Аллоҳга нафсимиз шумлиги, амалимиз ёмонлигидан сиғинамиз!
Аллоҳга нафсимизнинг шумликлари ва амалларимизнинг ёмонликларидан сиғинамиз!
Муаллиф: Доктор Ёсир Барҳомий
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Асл сарлавҳа: ونعوذ بالله من شرور أنفسنا وسيئات أعمالنا
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳга ҳамду санолар ва Унинг расулига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Бу жумлани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Эҳтиёж ва бошқа хутбаларида саҳобаларининг қулоқларига қуяр ва бу уларнинг шахсиятларида катта ижобий излар қолдирган эди. Бу жумлани биз ҳам дарсларимиз ва хутбаларимизда такрорламоқдамиз. Айтингчи, бу бизда ҳам саҳоблардагидек таъсирни қолдираяптими?!
Бирон марта бу жумлаларнинг маъноларини хотирамизга келтириб, уларнинг ҳақиқатига гувоҳ бўлдикми?!
Ёки биз нафсимизга гўё яхшиликлар соҳибаси, амалларимиз эса доимо солиҳ амаллар, фикрларимиз доимо тўғри, бизга мухолиф бўлганлар доимо нотўғри фикрдагидек қараяпмизми?!
Ёки Аллоҳ таоло бизни динига ёрдам бериш ва унга чорлаш учун оёққа тургизса – бу биз учун буюк фазилат ва марҳаматдир! – ўзимизни гўё ҳамма амаллари тўғридек ва офатлардан саломатдек ҳис қилаяпмизми?!
Қуръон Карим саҳобалар ва улардан кейинги умматга ўз тарафимиздан мағлуб бўлишимизни ўргатди ва шунга кўра иш қилишимиз кераклигини таъкидлади. Аллоҳ таоло айтди:
«(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро: 30).
Аллоҳ таоло Уҳуд жангида мағлубиятга учраган саҳобаларга қарата шундай деди:
«(Эй мўминлар), агар сизларга (Уҳудда душман томонидан) бир мусибат етса — ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — «Бу бало қайдан келди?» — дейсизми?! (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга: «Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан», деб айтинг!» (Оли Имрон: 165).
Аллоҳ таоло бу гапларни (мунофиқ) Абдуллоҳ ибн Убай билан бирга қайтган қўшиннинг учдан бирига эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жанг майдонида матонат кўрсатиб қолган саҳобаларга айтган эди.
Аллоҳ таоло уларга – пайғамбарларга йўлдош бўлган энг яхши саҳобаларга шундай ҳам деган эди:
«Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди» (Оли Имрон: 152). Ҳа, уларнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Умар ва улардан бошқа тоғ мисоли устивор, садоқатли, ихлосли ва динларида собитқадам ва охиратни истаган саҳобалар бор эди (Аллоҳ улардан рози бўлсин!). Бироқ, дунё матоҳларини хоҳлаган ва ўз мавқеъларини: «Ўлжа! Ўлжа!» дея ҳайқириб ташлаб кетган бўлинма мағлубият, мусибат ва балоларга сабабчи бўлди.
Келинг, Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ҳақида тафаккур қилиб кўрайлик:
«Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди» (Тавба: 117).
(Ҳа), Исломни биринчи бўлиб қабул қилган, муҳожир, Бадр, Ҳудайбийя ва бошқа жангларда иштирок этган бўлишларига қарамай, уларнинг бир гуруҳининг қалби тойилаёзди. Шунинг учун ҳам, ҳеч бир киши ўзини қилган зикр ва ибодати, олган билими, даъватии ёки жиҳод каби солиҳ амаллари билан фитнадан хотиржам ва балоларга йўлиқмайман деб ўйламасин. Улардан Аллоҳ хоҳлаган бандагина саломат қолиши мумкин!
Қилган амалларимиз ва келтирган иймонларимиз саҳобаларникидек бўлмасада, нафсимизни ва қалбларимизни дунё истаклари ҳақида қай даражада эканини текшириш ва ундан қутилиш замони келмадимикин?! Ҳолбуки, саҳобалар – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафдошлари ва Аллоҳ гуноҳларини афв этган бандалар эдилар! Хўш, мусулмонлар бизнинг хатоларимиз ва биз сабабли, қанчалар мағлубиятга учрамоқдалар?! Зоҳиран дин учун фидоийликни кўрсатсаларда, ботинан зулм, ҳасад ва дунё учун рақобат туфайли қанча-қанча мусулмонлар бир-бирларини йўқ қилмоқдалар: ўлдирмоқдалар ва қонларини тўкмоқдалар?!
Кишининг ўз нафсини сарҳисоб қилиши ва унинг айбларини чиқариши учун энг яхши воситалардан бири – намоз, намоздаги Қуръон тиловати, Аллоҳга тазарру қилиш, Аллоҳга дуолар қилиб тилакда бўлиш, ҳақиқий манҳажда устивор қолиш учун сабр қилишдир. Нафснинг айбларини текшириш Қуръон ва суннат кўрсатган ҳақиқатдан чекиниш эмас. Кўпчилик одамлар Қуръон ва суннат кўрсатган йўлда устивор туриш бало ва мусибатларга сабабчи бўлишини айтмоқдалар. Бунга эса, Ислом душманларининг бизларни ўша амалимиз сабабли айблаётганини ҳужжат қилмоқдалар ва: «Агар шуни қилмай турсак, бизга тегишмас эди!» – демоқдалар! Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Ислом душманлари динимиздан бутунлай воз кечсак ҳам биздан рози бўлмайдилар!! (Чунки Роббимиз бизга шундай дарс бермоқда):
«Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдам бергувчи бўлмайди» (Бақара: 120).
Аксинча, ҳақ учун сабр қилиш ва ҳақиқат узра устивор туриш – Аллоҳ тарафидан келадиган нусрат – ғалабанинг, бало ва мусибатларнинг кўтарилишининг ҳамда Аллоҳнинг бизларни мудофаа қилишининг катта омилларидандир.
(Келинг), Аллоҳ таолонинг мўъминларга юборган ушбу раббоний фармонлари ҳақида тафаккур қилайлик:
«Эй мўминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир. Ва Аллоҳ йўлида ҳалок бўлган шаҳидлар ҳақида: «Булар ўликлар», демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар. Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева – чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир» (Бақара: 153 – 157).
Бизнинг кўп намоз ўқишга, кўп тасбиҳлар айтишга, Аллоҳни кўп зикр қилишга, тоат-ибодатларни қилиш, гуноҳлардан сақланиш, бошимизга Ҳақ Йўлга амал қилмаганимиз туфайли келган балою мусибатлар кушойиш бўлиши учун сабру бардошга эҳтиёжимиз бор. Чунки, дунё мўъмину кофир, фосиқу солиҳ инсонлар учун синовдир. Намозда эса Аллоҳ бизга илҳом беради, раҳматларини ёғдиради. У раҳматларнинг энг буюги эса, айбларимизни танитади, нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ беради!
Аллоҳ таолонинг Бадр жангини эслатар экан, мўъминларга нима дегани ҳақида ҳам ўйлаб кўрайлик:
«Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилди …» (Анфол: 9).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанги бўладиган кунга ўтар кечаси дарахт остида тун бўйи намоз ўқиб, Аллоҳга ёлбориб йиғлаб чиқдилар. Аҳзоб жанги олдидан ҳам шундай қилган эдилар. (Ўшанда) Аллоҳ таоло мусулмонларга шамол ва мусулмонлар кўра олмайдиган қўшинларни ёрдамчи қилиб юборган эди. (Ҳа), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонггача ёлбориб, тинмай намоз ўқиган эдилар!!
Аллоҳ таоло синаб, марҳамат қилмоқчи бўлганида Марям алайҳассалом намоз билан омодаланди:
«Фаришталар Марямга: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Ё Марям, Парвардигорингга итоат қил ва рукуъ (Аллоҳга ибодат) қилгувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни ибодат қил!) — деганларини эсланг!» (Оли Имрон: 42, 43).
Аллоҳ таоло Закарийё алайҳиссаломга меҳробда намоз ўқир экан, Яҳёни ато этди:
«Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: («(Эй Закариё), Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган) Яҳё (исмли фарзанд) хушхабарини берур»» (Оли Имрон: 39).
Гоҳида дунё ишлари ва даъват муаммолари биздан нафсимиз билан шуғулланиш насибасини олиб қўймоқда. Ҳатто, бу насибамизни бирламчи ишлар нарвонининг охирги поғонасига қўйдик. Гоҳида кейинги зарурий нарсаларга ундан олдин эътибор бердик. Натижада нафсимизни тузатиш вазифасига эътиборимиз йўқолди-да, зарарли, балки, заҳарли зараркунандалар қалб тупроғида ўсиб, касалликлар, муаммолар ва машаққатлар кўпайди. Биз эса унинг нафсимиз туфайли пайдо бўлганидан ҳануз ғафлатдамиз.
Аллоҳ таолодан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз!
Аллоҳим, нафсимизга тақвосини бер ва уни покла! Ҳолбуки, Сен покловчиларнинг яхшироғисан! Сен нафсимизнинг Ҳожаси ва Мавлосисан!
Манба: Ҳикмат Нури


Assalamu alaykum! ALLOH ROZIY BO`LSIN SIZLARDAN!!!