PDF WORD

Чўчқа тумови

Чўчқа тумови

Хатиб: Шайх Иброҳим ибн Муҳаммад Ҳақийл

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Асл сарлавҳа: أنفلونزا الخنازير

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бандаларига раҳмат қилиб, манфаатларини сақлаш, баданлари ва қалбларини ҳимоя қилиш учун покиза озиқ-овқатларни ҳалол қилган Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, пайдарпай юбораётган неъматлари учун шукроналар келтирамиз. Ҳолбуки У, қанчалар яхшиликлар юбориб, қанча-қанча зарарларни даф қилган Зотдир.

Мен ягона шериксиз Аллоҳнинг Ўзидан бошқа илоҳ йўқ экани, Унинг амрлари рад этилмас, тарафдорлари эса мағлуб бўлмаслигига, куч ва қудрат Аллоҳ билангина эканига ҳамда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва расули бўлиб, ҳидоят ва тўғри йўлни Аллоҳнинг даргоҳидан бутун инсоният ва жинлар учун олиб келган эканига:

«Уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариши ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилишига ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлашига (яъни ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиришига)» (Аъроф: 157) гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва Унга Қиёмат кунигача издош бўлган барчага салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Аллоҳнинг қуллари, Аллоҳдан тақво қилинглар, Унга итоат этиб, Унинг шариатидан айрилманглар ва Ислом динини маҳкам ушланглар! Чунки, бандаларнинг салоҳияти шу дин билангинадир ва сизлар ундан масъулдирсизлар:

«Бас, сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани – Қуръонни маҳкам ушланг! Албатта сиз Тўғри йўлдадирсиз. Албатта у (Қуръон) сиз учун ҳам, қавмингиз-умматингиз учун ҳам бир шарафдир ва яқинда (Қиёмат Кунида бу неъмати илоҳийя хусусида) сўралурсизлар» (Зухруф: 43, 44).

Ҳой одамлар, бандаларини яратиб уларга жой берган, кифоя қилган, уларни манфаатли бўлган нарсалар билан таъминлаб, зарарли нарсаларни таъқиқлаган, яхшилик билан ёмонлик, фойда билан зарар ўртасини айира оладиган ақлни бериб, диний ва дунёвий ишларда тўғри йўлга етаклаш учун шариатлар нозил қилган экани, Аллоҳнинг бандаларига юборган раҳмати ва эҳсонидандир.

Озиқланиш – башарият ҳаётининг давомийлиги учун заруратдир. Бандаларининг таналари яшаши учун уларга озиқларни ризқ қилиб бериши, қалбларининг ҳаёти учун эса Китобини нозил қилиб, унда бандаларга истеъмол қилиш рухсатли ёки ҳаром бўлган нарсаларни батафсил баён қилиши, Аллоҳнинг бандаларига бўлган раҳматидандир.

Қуръон Каримда «Анъом» номли сура бўлиб, Аллоҳ таоло бу сурада озиқ-овқат аҳкомларини бошқа сура ва оятлардагидан кўра кўпроқ баён қилган.

Озиқланиш ҳақида бош қотиришмизга ҳожат йўқ. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг барча нарсани билиши билан бизга кифоя қилди. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг бизга нозил қилган буйруқлари ва муфассал баён қилган аҳкомларига итоат этмаслик, айни тажовуздир:

«Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан нима учун емас экансизлар?! Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку. Магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин). Шубҳасиз, кўп (кишилар) ўз ҳою ҳаваслари билан билмаган ҳолларида (ўзларини) йўлдан оздирурлар. Албатта, Парвардигорингиз бундай тажовузкор кимсаларни жуда яхши билгувчидир» (Анъом: 119).

Нафс ҳавонинг Аллоҳнинг йўлидан жоҳилона адаштирувчи омилларидан бири – шайтонга издош бўлишдир. Шайтон эса Аллоҳ таолога инсониятни йўлдан оздириш учун қасам ичган ва унинг оздириш дарвозаларининг ланг очилгани – шаҳватлардир. Шаҳватлар – одамзоднинг энг заиф нуқталари, ожизлигининг манбаи ва осон тойиладиган жойларидан биридир. Одам ато билан рафиқаси алайҳимассаломларнинг жаннатдан қувилишига: «Есак жаннатда мангу қолар эканмиз» деб ўйлашган дарахт мевасидан еб қўйишлари сабаб бўлган эди. Ҳолбуки, у иккиси, жаннатда, мисли кўрилмаган таому шароблар ва лаззатли ҳаёт уммони ичида яшар эдилар.

Қорин ва таносил аъзоларининг шаҳвати, шайтон одамзодга қарши олиб бораёган курашида энг кўп ишлатган қуролдир. Шайтон илк ўлароқ одамзодни қорин ва таносил аъзоларининг шаҳвати сари етаклиб, аста-секин катта гуноҳлар гирдобига улоқтиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло шайтоннинг режаларига эргашмасликка буюриб, бу буйруқни Қуръон Каримнинг тўрт жойида эслатди. Бир жойда Аллоҳ таоло одамзодни Исломнинг ялпи шариати ҳукмига киришга буюриб, уларни бундан тўсадиган шайтон режаларига эргашишдан огоҳлантирди:

«Эй мўминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни, Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара: 208).

Икки жой эса таом ва ичимликларни баён қилиш пайтидадир:

«Ҳой одамлар, Ер юзидаги ҳалол-пок нарсаларни енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Чунки у сизлар учун очиқ душмандир» (Бақара: 168).

Бир жой эса Анъом сурасидадир:

«Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар. Чунки у сизларга очиқ душмандир» (Анъом: 142).

Тўрт жой эса зино, туҳмат ва фаҳш нарсаларни баён қилиш асносидадир:

«Ҳой мўъминлар, шайтоннинг йўлларига эргашманглар! Ким шайтонга издош бўлса, шайтон унга фаҳш ва гуноҳлар қилишни амр қилади» (Нур: 21).

Маълумки, овқат билан қоринни тўлдириш шаҳвати, таносил аъзолар шаҳватидан кўра кўпроқдир. Одам жинсий алоқа қилмасликка сабр қилиши мумкин, бироқ еб-ичишни тарк қилишга бардоши чидамайди. Қоринни ҳаром нарса билан тўлдиришда гуноҳга қўл уриш гумони, таносил аъзосини гуноҳ билан қондириш гумонидан кўра кўпроқдир. Шунинг учун ҳам, Қуръон Каримда қоринни тўлдириш шаҳватида шайтоннинг йўлларига бош уришдан, таносил аъзосининг шаҳватини қондиришда шайтон йўлларига эргашишдан кўра кўпроқ огоҳлантирилган.

Одамларга сероблиги, арзонлиги, лаззати бор деб гумон қилингани ёки ўрганишлари учун тажриба нуқтаи назаридан айрим ҳаром маҳсулотларни истеъмол қилишни чиройли қилиб кўрсатиши ва таналарини Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар билан озиқлантириши, шайтоннинг йўлларидан биридир.

Бу бобдаги шайтоннинг йўлларидан яна бири, у, савдогарларга шу ҳаром нарсалар тижоратини ҳамда буларни ҳаром қилган оятларга, худди Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни турли ҳийлалар билан мубоҳ ҳисоблашган китоб аҳллари каби, қаршилик ёки таъвил қилиш ёки унга қарши ҳийла йўлларга бош уришни зийнатли қилиб кўрсатади.

Чўчқа – нафратли, қабиҳ ва жирканчли махлуқдир. Аллоҳ таоло у билан инсонларни синаган ва унинг истеъмолини ўта қаттиқ ҳаром қилган. Аллоҳ таоло унинг ҳаромлигини Қуръон Каримнинг тўрт жойида такрорлаган:

Бақара сурасида:

«Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга ўлимтик, қон ва чўчқа гўштини ҳаром қилди» (Бақара: 173).

Моида сурасида:

«Сизларга ўлимтик, қон ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди» (Моида: 3).

Таомларнинг ҳалол ва ҳаром бўлганларини баён қилар экан, Аллоҳ таоло Анъом сурасида шундай дейди:

«Айтинг: «Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани кўрмаяпман. Магар ўлакса ё тўкилган қон, ёки тўнғиз гўшти бўлса – чунки у ҳаромдир, – ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса (ҳаромдир)» (Анъом: 145).

Наҳл сурасида эса:

«Дарҳақиқат, сизларга ўлимтик, қон ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди» – дейди (Наҳл: 115).

Талайгина муфассирлар: «Уммат, чўчқанинг барча аъзолари билан ҳаром эканига қарор қилган. Аллоҳ таолонинг унинг гўштинигина зикр қилиши, гўшти кўпроқ истеъмол қилингани учундир» - дедилар.

Аллома Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: «Чўчқанинг ҳар бир нарсаси: гўшти, ёғи, териси, асаби, қўллари, ички аъзолари, мияси, суяклари, боши, биқини, сути ва жунларини истеъмол қилиш ҳаромдир» – деди.

Буюк тобиинлардан бири бўлган Қатода Садусий раҳимаҳуллоҳ яна ҳам шиддатли муносабат билдирди ва: «Чўқа гўштини еган одамни тавба қилишга чақирилади. Тавба қилса яхши, бўлмаса қатл қилинади» – деди. Шояд унинг бунчалар қаттиқ муносабатда бўлишининг сабаби, чўчқанинг ўз динларини бузган, муқаддас китобларини ўйинчоқ қилиб олган ва оқибатда Масиҳ алайҳиссаломнинг шариатидан чиқиб кетган насороларнинг рамзига айланиб қолган бўлишидир. Шунинг учун ҳам замона охирида Ер юзига нозил бўлган Ийсо алайҳиссаломнинг асосий ишларидан бири чўчқа гўштини ҳаром қилиб, чўчқаларни қириб ташлаш бўлади. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда ворид бўлган: «Ичингизга Ийсо Марям ўғли адолатли ҳакам бўлиб тушмагунича, хочларни синдириб, чўчқаларни ўлдириб ва солиқни жорий қилмагунича Қиёмат қоим бўлмайди» (Имом Бухорий 2070, 2296, 3192; Имом Муслим: 220).

Байҳақий раҳимаҳуллоҳ чўчқа ҳақидаги ҳукмнинг қаттиқлиги ифодаси ўлароқ «Чўчқанинг итдан кўра ёмонроқ экани ҳақидаги боб» дея алоҳида бир боб ажратди ва имом Шофиий раҳимаҳуллоҳдан: «Чунки Аллоҳ уни нажас – ифлослик деб атади» – деган жумласини нақл қилди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло чўчқа гўштини ҳаром қилган пайтда унинг савдоси ва савдосидан келган даромадни ҳам ҳаром қилди. Бу ҳақда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Дарҳақиқат Аллоҳ таоло ароқни ва унинг пулини, ўлаксани ва унинг пулини, чўчқани ва унинг пулини ҳаром қилди» – деб айтган ҳадисларини ривоят қилди (Байҳақий 11371; Абу Довуд 3024).

Суннатда чўчқа гўштини ейдиган ва идишларини чўчқа гўшти ва ёғи солинган овқатлар билан кир қилган ҳамда чўчқанинг ифлосликлари теккан кофирларнинг идишларини ишлатишдан огоҳлантириш келган. Абу Саълаба Хушаний разияллоҳу анҳу: «Биз китоб аҳлларига қўшни жойда яшаймиз. Улар қозонларида чўчқани пишириб, косаларида ароқ ичадилар. (Биз нима қилишимиз керак?)», - деб савол берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар ундан бошқа идишни топсанглар, у идишларда енглар ва ичинглар! Агар топа олмасангизлар кофирларнинг идишларини сув билан ювиб, (ўшанда) еб, ичаверинглар!» – дея жавоб бердилар (Абу Довуд 3342).

Чўчқанинг қабиҳ ва ифлослиги шу даражага етиб бордики, ҳаром ва шариат кўзида ёмон деб ҳисобланган ишлар огоҳлантириш ва нафратлантириш нуқтаи назаридан чўчқа номи билан мисол қилинди. Бурайда разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Нард ўйнаган одам одам гўё бармоғини чўчқанинг гўшти ва қонига булғабди!» – ҳадисини ривоят қилди (Имом Муслим 4194). Нард – форс тилида «нардашир» деб аталади. Чунки бу ўйин улар тарафидан ўйлаб топилган.

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: «Агар озгина тегиб қўйишнинг ўзи нафратлантиришнинг шу даражасига лойиқ бўлса, чўчқа гўштини ейиш ва у билан озиқланишга нисбатан таҳдид ва жазолар қандай бўлар экан?! Бу – гўшт(и)нинг (ҳаромлиги) чўчқа танасидаги ёғ ва бошқа барча нарсаларни ҳам ўз ичига олишига далолат қилади» (Ибн Касир тафсири 3/16).

Ҳайвоншунос олимлар, чўчқани етиштираётган чўчқачилар ҳамда чўчқа маҳсулотларини ишлаб чиқараётганлар чўчқанинг энг ифлос ҳайвон экани, у энг ифлос ҳашаротларни, тезакларни ҳатто ўз тезагини ҳам ейишини, уни ўта озода жойда ва энг яхши емлар билан боқилса ҳам, ўзининг ифлос табиатидан воз кечмаслигини таъкидлайдилар.

Шариат ва тиббиёт нуқтаи назаридан озиқ турлари ва ҳайвонларга кўп аралашиб юриш, инсоннинг табиати ва аҳлоқига тубдан таъсир қилиши маълумдир. Бу ҳақда Абу Саид разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Кибр ва фахрланиш от ва туя боққанларда, хотиржамлик эса қўй боққанларда мавжуддир» деб айтган ҳадисларини ривоят қилди (Имом Аҳмад 7894, 8242).

Илм аҳллари: «Озиқ-овқат, ғизоланган киши жавҳарларининг бир парчасига айланади. Шунинг учун ҳам озиқланган инсоннинг аҳлоқи ва сифатлари, ғизосида бўлган унсурлардан таъсирланади. Чўчқа, шаҳватли нарсаларга ўта ўч ва рағбатлидир. Инсонда шундай ҳолат вужудга келмаслиги учун, чўчқани истеъмол қилиш ҳаром қилинган» – дедилар.

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ: «Саҳройилар туя гўштини егач қўполликни, турклар отнинг гўштини егач довюракликни, фаранглар эса чўчқа гўштини еб даюсликни касб этдилар» – деди.

Аллоҳ таолодан бизга ҳаром қилган нарсалардан сақлаши, ҳалоли билан ҳаромидан, тоати билан осийлигидан паноҳ бериши ҳамда Ўз фазли билан бошқалардан кифоя қилишини сўраймиз.

Сизлар эшитган бу гапларни айтиб, Аллоҳга гуноҳларимни кечириши учун истиғфорлар айтаман …

Иккинчи хутба

Аллоҳга У хоҳлагани ва рози бўлганидек пок, муборакли ва ширин ҳамдлар айтаман… Мен «Ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига» гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларнинг ҳидоятларига Қиёматгача издош бўлганларга баракалар ато этиб, салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Аллоҳдан қўрқинглар, Унга итоат этинглар ва Унинг ғазабини келтирадиган нарсалардан йироқ туринглар! Чунки, Аллоҳнинг интиқоми аламли ва қаттиқдир:

«Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга бўйинсунингиз ва (ҳаромдан) эҳтиёт бўлингиз! Агар (итоатдан) бош тортсангиз, билингизки, пайғамбаримиз зиммасида фақат (бизнинг ҳукмларимизни) очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос» (Моида: 92).

Ҳой мусулмонлар, кейинги даврларда инсоният бошига қирғинбаротликка сабабчи бўлиши мумкин бўлган турли касалликлар ва ваболар кетма-кет ёпирилиб келиб, инсоният улардан сақланиш йўлларини қидира бошлади. Яқин йиллар ичида қорамолларда тарқалган Рифт-Валли безгаги, қорамол қутуриши ва парранда тумови шулар жумласидандир. Парранда тумовининг вирус манбаи касалликни ўзида мужассамлаштирган чўчқалар эканини талайгина тадқиқотчилар исбот қилдилар. Бу касалликни чор атрофга чўчқадан қушлар тарқатгани ҳаммага аён бўлди. Шу кунларда эса бошқа бир касаллик – чўчқа тумови тарқала бошлади.

Чўчқани истеъмол қилиш – Мусо алайҳиссаломнинг шариатида ҳам ҳаромдир. Бузилган Тавротга қатъий амал қиладиган яҳудийлар чўчқа истеъмолини ўзлари учун ҳаром деб ҳисоблайдилар. Шарқдаги христианлар эса Муқаддас Китобларининг қомусида: «Масиҳ алайҳиссаломнинг замондошлари чўчқа истеъмол қилмаган» эканини зикр қиладилар.

Чўчқа гўштини истеъмол қилишни кейинги даврларда яшаган ҳамда динлари ва Китобларини ўзгартириб ташлаган христианлар пайдо қилдилар. Шу боис бўлса керак, бизга замондош бўлган айрим роҳиблар чўчқа гўштини истеъмол қилишдан бош тортиб, чўчқаларни қириб ташлашни талаб қилмоқдалар.

Ғарбликлар олиб борган тиббий тадқиқотлар ниҳоясида, чўчқанинг тўрт юз элликдан ортиқ қирувчи касалликлар манъбаи бўлиб, шулардан етмиш бештасининг инсонга ўтишида чўчқанинг ўзи воситачилик вазифасини бажарашини таъкидладилар. Шундай бўлсада, уларнинг ғурурлари  бу ҳақиқатни айтишга йўл қўймади. Ҳолбуки, бу уларнинг ўзларига ҳам зарарли бўлиб, башариятни улар билан бирга ҳалокатга олиб боради.

Чўчқа маҳсулотлари билан шуғулланадиган савдогарлар оддий одамларни ўзларининг ифлос маҳсулотлари учун чиқарилган танитиш номалари билан алдаб, кундан-кунга бойиб кетмоқдалар. Зарарини била туриб айтмаслик ортидаги мутакаббирликнинг аччиқ самараларини эса, бугун териб олмоқдалар ва башариятни ўзлари билан бирга тубини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган жарлик сари тортмоқдалар. Чунки, агар чўчқа тумови тарқалиб кетса, асримизнинг вабосига айланади! Бизни бу вабодан сақлашини Аллоҳнинг ўзидангина тилаймиз! Зеро мутасадди одамлар Оврупада минглаб одамларнинг чўчқа тумови сабабли қирилиб кетшини очиқ айтдилар. Дунё Соғлиқни сақлаш Ташкилоти эса, бу вабога қарши кураш ҳозирлигини бешинчи даража – ҳали ҳеч қачон бундай оламшумул вабо ҳолати эълон қилинмаган даражага чиқарганини эълон қилди.

Шундай бўлса ҳам, улар ҳануз мутакаббирлик отидан тушмадилар! Улар Аллоҳнинг шариатига итоат қилиш ўрнига, тумов номини «Ҳайратомуз тумов» ёки «Мексика тумови» деб номлаб, истеъмолчи халқлар чўчқадан воз кечиб қолмасликлари ва чўчқа тижорати касодга учрамаслигининг олдини олишга ҳаракат қилмоқдалар!!

Чўчқа тумови вируси бундан қирқ икки йил аввал Хитойда тарқалган ва Ер юзида яшаган миллионлаб одамларни қириб ташлаган эди. Бундан тўқсон йил илгари эса Испанияда пайдо бўлган ва юз миллион инсоннинг ёстиғини қуритган эди. Ҳозирги мутасаддилар тарихий ачинарли оқибатларидан хабардор бўлганлари учун ҳам, чўчқа тумовининг одамлар ўртасида ёппасига тарқалишидан ташвишланмоқдалар.

Кетма-кет келган ушбу касалликлардан инсониятнинг ташвишланиши, инсонларнинг Аллоҳ таолонинг қудрати олдида нақадар ожиз ва нақадар кучсиз эканликларига далолат қилади:

«Осмонлар ва Ер қўшинлари Аллоҳникидир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган зотдир» (Фатҳ: 7);

«Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12);

«Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни фаришталарнинг қанча ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Унинг Ўзигина билур» (Муддассир: 31).

Бундан ташқари ушбу оятлар башариятнинг Аллоҳнинг шариатидан воз кечиши бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳалокат эканини, Аллоҳ таоло бандаларига зулм қилмаслиги, балки, қилган қилмишларига яраша жазолашини кўрсатмоқда:

«Шубҳасиз, Аллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас. Балки, инсонлар (Яратганга иймон келтирмасликлари билан) ўзларига ўзлари зулм қилурлар» (Юнус: 44);

«Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз» (Сабаъ: 17);

«(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро: 30).

Ер юзидаги мутакаббирлар Аллоҳнинг шариатига қарши исён қилиб, шариатга амал қилганларга қарши кураш бошладилар. Одамларни Аллоҳнинг шариатидан тўсиб қўйдилар. Аллоҳ раҳм қилган одамлардан бошқалар бу зулм ва тажовузга сукут қилдилар. Аллоҳ эса ғаюрдир ва ҳаром нарсалари учун ғаюрлик қилар. Бу кетишда яқинда Инсоният бошига қирғинбарот балолар келишининг хавфи бор. Шунинг учун биз Аллоҳга Аллоҳнинг азобидан сиғиниб, бандаларига марҳамат қилишини ёлборамиз. Жазоларини юбормаслигини тилаймиз. Зеро куч ва қудрат Аллоҳ билангинадир. Аллоҳнинг азобидан Аллоҳнинг паноҳи билангина қутилиш мумкин. Чунки:

«Бутун куч-қудрат Аллоҳники ва Аллоҳнинг азоби қаттиқ азобдир» (Бақара: 165).

Бас, Роббингизнинг паноҳига чопингиз! Гуноҳларингиздан тавба қилингиз ва динингизга қайтингиз! Бошингизга аввалги халқлар бошига келган мусибатлар келишидан илгари ичингиздаги сафил инсонларни тийингиз!

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни) ёлғон деганларигина қайтарди. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда уни инкор этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз» (Исроъ: 59).

Ҳой мўъминлар, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар йўллангиз!

Манба: Ҳикмат Нури

Фикр билдиринг