Ижобат
Ижобат
Ибнул Қоййимнинг “Фавоид”ларидан
Абдул Вадуд Аҳмад
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар, сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Росулига жавоб беринг” (Анфол, 24).
Ушбу оят бир неча нарсаларни баён қилади:
Биринчиси: Албатта фойдали ҳаёт, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига эргашишлик билангина ҳосил бўлади. Кимдаки ушбу ижобат ҳосил бўлмас экан, унда тириклик йўқдир. Гарчи тириклик-ҳаёт бўлган тақдирда ҳам, у ҳаёт – ўзи ва ҳақир хайвонлар ўртасида муштарак ҳаётдир. Ҳақиқий покиза ҳаёт, фақат Аллоҳ ва Расулига ҳам зоҳирий, ҳам ботиний тарзда ижобат этиб, кечирилган ҳаётдир. У эргашувчи кишилар – тириклардир, гарчи, вафот топишган бўлсада. Улардан ўзгалар эса, гарчи жисмларида тириклик аломатлари бўлсада, улар – ўликлар жумласидандирлар.
Шунинг учун ҳам, инсонлар ичида ҳаётлари комилроқлари, Пайғамбар даъватига ижобати, лаббайи тўкисроқ бўлганларидир. Чунки, Пайғамбар чақирган нарсаларда у учун ҳақиқий ҳаёт бордир. Ундан бир бўлакни йўқотиб, зое қилган онда, у ҳаётдан ҳам бир бўлакни йўқотган бўлади. Кишидаги тирикликнинг миқдори, ундаги ижобатни миқдорига қараб, кам ёки кўп бўлур.
Энди, оятда зикр этилмиш “ҳаёт берадиган нарсага” сўзини муфассирлар турлича шарҳлашади:
- Мужоҳид: “Ҳаққа чақирганларида” деб тафсир қиладилар, яъни “Эй иймон келтирган зотлар, қачонки Аллоҳ ва Росули сизларни ҳаққа чақирганларида “лаббай” деб ижобат килинглар”.
- Қатода эса: “Бу “ҳаёт берадиган нарсага” дан мурод, Қуръондир”, дейдилар. Унда ҳаёт бор, нажот бор ва дунё ва охиратдаги паноҳ бор.
- Суддий: “У нарса Исломдир”, дейдилар. Аллоҳ сизларга куфрда ўликлар каби турганингизда қалбларингизга Ислом ила ҳаёт ато этди.
Яна бирлари, “ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида” дан мурод “Жиҳодга чақирганларида” деб шарҳлади. Чунки, Аллоҳ йўлида кечган жангдаги ўлим – абадий ҳаёт демакдир. Яъни, “ҳаёт берадиган нарсага” дан мурод, “Аллоҳ йўлидаги шаҳидликка чақирганларида, “лаббай” деб ижобат этинглар”. Аллоҳ таоло марҳамат килади:
“Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб атаманг! Йўқ улар тириклардир!” (Оли-Имрон, 169). Ёки Абу Бакр розияллоху анҳу айтганларидек: “Ўлимга ташна бўл, сенга ҳаёт берилур”. Холид ибни Валид розияллоҳу анҳу душман тарафга жўнатган мактубларида битганларидек, “… олдингизда шундай қавм турибдики, сизлар ҳаётни яхши кўрганингиз каби, улар ўлимни яхши кўрадилар”.
- “Жалолайн” соҳиби эса, ушбу оятни: “Аллоҳ ва Росули сизларни динингиз ишларида итоатга чақирганда ижобат этинглар. Чунки бу нарса абадий ҳаёт гаровидир” деб шарҳ қиладилар.
Баъзи муфассирлар ушбу, “ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида” жумласини, “Жаннатга чақирганларида”, деб шарҳлашган. Чунки у – тириклик диёридир. У – абадий, покиза ва доимий ҳаёт масканидир.
Аслида ушбу оят, юқорида зикр этилган барча нарсаларни ўз ичига олади. Албатта, Иймон, Ислом, Қуръон, жиҳод, буларнинг бари қалбларда покиза ҳаётни юзага келтиради. Мукаммал ҳаёт, аниққи, жаннатдадир.
Пайғамбар эса иймонга ва жаннатга чақирувчи жарчи ва у дунё ва охиратдаги ҳақиқий тирикликка, ҳаётга даъват қилувчи зотдирлар …
Манба: Ислом Нури

