Мўмин биродарлар! Ҳадисларда бу кечанинг аломатлари ҳақида айтиб ўтилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар беришларича, ўша куни, яъни бу кечанинг тонгида қуёш нурсиз бўлиб чиқиб келади. Бу ҳақда Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар.

Қадр кечасида ўқиладиган дуо

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, қадр кечасига муваффақ қилинсам, нима деб дуо қиламан?», деб сўрадим. «Эй Аллоҳ! Сен авф этувчисан, афвни яхши кўрасан, мени афв этгин», деб дуо қиласан», дедилар (Ибн Можа ривояти, саҳиҳ).

Қадр кечасига етиш учун эътикоф қилиш

Қадр кечасига эришиш учун эътикоф қилиш улуғ амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликнинг ҳаммасида эътикоф қилардилар. Эътикоф нафсни Аллоҳнинг тоатига мажбурлашдир. У вақтни бекорчи гаплар билан ўтказиш бўлмаслиги, балки зикр, тасбиҳ, тиловат, истиғфор, тафаккур ва тадаббурдан иборат бўлмоғи лозим. У Аллоҳ таоло билан холи қолиш ва дунё зеб-зийнатларидан узилиш учун энг қулай фурсатдир. Шунинг учун ҳам эътикоф қилувчи киши масжидга енгилгина ўрин-кўрпа келтирадики, бу унга дунёнинг ҳақирлигини, ҳақиқий ўлжа Аллоҳнинг тоатига эришиш эканини эслатиб туради.

Одамлар билан кўп аралашиш, ҳар турли аҳволлар ва вазиятларга юзма-юз келиш, керагидан ортиқча уйқу, ортиқча ейиш-ичиш, ортиқча сўзлаш инсоннинг дилини қотиради. Эътикофда қалб учун даво бор, уни юмшатиш бор. Қалбни энг ёмон бузадиган нарса беҳуда ўйин-кулги ва кераксиз гап-сўзлар бўлади. Эътикоф айни шу нарсалардан тўсадиган қалқон вазифасини бажаради.

Мўмин биродарлар! Беҳуда ўйин-кулгилар, Аллоҳнинг зикридан машғул қилиб қўювчи машғулотлар ва ҳатто кўп ҳаром нарсалар бизни ўраб-чулғаб олган. Жуда кўп кўнгилочар тадбирларга ҳаром ишлар аралашган. Булар дилларни қотиради, тошбағирликни келтириб чиқаради. Биз дилимизни юмшатишга муҳтожмиз. Бунинг учун эса шу улкан ибодатдан фойдаланиб қолиш, кундузи рўза тутиш, тунда қиём билан бедор бўлиш, масжидларда эътикоф қилиш, ҳаром ишлардан бутунлай узилиш, дунё машғулотларидан чекиниш, нафснинг айблари ҳақида қайғуриш, Парвардигорнинг Китобини тиловат ва тадаббур қилиш, дунёнинг ҳеч нарсага арзимаслигини ўйлаш, охиратга юзланиш лозим бўлади. Бу улуғ кечаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига ажратилган эътикоф ўринларида биргина рафиқлари билан ўтказардилар, уни у зотнинг ёлғиз ўзлари кўрардилар, атрофлардаги саҳобалар кўрмасдилар. У Жибрил алайҳиссалом бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотга Қуръонни ўқиб ўтказардилар. Тасаввур қилсангиз, қандай улуғ бир ҳолат, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эътикоф ўринларида кимгадир Қуръон ўқиб ўтказаётганларини кўриб турардилар, лекин ўша кимнидир кўрмасдилар. Бу одамнинг иймонини кучайтириб юборадиган бир ажойиб ҳолатдир. Вафот этган йиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳиссалом билан Қуръонни икки бор ўтказгандилар. Эътикоф Қуръонни ўқиб ўтказиш учун энг қулай фурсатдир.

Баъзи уламолар сўзларига кўра, бир кеча, яъни шомдан бамдодгача эътикоф қилиш ҳам кифоя қилади. Баъзи уламолар эса эътикофнинг энг ками бир кеча-кундуз, яъни йигирма тўрт соат бўлишини айтганлар. Яъни, агар бамдоддан кейин кирса, эртаси бамдоддан кейин чиқса, шуниси афзал ва яхшироқ бўлади. Эътикофни куннинг исталган соатида бошлаш ва эртаси куни шу пайтигача ёки имкониятига қараб ундан кўпроқ давом эттириш мумкин. Эътикофдаги киши фақат зарурий эҳтиёжлари учун, масалан ҳожат танг қилса ё масжид ичида овқатланиш имкони бўлмаганда овқатланиб кириш учун ё жунублик етса ғусл қилиб олиш учун ва ҳоказо шу каби заруратлари учун ташқарига чиқади. Чиққанда ҳам ҳожати раво бўлгач, тезликда қайтиб киради. Шунинг учун у касал кўргани ё жанозада иштирок этгани бормайди. Фақат масжидда, Аллоҳ таолонинг тоати билан банд бўлади, қадр кечасини излайди, мубоҳ ишларга ҳам кўп берилмайди.

Мўмин биродарлар! Мана шундай олтинга қиммат фурсатларни ва қимматбаҳо кечаларни телевизор экранлари қаршисида ўтириб олиб, заҳар тарқатувчи, фасод ва ёмонлик ёювчи, бандаларнинг қимматли вақтларини зое қилувчи фазоий телеканалларда бериладиган ҳар хил сериаллар ва кўнгилочар дастурлар томоша қилиш билан ўтказаётган одамларни кўриб, мусулмон кишининг дили аламдан ўртанади. Бу нарса эртага қиёмат куни жуда катта зарар ва ҳасратга айланади, вақтларини шу билан ўтказган кишилар собиқийнлар ва муқаррабийнлар эришган ва ўзи маҳрум бўлиб қолган даражаларни кўриб, нақадар катта зиён қилганини билиб, ҳасрат бармоғини тишлайди. Жаннат аҳллари ҳам фақат Аллоҳ таолонинг зикридан холи ўтказган соатлари учунгина ҳасрат қилар эканлар! Шундай экан, энди узоқ соатларни нафақат Аллоҳнинг зикридан холи, балки ҳаром нарсалар учун ўтказган кишининг ҳасрати қандай бўларкин?!

Мўмин биродарлар! Албатта, эътикоф учун сабр-тоқат керак. Бироқ, Аллоҳга юзланиш ва кўнгил хотиржамлиги лаззатини тотган ва шу дунёнинг жаннатига кириб олган кишига ҳаммаси енгил бўлади. Инсон агар зикр ва ибодат лаззатини топиб олса, ҳар қандай кўнгилочар тадбирлар, сериаллар ва спорт дастурларидан оладиган лаззати бир чақага ҳам арзимайдиган бўлиб қолади. Зеро, Аллоҳнинг зикри ва ибодати билан яшаш лаззати олдида бу паст ва тубан, табиати бузуқ ва Аллоҳнинг йўлидан бурилиб кетган кимсалар топадиган дунёвий лаззатлар қиёс қилиб бўлмас даражада ҳеч бўлиб қолади.

Биродарлар, биз нафсларимизни ҳисоб-китоб қилайлик, уни жиловлайлик. У эркинликни хоҳлайди, жиловланишни суймайди. Ибодат нафсни тийишга муҳтож, нафс эса буни истамайди. Лекин кимки нафси билан курашса, Аллоҳ унга ёрдам беради.

Мўмин биродарлар! Аллоҳга иқбол қилайлик, Унга тавба қилайлик, мана шу соатларда ва мана шу кечаларда гуноҳларимизни ёдга олайлик ва истиғфор айтайлик, Аллоҳга дуо-илтижолар билан ялиниб ёлворайлик!! Шояд У бизни Ўз раҳмати ва мағфирати остига киритса.

Мўмин биродарлар! Кўчаларда ва бозорларда Рамазон ва ҳайит муносабати билан нархлар ҳайратомуз даражада туширилгани ва бу фурсатдан фойдаланиб қолиш ҳақидаги эълонларга кўзингиз тушганда, одамларнинг ур-йиқит ва тиқилинчлик билан бозорларни тўлдириб юришганини кўрганингизда Охират бозорини эсаланг, Ундаги улкан фойдани ёдга олинг. Сизлар ибодатсиз ўтказиб юбораётган мана шу лаҳзаларингиз қайтиб келмаслиги ва унинг ўрнини босадиган нарса бўлмаслини унутманг!

11/09/2009

Манба: Ислом Нури

Фикр билдиринг