PDF WORD

Вақтлардан унумли фойдаланиш ҳақида

Вақтлардан унумли фойдаланиш ҳақида

Хатиб: Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Хутбанинг асл сарлавҳаси: الحث على المحافظة على الأوقات

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Қуёшни порлатиб, Ойни эса ёғдули қилган ва унинг манзилларини (фазаларини) одамлар йиллар ҳисобини билиши учун белгилаб қўйган ҳамда кеча ва кундузни оқил инсонлар орасидан эслаган ва шукроналар келтиришни хоҳлаган кишилар учун кетма-кет қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Мен шериксиз ягона, эгадорлик ва мақтовлар соҳиби, бошланиш Ундан бўлиб, интиҳо ҳам Унга қайтадиган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканига ҳамда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Унинг бандаси ва элчиси, Аллоҳга ибодат, тавба ва қайтганларнинг энг афзали эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва Унга яхшилик билан эргашган барча издошларига салавоту саломлар ёғдирсин …
Сўнг …
Ҳой одамлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва ушбу кеча ва кундузларга назар ташланглар! Улар, сизлар сафарингизнинг охирига етиб боргунингизча охират диёри сари босиб ўтадиганингиз босқичлардир. Ҳар бир кун, ҳатто ҳар бир лаҳза сизларни дунёдан узоқлаштириб, охиратга яқинлаштиради.
Ушбу кеча ва кундузлар амалларингиз хазинаси бўлиб, сизлар учун сақлаб қўйилади ва қилган яхши ва ёмон амалларингизга шоҳид бўлиб қолади. Шундай экан, бу кунларни Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллар билан ғанимат билган одамга хушхабарлар бўлсин!
Бу кунларда тоату ибодат ҳамда гуноҳлардан сақланиш билан машғул бўлган одамларга хушхабарлар бўлсин!
Бу кунларда иш ва ҳолатларда содир бўлаётган ўзгаришлардан ибрат олган ва буни Аллоҳнинг етук ҳикмат ва сирлари бор эканига далил қилган одамларга хушхабарлар бўлсин!
«Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб туради. Албатта бунда дил эгалари учун ибрат бордир» (Нур: 44).
Дўстлар!
Сизлар ҳар куни машриқдан кўтарилиб, мағрибга ботаётган қуёшни кўрганмисизлар?! Унда катта ибратлар бор. Чунки унинг кўтарилиб, ботиши бу дунёнинг бардавом қолинадиган қароргоҳ эмас, балки чиқиш, ғойиб бўлиш ва кетиш диёри эканини намойиш этмоқда.
Ойга қаранглар, у (ҳар) ойнинг бошида чақалоқ каби кичик туғилиб, катта жисмлар каби каттайиб бормоқда. Тўлин шаклига келгач эса кичраймоқда ва ғойиб бўлмоқда. Инсон ҳаёти ва танаси ҳам худди шундай жараённи бошидан кечиради.
Ҳой оқил инсонлар, бундан ибрат олингиз!
Ушбу йилларга ҳам нигоҳ нигоҳ ташланг! Улар ҳам йилдан йилга янгиланиб келсада, одамзод унинг охирига назар ташлар экан, узоқдек кўради. Бироқ кунлар кўз юмгандек жадал ўтиб кетади ва инсон ўзини йилнинг охирида турганини кўради. Инсон умри ҳам шунга ўхшайди. Умрининг охирига назар ташлар экан, у узоқдек кўринади. Бироқ ажал, кўзни юмиб очгунча пешонасида туради. Аллоҳ таоло айтди:
«Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб) келди. (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочгувчи бўлган нарсадир» (Қоф: 19).
Кўпинча ёш йигит умрнинг узоқлиги ҳақида ўйланади ва орзулар билан ўзига тасалли беришга ҳаракат қилади. Бироқ бир кун келадики, унда орзулар арқони узилиб, тилаклар биноси йиқилади. Борликдан йўқликка маҳкум бўлади.
Ҳой одамлар!
Сизлар шу кунларда ўтган, бироқ шоҳид-гувоҳ бўлган йил билан хайрлашиб, янги йилга кириб келмоқдасиз. Ўтган йилда нималарни омонат қўйиб, янги йилни нималар билан кутиб олмоқдасиз! Оқил одам ўзини муҳосаба қилсин! Ўз ишларига бир боқсин! Фарз ишларда камчиликка йўл қўйган бўлса, Аллоҳга тавба қилиб, камчиликларини тузатсин! Ҳаром ишларни қилиш билан жонига жабр қилган бўлса, ажал келишдан илгари улардан воз кечсин! Агар бандаларга зулм қилган бўлса, Қиёмат куни солиҳ амаллари тортиб олинишидан илгари, уларнинг ҳақларини қайтарсин! Кимга устуворлик ато этилган бўлса, бунинг учун Аллоҳга ҳамду санолар айтсин ва охирги нафасигача устувор қилишини Аллоҳдан сўрасин!
Дўстлар!
Иймон – орзулар ва безаниш билан бўлмайди. Ҳатто ўзини мўъмин эканини умид қилиш билан ҳам бўлмайди. Модомики, Аллоҳдан тилаклар қилар ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлар экан ва бу тилак ва аҳлоқлар соғлом ва очиқ эътиқод асосида бўлмас экан, улар ҳам фойда бермайди. Шунинг учун ҳам айрим салафлар: «Дарҳақиқат иймон қалбга ўрнашиб, уни амал тасдиқласагина (иймондир)» – деганлар.
Дўстлар!
Тавба ҳам тил билангина айтиб қўйиладиган нарса эмас. Балки қилинган нарсага пушаймон бўлиш, гуноҳлар ва айблардан воз кечиш ҳамда Аллоҳ таолога амалларни ислоҳ қилиш билан яқинлашиш ва Унинг қалбларни билиб турган назоратини ҳеч ҳам унутмасликдир.
Ҳой мусулмонлар, модомики имконингиз бор экан, иймонни рўёбга чиқаринглар ва самимий тавба қилинглар!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига ўгит берар эканлар шундай дедилар: «Беш нарсадан илгари беш нарсани: қариликдан илгари ёшлигинг, беморликдан илгари соғлигинг, камбағалликдан илгари бойлигинг, машғул бўлишдан илгари бекорчилигинг ва ўлимингдан илгари ҳаётингни ғанимат бил!» (Шайх Абулфараж «Жаамиъул улуми валҳикам», 1/385).
Ёшларда қатъият ва қувват бўлади. Инсон қаригач қатъият йўқолади ва қувватлар кетиб, ёшликдан буён ўсган одатларидан айрила олишга кучи етмай қолади.
Соғломликда хотиржамлик ва фаоллик бўлади. Инсон касал бўлгач сиқилиб, ланж бўлади ва ишларни бажариш оғир келади.
Боёнликда роҳат ва фароғат бор. Камбағалликда эса инсоннинг фикрлари чалғийди, ўзи ва оиласини боқиш учун тирикчилик билан машғул бўлади. Ҳаётда эса амал майдонлари жуда ҳам кенг.
Инсон ўлгач амал вақти тўхтаб, имконият замони йўқ бўлади.
Аллоҳнинг қуллари!
Бу ўгитлардан ибрат олинг ва қолган умрингизни ўтганига таққослаб кўринг. Қолган умрингиз ҳам ўтганлари каби тезда тугайди. Билингларки, келаётган нарсалар яқин, дунёдаги барча нарса эса ўткинчидир. Аллоҳ таоло айтди:
«Улар у (Қиёмат Соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қоладилар!» (Назиот: 46).
Биродарлар!
Ўтган йили шу кунлари сизлар билан бирга бўлган, кейин эса қасрлардан қабрларга, оила ва молу дунё ичидан амаллари учун муносиб тақдирлар олишга айрилган дўстларингизни эсланглар! Улар қилган амалларининг гаровига айланиб, амалларига битта яхши амални қўшишни умид қилсаларда, кучлари етмаяпти. Қилган ёмон амалларидан тавба қилмоқчи бўлсалар ҳам, ўлим уларни тавба қилишларига тўсқинлик қилмоқда. Ҳатто айрим одамлар уйқуларида ўлган одамларни тушларида кўришибди. Ўлганлар: Олдимизда билганимиз ва билмаганимиз, сизлар ҳам билганингиз ва билмаганингиз даҳшатли ишлар бор. – Яъни, сизлар бошимизга келган ишларни билмайсизлар – Аллоҳга қасамки, амал номамизда айтилган битта ёки иккита тасбиҳ ёки қилинган бир ёки икки ракаатнинг бўлиши, биз учун дунё ва дунёдаги барча нарсадан кўра яхшироқдир, – дебдилар.
Аллоҳнинг қуллари, тавба ва солиҳ амал қилишга шошилингиз! Бугун қўлингизга киритган дунё, дунёнинг гўзаллиги ва эрта учун тақдим этажак ишларингизни ғанимат билингиз! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатдаги бировингизнинг қамчиси эгаллаган жой, дунё ва дунёдаги барча нарсадан кўра яхшироқдир» – дедилар (Доримий 2820).
Бу ҳадисда назарда тутилган дунё сизнинггина дунёйингиз эмас, балки аввалию охири билан бу дунёдан кўра жаннатдаги бировингизнинг қамчиси эгаллаган жой яхшироқдир. Аллоҳ таоло айтди:
«(Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир» (Исро: 21);
«Йўқ, сизлар (эй кофирлар), ҳаёти дунёни устун қўясизлар! Ҳолбуки охират яхшироқ ва боқийроқдир» (Аъло: 16, 17);
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), хабар беринг-чи, агар Биз уларни (узоқ) йиллар (сиҳат-саломатлик, мол-давлат билан) фойдалантирсак-да, сўнгра уларга ваъда қилинган нарсалар (яъни азоб) келса, (ўша пайт) уларга (ҳаёти дунёда) фойдаланган нарсалари асқотурми?!» (Шуъаро: 205 – 207).
Ҳой, Аллоҳнинг қуллари!
Аллоҳ азза ва жалла махлуқотлар ҳаётининг бошланиши ва интиҳоси ҳақида айтган ушбу оятларни ўқингиз:
«Албатта, Роббингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилган Аллоҳдир. У (ҳар бир) ишнинг тадбирини қилур. (Қиёмат Кунида) бирон оқловчи бўлмас, магар Унинг изну иродасидан сўнггина (оқлай олур). Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир, бас, Унга ибодат қилингиз! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?! (Қиёмат Кунида) барчангиз Унга қайтишингиз бордир. (Бу) Аллоҳнинг ҳаққирост ваъдасидир. Албатта аввал-бошда барча нарсани Унинг Ўзи яратар. Сўнгра иймон келтириб, яхши амаллар қилиб ўтган зотларни адолат билан мукофотлаш учун (Қиёмат Куни) яна қайта яратар. Куфр йўлини тутган кимсалар учун эса қайноқ сувдан иборат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бўлар. У (Аллоҳ) қуёшни зиё сочгувчи, ойни ёруғлик қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйган зотдир. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ бу (борлиқни) ҳақ (Қонун ва мақсад) билан яратди. У зот биладиган қавм учун Ўз оятларини муфассал баён қилади» (Юнус: 3 – 5).
Аллоҳим, бизларни амал ва тақво қилган, самовот ва ерларнинг яралиши ҳақида тафаккур этиб:
«Роббимиз, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил!» (Оли Имрон: 191) деб айтган бандаларинг қаторида қил!
Ҳой, мусулмонлар!
Ҳой, оқил инсонлар!
Бу ўгитлардан ибрат олинглар ва қалблар безовталанадиган, кўзлар қўрқадиган КУН учун амал қилиб қолинглар!
Аллоҳим, бизни ғафлат уйқусидан уйғот!
Ёғоч отга минишдан илгари самимий тавба ва солиҳ амаллар қилишга муваффақ қил!
Аллоҳим, бизга муҳлат берилган замонни ғанимат билишни насиб айла!
Аллоҳим, бизни, ота-онамиз, устозларимиз, зиммамизда ҳақлари бўлган инсонлар ва дуо қилишимизни тилаган одамларни ўзинг мағфират қил!
Ҳой, барча оламлар Роббиси бўлган Зот, Сен жўмард саховатлисан!
Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз – пайғамбарларнинг охиргиси ва тақводорларнинг пешвоси бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва барча саҳоларига салавоту саломлар бўлсин.

Иккинчи хутба

Буюрганига итоат этган ва шукр қилганларга (неъматларини) сероб қилишни эълон қилган Аллоҳга мўл ҳамду санолар бўлсин. Мен: «Мушриклар ва кофирлар шерик қилсаларда, ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси, инсониятнинг саййиди» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва Унга Қиёмат кунигача издош бўлган барчага салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг …
Ҳой одамлар, Аллоҳдан тақво қилингиз ва вақтларни Қуръон қироати, Аллоҳнинг зикри, бандаларга эҳсон (яхшилик) қилиш, илм излаш ва бошқа Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган амаллар билан ўтказишни ғанимат билингиз! Чунки инсон умри Аллоҳнинг тоат-ибодатида ўтса ҳақиқат, ўтмаса катта зиёндир. Бундай пайтда банда ё маҳрум бўлади, ёки маломат қилинган золим бўлади.
Ҳой, одамлар!
Вақтлар – бойликдан кўра қимматлидир. Вақтлар ўтиб кетса, уларнинг ўрнини тўлдириб бўлмайди. Бойликнинг ўрнини эса гоҳо бирон нарса билан тўлдириш мумкин. Шунинг учун ҳам вақтлар, молу мулкдан кўра қимматлироқдир. Агар бойликни зое кетказиш ҳаром бўлса, вақтларни Аллоҳга осийлик ва охиратга фойдаси бўлмаган нарсаларда беҳуда ўтказиш қаттиқроқ ҳаромдир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган одам (ё) яхшиликни гапирсин ёки жим бўлсин!» – деганлар (Имом Бухорий 5559, 5560, 5670, 5671. Имом Муслим 67, 3255).
Агар умр бойликдан кўра яхшироқ эканини билмоқчи бўлсангиз, Аллоҳнинг ушбу оятларини ўқинг:
«Токи қачон улардан (яъни мушриклардан) бирига ўлим келганида: «Роббим, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолади. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлади» (Мўъминун: 99, 100).
(Оят каримада зикр қилинган) ўлим панжасидаги бу киши, дунёга бойлигини кўпайтириш учун эмас, балки Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган солиҳ амаллар қилиб, вақтини ғанимат билиш учун қайтишни умид қилмоқда.
Мен вақтларини кўчалар ёки бошқа жойларда фойдасиз санқиб ўтказаётган ёшларга ачинаман. Улар ўзларини ишёқмасликка ўргатиб, умрларини беҳуда ўтказмоқдалар. Агар улар тиришқоқ бўлиб, ўзларига фойдали бўлган нарсалар учун ҳоримай ҳаракат қилсалар эди, ҳаётнинг ҳақиқатларини танир ва бу йўлда чиниқар эдилар. Ҳатто бу ҳақиқатни йўқотгач, уни қўлга киритиш учун тиришар эдилар. Бироқ одам ўзини дангасаликка ўргатса танбаллигича қолади ва кунлари беҳудага ўтиб бораверади. У, узоқ замон ўтганида кейингина «уйқуси»дан уйғонади. Ҳамма тонг отганида Сурайёни мақтай бошлайди …
Ҳой, мусулмонлар!
Умрингизни динингиз ва дунёингиз учун фойдали бўлган нарсалар билан ўтишига эътибор берингиз! Уни беҳуда ўтказиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга сарфламангиз!
Одамларнинг бировларнинг обрў ва номуслари ҳақида сўз юритишлари ҳамда уларни ҳақли ёки ноҳақ тарзда ҳақорат қилишлари учун бир жойга тўпланишлари, қаттиқ гуноҳдир! Бундай гапларни гапирган одамлар, гарчи гапирилган гаплар айбланган одамларда бўлсада, бўлмасада, осий бўладилар. Чунки Аллоҳ таоло, одамларнинг гўштларини еяётган одамларни мурдаларнинг лошларини еяётган одамларга ташбеҳ қилиб шундай деди:
«Айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир» (Ҳужурот: 12).
Мен ўзимни ва сизларни вақтларни беҳуда кетмайдиган ва фойдали бўлган ишлар билан ўтказишга чақираман. Агар инсон ўз вақтининг қадрини билса, ундан ҳар бир фурсатда оқилона фойдаланишга ҳаракат қилади ва бу унинг табиати ва одатига айланади. Агар дангасалик, лоқайдлик ва вақтни зое қилишга одатланса, у ҳаётдаги имкониятларни қўлдан бой беради.
Аллоҳим, бизни вақтларни Сени рози қиладиган амаллар билан ўтказишни ғанимат билишга муяссар қил!
Аллоҳим, бизни бошқа кун ва тунларимизда ҳам Ўзинг рози бўладиган ва суядиган ишларни қилишга муваффақ қил!
Аллоҳим, ҳой барча оламлар Роббиси, бизни ҳидоятланган ва ислоҳотчи солиҳ инсонлардан қил!
Роббимиз, бизни ва биздан илгари иймон билан яшаб ўтган биродарларимизни мағфират қил ва қалбимизда ишончли инсонларга нисбатан адоват қўйма! Роббимиз, Сен раҳмли ва меҳрибонсан!
Аллоҳнинг қуллари!
«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтаради. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилади. Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб туради» (Наҳл: 90, 91).
Буюк ва Қудратли Аллоҳни зикр қилингиз, У ҳам сизларни ёд қилади! Унга берган неъматлари учун шукр қилингиз, сизларга неъматларини зиёда қилади! Дарҳақиқат, Аллоҳнинг зикри афзалроқдир. Ҳолбуки, Аллоҳ сизлар қилаётган барча нарсадан хабардордир.

Манба: Ҳикмат Нури

Фикр билдиринг