PDF WORD

Заминнинг ахбороти

Заминнинг ахбороти

Шайх Муҳаммад Алий ас-Собуний

Абдулҳафиз ибн Сирож таржимаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамду-санолар ва У Зотнинг Росули ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, аҳли байтлари, саҳобалари ва тобиъийнларига дуруду-салавотлар бўлсин!

Сўнг …

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, мухтарам ўқувчиларимиз! Биз ушбу мусоҳабамизда Шайх Муҳаммад Алий ас-Собунийнинг “Суннат (ҳадис) хазиналаридан” номли китобида, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларига қилган шарҳларини эркин услубда таржима қилиб бермоқчимиз.

Аввало ҳадис матнининг таржимаси:

Абу Ҳурайра розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ўша куни (Ер) ўз хабарларини сўзлар” (Залзала: 4) оятини ўқиб кейин: “Унинг хабарлари нималар эканини биласизларми?”, – деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Росули яхшироқ билгувчидир”, – дейишди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Унинг хабарлари барча эркагу-аёл (Худонинг бандалари)га Ер ўзининг устида унинг қилган амалларига шаҳодат бериб: “Фалон куни фалон, фалон амалларни қилгансан”, – деб айтмоғи. Мана шу (гувоҳ бўлмоғи) унинг хабарларидир” (Термизий ривоятлари).

Ҳадиснинг шарҳи:

Бу замин ўз устида қанча-қанча золимликларга гувоҳ бўлмади?! Унинг устида турли кўринишдаги -  яхши ва ёмон, гўзал ва қабиҳ – не-не ҳодиса – воқеалар содир этилмади?! Вақт ўтиб замин аҳллари ўз қилмишларини унутдилар бироқ, уларнинг барча қилмишлари – бирортаси унутилмай, ушбу заминнинг хотирасига муҳрланиб қолди. У қиёмат куни одамларнинг барча қилган амалларини ўзларига сўзлаб беради.

«Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларнинг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган Кунни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига Ғамхўр – Меҳрибондир» (Оли-Имрон: 30).

Ана ўша даҳшатли кунда инсонларнинг ушбу замин устида амалга оширган барча жиноятларига, замин ўзи гувоҳлик бергувсидир. Инсон зоти ғалати тушунчага эга, унинг ишлари жуда ҳам ажабланарли. У ўзича: “Мен бу нотўғри – ҳунук ишларимни одамлардан йироқда, уларнинг кўзлари тушмайдиган жойда амалга оширсам азобга гирифтор бўлмайман, маломатга ҳам қолмайман”, – деб ўйлайди. У бечора, хомтама инсон мана бу замин, унинг устида қилинган ҳар-бир яхши-ёмон ишга гувоҳлик беришини, шайтонга тобе бўлиб, Парвардигорнинг зикридан ғафлатда бўлинган ўша номуборак лаҳзалардан хабар бермоғини фикрлаб ҳам кўрмайди.

Маконлар, замонлар – ойлар, кунлар барчаси қиёмат куни инсоннинг ҳамма амалларига гувоҳлик беришидан – ас-Содиқ, ал-Масдуқ (ростгўй) – Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бердилар. Бу нарса Аллоҳ таолонинг қудратига асло душвор эмас. Инсонга сўзлаш қобилиятини ато этган Буюк Зот қиёмат куни набототу жамодотни ва инсон аъзоларини сўзлата олади. Аллоҳ таоло айтади:

“Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур” (Ясин: 65).

Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Залзала” сурасини тиловат қилиб,

“Ўша куни (Ер) ўз хабарларини сўзлар” (4-оят)ига етиб келганларида, Аллоҳ таолонинг қудратига ишорат қилиб, огоҳлантириб саҳобаларидан: “Ернинг хабарлари нима эканлигини биласизларми?”, – деб сўрадилар. Саҳобалар ҳурмат ва одоб билан: “Аллоҳ ва Унинг Росули яхшироқ билгувчидир”, – деб жавоб бердилар. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон асло унутмаслиги лозим бўлган, доимо кўз ўнгига келтириб туришлиги керак бўлган бир ҳақиқатни”, – баён қилиб бердилар. У ҳам бўлса, инсоннинг қилган бирорта амали зое бўлиб, унутилиб кетмаслиги, унинг қилган ишларига замин гувоҳлик беришлиги, борлиқ унинг барча қилмишларини сўзлаб бериши, натижада у инсон қилган амалларининг эзгу ёки қабиҳлигига яраша мукофотланиши ёки жазоланишидир.

Қилаётган ёмонликларини одамлардан йироқда, уларнинг назари тушмайдиган жойларда амалга оширсам Аллоҳнинг азобидан қутулиб, Унга ҳисоб-китоб беришдан сақланиб қоламан деб ўйлаётган хомтама, нодон шахс ақлирасо комил инсонлар назарида жуда ҳам калтабин, ақли ноқис киши ҳисобланади.

Таржимондан:

Эй азиз биродарлар! Юқоридаги тиллодан қийматлироқ ҳадиси шарифда, ўз умматларига ота-оналаридан ҳам кўра меҳрибонроқ бўлган, шафоатхоҳимиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизу биз умматларини қўлимизда имкониятимиз борида, ушбу замин устида хайрлик – эзгу ишларни амалга оширмоғимизга ишора қиладилар, балки тарғиб этадилар. Чунки, ушбу замин устида қилинган ҳар қандай амал – яхши ёки ёмондир – барчаси манашу заминнинг хотирасида сақланиб қолиб, у қиёмат кунида инсоннинг фойдаси ёки зарарига гувоҳлик беради. Бу нарса Аллоҳ таолонинг қудратига қийин эмас. Пайғамбарларнинг вазифалари етказиш, огоҳлантириш. Ушбу насиҳатларга қулоқ солган банда, албатта фойда кўради. Аммо бу насиҳатга эътиборсиз бўлган шахслар эса, фақатгина ўзларига зарар қиладилар.

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизга тўғри сўзни эшитганда унга эргашишни, ёмонини эшитганда огоҳланиб, ундан сақланишни насиб айласин!

Манба: Ислом Нури

Фикр билдиринг