PDF WORD

Террор ҳаракатлари шариат мезонида

Террор ҳаракатлари шариат мезонида

Шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

12/3/1424 (тарих)га мувофиқ сешанба туни Риёз шаҳрида рўй берган, кўплаб бегуноҳ жонлар қурбон бўлиб, (қўл текказиш) ҳаром бўлган бир қанча мол-(ашё)ларга талофат етган аламли ҳодиса ва террор амалиёти жиноий иш, зулм ва тажовузнинг бир тури, ерда бузғунчилик қилишликдан бир кўриниш, ҳамда ўзининг эзгу ғоялари, тўғри ҳукмлари ва мақталган одобларида ҳаниф-(тўғри) ислом динига хилоф иш ҳисобланади. Қуйида ушбу ишнинг бузғунчилик ва улкан жиноят эканига далолат қилувчи шаръий далилларнинг бир парчаси, ҳамда ушбу жиноятнинг (асл) ҳолати ва унинг ислом мезонидаги ҳукми баён қилинади.

1) Ислом адолат, яхшилик қилиш ва меҳрибонликка буюриб, мункар ва зулмдан қайтаради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур» (Наҳл: 90). Ушбу жиноий ишда на адолат, на яхшилик қилиш ва на раҳму шафқат бор. Балки у мункар иш ва тажовуздир.

2) Ислом тажовуз қилишни ҳаром қилиб, зулмдан қайтаради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди» (Бақара: 190). Ҳадисул Қудсийда айтилишича: «Эй бандаларим, батаҳқиқ, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни ўрталарингизда (ҳам) ҳаром қилдим. Бас, ўзаро зулм қилманглар».[1] Ушбу иш тажовуз ва зулм асосига қурилгандир.

3) Ислом ер юзида бузғунчилик қилишни ҳаром қилган. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара: 205). Аллоҳ таоло деди: «Уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар», дейилса, «Биз ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар» (Бақара: 11). Ушбу иш ерда бузғунчилик қилишнинг бир тури. Балки у ундан-да оғирроқ ва ёмонроқдир.

4) Исломнинг улкан қоидаларидан бири «Зарарни дафъ қилишлик»дир. Суннатда бунга шоҳид бўладиганлардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларидир: «Ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар беришлик йўқдир».[2] (Ушбу ҳадис) бир қанча саҳобалардан «Марфуъ» иснод ила ривоят қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамроҳлари Абу Сирматадан ривоят, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким зарар етказса, Аллоҳ (унинг) ўзига зарар етказади. Кимда-ким қийинчилик-(машаққат) қилса, Аллоҳ (унинг) ўзига қийин қилиб қўяди».[3] Жазо амал жинс-(тур)ига қараб берилади. Ҳар ким қилмишига яраша жазо олади. Мусулмон киши учун ўзга бир мусулмонга на сўз ва на феъл билан зарар беришлиги ҳалол бўлмайди. Анавиларнинг қилмиши эса энг улкан ва ваҳшиёна зарардир.

5) Исломнинг улкан қоидаларидан бири фойдаларни жалб қилиб, зарарларни кетказишликдир. Уларнинг ушбу қилмишида эса на фойда ва на манфаат бор. Балки унда чексиз зарарлар мавжуд.

6) Ислом (инсоннинг) ўз жонига қасд қилишлигини ҳаром қилди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳамда ўзингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай ишларни қилса, биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир» (Нисо: 29-30). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким тоғдан ўзини ташлаб ўлдирса, бас, у жаҳаннамда абадий ўзини (юқоридан) ташлайди. Кимда-ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, бас, заҳари қўлида бўлган ҳолда уни жаҳаннамда абадий қултумлайди-(ичади). Кимда-ким ўзини темир билан ўлдирса, бас, темири қўлида бўлган ҳолда уни жаҳаннамда абадий қорнига уради».[4] Анавилар ушбу қабиҳ жиноятда ўз жонларига қасд қилдилар.

7) Ислом бегуноҳ мусулмонларнинг жонини ноҳақ ўлдиришни ҳаром қилган. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни (яъни, қатл этилишга мустаҳиқ бўлмаган жонни ноҳақ ўлдирмангиз, магар ҳақ шаръий қонун) билангина ўлдиришларингиз мумкиндир» (Исро: 33). Раҳмоннинг суюкли бандалари бўлмиш мўминларнинг сифатлари ҳақида шундай деди: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур» (Фурқон: 68-69). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берадиган мусулмон кишининг қони уч ишнинг бири билангина ҳалол бўлади: жонга жон, турмуш қурган зинокор ва динини тарк этиб, жамоатдан ажралган кимса».[5] Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Дунёнинг завол топиши Аллоҳга мусулмон кишининг қатлидан енгилроқдир».[6] Ушбу жиноятда қанчадан-қанча мусулмонлар қатл этилди.

8) Ислом раҳму шафқат (тушунчасини) олиб келди. Кимда-ким раҳм қилмаса унга ҳам раҳм қилинмайди. Раҳм қилувчиларга Раҳмон раҳм қилади. Ушбу маънода кўплаб ҳадислар мавжуд. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Раҳм фақат бахтсиз кимсадангина тортиб олинади».[7] Балки у чорва моллари ва ҳайвонларни ҳам ўз ичига олган раҳматдир. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким гарчи сўйилаётган жонлиққа (бўлса-да) раҳм қилса, Аллоҳ унга қиёмат куни раҳм қилади».[8] Қуррадан ривоят қилинади, бир киши: «Эй Росулуллоҳ, мен қўй сўяман, унга раҳм қиламанми?», деди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Агар қўйга раҳм қилсанг Аллоҳ сенга раҳм қилади».[9] Итга раҳм қилганлиги сабабли бир кишининг гуноҳлари мағфират қилинди. Уни қаттиқ чанқагани сабабли тош-(шағал) тишлаётганини кўриб, қудуққа тушди ва махсисини (сувга) тўлдириб сўнг уни оғзи билан ушлади-(тишлади)да итни суғорди. Аллоҳ унга ташаккур ўлароқ мағфират қилди.[10] Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда эдик. У киши ҳожатлари учун кетдилар. Биз ҳуммаро (чумчуққа ўхшаш кичик қуш)ни икки жўжаси билан кўриб, унинг икки жўжасини олдик. Қушча келиб, ерга яқинлашиб, қанотларини ёзди-(ҳилпиратди). Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, айтдиларки: «Ким унга боласини (олиб) азоб берди? Боласини унга қайтаринглар!»».[11] Ислом чорлаган ушбу улкан раҳматга бир боқинг. Сўнг ушбу жиноятни ижро этувчилар қилган қилмишларини бир ўйлаб кўринг. Етим қилинган гўдаклар, тул қилинган аёллар, ўлдирилган жонлар, қўрқувга солинган қалблар, талофат етказилган моллар. Исломнинг раҳмати қаерда, агар ақл юргизадиган бўлсалар?!

9) Ислом мўмин-мусулмонларни ваҳима ва қўрқувга солишдан қайтаради. Абдурроҳман ибн Абу Лайлодан ривоят: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бизга шундай ҳадис айтишди, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кетаётганларида ораларидан бир киши уйқуга кетди. Баъзилари унинг арқони олдига келиб, уни олдилар. Шунда у қўрқиб кетди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишига (бошқа) бир мусулмонни қўрқув-(ваҳима)га солиши ҳалол бўлмайди», дедилар».[12] Ушбу кечада қанчадан-қанча мусулмон ваҳима, даҳшат ва қўрқувга тушди.

10) Ислом мўминларга қурол кўтаришдан қайтаради. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бизга қарши қурол кўтарса, бас, у биздан эмас».[13] Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Агар бирортангиз масжид ёки бозоримиздан ўқи билан ўтса, бас, мусулмонларга унинг бирор (зарари) етмаслиги учун унинг тиғини ушлаб олсин ёки қўли билан (маҳкам) тутиб олсин».[14] Ушбу жиноятда мусулмонлар орасига ва турар жойлари ичига ҳалок қилувчи портлайдиган моддалар ва қирғин қилувчи қуроллар ташланди.

11) Ислом одамларни сақлаш ва тинчликни рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан мусулмонга қурол ва унга ўхшаш нарса билан имо-ишора қилиш ҳамда қилич яланғочлаб юришдан қайтаради. Хоҳ жиддий, хоҳ ҳазиллашиб бўлсин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бирортангиз биродарига қурол билан ишора қилмасин. Батаҳқиқ, у шайтон қўлидан суғуриб олиб, натижада дўзах чоҳига тушишини билмайди».[15] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким биродарига темир билан ишора қилса, батаҳқиқ, уни қўйгунича фаришталар унга лаънат айтадилар. Гарчи у унинг ота ва она бир-(туғишган) ака-(ука)си бўлса-да».[16] Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилич яланғочлаб юриш-(одатланиш)дан қайтардилар».[17] Буларнинг бари бехосдан зарар беришлик юз бермасин дея (жамият тичлигига) риоя қилиш бобидандир. Ушбу ваъид-(таҳдид)ни чуқур ўйлаб кўринг: «Натижада дўзах чоҳига тушиши». «Фаришталар унга лаънат айтадилар». Энди, ушбу тубан жиноят ва қасддан зарар етказишга ўхшашлар ҳақида нима дейсиз?!

12) Ислом хиёнат ва ғаддорликни ҳаром қилган. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас» (Анфол: 58). Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта Аллоҳ хоин ва жиноятчи бўлган кимсаларни севмайди» (Нисо: 107). Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳар бир хиёнаткор учун қиёмат куни байроқ бўлиб, хиёнати миқдоричалик (баланд) кўтарилади. Огоҳ бўлинг! Умумҳукмдорга (қилинган) хиёнатдан-да улканроқ хиёнат қилувчи бўлмас».[18] Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Ҳар бир хиёнатчи учун қиёмат куни хиёнатига қараб байроқ ўрнатилади»».[19] Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшин ёки сарийяга амир сайласалар унинг ўзига хоссатан Аллоҳдан ва ўзи билан бирга бўлган мусулмонларга яхшилик (қилиш)да тақвога васият қилардилар. Сўнг: «Аллоҳнинг номи билан, Аллоҳнинг йўлида жанг қилинглар. Аллоҳга куфр келтирганлар билан уруш қилинглар. Жанг қилинглар, хиёнат ва ғаддорлик қилманглар. Мусла қилманглар (қулоқ, бурун кесманглар). Болаларни ўлдирманглар…», дердилар».[20] Анавилар қўл урган иш нақадар улкан ва қабиҳ хиёнатдир.

13) Ислом гўдак, аёл ва ёши катта қарияларни ўлдиришни ҳаром қилган. Бурайданинг ҳадисида (ворид бўлганидек): «Болаларни ўлдирманглар». Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазавотларидан баъзисида аёл киши қатл қилинган ҳолда топилди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл ва гўдакларни ўлдиришликни инкор қилдилар».[21] Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳнинг номи билан ва Аллоҳ(нинг мадади) билан ҳамда Росулуллоҳнинг миллати асосида боринглар. Қари чол, гўдак, кичик (ёшдаги)лар ва аёлларни ўлдирманглар…».[22] Ушбу жиноятда кичик ва катта ёшдагилар, эркак ва аёллар ажратилмади. Балки катта ёшдагилар, аёллар ва гўдаклар унинг қурбонига айланишди.

14) Ислом аҳду-паймон ва келишув-битимларни сақлашга буюриб, (ислом давлати билан) аҳдлашган ва омонлик сўраб кирганларни ўлдиришликни ҳаром қилган. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аҳдга вафо қилинглар. Зеро, аҳд-паймон (Қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир» (Исро: 34). Ва айтдики: «Эй мўминлар, ақдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз!» (Моида: 1). Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким муоҳид-(аҳдлашган кофир)ни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳидламайди. Унинг ҳиди қирқ йиллик масофада топилади».[23] Амр ибн ал-Ҳамиқ ал-Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бирор кишининг қонига омонлик бериб, уни ўлдирса, бас, мен қотилдан пок-(безор)ман. Гарчи мақтул кофир бўлсада».[24] Кофирлардан кимда-ким мусулмонларнинг диёрига ҳукмдор томонидан омонлик келишуви ёки битими билан кириб келса, унга тажовуз қилишлик жоиз бўлмайди. На жонига ва на молига. Ислом аҳлининг зимма-(ҳимоя)лари бирдир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мусулмонларнинг қони баб-баробар. Энг қуйидагилари ҳам уларнинг зимма-(ҳимоя)си билан юради-(фойдаланади)…».[25] Анави тожовузга қўл урганлар эса мусулмонларнинг зимма-(ҳимоя)ларига риоя қилмадилар, келишув ва битимларни сақламадилар ва аҳдлашган ҳамда омонлик сўраб (мусулмонлар диёрига) кирганларни ўлдирдилар.

15) Ислом бошқаларга тажовуз қилишлик ва уларнинг мол-мулкларини вайрон қилишликни ҳаром қилади. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ушбу кунингиз, ушбу ойингиз ва ушбу шаҳрингиз ҳурмати каби ўрталарингизда ҳаромдир».[26] Анави тажовузкор жиноятчилар эса қанчадан-қанча бино ва турар жойларни вайрон қилиб, қанчадан-қанча мол-мулкка талофат етказдилар.

16) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда уйқу, сукунат ва роҳатланиш вақти одамларга ўқ узишдан қайтардилар ҳамда ушбу ишга қўл урувчига ваъид-(таҳдид) қилдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бизга тунда ўқ узса, бас, у биздан эмас».[27] Анавилар эса ушбу тубан жиноят ва пасткаш ишларини ижро этиш учун тун қоронғусини ихтиёр қилдилар.

Қандай бўлганда ҳам, исломнинг улкан асослари, метин қоидалари ва ҳикматли йўлланмаларини тўла идрок этган ва аниқ илм асосида билган ҳар бир киши ушбу жиноий ишларни ислом динидан узоқ эканлигини, ҳамда у шариатда ҳаром қилинган бўлиб, ҳаниф-(тўғри) бўлган ушбу дин уни асло тан олмаслигини билади. Ушбу жиноий ишлар ислом динига нисбат берилиши ёки диндорларга чапланиши-(тиркалиши) ёҳуд унинг сабабидан диннинг асоси бўлмиш яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришлик ёкида динни таълим беришлик дастурлари ва шунга ўхшашлар шаънига нуқсон етказилиши жоиз бўлмайди. Балки у, унинг эгалари ва уни ижро этувчилари намойиш қилган фавқулотда мавқиф-(ҳолат)лар бўлиб, унинг гуноҳини бунга қўл уриб, унга кўмак берганлар ўз бўйнига олади. «Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас» (Исро: 15). Ислом ушбу амаллардан пок-(безор)дир.

Ушбу сўзларни Аллоҳнинг динига нисбатан холис туришлик ўлароқ унга ундан бўлмаган нарса нисбат берилмасин дея, Аллоҳнинг мўмин бандаларига нисбатан холис туришлик ўлароқ уларга уларнинг амалларидан бўлмаган нарса нисбат берилмасин дея, ҳамда ислом динида гавдаланмаган ва унинг тўғри йўлланма ва ҳикматли кўрсатмаларидан келиб чиқмаган ушбу ҳолатлардан хулоса қилиб буюк динимизга ёмонлик истагидаги кимсалар йўлини тўсишлик нуқтаи назаридан жоҳил киши фитнага учраб, ғофил киши алданиб қолмасин дея айтиб ўтдим. «Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман» (Ҳуд: 88).

Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан бизни барча яхшиликларга муваффақ айламоғини, бизни тўғри йўлга бошламоғини сўраймиз. Хоҳ ошкор, хоҳ яширин бўлсин йўлдан оздирувчи фитналардан У субҳанаҳунинг паноҳига қочамиз. У субҳанаҳудан мусулмонларга уларнинг осойишталиклари ва иймонларини сақламоғини, ҳамда улардан Ўзининг фазлу марҳамати билан ёмонлик ва фитналарни буриб юборишини сўраймиз. Албатта, У Эшитувчи, (дуоларни) ижобат қилувчидир.

 

Мақоланинг асл манбаси: http://www.al-badr.net/web/index.php?page=article&action=article&article=20

 

Манба: Тавҳид форуми

 


 

 

[1] Муслим (2577) Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят.

[2] Ибн Можжа (2341), Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят. Албоний роҳимаҳуллоҳ ривоят йўллари ва шоҳидлари сабабли «Саҳиҳа» (250)да саҳиҳ санадилар.

[3] Абу Довуд (3635), Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳ сунан Аби Давуд» (3091)да «Ҳасан» даражасида дедилар.

[4] Бухорий (5778), Муслим (109).

[5] Бухорий (6878), Муслим (1676).

[6] Термизий (1395) Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳ Сунан Тирмизий» (1126)да саҳиҳ санадилар.

[7] Абу Довуд (4942), Термизий (1923). Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳул Жамиъ» (7467)да «Ҳасан» даражасида дедилар.

[8] Бухорий «ал-Адаб ал-Муфрад» (381). Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳ ал-Адаб ал-Муфрад» (294)да «Ҳасан» даражасида дедилар.

[9] Бухорий «Адабул Муфрад» (373). Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳ ал-Адаб ал-Муфрад» (287)да саҳиҳ санадилар.

[10] Бухорий (2466), Муслим (2244). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят.

[11] Абу Довуд (2675). Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳ Сунан Аби Давуд» (2329)да саҳиҳ санадилар.

[12] Абу Довуд (5004). Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳ Сунан Аби Давуд» (4184)да саҳиҳ санадилар.

[13] Бухорий (7070), Муслим (98).

[14] Бухорий (7075), Муслим (2615).

[15] Бухорий (7072), Муслим (2617).

[16] Муслим (2616).

[17] Абу Довуд (2588), Термизий (2163). Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳул Жамиъ» (6819)да саҳиҳ санадилар.

[18] Муслим (1738).

[19] Бухорий (3188), Муслим (1735).

[20] Муслим (1731).

[21] Бухорий (3014), Муслим (1744).

[22] Абу Довуд (2614). Албоний роҳимаҳуллоҳ «Заиф Сунан Аби Давуд» (561)да заиф санадилар.

[23] Бухорий (3166).

[24] Ибн Ҳиббон ўз саҳиҳи (5982)да, Табароний «Соғир» (38)да ва (ҳадис лафзи) унинг ривоятидир. Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳ ат-Тарғиб» (3007)да «Ҳасан» даражасида дедилар.

[25] Абу Довуд (2751). Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳ Сунан Аби Давуд» (2390)да саҳиҳ санадилар.

[26] Бухорий (67), Муслим (1679).

[27] Аҳмад (2/321). Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳул Жамиъ» (6270)да саҳиҳ санадилар.

2 та мулоҳаза

  1. bilol → 27.04.2014 йил

    Assalamu alaykum va rohmatullohi va barokatuh.
    Aziz birodarlar bu maqolani men tushunolmadim.
    Terror harakatlarining hukmini bayon qilibsizlar,Lekin bu yerda ishora qilinayotgan ish qaysi terror ishi edi va kim tarafida amalga oshirildi,shu mavzu yoritilmagan.
    Bu hukmlar Falastin rejimiga nisbatan ham mos keladimi?Amerikaning Iroqda,Afg’onistonda,Suriyada va boshqa Islomiy yurtlarda qilayotgan ishlari ham terror amaliyoti deb hisoblanadimi?
    Frantsiyaning MAR(Markaziy Afrika Respublikasi)dagi qilayotgan ommaviy qirg’inlarini ham terror deb hisoblaysizlarmi yoki Afg’onistonda Tolibonning Amerika bazalariga qilgan hujumini,
    Pokistondagi harbiy amaliyotlarni,
    Yohud SuriyadaIslomiy Halifalik davlatini tiklash uchun jihod qilayotgan mujohidlarning ishini terror deb hisoblaysizlarmi?
    Javobni shu yerga yozishinglarni Alloh roziligi uchun iltimos qilaman
    Ulug’bek Turkistoniy

  2. Administrator → 03.05.2014 йил

    Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
    Юқорида келтирилган далиллар қуйидаги манзилда келтирилган воқеага нисбатан айтилган:
    https://tavhid.com/kitoblar/dolzarb/riyoz-2003

Фикр билдиринг