Ғафлат уйқусидан уйғон
Ғафлат уйқусидан уйғон
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Борлиқ мавжудотнинг Яратувчиси, Бошқарувчиси, танҳо Ҳукмрони бўлган Аллоҳ таъолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Яхшиларнинг мададкори бўлган ягона Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқ. Башариятни залолат, гумроҳлик ботқоғидан қутқариб, ҳидоят-тўғри йўл сари элтган Муҳаммад алайҳис-солату вассалом Аллоҳнинг суюкли бандаси ва ҳақ пайғамбаридирлар. Оғир ва масъулиятли вазифани омонат билан, бекаму-кўст адо этган, умматларининг бахт-саодати йўлида жафо чеккан бу зотга ҳамда аҳли-байтларию саҳобаларига, то қиёматгача ул зотнинг йўлларига чақирган, суннатларига эргашган барча кишиларга яратганнинг салавоту-саломлари бўлсин.
«Одамларга ҳисоб-китобалари (яъни, Қиёмат Соати) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда (иймон келтириб, яхши амал қилишдан) юз ўгирувчидирлар» (Анбиё: 1).
Бугун одамларнинг аҳволига қараб фикр қилган киши мазкур оятнинг ҳаётий тасдиқини топади.
Негаки кўпчилик Аллоҳнинг йўлидан юз ўгириб, охират ва Ҳақ ибодатидан ғофил бўлиб қолди. Гўё-ки, улар ибодат учун эмас, балки дунё ва унинг шаҳватлари учун яралганлар. Чунки бундай кимсалар фикр қилсалар – фақат дунё учун фикр қиладилар, бирон кимсани яхши кўрсалар ҳам фақат дунё учун яхши кўрадилар ва ёлғиз дунё учун амал қиладилар. Улар дунё учун бир-бирлари билан хусумат ва жанжал қиладилар, қай бирларини камситадилар ёхуд уни деб Роббиларининг кўп буйруқларини тарк қиладилар. Ҳатто баъзилари иши кўпайиб кетса ёки муҳим бир ваъдаси чиқиб қолса, намозини ташлашга ёки вақтидан кечиктиришга ҳам тайёр.
Уларнинг ҳаётида ҳамма нарса учун вақт бор: иш учун, спорт учун, саёҳат учун, турли филмлар ва сериаллар учун, мусиқа, уйқу, ейиш ва ичиш учун вақт бор. Фақат Қуръон ва Дин буйруқлари учун вақт тополмайдилар.
Айримлар дунё ишларида жуда ҳам ақлли, лекин бу «бечора оқиллар» охиратда ўзи учун фойдали бўлган ишларда ақлларидан фойдаланмайдилар, ақллари уларни энг оддий ҳақиқатга яъни ҳидоят йўлига ва дунё-ю охират саодати бўлган Аллоҳнинг динида тўғри бўлишга етакламайди. Мана бу ҳақиқий маҳрумликдир.
«Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлгани ҳолларида фақат дунёнинг зоҳиринигина билурлар» (Рум: 7)
Уларнинг аҳволини, гуноҳ ишларга журъатли эканликлари ва маъсиятларга бепарво карашларини кўрган киши «булар ё дўзахга ишонмайдилар ёки дўзах бошқалар учун яратилган бўлса керак», – деб юборади беихтиёр. Чунки улар ҳисобни ва азобни мутлақо унутганлар, олдиларида турган даҳшатларга асло эътибор бермайдилар.
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётингизга қасамки, улар ўз мастликларида тентираб юрадилар» (Ҳижр: 72).
Ғофил бандалар нафсларининг фоний дунёдаги роҳати ва қалбаки саодати билан машғул бўлиб, унинг боқий охиратдаги ҳақиқий саодати ва роҳатига бепарво юрадилар.
Бир шоир айтганидек: (Мазмуни)
Эй инсон! Жасадингни роҳати учун ҳадеб елиб-югураверма!
Ҳолбуки, бу елиб-югуришларингни кўпчилиги охиратда ўзинг учун зиён бўлиб қайтади!
Сен яхшиси, руҳинг ҳақида кўпроқ ташвиш қил,
Негаки сен жасад билан эмас, балки шу руҳинг билан инсонсан!
Нафсига қул бўлганлар мол-давлат, мансаб-мартаба ва соғликларига келганида жуда куюнчаклар, лекин дин ишларини бажариш, шариат ҳукмларини ўрганиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш каби очиқ заруратлар бундайлар учун энг сўнгги ўринда туради.
Улар қимматли вақтларини ҳаром ишларга сарфлаб зое қиладилар. Аммо, ўзича бахт-саодат этагини тутган бундай кўру басирлар ўзлари ҳам сезмаган ҳолда ҳалокат жарига қулайдилар.
«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа: 124).
Уларнинг кўпчилигида гуноҳни ва ўзидаги лоқайдликни сезиш хисси ўлиб кетган. Ҳатто аксарлари ўзларининг охират хусусидаги лоқайдликларини ҳаёлларига ҳам келтирмайдилар. Ғофил-лоқайд банда дин асосларининг баъзисини бажариш ва беш вақт намозни ўқишнинг ўзи билан исломнинг ҳаммасига эришдим ва жаннат мени кутиб турибди деган гумонда бўлади. Аммо бу бечора туну-кун қилаётган юзлаб балки минглаб гуноҳларини унутган, ўзи арзимас деб билаётган ғийбат, бўҳтон, ёлғончилик, ҳаром қараш, ҳаром еб-ичиш, соқолни қириш, шимини тўпиғидан паст кийиш ва бундан бошқа гуноҳларни эсидан ҳам чиқариб юборган бўлади. У юқоридаги гуноҳлар менга ҳеч қандай зарар бермайди, деб ўйлайди. Ҳолбуки, улар баъзан дунё ва охиратда унинг расво ва зиёнкорлардан бўлишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Сизлар кичкина гуноҳлардан эҳтиёт бўлинглар, чунки улар йиғилиб қолса бандани ҳалок қилади». Шундан кейин бугунги кунда айримларнинг рибо – судхўрлик, зино – фоҳишабозлик, порахўрлик, ота-онага оқлик ва бошқа гуноҳи кабиралардан мутлақо тап тортмаётгани ҳақида нима дейиш мумкин?
Баъзида ажабланиб қоласан киши! Наҳот улар бундай ҳаёт кечиришдан зерикмадилар?! Улар ўзларига савол бериб кўрдиларми?!
Кейин, охиратда нима бўлади?
Бу шаҳватлар ва лаззатларнинг оқибати нима бўлади?
Бу ўйин-кулгунинг охири нима?
Гуноҳ маъсиятлар билан тўлиб кетган мана шу бемаъни ҳаётдан кейин нима бўлади?
Ёки улар ўлим, ҳисоб, қабр, сирот, дўзах ва унинг азобидан бехабармилар?!
Ахир булар ёш болаларнинг ҳам сочларини оқартириб юборадиган даҳшатлар-ку!
Оқибат ҳақида хабар берадиган бўлсам; лаззатлар кетиб, қийинчиликлар қолади, шаҳватлар тугаб уларнинг ўрнини ҳасратлар эгаллайди.
Уларнинг бу дунёда топаётган гарддай лаззатлари ўтади-кетади. Аммо ушбу «роҳат»дан кейин кимнидир аламли азоб ва жаҳаннам қаъридан келадиган аламли бақириқ-чақириқ овозлар кутаётган бўлиши мумкин (бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин).
Оқил инсонлар эртага Яратган Парвардигор қаршисида туришларини ўйлаб, панд-насиҳат оладилар ва асосий вазифалари бўлмиш ибодатга ўзларини бағишлайдилар.
Адашиб юрган ғофил кимсаларнинг кўзларини бугунги фан-техниканинг тараққиёти ва замонавий қулайликлар кўр қилиб қўйди. Дунё лаззати уларни ҳақиқий йўлларидан ва мақсадларидан чалғитиб юборди. Аммо бу гумроҳ бандалар агар залолатлари, ўйин-кулгилари ва қайсарликларида давом этсалар ва ғафлат уйқусидан уйғониб Роббиларига қайтмасалар, яқинда ҳасрат-надомат қилиб қолурлар.
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар, орзу-ҳавасларига машғул бўлаверсинлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар» (Ҳижр: 3).
Ҳар бир мусулмон фарзандига бу дунёга нима учун келганини англаш вақти келмадими?!
Эй суюкли биродарим!
Сен мана шу сатрлар олдида бироз тўхта, ўз ҳаётингни бир ҳисоб-китоб қилиб кўр!
Сен Аллоҳнинг ризоси ва жаннатига олиб борувчи тўғри йўлдан кетаяпсанми ёки шаҳватларинг ва орзу-ҳавасларинг ортидан ҳаллослаб югурмоқдамисан?
Азиз биродарим, қайси йўл узра эканлигинг ҳақида яхшилаб ўйла! Чунки бу ниҳоятда муҳим ва жиддий масала.
Дунёда сен учун ўзингдан кўра азиз ва бебаҳо нарса бўлмаса керак. Модомики шундай экан, ўзингни дўзах азобидан ва Аллоҳнинг ғазабидан қутқазишга ҳаракат қил!
Азиз биродар, сен Аллоҳ ва унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқларига нисбатан қандай муносабатдасан?!
Уларни ҳаётингга татбиқ қилдингми ёки бепарво бўлиб, уларни атай билмасликка олдингми?!
Ёки шариат аҳкомларидан фақат нафсингга ёққан ва шаҳватларингга тўғри келадиганларигагина амал қилдингми?! Шу нарсалар ҳақида фикр қил!
Унутма, Дин – бутун нарса. У бўлакларга бўлинмайди. Дин аҳкомларининг баъзисига амал қилиб, қолганини ташлаб қўйиш Аллоҳ буйруқларини оёқ-ости қилиш ҳисобланади ва бундай қилиш мусулмон кишига асло тўғри келмайди.
«Ё китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизларми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлишдир, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар» (Бақара: 85).
Ҳақиқий мусулмоннинг бутун ҳаёти ибодатдир. У диннинг фақат маълум пайтлардагина амал қилинадиган муаққат бир маросим эмаслигини яхши билади.
Аммо ўзларича мусулмонликни даъво қилиб юрсалар-да, ҳаром-ҳаришдан тийилмайдиган, қўлини, тилини ва на қалбини ҳаромдан пок тутмайдиган кимсалар Исломнинг моҳиятини англашдан жуда-жуда йироқлар. Улар одил шариат ҳукмига эмас, беқарор кўнгилларининг маънисиз майлларига кўпроқ қулоқ тутадилар.
Азиз биродар, ғафлат уйқусидан уйғониш вақти етмадими?! Бамисоли тош каби қотиб кетган бу қалблар учун юмшаш ва бутун оламлар Роббисига эгилиш вақти етмадими?!
«Иймон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикри сабабли ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръон (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб қўрқиш (вақти) келмадими?!» (Ҳадид: 16).
Эй биродар, чин дилдан тавба қилиб, Аллоҳга ҳақиқий қул бўлайлик!
Биродарим, кел, сен ҳам тавба қилувчилар карвонига қўшил! Ўшандай пок инсонлар карвонидан ортда қолиб кетма! Наҳот улар хоҳлаган нарсани сен истамасанг?! Наҳот улар Аллоҳ таъоло мағфиратига, Унинг ҳузуридаги ажру савобга муҳтожлару, сен бундан беҳожатсан?!
Наҳот улар Аллоҳдан қўрқадиган заиф-бечоралару, сен Ундан қўрқмайдиган кучли паҳлавонсан?!
Эй биродар, сен жаннатни хоҳламайсанми? Жаннатда улуғ Роббинг юзига қарашингни ҳаёлингга келтир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қўл бериб кўришишингни, у зотни ўпишингни ва жаннатда пайғамбарлар ва саҳобалар билан бирга ўтиришингни бир тасаввур эт!
«Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар, сиддиқлар (ҳаққи-рост иймон эгалари), шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлурлар. Ана ўшалар энг яхши ҳамроҳлардир» (Нисо: 69).
Эй биродар, сен ўзингни сув, сут, шароб ва соф асал оқадиган анҳорлар устидаги абадий жаннатларда яширинган дур мисоли оҳу кўзли ҳурлар билан бирга бўлишигни ҳаёлингга келтир. Сен учун у ерда кўнглинг тилаган нарсалар ҳозир этилишини ва бу неъматларнинг барчаси кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннатда бўлишини тасаввур қил.
Айни пайтда дўзахни, ундаги Заққум номли дарахтни, ундан оқиб чиқадиган йиринг-фасодни, унинг оташ нафасини ва ундаги бадбахтларнинг доимий азобда бўлишини кўз олдингга келтир.
«Ҳар қачон улар ундан (дўзахдан) чиқмоқчи бўлсалар яна унга қайтарилурлар ва (уларга): «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотингиз», дейилур» (Сажда: 20).
Мана шуларнинг ҳаммасини ҳаёлингга келтириб, вақтида Аллоҳга тавба қил. Аллоҳга қасам-ки, тавба қилсанг ҳеч качон пушаймон бўлмайсан. Аксинча, Аллоҳ хоҳласа дунё ва охиратингда сохта ва ҳаёлий эмас, балки ҳақиқий-чинакам саодатга эришасан.
Эй биродар, бугундан бошлаб шу йўлни тажриба қилиб кўр, иккиланма. Ахир ўзинг ҳар намозда:
«Бизни Тўғри Йўлга бошла», (Фотиҳа: 6) оятини ўқимайсанми?! Агар тўғри йўлни ростдан ҳам истасанг, нима учун Раббингдан шуни сўрайсану, ундан юрмайсан?!
Сен бу дунёга алданиб қолишдан, у сенинг ташвишинг ва мақсадингга айланиб қолишидан ниҳоятда эҳтиёт бўл. Чунки сен, қанча кўп яшамагин, қанчалик роҳат-фароғат ичида бўлмагин, бир кун келиб албатта ҳаётдан кетасан.
Эй биродар, сенга ўлим келган пайтда ҳали сен тавба қилмаган бўлсанг сенинг ҳолингга вой бўлсин. Агар сени тавбага чақирсалар-у, рози бўлмасанг сенга ҳасрат-надоматлар бўлсин.
Эй биродар, эртага борадиган жойинг учун амал қилгин. Чунки олдингда ўлим ўзининг сакаротлари (шиддати, талвасалари) билан, қабр ўзининг зулмат ва даҳшатлари билан сени кутиб турибди. У ерда якка-ёлғиз ётасан, у ерда хотин, бола-чақаларинг, ошна-оғайниларинг, улфатларинг ва қариндош-уруғларинг бўлмайди. У ерда сен билан фақат ўзинг қилган яхши бўлсин, ёмон бўлсин амалларинг бўлади, холос. Эртага мана шу даҳшатларга албатта рўбарў бўласан ва Аллоҳнинг олдида туриб катта-ю кичик ҳамма амалларингдан ҳисоб берасан. Шундай экан саволларга жавобни бугундан ҳозирлаб қўй.
«Парвардигорларингиз номига қасамки, албатта, уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш-амаллари ҳақида сўраймиз» (Ҳижр: 92-93).
Олдинда мана шундай даҳшатлар турган бир пайтда ҳой-ҳавасга берилиб, нафс-ҳавога учиб Аллоҳга осийлик қилиб юриш оқил одамнинг иши эмас.
Ҳаёт банда учун берилган улкан фурсат. Модомики тирик экансан, бу Аллоҳнинг сенга берган мухлати. Бу тавба қилишинг ва Унга қайтишинг учун сенга берилган фурсат.
Бунинг учун Аллоҳга ҳамд айт, фурсатни қўлдан бой берма, кеч бўлмасдан туриб, вақт борида Аллоҳга тавба қилиб қол.
Дунёдан ўтган кишиларни эсла. Куни келиб, албатта сен ҳам бу ердан кетасан.
Лекин ёдингда бўлсин, сен ҳозир амал майдонидасан, тавба қилишга ва яхши амалларингни кўпайтиришга қодирсан. Улар эса дунёга яна бир лаҳзага бўлса-да қайтиш, тавба қилиб олиш учун бор нарсаларини беришга тайёрлар. Афсуски улар учун энди кеч бўлди.
«(Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деб юрган кимсалар) то тўсатдан қиёмат келиб қолганда устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У (дунё)да қилган сусткашлигимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», деб қоладиган пайтларигача ўзларига зиён қилаверадилар. Улар нақадар ёмон нарсани орқалаб юрадилар-а!» (Анъом: 31).
Эй биродар, сен уларнинг хатосини қайтариб, пушаймон фойда бермайдиган пайтда афсус-надомат бармоғини тишлаб қолишдан эҳтиёт бўл. Модомики имкон бор экан, ўзингни дўзахдан халос эт. Акс ҳолда сен:
«Парвардигоро, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар, шояд мен қолган умримда яхши амал қилсам» (Мўъминун: 99-100), деган пайтингда сенинг бу илтимосинг қабул қилинмай қолади.
Аллоҳ таолодан бизларни Ўзи яхши кўрган ва рози бўладиган ишларга йўллаб қўйишини ҳамда сўзларга қулоқ тутиб, уларнинг энг гўзалига эргашадиган бандаларидан қилишини сўзаймиз. У зот албатта бунга Қодирдир.
Манба: Ислом Нури

