PDF WORD

Ҳаётга нисбатан икки хил қараш

Ҳаётга нисбатан икки хил қараш

Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ ал-Фавзон

Араб тилидан Муҳаммад Исмоил таржимаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]

Ҳаётга нисбатан икки хил қараш – моддий қараш ва соғлом қараш мавжуд бўлиб, ҳар икки қарашнинг ўзига хос таъсирлари бор.

1) Ҳаётга моддийлик назари билан қарашнинг маъноси:
Ҳаётга моддий назар билан қарашда инсоннинг фикр юритиши фақат нақд нафс хоҳишларига эришишгагина кифояланган ва ҳаракатлари шу доира ичигагина чекланган бўлади. Фикрлаши бунинг ортидан келувчи оқибатларга етиб бормайди, бу оқибатлар учун амал қилмайди, у ҳақда қайғурмайди. Билмайдики, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини охират учун экинзор қилган, дунёни амал ҳовлиси, охиратни эса жазо-мукофот ҳовлиси қилган. Ким дунёсини солиҳ амаллар билан ғанимат билса ҳар икки ҳовлининг фойдасини қўлга киритган бўлади, ким дунёсини зое қилса охиратини ҳам зое қилган бўлади:
«У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир» (Ҳаж: 11).
Аллоҳ таоло бу дунёни бекорга яратмади, балки уни улкан ҳикмат учун яратди. Аллоҳ таоло айтади:
«У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир» (Мулк: 2).
«Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат — безак қилиб қўйдик» (Каҳф: 7).
Аллоҳ субҳанаҳу бу ҳаётда дунё матоларини ва кўзга кўриниб турувчи зийнатларни – мол-дунё, фарзандлар, обрў-эътибор, ҳукмдорлик ва булардан бошқа ҳисоби фақат Ўзига маълум бўлган даражада кўп бошқа лаззатбахш нарсаларни яратиб қўйди.
Одамлар ичида айрим – тўғрироғи кўпчилик – кишилар борки, қарашлари бу матоларнинг фақат ташқи тарафига чекланган, нафсларини шулар билан қондирадилар, уларнинг ички тарафига назар солмайдилар, уларга эришиш, жамғариш ва улар билан лаззат топиш билан банд бўлиб, улар ортидан келувчи охират ҳаёти учун амал қилишдан ғафлатдалар. Балки улар шу дунё ҳаётидан бошқа ҳаёт бўлишини инкор қиладилар. Аллоҳ таоло айтганидек:
««Ҳаёт фақат дунёдаги ҳаётимиздир. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз», деб айтадилар» (Анъом: 29).
Аллоҳ таоло ҳаётга бундай назар билан қарайдиган кишиларга ваъид – азоб хабарини беради:
«Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7-8).
Яна айтади:
«Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир» (Ҳуд: 15,16).
Бу азоб хабари мазкур қараш тарафдорларининг барчасини: мунофиқлар ва риёкорлар каби охират амалини қилиб туриб, бу билан дунё ҳаётини истайдиган кишилар бўладими, жоҳилият аҳли ва капиталист, коммунист, илмоний динсизлар каби бузғунчи йўлларни тутган, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга ишонмайдиган кофирлар бўладими, фарқсиз, барча-барчасини ўз ичига олади. Зеро, улар ҳаётнинг қадрини билмадилар, уларнинг дунёга бўлган қарашлари ҳайвонларнинг қарашидан фарқ қилмайди. Балки улар ҳайвонлардан ҳам адашганроқ, чунки ақлларини ишлатмадилар, куч-тоқатларини фоний ва йўқ бўлиб кетувчи нарсаларга сарфладилар, вақтларини зое қилдилар. Ўзларини кутиб турган, бир кун келиб иложсиз албатта боришадиган оқибатлари учун амал қилмадилар. Ҳайвонларни эса бирон бир оқибат кутиб тургани йўқ, уларнинг бу ҳақда фикр юритадиган ақллари ҳам йўқ. Аллоҳ таоло айтади:
«Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!» (Фурқон: 44).
Аллоҳ таоло бу қараш эгаларини билимсизлик билан сифатлади:
«Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар» (Рум: 6-7).
Улар гарчи саноат ва ихтиролар бобида етук билим эгалари бўлган тақдирда ҳам, илм ва билим эгаси деб номланишга нолойиқ жоҳиллардир. Чунки уларнинг билимлари дунё ҳаётининг фақат зоҳирий тарафидан уёғига ўтолмади. Бу – эгалари олимлик деб аталган бундай шарафли номга эга бўлишга сазовор бўлмайдиган ноқис илмдир. Аслида, бундай юксак унвон Аллоҳни ҳаққирост таниган ва Ундан қўрққан зотларга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло айтганидек:
«Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28).
Ҳаётга моддий қарашга ёрқин намуналардан бири – Аллоҳ таоло Қорун қиссасида зикр қилган воқеа ва унга ато этган беҳисоб хазиналардир:
«Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: «Эх, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди. Дарҳақиқат у улуғ насиба эгасидир», дедилар» (Қасас: 79).
Унга ўхшашни орзу қилдилар, унга ҳавас билан қарадилар ва моддий қарашларидан келиб чиқиб, уни улуғ насиба эгаси деб сифатладилар. Бу худди ҳозирги даврда кофир давлатларда бўлган иқтисод ва саноат тараққиётига ўхшайдики, иймони заиф бўлган мусулмонлар уларнинг кофир эканларига ва уларни кутиб турган ёмон оқибатларга қарамасдан, уларга ҳавас билан қарайдилар. Бу хато қараш уларни кофирларни улуғлашга, кўнгилларида уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлишига, ёмон ахлоқ-одобларида уларга ўхшашга уринишга олиб келади. Ваҳоланки уларга ҳаракатчанликда, куч-қудратга эришишда ва фойдали ихтиро ва саноатларда тақлид қилсалар тўғрироқ бўлар эди.

2) Ҳаётга бўлган иккинчи – тўғри қараш:
Бу қараш эгаси бу дунёда бўлган мол-давлат, салтанат ва моддий қувватларнинг барчасини охират иши учун кўмакчи восита деб эътибор қилади.
Аслида, дунёнинг ўзи ҳеч қандай айбли нарса эмас, мақтов ёки айблов фақатгина банданинг унда қилган амалига қараб йўналтирилади. Дунё – охиратга ўтиш учун бир йўлак ва кўприкдир, жаннат озуқаси дунёдан олинади, жаннат аҳли эришадиган гўзал ҳаёт уларнинг дунёда эккан нарсаларидан ҳосил бўлади.
Дунё – жиҳод, намоз, рўза, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш ҳовлиси, яхшиликлар томон мусобақалашиш майдони. Аллоҳ таоло жаннат аҳлига айтади:
«Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар» (Ал-Ҳааққа: 24).

Аллоҳ азза ва жалладан динига нусрат беришини, калимасини олий қилишини ва душманларини хор қилишини сўраймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи ва асҳобларига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

Манба: Ислом Нури

Фикр билдиринг