PDF WORD

Чумоли

ЧУМОЛИ

Доктор Носир ибн Сулаймон Умар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи: Кириш

Барча мақтовлар Аллоҳ таологагина хосдир. Биз Унга ҳамду санолар ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимизнинг шумлиги ва ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен «Шериксиз ягона Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Азиз дўстлар, ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Мен Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар ва шукроналар айтиб, Ундан ушбу учрашувни Ўзи учун холис қилишини сўрайман ҳамда бу масжидда уни уюштирган барчага, масжид мутасаддиларига ва хусусан бунга бошу-қош бўлган биродаримиз Одил Калбонийга чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман. Аллоҳ таоло уни ва сизларни хайрли мукофотлар билан тақдирласин. Бундан ташқари, билим ва манфаат олиш учун ҳозир бўлган сиз – тингловчиларга ҳам ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Аллоҳ таолодан мени сизлар умид қилиб келганингиз фойдаларни тақдим қила олишимга муваффақ қилишини сўрайман.

Азиз дўстлар, бугунги мавзумиз – чумоли ҳақидадир. Камина бу сўздан кўпларингизнинг ҳайратланганингизни кўриб турибман. Ҳатто, ушбу мавзунинг танланиши ва унинг сарлавҳаси ажабтовур ном билан – «Чумоли» деб аталган экани ҳақида изоҳ сўраб, менга саволлар билан мурожаат қилиб, уйимга сим қоққанлар ҳам бўлди.

Мен сизларнинг ҳайратланганингиздан ажабланаяпман. Ахир сизлар Аллоҳнинг Китобини ўқимаганмисизлар?! Ундаги суралардан бирининг номи «Чумолилар» деб аталишидан хабарларингиз бордир?! Чумолилар билан чумоли ўртасида нима фарқ бор? Униси бир исмнинг кўплик, буниси эса бирлик сони, холос. Балки Қуръон Каримда бу исмнинг бирлик сони, яъни «чумоли» зикр қилинган:

«То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди» (Намл: 18).

Шунинг учун ҳам айта оламанки: Қуръоннинг узун сураларидан бирининг «Чумолилар» деб номланиши алоҳида маъно касб этади. Аллоҳ таоло айтади:

«Қуръон ҳақида тафаккур қилмайдиларми ёки қалбларига қулфлар урилганми?!» (Муҳаммад: 24);

«Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми? Агар у Аллоҳдан бошқаси тарафидан юборилса эди, (Унда) кўплаб қарама-қаршиликлар топган бўлар эдилар!» (Нисо: 82).

Азиз биродарлар, мен бу мавзу – энг муҳим мавзулардан бири деб ўйлайман. Бу муболаға эмас. Чунки, чумоли мавзуси анча вақтдан бери диққатимни ўзига тортган. Мен бу митти жониворнинг ҳаёти ҳақида фикр юритиб, у ҳақида ёзилган китобларни мутолаа қила бошладим. Муфассирларнинг «Намл» сурасининг чумоли ҳақидаги ояти тафсирлари ҳамда биология китобларига мурожаат қилдим. Ўқиганим сайин, бу ажойиб митти жониворга бўлган ҳайратим ортиб борди.

Шунинг учун ҳам, мен айтмоқчи бўлган сўзлар «Намл» сурасидаги оятлар ва улар учун ёзилган тафсирларгагина чекланган эмас. Мен сўзимни у билан бошламоқчиман, холос. Аслида бу мавзу анча узун.

Мен сизларга: «Мен мавзуни қандай қилиб мухтасар қилар эканман, чунки шом ва ҳуфтон намозлари ўртасидаги қисқа вақтда бу мавзуни тўлақонли ёрита оламанми» деб бошим қотди, десам, таажжубланасизлар. Чунки, мен бу мавзу уни тўлақонли тушунтириш учун бир неча давраларга муҳтож эканига амин бўлдим. Чумолилар ҳақида Қуръоннинг бошқа бир ояти ҳам бор. Бироқ у чумолининг бошқа тури ҳақида. Шунинг учун мен уни дарсимизнинг охирига қолдирдим. Балки баъзиларимиз Қуръонни такрор-такрор ўқиган, ҳатто Қуръонни ёд олган бўлсак-да, бу тур чумолилар унга кутилмаган нарса бўлар.

Иккинчи: Нега чумоли ҳақида?

Биродарлар, чумоли – митти жонивордир. Бироқ, Аллоҳ таоло шундай деди:

«Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини – шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 50);

«Бас, эй ақл эгалари, ибрат олингиз!» (Ҳашр: 2).

Мен чумоли ҳақида битта эмас, кўплаб ҳикоялар бор эканини айтмоқчиман. Аллоҳ таоло баъзи қиссаларни ҳикоя қилар экан, унинг аввалида ёки охирида:

«Дарвоқе, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир» (Наҳл: 66);

«Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас» (Юсуф: 111), деб айтган.

Биродарлар, мен нега чумоли мавзусини танладим? Сабаби, мен уни ўргандим. Бу – келтириладиган мисоллар ва ҳақиқатлар билан аниқ равшан бўлади. Шояд кўплаб талабалар чумоли даражасига эришса. Менинг бу сўзимда ҳеч муболаға йўқ. Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, бу – ҳақиқатдир. Дўстлар, мен бу ерга мазаҳ қилиб кулишимиз учун қисса айтгани келганим йўқ. Балки ибрат учун мисоллар келтиришни хоҳладим.

Азиз дўстлар, менинг, мавзудаги асосий бўлим – чумолининг биринчи тури ҳақида айтадиган сўзларимни диққат билан тингланг, кейин мен сиздан бир нарсани илтимос қиламан: бу чумоли билан ўзингизни, чумолилар оиласи билан жамоатингизни таққослаб кўринг. Агар инсофли бўлсангиз, чумолидек яшашдан қанчалар узоқ эканингизни тушуниб етасиз!

Кўп ўринларда чумоли эришган нарсаларга эришишни орзу қиласан киши. Буни асоссиз эмас, талайгина толиби илмлар ҳаётига назар ташлашдан олган хулосамга суяниб айтмоқдаман.

Шунинг учун ҳам бу ерга шу мавзуда гапириш ва Аллоҳ таоло яратган ушбу жониворда кўпчилигимиз бирон марта ўйлаб кўрмаган ибрат ва насиҳатлар бор эканини айтиш учун келдим. Кошки буни эътироф этсак, ибрат олсак ва фойдалансак.

Ичимиздаги кўпчиликка чумолининг ҳашаротлардан бири экани, уйимизга кириб қолгудек бўлса, ундан қандай қилиб қутулиш фикри ўрнашиб қолган. Лекин ғаройиб чумолидаги чиройли жиҳатларга қараш ҳаёлга ҳам келмаган.

Учинчи: Чумолининг Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломга

нисбатан муносабатидан олинадиган дарслар

Азиз дўстлар, сўзимизни Аллоҳ таолонинг Китобидаги «Намл» сурасининг оятлари билан бошлайлик:

«То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди» (Намл: 18).

Агар мен бугунги маърузамни фақат шу оятнинг маъноларига бағишлаганимда ҳам, унинг адоғига ета олмаган, балки, мавзунинг баъзи тарафларинигина ёрита олган бўлардим. Чунки мавзу ғоят серқирра, шунинг учун мен унинг баъзи қирраларигагина ишора қилиб ўтаман. Зеро, донога ишора кифоя.

«То улар чумолилар водийсига етган вақтларида …» Демак, у ер «Чумолилар водийси» эди. У ерни нега «Чумолилар водийси» деб аталди? Чунки у ерда яшайдиган жониворларнинг энг кўпи чумолилар эди.

Баъзи минтақаларга борсак, у ерларни Амр қабиласи ёки Шеҳр қабиласининг минтақаси деб аталади. Бу ном нимани англатади ва нимага далолат қилади? Бу, ўша минтақада яшаётган одамларнинг аксарияти Амр ёки Шеҳр ёки бошқа, сиз таниган қабилага мансуб кишилар эканини англатади.

Демак, бу водийда яшаётган жониворлар чумолилар эди. Бу нимага далолат қилади? Бу чумолилар сонининг кўплигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам бу водий  «Чумолилар водийси» деб аталди.

Муфассирларнинг бу водийнинг жуғрофий ўрни ҳақида айтган сўзлари бизни қизиқтирмайди. У Тоифдами ёки бошқа ердами, бунинг фарқи йўқ. Бизни қизиқтирган нарса – у водийнинг чумолилар билан тўлиб-тошганидир.

Хўш, қандай воқеа содир бўлди? Воқеа Сулаймон алайҳиссалом лашкарлари билан «Чумолилар водийси»га етиб келганидан сўнг бошланди:

«То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар …» деди (Намл: 18). Аллоҳу Акбар! Азиз биродарлар, ўз оиласига хатар яқинлашаётганини билган чумоли баланд товуш билан: «Эҳтиёт бўлинг ва ўзингизни қутқаринг!»:

«… яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар» дея нидо қилди (Намл: 18).

Бу қандай ҳам ажойиб чумоли! У ўз қавми учун қайғуриб, уларнинг масъулиятини зиммасига олибди!  У хатарнинг олдини олиб: «Бошингизга хатар келаяпти, жонингизни қутқаринг!», деб нидо қилмоқда. Бу чумолининг қилган иши нақадар ҳайратомуз! Эй биродарлар, бу чумоли хатарни сезган пайтида ўз жонини қутқариш учун қочиб қолдими? У: «Мен нима ҳам қила олар эдим. Мен ёлғиз чумоли бўлсам! Олдимдаги лак-лак қўшинга қарши нима ҳам қила оламан! Чумолилар уммати жуда кўп сонли, бироқ, бир ўзимнинг қўлимдан нима ҳам келарди?!» – дедими?!

Азиз дўстлар, Аллоҳга онт ичиб айтаманки, Ислом Уммати бошига келаётган хатар Сулаймон алайҳиссалом давридаги чумолилар устига ёпириб келган хатардан каттароқ эмасми?! Қайси биримиз хатарни чумолидек ҳис этиб, Уммат ҳаётини қутқариш учун тиришаяпмиз?! Чор атрофидан хатар ёпирилиб келаётган бу Умматнинг қайғуси билан ким шуғулланаяпти?! Аллоҳ номига қасамки, бу хатар – битта ёки иккита эмас, балки сон-саноқсиздир: «(Улар) устма-уст зулматлардир» (Нур: 40).  Ҳа, таҳдидлар остида қолган бу Уммат ғамини ким чекаяпти?!

Ўзимиз билан очиқ ва ростгўй бўлайлик. Биз бу Уммат учун қайғураяпмизми?! Унга нисбатан қилинаётган фитналар ва ҳужумлар олдида сергакмизми?! Ёки иш, оила, бола-чақа ва бошқа ғамларимизни олдинга қўйиб, Уммат ғамини ўртага ёки орқага қўймоқдамизми?! Уммат ғамини олдинга қўйган кишиларнинг сони жуда ҳам оз!

Севимли дўстлар, оятга яна бир назар ташлайлик: «бир чумоли айтди» дейилмоқда. Бу оятда «чумоли» сўзи ноаниқлик кўринишида истеъмол қилинди. Аллоҳ таоло: «Муайян чумоли айтди», демади. Балки ноаниқлик шаклидаги «чумоли» сўзини истеъмол қилди. Бу чумоли чумолилар подшосими, йўқми, бу ҳам маълум эмас.

Ҳа, бу сўз ноаниқлик шаклида истеъмол қилинди. У – узоқларга чўзилган водийдаги оддий бир чумоли, ўзининг ким эканини билди. Бизчи, биз нима билан машғулмиз?! Биримиз: «Уммат манфаати учун фалончи шайх нима қилибди? Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ нима қилибди?» – деб сўрасак, бошқалар: «Мўътабар Уламолар Ҳайъати нима қилибди?» – деб сўраса, яна бошқалар: «Беш кишилик қўмита нима қилаяпти?» – деб, баъзилар эса: «Фалончи ва пистончи нима қилдилар?» – деб савол берадилар. Мен айни шу саволни сизларга бермоқчиман: «Уммат манфаати учун сиз ўзингиз нима қилдингиз?!».

Номаълум чумоли бир қавмни қутқариб қолди. Аллоҳ таоло оддий бир чумоли воситаси билан катта чумоли қавмига нажот берди.

Азиз дўстим, Уммат ғамини бировлар елкасига ортиб қўйишдан кўра осонроқ иш йўқ. Келинг, очиқчасига гаплашайлик: «Сиз Уммат манфаати учун нима қилдингиз, нима қилмоқдасиз ва нима қила оласиз?!».

Номаълум чумоли … Дўстим, сиз Умматингиз учун шу бир чумоли ўз оиласи учун қила олган ишни қила оласизми?!

Биз, энди иншааллоҳ, яна бир нуқтада бир оз тўхталиб ўтамиз. Чунки, юқорида дарсни мухтасар қилишимни таъкидлаган эдим.

Ушбу ҳолат ҳам ажойиб:

«Ҳой чумолилар, инларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар» (Намл: 18).

Аллоҳу Акбар! Чумоли ниятларни йўйиш билан кутиб ўтирдими?! У: «Сулаймон сизларни таҳқирлади, чунки сизлар кучсиз махлуқотсиз! Сизларга эътибор ҳам бермади» – дедими?! У ўз қавми билан савол-жавоб қилиб ўтирдими?! Агар бирон нарса демаса ҳам яхшилик қилган бўлар эди. Чунки, у Сулаймон алайҳиссалом ва лашкарларини оқлаб: «Мен сизларни эзиб-янчиб ташласалар ҳам, уларни ниятлари боис айбламайман. Чунки, улар сизларни «ўзлари сезмаган ҳолларида …» эзиб-янчиб ташлашлари мумкин» деган эди.

Аллоҳу Акбар! Бизнинг ҳолимиз ва воқелигимизга бир назар солинг!

Жоҳилият масалаларининг бир юз ўн иккинчисида: «Пайғамбарларнинг издошларини «дунё толиблари» дея айблаш, жоҳилият масалаларидан биридир» деб айтган Сулаймон Тамимийни Аллоҳ таоло раҳмат қилсин. Ҳа, ҳозирда одамлар уламоларни кўрсалар, дарҳол уларнинг ниятлари ҳақида баҳс қила бошлайдилар: «Бу – дунё мансабларидан бирини, у – ҳокимиятни, фалончи эса фалон нарсани мақсад қилаяпти», дейдилар. Уларни «радикаллар» демоқдалар! Сизлар «радикаллар» сўзи нимани ифодалашини жуда яхши биласизлар. Кошки бу «лақаб» илмоний (секулярист)ларнинггина оғзидан чиққан бўлса. Баъзи толиби илмлар ва олимлар (биз улар ҳақида ёмон фикрда эмасмиз) ҳам ўзлари қолиб, бошқаларнинг ниятларини таъвил қилиш билан овора бўлиб қолдилар: бу даъватчи ундай, униси бундай, у уни хоҳлайди, бу буни истайди, деб жар солмоқдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд разияллоҳу анҳуга ҳаммамиз билган ҳодисада ва бошқа бир ҳодисада унинг ўғли Усома  разияллоҳу анҳуга: «Унинг қалбини ёриб кўра қолмабсан-да?!» – деб танбеҳ берганлар (Имом Муслим, «Иймон»: 96; Абу Довуд: 2643; Имом Аҳмад: 5/ 207).

Дўстлар, бир-биримизнинг қалбимизни ёриб кўришни Аллоҳ бизга амр қилмади. Ушбу чумоли ҳам бу масалани тушуниб етди. Ўз оиласига: «… Сулаймон ва унинг лашкарлари сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деганида бошқа гапга ўрин қолмаган бўлар эди. Бироқ, агар у шу гапни айтиб, жим қолса, оиласи жим қолмаслиги мумкин эди. Улар: «Сулаймон нима қилмоқчи ўзи? У нега бу ердан ўтаяпти, бошқа ер қуриб кетибдими?» – деб ниятлар таъвилига киришиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам бу чумоли савол дарвозаларини беркитди ва: «улар сезмаган ҳолларида» деди. Яъни, унинг ниятларини таъвил қилманглар!

Шундай экан, модомики, бир сўзни айтар эканлар, бандаларнинг қалбларидаги нарсаларни тахмин қилиш билан овора бўлманглар! Бир чумолининг ўз қавмини ҳақиқатан эзиб-янчиб ташлаш учун келаётган лашкар ҳақидаги фикри шу бўлса, уларнинг нажоти учун куйиб-пишаётган биродарларининг ичларидаги ниятларини таъвил қилиш билан вақтларини зое қилаётган кишиларнинг ҳолига нима дейсиз?!

Хўш, чумолилар унга: «Сен салтанатни, шуҳратни қўлга киртмоқчисан!» – дедиларми? Йўқ! Чумолилар у айтган гапга қулоқ солиб, инларига кириб кетдилар ва шу митти чумолининг чақириғи билан жонларини сақлаб қолдилар.

Ҳа, ҳикоянинг шу ерида катта ибратлар бор. Лекин мен, юқорида айтиб ўтганимдек, сўзни мухтасар қилишга ҳаракат қиламан.

Келинг, чумоли қиссасида давом этайлик.

Тўртинчи: Сабр ва матонат – чумолининг хусусиятларидан

Муҳтарам биродарлар, сабр ва матонат – чумолининг сифатларидан биридир. Мен бу гапларни хусусан толиби илмларга, умуман эса мусулмон дўстларимга айтмоқдаман ва ҳеч бўлмаса биттамиз илм излаш ва Аллоҳ йўлига даъват қилишдаги сабру матонатда чумолига ета олишини орзу қилардим.

Унинг сабру матонатига қуйидаги мисоллар бор:

Чумолилар ин қурар экан катта матонат кўрсатадилар. Ин қуришни бошлашлари билан бир оз кўтарилган деворлар қулаб тушади. Иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи марта қулашига қарамай ин деворларини тиклашда давом этадилар ва охири ишни ниҳоясига етказадилар. Бу ҳайратомуз матонат илмий изланишларда ўз исботини топган.

Мен ҳам уларнинг сабру матонатига гувоҳ бўлганман, бунинг ҳикоясини бир оздан кейин айтиб бераман. Чумолининг бирор силлиқ буюм юзасида ўрмалаб, юқорига қараб интилишини ҳеч кузатганмисиз? Буюм девори ҳар қанча силлиқ бўлмасин, чумоли унга чиқишга ҳаракат қилади. Йиқилади. Бироқ умидсизланиб орқасига қайтадими? Йўқ! Яна чиқишга ҳаракат қилади, яна йиқилади. Яна ҳаракат қилади, яна йиқилади. Бошқа ерига ўтиб, уриниб кўради. Бўлмаса, яна бошқа ерига ўтади. Бу иш то кўзлаган жойига чиқиб олгунича давом этаверади. Гоҳида бу уриниш ўнлаб марта такрорланади.

Бизлар эса бир лойиҳага, ишга ё илм излашга бир, икки, боринг уч марта ҳаракат қиламиз. Ишимиз олдига юрмаса, ҳафсаламиз совуб ташлаб кетамиз. Энг чидамли бўлганимиз ҳам уч мартадан ошиғига тоқат қилолмаймиз. Ҳа, чумолилар ана шундай ажойиб жониворлардир.

Тарих саҳифаларида қолган ушбу ҳикояга қулоқ тутинг:

Машҳур саркарда Темурланг жангларнинг бирида мағлубиятга учради. Мағлубиятга учраган қўшини чекиниб, тарқалиб кетди. Бу аччиқ мағлубиятдан қайғуга тушган саркарда қаерга боришини билмай боши қотди. Ватанига қайтдими? Йўқ! У сўппайиб юртига қайтишдан ор қилиб, тоғдаги ғорлардан бирига кирди. Ўзи ва қўшини тушган ҳолатдан қайғуриб, ўйга толди. Ўйланиб ўтириб кўзи бир чумолига тушди. Чумоли ғордаги силлиқ тошга чиқишга ҳаракат қилар, бироқ йиқилиб тушарди. Чумоли иккинчи, учинчи марта ҳаракат қилди, бўлмади. Бу ҳолат саркардани ўзига жалб қилиб, унинг ҳаёли бўлинди. Сўнгра у бутун диққати билан бу митти жониворнинг ҳаракатларини кузата бошлади. Ниҳоят ўн еттинчи уринишда чумоли тош устига чиқишга муяссар бўлди. Саркарда: «Во ажаб, чумоли йигирма мартага яқин ҳаракат қилди. Мен эса қўшиним билан биринчи мартада мағлубиятга учрадим. Биз нақадар заиф ва ожиз эканмиз-а!» – деди-да, ғордан тушиб, қўшиннинг қолган қисмини тўплашга, улардан битта жангчи тирик қолса ҳам жанг майдонини тарк этмай уруш қилишга азм қилди. Чумоли унинг ҳаёлидан кетмасди. У лашкарларни тўплади ва модомики ичларида бир киши тирик қолса ҳам, чекинмай жангни давом эттиришга аҳдлашишди. Шу азму-қарор ва шу ният билан жангга кирдилар ва ғалаба қозондилар.

Ҳа, азиз дўстим, ҳаракатингиз сусайса чумолини, унинг ҳаракатлари ва тиришқоқлигини эсланг. Бунга сабр ва матонат билан бирга жиддийлик ҳам илова бўлади. Бироқ жиддийлик ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни раво кўрдим. Биологларнинг айтишича, чумолилар жониворларнинг энг жиддийларидан ҳисобланади. Келинглар, мен сизларга бир савол берай: «Сизлар бирор кун чумолининг йўлда ухлаб ётгани ёки дам олиб турганини кўрганмисизлар?» Йўқ, асло. Чунки у ҳаёти давомида жиддий ҳаракат билан яшайди.

Сўзимнинг исботи ўлароқ анча йиллар аввал кузатганим бир чумолини мисол келтираман. Қараб турсам, ин қураяпти. Табиийки, чумолилар инларини ҳамжиҳатлик билан қуришади. Бу ҳам алоҳида бир мавзу. Бироқ мен ҳозир уларнинг нақадар жиддий ҳаракат қилганларини зикр қилмоқчиман, холос.

Чумоли ин қуриш учун шошиларди. Оғзида қум донаси билан чиқиб келар, уни ерга ташлаб, тезлик билан яна ин ичига қайтарди. Шу зайлда у ажабтовур ҳаракатлар билан ишини давом эттирарди. Мен уларни ўз ишини чин дилдан севадиган ва кўнгилдан чиқариб бажарадиган ишчиларга ўхшатдим. Жиддий, ҳаракатчан ва ҳайратомуз фаол. Чумоли биргина қум донасидан ошиғини таший олмаса-да, унинг бирон лаҳза тинганини ё дам олганини кўрмадим. Ҳолбуки, бу қум донаси унга нисбатан жуда оғир юк ҳисобланади! Жиддийликка қаранг!

Чумолининг биргина донни кўтариб бораётган пайтидаги жиддийлиги ва сабру-саботига эътибор беринг. Биологик изланишлар чумолининг ўз вазнидан бир неча ўн марта оғир юкни кўтара олишини исботлаган. Тасаввур қилинг, ёлғиз чумоли оғзида ўз вазнидан оғирроқ бўлган донни қийин ва машаққатли узоқ йўлда қийналиб кўтариб кетаяпти. Балки уни кўриб, бировимизнинг раҳми келар ва инининг қаердалигини билса уни «юки» билан олиб, ини олдига келтириб қўйгиси келар. Бироқ, чумоли учун бу кундалик вазифа, у ҳар куни бу масофани (балки ярим кунликдир) тўхтамай, эринмай босиб ўтади. Бу – кузатувлар билан билинган ҳақиқатдир.

Дўстлар, биз мана шу жиддийликка муҳтожмиз. Хусусан илм излаш чоғида. Чунки биз кўпинча илм излашдаги танбалликдан шикоят қиламиз. Мен бугун талабалар билан биргаликда устозларимизнинг илм излаш даврларидаги ҳолатлари билан бугунги талабаларнинг ҳолатларини таққослаб кўрдим.

Мен биз билан бирга яшаётган олимлардан бирининг ҳаётидан мисол келтирмоқчиман. Аллоҳ у кишининг умрларини баракотли қилсин! Бир киши устозимиз аллома Абдуллоҳ ибн Жибринга қуйидаги савол билан мурожаат қилди: «Ҳурматли шайх, устозлардан қандай дарс олар эдингизлар?». Аллома шундай жавоб бердилар: «Биз бомдод намозидан сўнг дарс олишга ўтирар, офтоб чиққанидан чошгоҳ вақтигача фалон, фалон китоблардан дарс олар эдик. Дарс олишимиз чошгоҳдан сўнг то пешин вақтигача, кейин аср намозидан шом намозига қадар давом этар эди».

Мен устозимизнинг бу сўзларидан: «Биз дангасаларга ҳужжат бўлиши учун пешин билан аср ўртасидаги вақтларини бўш қўйган эканлар-да!», деб ўйладим. Устоз сўзларида давом этиб: «шомдан сўнг то хуфтонгача яна давом эттирар эдик» деб, сўнг жим қолдилар.  Бу жим қолишларидан ҳам ўзимча: «Алҳамдулиллаҳ, ҳуфтондан кейинги вақтлари ҳам бўш қолиши биз учун юпанч бўлди» – дедим. Ҳалиги савол берган одам яна: «Устоз, сизлар бомдод намозидан пешин намозигача, аср намозидан ҳуфтон намозигача дарс олар экансизлар. Матнларни қачон ёдлар эдингиз?» – деб сўраб қолса бўладими. Устоз: «Матнларни пешиндан асргача ва ҳуфтон намозидан кейин ёдлар эдик» – дедилар. Мен ичимда: «Шайх ўзимизни оқлаш учун ҳеч нарса қўймадилар!» – дедим.

Демак, улар бомдод намозидан то кечқурунги тўққиз ёки ўнгача жиддийлик билан билим олишга тиришган эканлар.

Ҳа, дўстим, чумоли дегани тинмай ҳаракат қилади. Уларнинг ҳаёти – беназир сабр, матонат, тиришқоқлик ва ҳаракатдан иборат. Чумолилар устидан тажриба ўтказган биологлардан бири: «Чумолилар – фаол, танбаллик ва ялқовлик ёт бўлган, дангасалари бўлмаган намунавий оиладир» – деб баҳо берган.

Бешинчи: Чумоли сифатларидан бири – ростгўйлик

Азиз дўстлар, чумолилар жамияти – ростгўй жамиятдир. Уларнинг жамиятида ёлғонга ўрин йўқ. Уларда ёлғоннинг на қизили, на оқи, на қораси бор  ва на муғомбирлик бор! Бу сўзларга ишониш учун келинг, аллома ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Мифтаҳу дарис-саадаҳ» (Бахт-саодат диёрининг калити) китобида ҳикоя қилган қиссани айтиб берай. У чумоли ҳақидаги ажойиб қисса.

Бир одам ҳолвами ёки шакарми хуллас бир ширинликни ерга қўйибди. Ҳеч қанча вақт ўтмай чумоли келибди. – Улар худбинлиги йўқ, ҳамкор жамият бўлганлари учун (қисса мобайнида бунга гувоҳ бўласиз, иншааллоҳ) чумоли шерикларини чақира бошлабди.[1] Ширинликни қўйган одам уни жойидан олиб қўйибди. Шу лаҳзада бошқа чумолилар етиб келишибди. Бироқ ширинлик йўқ! Бу қиссанинг мағзини чақишга ҳаракат қилинглар. Чунки унинг бир иловаси бор. Чумолилар бу ҳолатдан ҳайратга тушишибди-да, ортларига қайтишибди. Хабар берган чумоли эса ўртада ҳайрон бўлиб туриб қолибди. Ҳозир у бошқа чумолилар наздида ёлғончидек бўлиб қолди. Ҳалиги одам яна ширинликни ерга қўйибди. Чумоли хурсанд бўлиб, дарҳол яна хабар берибди. Хабар ишорасини олган чумолилар қайтиб келишганида, яна ширинликни олиб қўйибди. Чумолилар келиб ширинлик илинжида айлана бошлашибди. Ширинликни топа олмагач, аввалгидан кўра қаттиқроқ нафратлангандек узоқ туриб қолишибди-да, сўнгра орқаларига қайтишибди. Ҳалиги одам ширинликни учинчи марта ерга қўйибди, чумоли ҳам учинчи марта хабар берибди. Кейин яна ширинликни ердан олиб қўйибди. Мана шу пайтда фожеа рўй берибди: чумолилар келиб, ширинликни топа олмаганларида биласизми нима қилишибди? Бу ёлғоннинг учинчиси эди. Ким кечирса огоҳлантирибди, ким огоҳлантирса узрга ўрин қўймабди. Улар бирваркайига хабарчи чумолига ташландилар-да, уни парчалаб ташладилар. Бириси унинг қўлини, бириси оёғини, бириси бошини, бириси думини тортиб кетди. Унда бошқалар учун ибрат бор эди. Чунки у «ёлғон» хабар берган эди! Аслида эса у бечора ёлғон хабар бермаган эди!

Қани айтингларчи, агар шу ишни одамларга татбиқ қилинса қандай бўлади? Йўқ, йўқ, одамларни қўя турайлик, чунки одамларнинг яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам. Ҳар биримиз ўзимизга татбиқ қилиб кўрайлик: сизнинг бир ёки икки ҳафтангиз муғомбирликсиз ёки битта бўлсада ёлғонсиз ўтадими?! Агар сиз шундай бўлсангиз, мен сизни табриклайман. Бироқ, биз бу масалада ўта бепарво бўлиб кетганмиз. Демак, чумолилар жамиятида ёлғонга ўрин йўқ экан.

Олтинчи: Чумоли сифатларидан бири худбинлик эмас, ҳамкорлик

Азиз дўстлар, чумоли сифатларидан бири – ҳамкорликдир. Сиз ўн ёки йигирмата чумолининг битта йўлдан кетаётганини кўрганмисиз ёки ҳар бири алоҳида йўллардан кетаётганини кўрганмисиз? Албатта чумолилар бир чизиқдан юрадилар. Уларнинг сонлари ўнта, йигирмата, ўттизта, қирқта, юзта бўлса ҳам, бир йўлда кетма-кет юрадилар. Бу – ҳамкорлик ва бирдамлик намунасидир.

Илмий изланишлар бирорта чумоли касал бўлиб қолса бошқалари кўтариб, инига олиб бориб, даволаганларини исботлаган.

Сизлар бирдамлик ва ҳамкорлик намуналарини ўз кўзларингиз билан кўрмаганмисиз. Ахир озуқани бир неча чумоли биргалашиб кўтариб кетаётганини кўргандирсиз?! Бу ҳамкорлик ин қуришдаги чумолилар «ҳашари»да очиқ кўринади. Инни битта эмас, ўнта эмас, юзлаб чумолилар биргаликда қурадилар.

Бу ишлар чумолиларнинг ҳамкор эканини кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло дейди:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2).

Еттинчи: Чумоли сифатларидан бири – фидокорлик

Муҳтарам дўстлар, чумолиларнинг ғаройиб жиҳатларидан бири – уларнинг фидокорликларидир.

Илмий изланишлар чумолилар ҳамкор яшашлари ва бу ҳамкорлик йўлида жонларини қурбон қилиб, фидокорлик кўрсатишларини исботлаган. Мен сизларга бу мавзуда бир иккита  мисол келтирмоқчиман:

Чумоли ўз жонини шериклари учун қурбон қилади. Тажрибалар шуни кўрсатдики, чумолилар йўлларида сувга йўлиқиб қолса, нима қилади? Мен, табиийки, Фурот ёки Нил дарёларини назарда тутмаяпман.

Бу сув «ҳавза»сидан ўтишнинг икки йўли бор: улардан биринчиси жуда ҳам ғаройиб. Чумолилар бир-бирига боғланадилар. Уларнинг ҳар бири ёнидагини ушлайди ва сувнинг нариги томонига етиб боргунча боғланишади. Натижада, кўприк ҳосил бўлади. Бошқа чумолилар эса уларнинг устидан ўтиб борадилар. Ҳамма ўтиб бўлгач кўприкнинг бош тарафини тутиб турган чумоли кўприк устидан ўтиб боради. Сўнгра кейингиси, ва ҳоказо. Ва ниҳоят уларнинг ҳаммаси соғ-саломат ўтиб олишади.

Энди қаршидаги сув устига кўприк қилиб бўлмайдиган даражада каттароқ бўлса. Бу пайтда чумолиларнинг бир тўпи ўзини сувга отиб, бир-бири билан маҳкам боғланишади. Кейин бошқалари ҳам ўзларини сувга отиб (ҳудди қайиққа мингандек) уларнинг устларига чиқиб оладилар. Дўстларни қутқаришнинг бу амалиёти мобайнида сувга тушган биринчи чумолиларнинг кўпи ғарқ бўлади!

Субҳоналлоҳ! Бу фидоийлик ва олдинга интилиш – нақадар ҳайратли! Аллоҳ номига қасамки, биз шундай мисолларга қанчалар муҳтожмиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло:

«Эй оқиллар, ибрат олингиз!» – демоқда (Ҳашр: 2).

Саккизинчи: Чумоли сифатларидан бири – тартиб ва интизом

Муҳтарам дўстлар, чумолилар оиласининг тажрибалардан сўнг билинган ажойиб сифатларидан бири – тартиб ва интизомдир. Мен сизларга: «Бу митти жониворнинг ҳаётида бошбошдоқликка ўрин йўқ. Сиз бепарволик билан қараётган ушбу жониворлар оиласи ўта тартиб-интизомли оила», – десам таажжубланишингиз мумкин.

Биринчидан: Чумоли эртадан кечгача ишлайди. Бирон бир узр сабабли ташқарига чиқмаган бўлса, кечқурун инига кириб ухлайди.

Иккинчидан: Чумоли интизомли бўлгани учун, инини бир неча «хона»ларга бўлган: ётоқхона, меҳмонхона, омборхона ва (ўсимлик) шираси (ҳашарот) учун хона. Бу ширани чумоли ўзи билан бирга олиб юради.

Ҳа, чумолининг ини тартиблидир. Биз-чи?! Айримларимизнинг уйларига қарасак бетартиб. Китобжавони ошхонасида, китоблари уйнинг чор атрофига сочилган. Ажабо, инсоннинг ишлари тартибсиз, аммо чумолининг ини ҳайратга солгудек тартибли.

Дўстлар, чумолиларнинг ўта интизомли эканига яна бир мисол келтирмоқчиман. Баъзи чумолилар ер устига ин қурадилар. Бу ин узун бўлиб, олд тарафида кириш учун тешик, орқаси эса берк бўлади. Бунинг ҳайратли жиҳати шундаки, иннинг берк тарафи доимо шарқ тарафда бўлади. Шунинг учун ҳам бразилияликлар ва у ерга келган сайёҳлар чумоли инига қараб шарқ ва ғарб тарафни билиб оладилар. Иннинг олд кириши ғарб, орқа, берк тарафи эса шарқдир. Ҳа, дўстларим, у ҳеч хато қилмайдиган компас кабидир.

Тўққизинчи: Қора чумоли оиласидаги чумолиларнинг бошқа чумолига

тажовуз қилмаслиги, чумоли сифатларидан бири

Муҳтарам дўстлар, чумоли оиласидаги аъзолар тўрт қисмга бўлинади: малика, жангчи, хизматчи ва қўриқчилар.

Маликанинг вазифаси – тухум қўйиш ва чумолилар мамлакатини бошқариш, қўриқчиларнинг вазифаси – мамлакатни ёт унсурлардан қўриқлаш, тозалаш ва малика фармонларини бошқа жангчиларга етказиш, жангчиларнинг вазифаси – чумолилар ва уларнинг инларини ҳимоя қилишдир. Хизматчи чумолиларни биз доимо ташқарида кўрамиз. Ҳа, чумолиларнинг ҳам хизматчилари бўлади, бироқ, улар бизнинг хизматчиларимиздек эмас.

Бу тўрт қисм бир-бириниг ишига зарурат туғилсагина аралашади. Бирон бир хатар туғилиб,  қўриқчилар мудофаага кучи етмаса, малика фармон чиқаради-да,  қўриқчилар, жангчилар ва хизматчилар хатарни даф қилиш учун бир ерга тўпланадилар.

Яна қачон тўпланишади? Хатар пайтида! Инлари бузилганида ҳам, қайта тиклаш учун зудлик билан тўпланадилар. Ва бир неча дақиқа ичида ин қайта тикланади. Бу – жиддий интизом нишонасидир.

Яқинда бир китобни ўқир эканман, чумолилар ҳаётидаги интизомнинг бошқа ажойиб қиррасини ҳам билиб олдим. Чумолилар ичида «чўпон» деб аталувчи чумоли ҳам бўлар экан. Ўз-ўзидан савол туғилиши мумкин: «У нимани боқади?». У ўсимлик шираси деб аталувчи ҳашаротни боқади.[2] Сизга маълумки, баъзи дарахтлар ўзидан ширин моддалар чиқаради. Чўпон чумоли эрталаб ширани кўтаради-да, ўша дарахтга олиб бориб қўяди. Шира у моддаларни сўради. Кечқурун эса, ширани кўтариб индаги махсус хонага олиб келади ва ширадаги ширинликни соғиб олади. Бу чумоли «чўпон» деб аталади.

Ҳар бир чумоли инида «чўпон»лар бўлади. Буни полизларда ҳам кузатишимиз мумкин. Чумоли ширани эрталаб ширин моддалар бўлган япроқларга қўйиб кетса, кечқурун қайтариб инига олиб кетади. Чунки чумоли ширинликни яхши кўради. Уйингизнинг бир бурчагига оғзи очиқ идишдаги асални қўйиб, синаб кўришингиз мумкин. Бир онда чумолилар қаердан ёпирилиб келганини билмай қоласиз. Чунки у ширинликни яхши кўради.  Шунинг учун ҳам у ширани мазкур тартибда боқади.

Бундан ҳам ҳайратлиси. Чумолилар ичида «деҳқон»лари ҳам бор. Улар қўзиқоринлардан бир навини экадилар.

Биолог олим Саъд Омир: «Чумолилар – ҳайратомуз ўрнак, ўта интизомли ва вазифалари ўзаро нозик дид билан тақсимланган ҳашаротлардир» – дейди.

Ўнинчи: Чумоли сифатларидан бири бирдамлик

Дўстлар, чумолилар ҳаётидан ўрганган нуқталаримдан бири – уларнинг бирдамлигидир. Чумолилар оиласида бирдамлик ҳукмрон ва хусусан душман қаршисида бир  ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишади. Мен бунга тааллуқли икки ҳикояни айтиб беришдан аввал, қалбимни оғритган бир ҳолатни эслатмоқчиман.

Кичик араб давлатларидан бирида бўлдим. Аҳолисининг 60 фоизи рофиза (шиа), 40 фоизи эса аҳли суннат (сунний)ларни ташкил қилар экан. Бу 40 фоиз суннийлар ичида ҳамма ерда бўлганидек, фосиғи ҳам бор, солиҳи ҳам. Аҳли суннат ичидаги яхшилар миқдори 10 фоизча ҳам келмайди. Бошқа 30 фоизи турли жамоат ва ҳизбларга мансубдирлар. Аҳли суннат ва жамоатга, бошқача сўз билан айтсак салафийликка мансуб шу 10 фоиз, етти қисмга бўлинишган экан! Мен бу гапларимни расмий ҳисоботларга кўра айтмоқдаман.

Уларнинг аҳоли ичидаги нисбати-ю, бўлинган етти қисмларини кўринг! Ҳар йигирма, ўттиз, қирқ ёки эллик киши бир жамоат бўлиб олган.

Субҳоналлоҳ! Бу нима деган гап?!

Чумолилар эса ундай эмас. Бразилияда бирон бир хатарни сезиб қолсалар, ўттиз мингта чумоли душманига ёпирилиб ҳужум қилади, ҳаттоки катта-катта ҳайвонларни ҳам ҳалок қиладилар. Қандай қилиб ўша ҳайвонларни ҳалок қилдилар? Бирдамлик ва бир ёқадан бош чиқариш билан!

Синмайди новдалар бўлса бир даста,

Битта новда синади, доим, бир пасда!

Иккинчи мисолга келсак, мен бир филм кўрдим. Унда узунлиги бир неча метр бўлган илон чумолилар йўлига тушиб қолади. Хатарни сезган чумолилар дарҳол унинг устига, қорнига ва бошига ёпирилиб чиқадилар. Илон аламидан бошини кўтариб, тишларини чиқариб, устидаги чумолилардан қутилмоқчи бўлар эди. Лекин, чумолиларга қандай зарар етказа олсин! Чумолилар унинг бошидан бошлаб то думигача ёпишиб олган эди. Ҳаш-паш дегунча баҳайбат  илон жон таслим қилди! Узун илонга қарши чумолиларнинг якдил ҳаракат этишлари, зафар билан якунланди.

Ислом Умматининг сони миллиардлар дейилади. Яҳудийларники-чи? Уч ёки тўрт миллион. Араб давлатларида яшаётган арабларнинг ўзи юз миллиондан ортиқ. Бироқ, қалбларимиз жисмларимиз айрилишидан аввалроқ айрилиб бўлгани боис биз бугунги ачинарли аҳволга тушиб қолдик. Душманларимиз бизни парчалаб ташлашга қаттиқ уринаётган ҳозирги даврда Биз – Ислом уммати бирдамлик ва ҳамкорликка ўта-ўта муҳтожмиз! Машҳур инглиз мақолини  эсланг: «Парчалаб ташла, ҳукмрон бўласан!»

Парвардигоримиз амри-фармонига қулоқ тутинг:

«Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103);

«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!» (Оли Имрон: 105).

Ҳа, чумолилар оиласи ичида келишмовчиликка ўрин йўқ. Биолог олимлардан бири шундай дейди: «Гоҳида бир гуруҳ чумоли бошқа ерга кўчиш тараддудига тушади. Бошқа бир гуруҳ эса кўчмаслик тарафдори бўлади. Биринчи гуруҳ кўчиб, иккинчи гуруҳ қолади деб, ўйлайсизми? Йўқ, улар иттифоқ қиладилар. Қандай қилиб дейсизми? Икки тараф бир-бири билан курашади. Қайси тараф ғолиб бўлса, ўшанинг фикри устун бўлади. Яъни кўчмоқчи бўлганлар ғолиб бўлса ҳамма кўчиб кетади, қолмоқчи бўлганлар ғолиб бўлса ҳамма қолади! Уларнинг муаммолари шу билан ҳал бўлади».

Ўн биринчи: Чумоли сифатларидан бири – озодалик

Чумолиларнинг ўз инини озода тутадиган жонивор эканини биолог олимларнинг тажрибаларидан билиб олдингиз. Бундан ташқари, чумоли ўз танасини бир кунда йигирма мартага яқин тозалаши маълум бўлган. Биз, икки жума ўртасида – бу орада шаръий сабабга кўра ювинишга мажбур бўлиб қолмаса – бир бор ювинадиган одамга: «Офарин, раҳмат сизга!» – деймиз. Гоҳида баъзи кишилар икки ёки уч ҳафта давомида ювинмайдилар! Бундай инсонлар масжидга кирганида эса, бошқалар унинг тезроқ чиқиб кетишини орзу қилиб туради.

Ҳа, баъзи биродарларим менга: «Баъзида масжидга кириб: «Фалончи борми ёки йўқми?» – деб қарайман. Агар у масжиднинг бу бурчагида бўлса у бурчагига, у бурчагида бўлса бу бурчагига қочаман!» – дейди. Ҳа, айтаётган гапим ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хом саримсоқ ва пиёз еган одамни масжидга келишдан қайтардилар.[3]

Демак, чумолилар оиласи – озода ва тартиблидир. Шунинг учун ҳам, агар бир ҳафтада бир марта ювинишдан эринсангиз, чумолини хотирланг!

Ўн иккинчи:

Чумолилар сифатидан бири – улар тинимсиз тасбеҳ айтувчи жониворлар

Чумолилар – тасбеҳ айтадиган жониворлар. Имом Муслим «Саҳиҳ» тўпламида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни ривоят қилди. У айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Пайғамбарлардан бирини чумоли чақди. У амр қилди, чумолилар қишлоғи (ини) ёқиб ташланди. Аллоҳ таъоло Унга: «Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! Битта чумоли кифоя эмасмиди?!» – дея ваҳий қилди».[4]

Аллоҳу акбар! Бир чумоли чаққани учун чумолилар инини ёқиб ташлаган пайғамбарга -унга ва пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин – Аллоҳ таоло дашном берди ва: «Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! Битта чумоли кифоя эмасмиди?!» – деди.

«Мавжуд бўлган ҳар бир нарса ҳамду сано айтиш билан У зот (Аллоҳ)ни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини – поклашларини англамассизлар» (Исро сураси: 44).

Ҳурматли дўстлар, мен буни нега айтаяпман? Чунки Қуръон ва суннатда барча жониворнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишини исботловчи:

«Момақалдироқ ҳам У зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтар» (Раъд: 13) ва

«Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зот (Аллоҳ)ни поклар» (Исроъ: 44), каби кўп далилларга биноан чумолилар ҳам тасбеҳ айтишини, энг оз тасбеҳ айтадиган жониворлар – инсон ва жинлар эканини қайсидир йиғинда айтиб ўтган эдим. Бунинг илмий мисолини айтиб берайинми?

Сиз ўзингизга бир қаранг. Мен сизни яхши ва эзгу ишларни қиладиган диндор одам деб ўйлайман, ичингизни Аллоҳ билади. Агар яхши одам бўлмаганингизда ушбу мажлисга келмаган бўлардингиз. Айтингчи, ичимиздаги энг яхши одам бир кунда неча марта тасбеҳ айтади? Аллоҳ тавфиқ бергани намоздан кейинги тасбеҳларни айтади, эрталабки ва оқшом зикрларини қилади. Кўпчилигимиз эса намоздан кейинги тасбеҳларни ҳам, эрталабки ва оқшом зикрларни ҳам тамомига етказмаймиз. Аммо бирортамиз салаф солиҳлар каби бир кунда йигирма мингтагача тасбеҳ айтишни тушида ҳам  кўрмайди!

Мен Риёз шаҳрида бир одамни кўрганман. Бир неча йил аввал ёши юздан ўтганидан сўнг вафот этди. У ҳаётининг охирги лаҳзасига қадар равон кўриб, равон эшитар ва ақли жойида эди. Бунинг мен билган сабаб ва сирлари мана булар эди: Аввало унинг фарзандлари яхши инсонлар бўлиб етишган. Доимо ҳалол ризқни излайдилар. Шундай бўлишига қарамай отахон уларнинг таомларидан оз ер, қишлоғидан келадиган ўз касб-корининг даромадидан еб-ичар эди. У ҳалол луқмани истеъмол қилишга интиларди.

Иккинчи сабаб, мисолнинг мавзуимизга тегишли жойи мана шу бўлиб, биз уни доимо тасбеҳ айтаётганини кўрар эдик. Баъзи устозларнинг айтишига қараганда, у бир кунда ўн беш мингга яқин тасбеҳ, таҳлил ва ҳамд айтар экан. Аллоҳга қасамки, салом берганимизда ҳам тасбеҳ айтиб турар эди. Масжидда ухлаб ётганида ҳам тасбеҳ айтаётганига гувоҳ бўлганмиз. Бу – Аллоҳ тарафидан берилган каромат эди! Ўн беш минг тасбеҳ! Сиз нечта тасбеҳ айтасиз?!

Чумолилар – тасбеҳ айтадиган жамиятдир. Битта чумоли чаққани учун тасбеҳ айтадиган бир умматни йўқ қилдингми?! «Битта чумоли кифоя эмасмиди?!»

Ўн учинчи: Чумолиларнинг иккинчи тури термитлар ва

уларнинг мунофиқ ва илмонийларга ўхшашлиги

Дўстлар, энди фақатгина бир нуқтамиз қолди. Бу нуқтани дарсимизнинг охирига қўйган эдик. Одамларнинг турлари бўлганидек, чумолилар ҳам турлидир. Чумолининг бир тури «термит»[5] деб аталади. Таъкидлаб қўймоқчиман, юқорида эслатиб ўтилган ўндан ортиқ ростгўй, ҳамкор, тасбеҳ айтувчи, матонатли, тиришқоқ, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган сифатлар қизил ва қора рангли чумолиларга хосдир.

Энди термит деб аталадиган, Қуръон Каримда ҳам зикри келган чумолилар ҳақида сўз юритамиз.

Қизиғи шундаки, жамиятимизда яшаётган мунофиқ ва илмонийлар айни шу чумолига ўхшаб кетадилар ва кўп сифатларда у билан муштаракдирлар:

Аввало, бу чумолиларнинг кўринишлари оқ рангдадир. Мунофиқлар ҳам иймонни ошкор қиладилар:

«Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солади, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ соласиз» (Мунофиқун: 4). Кўриниши оқ, вазифаси-чи? Термитлар доимо «хуфёна» иш қиладилар. Илмонийлар ҳам пинҳона иш қиладилар. Термитларнинг хуфёналиги шу даражадаки, ер остига бир неча метр тушганларидан кейингина инларини қурадилар. Қора чумолилар эса ер остида икки сантиметрдан эллик сантиметргача пастга тушиб ин қурадилар. Фарқни қаранглар! Мусулмон жамият ошкора ҳаракат қилади. Термитлар эса ер остига ўнлаб метр тушиб, режа ва услубларини хуфёна қиладилар. Илмоний ва мунофиқлар ҳам шундай ҳаракат қиладилар.

Дўстлар, термитлар – бузғунчи жамиятдир. Мен бунга мисол ўлароқ биология китобларининг биридан ушбу сатрларни ўқимоқчиман: «Кейинги пайтларда талайгина давлатлар бу офатнинг хатарини тушуниб етдилар. Франция, Ғарбий Олмония, Америка Қўшма Штатлари, Австралия ва бошқа давлатларда бу чумолини йўқ қилиш учун махсус марказлар очилди. … Ҳиндистон Ҳайвонларни Ҳисоблаш Жамияти етакчилигида 1960 йили Нюделҳи шаҳрида Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда очилган конференция қатнашчилари бу мавзуга диққатни тортди ва: «ЮНЕСКО ташкилотини термитларга қарши курашувчи халқаро ваколатхонасини тузишга даъват» қарорини ҳам қарорлар ичида тасдиқладилар».

Сўзимизнинг ёрқин далили Қуръон Каримдаги Сабаъ сурасининг ушбу оятидир:

«Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асоини еяётган (ёғоч) кемирувчи чумолигина далолат қилди. Бас қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлар эдилар» (Сабаъ: 14).

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонини олди. Сулаймон алайҳиссалом (узоқ муддат) асосига суяниб қолди. Бу сўзларга диққат қилинг, шайтонлар ва жинлар Сулаймон алайҳиссаломнинг ўлганини пайқамадилар. Мамлакат ишлари бир йил давомида аввалги салобати билан давом этди. Термитлар эса бу аснода, асони ғовак қилиб кемирардилар. Кўринишидан бут-бутун асонинг пўстлоғи қолганди, холос. Қуруқ пўстлоқ Сулаймон алайҳиссаломни қандай тутиб турсин! Юқорида айтганимдек, бу термитлар ўз «иши»ни хуфёна қиладилар. Бир йил мобайнида шайтон ва жинлар ҳамма иш жойида деб ўйлардилар. Бироқ, бирданига Сулаймон алайҳиссалом қулаб тушди!

Қаранглар! Қанча давлатлар Аллоҳнинг шариатини ижро этар эди. Бироқ бирдан илмонийлар қўлига тушиб қолди. Чунки улар пинҳона, турли режалар тайёрлашар ва макру ҳийлалар қилишар, бироқ одамлар буни пайқамас, фақат зоҳиринигина кўришар эди. Бирданига аҳволлар ўзгарди, иш ўзгача тус олди. Демак, улар мусулмонларга зиён келтиришда термитдан ҳам хатарлироқ эканлар!

Муҳтарам дўстлар! Бу – термитлар қилган бузғунчилик ва зараркунандалик кўринишлари эди. Юқорида айтиб ўтганимдек, улар бус-бутун қишлоқларни йўқ қилиб юборади. Менимча, ҳар бир толиби илм ҳам бунинг аламини чеккан бўлса керак. Кўпларимиз Саҳиҳ Бухорий, Саҳиҳ Муслим ё бошқа илмий китобларини токчага териб, бир муддатдан сўнг қўлга олганида уни термитлар еганига гувоҳ бўлган. Баъзиларнинг кийимларини термитлар кемириб тугатган. Чунки термитлар хуфёна иш қилади. Биз билган пайтимизда эса бўлар иш бўлган бўлади.

Мунофиқ ва илмонийлар ҳам термитга ўхшайди, тиллари болдан ширин, қалблари – қашқирлар қалби, мақсадлари – Умматни бузуқликларга гирифтор қилиш. Аллоҳ таоло айтади:

«Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солади, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ соласиз» (Мунофиқун: 4);

«Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!» (Мунофиқун: 4).

Биз термитлардан сақланиш учун уйларимиз ва кутубхоналаримизда қанчалар эҳтиёт чораларини кўраётган бўлсак, жамиятимизда вақти-вақти билан дуч келаётганимиз мунофиқ ва илмонийлардан ҳам шунчалар ҳушёр бўлишимиз керак.

Кейинги асрларда Ислом Уммати бошига келган энг катта хатар – коммунизм хатари экани айтилади. Тўғри, мен ҳам бу балонинг нақадар улкан зарар келтирганини тан оламан. Бироқ, менимча, мунофиқ ва илмонийларнинг хатари бундан ҳам каттароқ. Зеро, улар мусулмонлар яшаётган ўлкаларда ижро, таълим-тарбия ва оммавий ахборот воситаларига кўпроқ ўз таъсирларини ўтказмоқдалар.

Шунинг учун ҳам, улардан термитлардан кўра ҳам эҳтиёт бўлайлик. Чунки уларнинг хатари оммавийдир ва ғишт қолипидан кўчганидан кейин афсус фойда бермайди.

Хуллас, биз сиз билан бирга чумолилар ҳаёти билан танишиб чиқдик. Илк танишганимиз биринчи чумоли, оиласининг ғамини ейиш билан бирга ўзини ҳам таҳқирламайди. Бундан ташқари чумолилар оиласи ҳамкор, ростгўй, фидокор ва ишларида жиддий эканини ҳам билиб олдик.

Биолог олимларнинг айтишларича, чумолиларнинг Шарқий Осиёда яшайдиган бир туригина дангасадир. Бу турдаги чумолилар сони жуда ҳам оз бўлиб, уларга қараб чумолиларга баҳо бериш тўғри бўлмайди. Аслида, чумолиларнинг аксари фаол, жиддий, матонатли ва фидокордир. Айтинглар-чи, бизда бу сифатлар борми? Биродар, агар бу бобда заиф бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқинг ва Унинг махлуқотларидан ибрат олинг!

Рамазон ойи ҳам эшик қоқмоқда. Аллоҳ таолодан бизни ушбу муборак ойга етказишини, унинг рўзасини тутишга, кечаларини ибодатлар билан бедор ўтказишга муяссар қилишини ҳамда биздан ибодатларимизни қабул қилишини сўрайман. Дўстлар, Рамазонни уйқу, беҳуда гаплар билан, кечаларини ўйин-кулгу билан бедор ўтказмайлик. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг охирги ўн куни кириши билан: «Белларини боғлар (яъни, аёллардан йироқ бўлар), кечани бедор ўтказар ва аҳлларини уйғотар эдилар».[6] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари жиддийлик, фаоллик ва сабот билан тўлиб-тошгандир.

Чумолилар оиласи – тасбеҳ айтувчи оила эканини ҳам айтиб ўтдик. Улар Аллоҳнинг ҳамди билан тасбеҳ айтадилар:

«Барча нарса уни мақтаб тасбеҳ айтади» (Исро: 44).

Эй мусулмон ёшлар! Эй толиби илмлар! Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Уммати, келинг қўлни қўлга берайлик! Илмоний ва мунофиқлар ўзаро муросасиз бўлишига қарамай, биз – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умматига душманлик қилишда бирлашдилар. Хусусан, бу диёр (Араб ярим ороли назарда тутилмоқда)да ўзларининг манфур режаларини амалга ошириш учун бел боғладилар. Чунки улар бу диёрни йўқ қилсалар, режаларининг кўп қисми амалга ошишини жуда яхши биладилар. Аллоҳ уларни ниятларига етказмасин! Аллоҳим, режаларини ўзларининг ҳалокатига сабаб қил!

Дўстлар, тарқоқлик ва ихтилофларга барҳам берайлик! Бирлашайлик! Қалбларимиз тарқоқ бўлса, қўлларимиздан нима ҳам келарди?!

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2).

«Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103);

«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!» (Оли Имрон: 105).

Дўстларим, Аллоҳдан қўрқайлик, ушбу дарсда айтиб ўтилганлардан ибрат олайлик. Зеро, ўтганларнинг ҳикояларида биз учун ибратлар бор. Аллоҳ таолодан мени ва сизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган кишилар қаторида қилишини сўрайман. Аллоҳим, ҳикматни бизга йўлбошчи қилгайсан! Ушбу сўзларни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат қилгайсан!

Аллоҳ таоло устингизга баракаларини ёғдирсин!

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга салавоту саломлар йўлласин.

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Мақолани арабчадан ўзбекчага ўгириш

ҳижрий 1427 йил Жумодул-охир ойининг 22 куни

(18 / 07 / 2006)да ниҳоясига етди.

Манба: Ислом Нури


[1] Биология фанидан маълумки, чумолилар бошларидаги «сезги маркази» деб аталган икки туксимон шохлари билан биз радиоалоқа деб атаган услубда хабарлашадилар.

[2] Бундан кейин ўсимлик ширасини қисқа қилиб «шира» деймиз.

[3] Имом Бухорий: «Азон», ҳадис № 855; имом Муслим: «ал-Масажид ва мавозиус-солат», ҳадис № 564; Термизий: «ал-Атъимаҳ», ҳадис № 1806; Насаий: «ал-Масажид», ҳадис № 707; Абу Довуд: «ал-Атъимаҳ», ҳадис № 3822; имом Аҳмад 3/ 400.

[4] Имом Бухорий: «ал-Жиҳод вас-сияр», ҳадис № 3019; имом Муслим: «ас-Салом», ҳадис № 2241; Насаий: «ас-Сойд ваз-забаиҳ», ҳадис № 4358; Абу Довуд, «ал-Адаб», ҳадис № 5266; ибн Можжа: «ас-Сойд», ҳадис № 3225; имом Аҳмад 2/402.

[5] Асосан иссиқ мамлакатларда катта уяларда жуда кўп миқдорда гуруҳ-гуруҳ бўлиб яшайдиган парда қанотли ҳашарот, ёғоч ва қоғоз маҳсулотлари зараркунандаси. Уни қирчумоли, ваҳма чумоли ҳам деб аталади.

[6] Имом Бухорий, имом Муслим, имом Насоий, имом Абу Довуд, имом Ибн Можа, имом Аҳмад ривоятлари.

Фикр билдиринг