Ҳукмдорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари

Ҳукмдорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари

Абдулазиз ибн Иброҳим ал-Аскар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Росулуллоҳга, у кишининг оилаcи, саҳобалари ва у кишининг йўлидан юрганларга Аллоҳнинг салавоту-саломлари бўлсин.

Аммо баъд:

Аллоҳ йўлидаги биродар, фазилатли шайх Абдулазиз ибн Иброҳим ал-Аскарнинг яхши ишда ҳукмдорларга қулоқ солиб, итоат қилишни вожиб эканлиги ҳақида тўплаган (тайёрлаган) рисоласини ўқиб чиқдим. Бу рисолани ажойиб, (ҳажми кичик бўлишига қарамасдан Аллоҳни изни билан) баракали рисола бўлган деб ҳисоблайман. Бу рисола Қуръон оятлари, пайғамбар ҳадислари ва аҳли илм сўзларидан иборат катта-катта маъноларни ўз ичига олгандир. (Бу рисолада келтирилган ҳужжатларда асосан) Ҳукмдорларга қулоқ солиб, итоат қилиш ва бунинг натижаси ўлароқ кўплаб яхшиликлар, осойишталик қарор топиши, мазлумга ёрдам қўлини чўзиш, золимни тийиб қўйиш, (мусулмонларни) гапи бир жойдан чиқиши каби ҳолатлар рўй бериши айтиб ўтилган. Ва ушбу зикр қилинган ҳужжатларга зид иш тутилган тақдирда эса (мусулмонлар ўртасида) бўлиниш, келишмовчилик ва хатарли оқибатлар келиб чиқиши эслаб ўтилади. Аллоҳ таоло унга (муаллифга) мукофотини тўла қилиб берсин, ажрини бир неча баробар зиёда қилсин. Аллоҳ таоло бизни ва у кишини, қолаверса барча биродарларимизни ҳидоят йўлига чақирувчилардан ва ҳаққа хизмат қиладиганлардан қилсин. Албатта У Зот ҳожат сўраладиганлар ичида энг яхшисидир. Мен ушбу рисолани қўлга киритган ҳар бир кишига уни ўқиб, ўзига яраша фойда олишини тавсия қиламан.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у кишининг оилалари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту-саломлари бўлсин.

Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Саудия Арабистони мамлакати муфтийси

Кибор уламолар ҳайъати ҳамда

Илмий изланишлар ва фатво бериш идораси раиси

16/5/1417 ҳижрий йил

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар оламларнинг Роббиси Аллоҳ учундир. Унинг омонатдор элчиси, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи ва барча саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту-саломлари бўлсин.

Аммо баъд:

Мусулмонларнинг ҳукмдорларига қулоқ солиб, итоат қилиш салафий ақидаси асосларидан бўлган бир асосдир. Бу асос кенг ёритилмаган, шарҳланмаган ва баён қилинмаган ақида китоби жуда оз бўлса керак. Бунинг сабаби, ушбу асоснинг ниҳоятда аҳамиятли ва қадри баланд эканидандир. Зеро улар(ҳукмдорлар)га қулоқ солиб, итоат қилиш сабабли дину-дунёга фойдали бўлган ишлар бир тартибга тушади. Улар(ҳукмдорлар)ни ҳақ-ҳуқуқларини сўз ёки амалий суратда оёқости қилиш билан дину-дунё фасодга юз тутади.

Ислом динида барчага бирдек маълум бўлган масала шуки, дин фақат жамоат билан амалга ошади. Жамоат эса ўз ўрнида бошқарув билангина оёққа туради. Бошқарув эса фақат ва фақат қулоқ солиб, итоат қилиш билан намоён бўлади.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ ҳукмдорлар ҳақида айтадиларки: «Улар бизни ишларимиздан беш нарсани бошқариб борадилар: Жума, жамоат, ийд (икки ҳайит), (ислом диёрлари) сарҳадларини (чегараларини) қўриқлаш ва (шариат чегарасини бузганларга) жазо қўллаш. Аллоҳга қасамки жабру-ситам ва зулм қилсаларда, дин фақат улар сабабидан тўғри (мустақим) бўлади. Аллоҳга қасамки улар фасод қилган ишларидан кўра Аллоҳ таоло улар сабаб ишни ўнглаган ҳолат кўпроқдир. Шу билан бирга уларга бўйсунишлик бахтдир ва улардан ажралиб чиқишлик куфрдир» (Ибн Жавзийни «Адаб ал-Ҳасан ал-Басрий» асарлари 121-саҳифа, «Жамиъ ал-Улум ва ал-Ҳикам» 2/117- Рисала нашриёти).

Дарҳақиқат салаф солиҳлар, Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин, бу ишга ўзига хос бир эътибор қаратишган. Айниқса бу асосдан жоҳил қолиб, ғофил бўлиш сабабли одамлар орасида ва турли шаҳарларда кенг тарқаладиган бузғунчилик, ҳидоят ва тўғри йўлдан оғишиш кузатилган замондаги аввалги фитналар юз берган вақтда.

Салаф-солиҳлар бу ишга ниҳоятда катта аҳамият қаратишгани борасида бизгача кўплаб асарлар нақл қилинган. Ана шу асарларнинг кўзга яққол ташланадигани ва ўта таъсирчани, аҳли суннанинг имоми бўлмиш имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ бошдан кечирган воқеалардир. У киши роҳимаҳуллоҳ суннат йўлидан юраман деганларга ҳукмдорларга қандай муносабатда бўлиш кераклиги борасида намуна бўлиб қолдилар.

Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: «Бағдод фақиҳлари Восиқ (ўша даврдаги халифа) (шаръий) ҳукмдор(ми ёки шаръий ҳукмдор эмасми) деган масалада Абу Абдуллоҳ (яъни имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ) ҳузурларига жамланишди. У кишига айтишдики: «Дарҳақиқат иш жиддийлашиб, (таги) очилиб қолдику (бу гаплари билан Қуръон махлуқ деган сўзни зоҳир бўлиши ва ундан бошқа масалаларни назарда тутишарди). Уни бошқарувига ва ҳукмдорлигига асло рози эмасмиз». Имом улар билан бу масалада мунозара олиб бордилар ва айтдиларки: «Сизларга қалбларингиздаги (бузуқ фикрларингизни) инкор қилишингиз вожиб бўлади. Итоат қилишдан бўйин товламанглар. Мусулмонларни бирлигини бузманглар. Ўзларингизни ҳам ва бунга қўшиб мусулмонларни ҳам қонини тўкманглар. Ишингизни натижасига бир назар ташланглар. То яхши одам (ўлиб, золим ҳукмдорни зулмидан) қутилгунгача ва фожир (ҳукмдор ўлиб, ундан) қутулингунгача сабр қилинглар». Ва яна айтдиларки: «Бу (итоат қилишдан бўйин товлашни назарда тутяптилар) тўғри эмас. Бу асарларга зиддир» (Ибн Муфлиҳни «Ал-Адаб аш-Шариъа» асарлари 1/195-196, ал-Халлоҳ бу воқеани «Сунна» 133-саҳифасида келтирдилар).

Бу асар уламоларимиз ўз китобларида нақл қилишган асарлар ичида энг ёрқинидир. Ушбу асар бу бобда аҳли сунна вал жамоанинг амалий суратда қандай татбиқ қилганини аниқ-равшан ёритиб беради.

Яна шу маънода келган асарлардан бири, имом Ҳасан ибн Али Барбаҳорий роҳимаҳуллоҳнинг «Сунна» китобларида келган асар. Айтадиларки: «Ҳукмдорга баддуо қилаётган кишини кўрсанг, билгинки у ҳавои-нафсига эргашган(бидъатчи)дир. Ҳукмдорга салоҳият тилаб дуо қилаётган кишини эшитсанг, билгинки у иншааллоҳ суннат аҳлидандир».

Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: «Агарда мени (Аллоҳни ҳузурида мақбул бўладиган) биргина дуоим бўлганида эди, уни фақатгина ҳукмдорни ҳаққига қилган бўлардим. Биз уларни ҳаққига салоҳият тилаб дуо қилишга буюрилдик. Агарчи жабру-ситам қилиб, зулм ўтказсаларда уларга баддуо қилишга буюрилмадик. Чунки уларнинг жабру-ситам ва зулмлари ўзларини ва мусулмонларни зараригадир. Уларни салоҳиятли бўлишлари ўзларини ва мусулмонларни фойдасигадир» («Тобақот ал-Ҳанабила» 2/36).

Шуни билиш лозимки, салафларнинг бу бобдаги қоидалари, умматни ҳар сафар бундай муҳим масалаларга ҳожати тушгани сайин, (бу бобга) эътибор ҳам зиёда бўлиб боради. (Бу ҳолат) фитналар эшигини тўсади. Дину-дунёнинг фасодга юз тутишини асоси бўлмиш, ҳукмдорларга қарши бош кўтариш йўлига тўғаноқ бўлади. Бу муҳим масалани янада кенгроқ ёритиш учун қуйидаги қоидаларни эслатиб ўтиш лозим бўлади.

1 – Мусулмон бўлган, тўлалигича бошқарувни қўлга олган ҳукмдорга байъатда бўлишни вожиб эканлиги. Гарданида бирор байъат бўлмаган кимсага нисбатан қаттиқ (қўполлик билан) ёндашиш ва ушбу байъатни бузишдан (Аллоҳни азоб оятлари билан) қўрқитиш.

Имом Ҳасан ибн Али Барбаҳорий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Сунна» китобларида шундай дедилар: «Кимки хилофот бошқарувини одамларнинг келишуви ва розилиги билан қўлга киритса, бас у амирул мўмининдир. Бирор кишига мени устимдан (бошқариб турадиган) ҳукмдор йўқ деган фикрда бирор тунни ҳам ўтказиши ҳалол бўлмайди. У ҳукмдор яхшими, фожирми фарқи йўқ…. Аҳмад ибн Ҳанбал ана шундай дедилар».

Ушбу қоидага имом Муслим ўзларининг ҳадис тўпламларида (Нававий 12/240) «Китаб ал-Имаро» қисмида ривоят қилган асарлари далолат қилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Язид ибн Муовия замонида, Ҳарра воқеаси рўй берган кезлари Абдуллоҳ ибн Мутеъ ҳузурларига келдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Мутеъ айтдиларки: »Қани Абу Абдурроҳманни (суянишларига) ёстиқ берингларчи». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтдиларки: «Мен сизни ҳузурингизга (ёнбошлаб) ўтиргани келганим йўқ. Балки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганим, бир ҳадисни айтгани келдим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандиларки: «Кимки итоат қилишдан бўйин товласа, Қиёмат куни Аллоҳга ўзи учун бирор ҳужжат бўлмаган ҳолатда йўлиқади. Кимки бўйнида бирор байъати бўлмаган ҳолатда вафот топадиган бўлса, жоҳилият ўлимидек вафот этибди»».

2 – Куч билан келиб ҳукмни қўлга олган ва бошқарув тўлалигича уни қўлига ўтган киши ҳам ҳукмдор деб қаралади ва унга байъат бериб, бўйсуниш вожиб бўлади. У билан бошқарувни талашиш ва унга итоатсизлик қилиш ҳаром бўлади.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ақида бобида айтдиларки, ушбу асарни имом Аҳмаддан Абдус ибн Молик ал-Аттор ривоят қиладилар: «… Кимки уларни (яъни амалдаги ҳукмдорларни) устига қилич билан (келиб) ғолиб чиқса, ҳатто (ўзи) ҳукмдор бўлиб олса ва амирул мўминин деб номланадиган бўлса, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бирор кишига мени устимда ҳукмдор йўқ деган фикрда тун ўтказиши ҳалол бўлмайди. (Бу ҳукмдор) яхшими, фожирми фарқи йўқ» (Абу Яълонинг «Ал-Аҳкам ас-Султонийя» китоблари 23-саҳифа, ал-Қифқий нашриёти. «Тобақот ал-Ҳанабила» 1/241-246).

Имом Аҳмад Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган асарни ҳужжат қилиб келтирдилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтдиларки: «… (Куч билан бошқарувга) Ғолиб келган (ҳукмдор) ортида намоз ўқийвераман» (Бу асарни Қози «Ал-Аҳкам ас-Султонийя»нинг 23-саҳифасида Абу Ҳорисдан, Абу Ҳорис эса Аҳмаддан ривоят қилганларини эслаб ўтадилар).

Ибн Саъд «Тобақот»нинг 4/193 (Байрутдаги «Дор Содир» нашриёти) саҳифасида ишончли санад билан Зайд ибн Асламдан ривоят қиладилар: «Ибн Умар фитна замонида ким ҳукмдор бўлишидан қатъий назар, ортида туриб намоз ўқидилар ва закотларини унга (ўша ҳукмдорга) ўтадилар».

«Саҳиҳ ал-Бухорий»нинг 13/193 саҳифаси «Китаб ал-Аҳкам (Ҳукмлар китоби), Одамлар ҳукмдорга қандай байъат беришлари ҳақидаги бобда» Абдуллоҳ ибн Дийнордан ривоят қилинади. Абдуллоҳ ибн Дийнор айтадиларки: «Одамлар Абдулмалик атрофида тўпланишганда Ибн Умарга гувоҳ бўлдим. Ибн Умар айтдиларки: «Шундай деб ёзгин: Албатта мен Аллоҳнинг қули бўлмиш Абдулмалик, амирул мўмининга Аллоҳ ва Росулининг суннати асосида қўлимдан келганча қулоқ солишга иқрор бераман. Фарзандларим ҳам ҳудди шу нарсаларга иқрордирлар»«.

Шотибийнинг «Эътисом» китобида: Яҳё ибн Яҳёга айтилдики: «Байъат кўнгилга хуш келмайдиган бўлиб турибдими?» У киши: «Йўқ», дедилар. У кишига яна айтилдики: «Агар жабру-ситам ўтказадиган ҳукмдорлар бўлишса ҳам-а?» Шунда айтдиларки: «Дарҳақиқат Ибн Умар Абдулмалик ибн Марвонга подшоҳликни қилич билан тортиб олганда ҳам байъат бердилар. Менга бу хабарни Молик у кишидан хабар қилиб айтди. Ибн Умар Абдулмаликка шундай нома йўллагандилар:  «Унга Аллоҳнинг Китоби ва Росулининг суннати асосида қулоқ солиб, итоат қилишга иқрор бераман»«. Яҳё ибн Яҳё айтдиларки: «Байъат бериш ажралиб олишдан яхшидир».

Байҳақий «Манақиб аш-Шофеъий» (1/448 , «Дор ат-Турос» нашриёти, Саййид Аҳмад Соқр таҳқиқи остида)да Ҳармаладан ривоят қиладилар. Ҳармала айтдиларки: «Шофеъийни шундай деганларини эшитдим: «Бошқарувга қилич билан ғолиб келиб, ҳукмдор деб номланган ва одамлар унинг атрофида жамланган ҳар бир киши ҳукмдордир»«.

Бунга Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ Фатҳул Борийда (7/13) ижмоъ борлигини ривоят қилиб, айтадиларки: «Дарҳақиқат фақиҳлар куч билан ғолиб келган ҳукмдорга итоат қилишни ва у билан бирга жиҳод қилишни вожиб эканига ижмоъ қилишди. Унга итоат қилиш, унга қарши бош кўтариб чиқишдан яхшидир. Бунинг сабабидан қон тўкилишнии олди олинади ва халқ осойишта бўлади».

Бунга яна Шайхулислом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ ижмоъ борлигини ривоят қилиб, айтадиларки: «Барча мазҳаб имомлари (бу ўринда имом дейилганда бизни кунимиздаги маъруф бўлган масжид имомлари эмас, балки забардаст уламолар назарда тутилади) бир ёки икки шаҳарга куч билан ғолиб бўлган кишига барча нарсаларда бошқарув ҳукми берилишига ижмоъ қилишди. Агар шундай қилинмаса дунё асло ўнгланмайди. Чунки одамлар узоқ замонлардан бери, то имом Аҳмаддан олдинги даврдан тортиб бизни кунимизгача бир ҳукмдор атрофида тўпланишмаган. Имомлар уламолардан бирортасини ҳукмлардан бирортаси фақатгина (битта) катта ҳукмдор (бўлсагина) саҳиҳ (тўғри) бўлади деб зикр қилишганини билмайдилар» («Ад-Дурар ас-Санийя фий ал-Ажвиба ан-Наждийя» 7/239).

Шайх Абуллатиф ибн Абдурроҳман ибн Ҳасан Оли шайх (Аллоҳ ҳаммаларини Ўзининг Раҳматига олган бўлсин) айтадиларки: «… Аҳли илм уларга (амалдаги ҳукмдорларга) куч билан ғолиб келган одамга яхши ишда итоат қилишга бир овоздан келишишди. Улар (аҳли илм) унинг (куч билан ғолиб келган ҳукмдорнинг) буйруқларини ижро этишни ва унинг бошқаруви саҳиҳ эканлигини тўғри деб билишади. Бу масалада икки олим ҳали ихтилофга бормаган. Ва яна улар (аҳли илм) уларга (ҳукмдорларга) қилич кўтариб қарши чиқишни ва умматни пораканда қилишни ман қилиш керак деб биладилар. Агарчи у ҳукмдорлар фосиқ бўлсалар ҳам. Модомики очиқ-ойдин куфрни кўришмас экан (бош кўтариб қарши чиқишлари ҳаром бўлади). Аҳли илмнинг бу масаладаги тўрт имом ва улардан бошқалар, ҳамда улар билан (илмда) тенг бўлганлардан нақл қилинган ҳужжатлари етарличадир» («Мажмуъа ар-Росаил ва ал-Масаил ан-Наждийя» 3/168).

3 – қоида шуки: «Ҳукмдор ва султонларнинг бир неча ададда бўлишларини зиёни йўқ. Ушбу ҳукмдорнинг буюрган буйруқлари ва қайтарган қайтариқлари ижро этилиб турилган мамлакат аҳлига, унга (ҳукмдорга) байъат берганларидан кейин (ўша мамлакатдаги) ҳар бир кишига унга итоат қилишлари вожиб бўлади. Бошқа мамлакат аҳлининг ҳолати ҳам ҳудди шундай бўлади.

Бир мамлакатда ҳукмдорнинг бошқаруви собит бўлган ва ўша мамлакат фуқаролари унга байъат берган бўлиб, ана шу бошқарувни талашиб чиққан кишини ҳукми, тавба қилмайдиган бўлса қатл қилинмоқлигидир.

Мамлакатлар бир-биридан узоқ бўлганлиги боис, бир диёр фуқаролари бошқа диёр ҳукмдорига итоат қилиб, унинг бошқаруви остига киришлари вожиб бўлмайди. Чунки мамлакатлар бир-биридан узоқ бўлганлиги сабабидан ҳукмдори ёки султони ҳақидаги хабар етиб келмаслиги мумкин ва ҳозир ким бошқарувни қўлга олдию, қай бири вафот этди деган хабарни билолмай қолиши мумкин. Буйруқлар куч-қудратга ва ҳолатга қараб юкланади. Бундай қилиш эса тоқатдан ташқари буйруқдир. Ушбу ҳолат одамлар ва шаҳарларнинг ҳолатидан хабардор бўлган ҳар бир киши учун маълум нарсадир …

Шуни яхши билгинки, чунки бу шаръий қоидаларга муносиб ва далиллар далолат қилган маъноларга мувофиқдир. Ҳамда зеҳнингдан бу ҳужжатларга зид келадиган ҳар қандай сарқитларни чиқариб ташла. Демак (билишинг лозим бўлган нарса шуки), исломнинг аввалидаги исломий бошқарув билан бугунги кундаги бошқарув орасидаги фарқ кундузи чарақлаб турган қуёшдан ҳам равшанроқдир.

Кимки бу ҳолатни инкор қиладиган бўлса, ҳужжат билан хитоб қилинишга нолойиқ довдир экан. Чунки уни бу ҳужжатларга ақли етмайди». Бу сатрлар имом Шавконий роҳимаҳуллоҳнинг сўзларидан эди («Ас-Сайл ал-Жирор ал-Мутадаффиқ ала Ҳадаиқ ал-Азҳар» 4/512).

Маълумки юқоридаги сўзлар ихтиёрий суратда эмас, балки куч ва зўрлик билан қўлга киритилган байъат ҳақида эди.

Шунга кўра, аввалги вақтларда (ислом диёрларини) бир катта ҳукмдор бошқарганда қандай ваколатларга эга бўлган бўлса, мана бу бир неча ададда бўлган ҳукмдорлар ҳам шу ваколатларга эга бўладилар. Жазолар ва шунга ўхшаш ҳукмларни қўллайдилар. Уларга қулоқ солиб, итоат қилинади.

Шайхулислом ибн Таймийя айтадиларки: «(Асли) суннат мусулмонларга бир ҳукмдор бўлиб, қолганлари унинг ноиблари бўлишлигидир. Уммат ҳукмдорнинг баъзи буйруқларига бўйсунмай, унинг бошқарувидан чиқадиган бўлса ва ҳукмдор (бошқарувдан бўйин товлаганларни жиловлаб олишдан) ожиз қоладиган ёки бундан бошқа ҳолатлар бўлса, умматни бир қанча ҳукмдорлар бошқараверади. Ушбу ҳукмдорларнинг ҳар бирига (шариат чегарасини бузганларга) жазо қўллаши ва ҳақ-ҳуқуқларни тўла-тўкис адо этишлиги вожиб бўлади» («Мажмуъ ал-Фатава» 35/175-176).

4 – «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар устида сиёсат олиб бора оладиган, бошқарувни қўлга киритган, барчага маълум ва мавжуд бўлган ҳукмдорларга итоат қилишга буюрдилар. (Аслида) мавжуд бўлмаган, (ҳеч ким танимайдиган) мажҳул, қўлида на бошқарув бор, на бирор нарсага куч-қудрати етмайдиган «ҳукмдорларга» итоат қилишга буюрмадилар» («Минҳаж ас-Сунна ан-Набавийя» 1/115).

Кимки одамларни устидан сиёсат олиб бориб бошқарадиган ва куч-қудратга эга бўлган ҳукмдор манзилатини ўзига берадиган бўлса, атрофида тўпланганларни ўзига қулоқ солиб, итоат қилишга чақирса ёки ўша атрофида тўпланганлар унинг буйруқларига қулоқ солиб, итоат қилишга байъат берса ва (асли ўша мамлакатнинг) ҳукмдори бошқарувда қоим турган бўлса, бу одам Аллоҳ ва Росулининг чегарасини бузиб, шаръий ҳужжатларга хилоф иш тутибди. (Бу ҳолат ҳозирда мавжуд бўлган баъзи исломий жамоатлар қилаётган ишга ўхшашдир. Улар ичларидан бир кишини амир деб тайин қилиб, унга байъат берадилар. Ўзларига ва издошларига ўша «ҳукмдорга» қулоқ солиб, итоат қилишни вожиб қиладилар. Бундай бошқарув тури бир жиҳатдан ҳаворижларнинг фикрларидан келиб чиққан бўлса, иккинчи жиҳатдан ўзларининг ҳукмдорларига қарши инқилоблар уюштирадиган кофирларга тақлид қилишдан келиб чиққандир).

Дарҳақиқат Умар розияллоҳу анҳу айтдиларки: «Кимки мусулмонлар билан маслаҳат кенгаши ўтказмай бирор «ҳукмдор»га байъат берадиган бўлса, (икки ҳукмдор ўртасида қирғинбарот жанг бўлиши) хавфи олди олиниб, унинг байъати ҳам, унга қўшилиб бошқаларнинг берган байъати ҳам инобатга олинмайди» (Аҳмад ва Бухорий ривоятлари).

У одамга итоат қилиш вожиб бўлмайди, балки ҳаром бўлади. Зеро уни на бошқаруви бор ва на аслида бир нарсага куч-қудрати бор. Демак унга (мамлакат) бошқарувини қўлга олган, қоим ҳукмдорга қулоқ солиб, итоат қилингани каби қулоқ солиб, итоат қилинадими?! («Минҳаж ас-Сунна ан-Набавийя» 1/1150).

5 – «Модомики одамлар ҳукмдорни ва уламоларни ҳурматини ўз жойига қўйишар экан яхшиликда давом этиб бораверишади. Агар ушбу икки тоифани ҳурматини ўз ўрнига қўйишадиган бўлишса, Аллоҳ таоло дунёларини ҳам, охиратларини ҳам обод қилади. Энди агар ушбу икки тоифани қадрига етишмаса, дунёю-охиратлари фасодга юз тутган бўлади». Ушбу сатрлар Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий роҳимаҳуллоҳнинг сўзларидан эди («Тафсир ал-Қуртубий» 5/260-261).

Аллома шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин ҳафизаҳуллоҳ (бу рисола ёзилганда роҳимаҳуллоҳ ҳаёт эдилар) шундай дедилар: «Аллоҳ, Аллоҳ (бу арабларда бирор нарсага қойил қолганда ишлатилади) салаф-солиҳларнинг ҳукмдорларга нисбатан қандай муносабатда бўлишганлиги борасидаги манҳажни тушунишликка бир қаранг. Акс ҳолда ҳукмдорларнинг хатолари одамларни инқилобга етаклаш, қалбларни ҳукмдорларга қарши кин-адоват билан тўлиши ёмонлик, фитна ва тартибсизликни келтириб чиқарганидек, бу иш айни зарарни ва одамлар орасида фитна ёйилиши асосларидан биридир. Яна ҳудди шундай қалбларни уламоларга нисбатан кин-адоватга тўлдириш, уламоларнинг қадрини туширишга олиб келади. Бунинг кетидан эса уламолар ўз гарданларига юклаган шариатнинг қадри тушади.

Агарда бирор киши уламоларнинг ва ҳукмдорларнинг қадрини туширишга ҳаракат қилса, шариат ҳам, тинчлик ҳам зое бўлади. Чунки одамлар уламолар гапирадиган бўлишса, (уламоларга) ишонмай қўйишади. Ҳукмдорларни гапирадиган бўлса, уларнинг сўзларига итоатсизлик қилишади. Натижада ёмонлик ва фасод юз беради.

Демак салафлар ҳукмдорларга нисбатан қандай йўл тутишгани, ҳар бир инсон ўзини ўнглаб олишлиги ва ишнинг ёмон оқибатларини билиши вожиб бўлади.

Ғалаён кўтараётганлар ислом душманларига (беминнат) хизмат қилиб бераётганларини яхшилаб билиб олсинлар. Инқилоблар ва таъсирчанликка қараб ибрат олинмайди. Балки ҳикматга қараб ибрат олинади…» («Ҳуқуқ ар-роъий ва ар-роъийя» рисоласидан кўчирилди).

6 – Аллоҳга маъсият бўлмаган ўринда ҳукмдорларга қулоқ солиб, итоат қилишни вожиб эканлиги ҳақидаги шаръий ҳужжатлар жуда кўпдир.

Ана шулардан: Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида «Ҳукмлар китоби, Модомики маъсият бўлмас экан, ҳукмдорга қулоқ солиб, итоат қилиш ҳақидаги боб», Муслим ҳам ўзларининг «Саҳиҳ»ларида «Бошқарув китобида» (Бухорий 13/121, Муслим 3/1469)да, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мусулмон кишига ўзи ёқтирган ва ёқтирмаган нарсаларда қулоқ солиб, итоат қилиши вожиб бўлади. Маъсиятга буюрилиши бундан мустаснодир. (Маъсиятга буюрилса) қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «ўзи ёқтирган ва ёқтирмаган нарсаларда» деган сўзлари, яъни мақсадига мувофиқ келадиган ёки хилоф келадиган ишларда, деган маънода.

Мубаракфурий «Шарҳ ат-Термизий»да шундай дедилар: «Бу ўринда ҳукмдор шаръан тарғиб қилинган ёки мубоҳ ишга буюраркан, (унга итоат қилиш) вожиб бўлади».

Мутоҳҳир бу ҳадиснинг шарҳида шундай дедилар: «Яъники, ҳар бир мусулмонга ҳукмдорнинг сўзини эшитган заҳоти итоат қилиши вожибдир. Бу буйруқ унинг табиатига мувофиқ келадими ёки мувофиқ келмайдими фарқи йўқ. Фақатгина маъсиятга буюрилмаслиги шарти билан. Агар ҳукмдор маъсиятга буюрадиган бўлса, унга итоат қилиш жоиз бўлмайди. Лекин шу билан бирга унга қарши жанг қилиш ҳам жоиз бўлмайди» («Туҳфа ал-Аҳвазий» 5/365, Мадинадаги ас-Салафийя нашриёти).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир» деган сўзлари, яъни, ана шу маъсиятда фақат. Ҳукмдор рибо билан муомала қилишга, мусулмонни ноҳақ ўлдиришга буюрса ёки шунга ўхшаш ишларга буюрса, ана шу вақтда унинг ушбу буйруғига итоатсизлик қилиш вожиб бўлади. Демак бу буйруқни бажармайди.

Бундан ҳукмдор маъсиятга буюрган вақтда унинг барча буйруқларида мутлақ қулоқ солинмайди деб тушуниб қолинмасин. Балки унга мутлақ қулоқ солиб, итоат қилинади, фақатгина ўша маъсиятдагина қулоқ солиб, итоат қилинмайди (Қолъийнинг «Таҳзиб ар-Рияса ва Тартиб ас-Сияса» китоблари 113-114).

Яна шу ҳужжатлардан: Имом Муслим ўзларининг «Саҳиҳ»ларида (Бошқарув китобида, 3/1467), Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сенга қийинчилик ва енгиллик вақтда ҳам, тетиклик ва хушинга ёқмай турган вақтда ҳам ва яна сенга ҳаққинг адо қилинмаган вақтда ҳам қулоқ солиб, итоат қилишинг вожиб бўлади».

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «тетиклик вақтда ҳам» деган сўзлари, яъни, ўзингни тетик-фаол ҳис қилган ҳолатда ҳам. Ва яна: «хушинга ёқмай турган вақтда ҳам» деган сўзлари, яъни, ёқтирмай турган ҳолатингда ҳам деган маънодадир.

Ҳадисдан ирода қилинган маъно, рози бўлиб ва аччиқланиб турганда ҳам, қийинчилик ва енгилликда ҳам, яхши ва ёмон ҳолатларда ҳам деган маънодадир» (Ибн ал-Асир «Жамеъ ал-Усул» 4/66).

Имом Нававий айтганларидек уламолар шундай дейишди: «(Юқоридаги ҳадиснинг) Маъноси: Маъсият бўлмаган ўринда, нафсга оғир келиб, ёқтирмай турган ишларда ҳукмдорларга итоат қилиш вожиб бўлади. Агар маъсият бўладиган бўлса, қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «ва яна сенга ҳаққинг адо қилинмаган вақтда ҳам» деган сўзлари: дунёвий ишларда сизларни ҳаққингизни ўзларига ўзлаштириб олишлари деган маънода. Яъни: Ҳукмдорлар дунёни ўзлариники қилиб олиб, сизларни ҳаққингизни бермасаларда қулоқ солиб, итоат қилинглар» («Шарҳ Муслим» 12/225).

7 – Яна ҳукмдорлар ҳақ-ҳуқуқларни адо қилмай, зулм ўтказишган чоғда ҳам уларга итоат қилишни вожиб эканлиги ҳақида ворид бўлган шаръий ҳужжатлар(ни келтириб ўтамиз).

Муслим ўзларининг «Саҳиҳ»ларида ва яна Нававий бу ҳақда алоҳида бўлим очиб, уни: «Ҳақ-ҳуқуқларни адо қилишмасада, ҳукмдорларга итоат қилиш ҳақидаги боб» деб номладилар. Алқама ибн Воилдан, у киши ўз оталаридан ривоят қиладилар, Салама ибн Язид ал-Жаъфий Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, бизнинг устимизга ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини сўраб олиб, бизни ҳақ-ҳуқуқларимизни адо қилмайдиган ҳукмдорлар келиб қолса, бизни нимага буюрасиз?» Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан юзларини бурдилар. Сўнг яна сўради. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна юзларини бурдилар. Сўнг яна иккинчи ё учинчи мартта сўраганида, Ашъас ибн Қойс уни ўзи томонга тортди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Қулоқ солиб итоат қилинглар. Уларга нимани ўз бўйинларига олишган бўлса ўша бўлади. Сизларга эса нимани ўз гарданингизга олган бўлсангиз шу бўлади».

Муслимнинг яна бир ривоятларида: Ашъас ибн Қойс уни ўзи томонга тортди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Қулоқ солиб итоат қилинглар. Уларга нимани ўз бўйинларига олишган бўлса ўша бўлади. Сизларга эса нимани ўз гарданингизга олган бўлсангиз шу бўлади».

Маъноси: Аллоҳ таоло ҳукмдорларга бир қанча буйруқларни буюрди ва уларга одамлар орасида адолат қилишни вожиб қилди. Агар бу буйруқларни адо қилишмаса гуноҳкор бўладилар. Ва яна ҳудди шундай Аллоҳ таоло халққа ҳам ҳукмдорларга қулоқ солиб, итоат қилишни буюрди. Энди одамлар ана шу ҳақни адо этишса, ажру-савобга эришишади. Акс ҳолда улар ҳам гуноҳкор бўлишади.

Муслим ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадиларки: Мен «Эй Росулуллоҳ, биз расво ҳолатда эдик. Аллоҳ таоло бизларга яхшиликни олиб келди. Биз (ҳозир) ана шу ҳолатдамиз. Мана шу яхшилик ортидан ёмонлик келадими?» дедим. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», дедилар. Мен: «Ана шу ёмонлик ортидан яхшилик келадими?» дедим. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», дедилар. Мен: «Ушбу яхшилик ортидан яна ёмонлик келадими?» десам, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», дедилар. Мен: «(Бу) қандай (бўлади) десам, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Мендан кейин мени йўлимдан юрмайдиган ва менинг суннатимга амал қилмайдиган ҳукмдорлар келади. Улар орасида шундай кишилар бўладики, қалблари инсон жисмидаги шайтонларнинг қалблари кабидир». Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадиларки, мен: «Эй Росулуллоҳ, ўша замонларга етиб борсам қандай йўл тутай?», дедим. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Ҳукмдорга қулоқ солиб, итоат қиласан. Агар орқанга уриб, молингни олса ҳам қулоқ солиб, итоат қил».

Ушбу ҳадис ана шу мавзуда келган ҳадислар ичида энг таъсирлисидир. Зеро Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша ҳукмдорларни, ўзларининг йўлидан юрмайдиган ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилмайдиганлар деб сифатладилар. Бу ҳолат залолат ва фасоднинг ҳамда (тўғри йўлдан) оғишиш ва саркашликнинг учига чиққан кўринишидир. У ҳукмдорлар ўзлари, аҳли-оилалари ва халқлари ҳусусида пайғамбар йўлидан юрмайдилар…

Ҳолатлари шундай бўлсада, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бошқа ҳадисларда қайд қилиб ўтилганидек, Аллоҳга маъсият ўринларидан (бошқа барча ўринларда), уларга итоат қилишга буюрдилар. Ҳатто ҳолат зарба еб, молни тортиб олиниши даражасига етса ҳам. Бу ҳолат сизни уларга итоат қилишни тарк этиш ва буйруқларига қулоқ солмасликка олиб келмасин. Бу қилган гуноҳлари ўзларига бўлади. Яқин келажакда ҳисоб-китоб қилиниб, ўша гуноҳларига яраша қиёмат куни жазоларини оладилар.

Ҳавои-нафс сени ушбу ҳикматли буйруқ ва тўғри шариатга хилоф иш тутишинга бошлаб борса ва ҳукмдоринга қулоқ солиб, итоат қилмасанг, сенга гуноҳ етади ҳамда хатарли ҳолатга тушасан.

Ушбу пайғамбар буйруғи, Ислом дини олиб келган мукаммал адолатдир. Агар бу (ҳукмдор томонидан) зарба еган одам, қулоқ солиб, итоат қилмаса… Бу ҳолат диний ва дунёвий фойдалар чиппакка чиқишига олиб келади. Натижада халқнинг барча қатламига зулм бўлади. Алалоқибат диёрлардан адолат кўтарилади. Фасод кенг қулоч ёзиб, барчани ўз домига тортиб кетади.

Демак ана шу зулмга учраган одам сабр қилиб, ажрни Аллоҳдан умид қилса, ёрдамни Аллоҳдан сўраса ва қулоқ солиб, итоат қилишда бардавом бўлса, барча фойдали ишлар амалга ошиб, (ҳеч кимга) зиён етмайди. Шунда Аллоҳни ҳузуридаги ҳаққини ҳам зое қилмаган бўлади. Эҳтимол (шу дунёни ўзида) йўқотган нарсасини ўрнига, унданда яхшироғини топади. Ёки ўзи учун охиратга заҳира йиғиб қўйган бўлади.

Бу шариатнинг гўзал (буйруқларидандир). Шариат ҳукмдорлар фақат адолатли бўлишсагина қулоқ солиб, итоат қилишга буюрмади. Агар ҳолат шундай (яъни, фақат адолатли ҳукмдорларга бўйсуниш бўлиб, бошқаларига итоатсизлик қилишга буюрилганда) эди, дунёнинг барча бурчакларида бошбошдоқлик юзага келган бўларди. Бандаларига кўрсатган лутфи учун барча мақтовлар Аллоҳга хосдир.

8 – Шаръий ҳужжатлар шуни кўрсатадики, ҳукмдорлар билан халқ ўртасида ўзаро муҳаббат пайдо бўлиши ва ҳукмдорларни ҳаққига дуо қилиш ҳолатлари кузатилиши, ҳукмдорларнинг яхши эканликлари аломатларидандир.

Ушбу далиллардан: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Ҳукмдорларингизнинг яхшилари, сизлар уларни яхши кўрадиганингиз ва улар ҳам сизларни яхши кўрадиганлари, улар сизларга салом йўллайдиганлари (дуо қиладиганлари) ва сизлар ҳам уларга салом йўллайдиганларизнгиз (дуо қиладиганларингиз)дир. Ҳукмдорларингизнинг ёмонлари, сизлар уларга нафрат кўзи билан қарайдиганларингиз ва улар ҳам сизларга нафрат кўзи билан қарайдиганлари, сизлар ҳам уларни лаънатлайдиганларингиз ва улар ҳам сизларни лаънатлайдиганларидир». Айтилдики: «Эй Росулуллоҳ, уларга қарши қилич кўтариб, уруш қилмаймизми?» У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Модомики сизларни ичингизда намозни адо қилар эканлар, йўқ. Агар ҳукмдорларингиздан ўзингиз ёқтирмайдиган бирор нарсани кўрсангизлар, бас ўша ишини ёмон кўринглар. Итоат қилишдан бўйин товламанглар».

Яна бир бошқа лафзда эса: «Огоҳ бўлинг, кимники устида бир ҳукмдор бўлса ва у (ўша ҳукмдорни) Аллоҳга маъсият бўладиган бирор иш қилаётганини кўрса, Аллоҳга қилаётган маъсиятини ёмон кўрсинда, итоат қилишдан бўйин товламасин».

9 – Мусулмонларнинг ҳукмдорларига итоат қилиш, Аллоҳ ва Росулига итоат қилишликдандир. Бунга саҳиҳ ҳадислар далолат қилади.

Ана шулардан: Саҳиҳайнда (Бухорий 12/111, Муслим 3/1466) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Кимки менга итоат қилса, дарҳақиқат Аллоҳга итоат қилибди. Кимки менга итоатсизлик қилса, дарҳақиқат Аллоҳга итоатсизлик қилибди. Кимки мени амиримга итоат қилса, дарҳақиқат менга итоат қилибди. Кимки мени амиримга итоатсизлик қилса, дарҳақиқат менга итоатсизлик қилибди».

Муслимнинг лафзларида эса: «… Кимки ҳукмдорга итоат қилса, дарҳақиқат менга итоат қилибди. Кимки ҳукмдорга итоатсизлик қилса, дарҳақиқат менга итоатсизлик қилибди». Бухорий роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисга, ўзларининг «Саҳиҳ»ларида, ҳукмлар китобида алоҳида бўлим очиб, уни мана бундай деб номладилар: Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳга итоат қилинглар, Росулга итоат қилинглар ва ўзларингиздан бўлган иш эгаларига» (Нисо: 59) қавли ҳақидаги боб.

Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: «Ҳадисда ҳукмдорларга итоат қилишни вожиб эканлиги ва бу маъсиятдан бошқа ўринларга хос эканлиги айтиб ўтилди. Уларга итоат қилишга бўлган буйруқдаги ҳикмат шуки: (мусулмонларнинг) гапи бир жойдан чиқишлигига риоя қилиш. Чунки ажралиб-бўлиниб кетишда фасодга юз тутиш бордир».

Яна ушбу ҳадислардан: Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида «Ҳукмлар китоби, модомики маъсият бўлмас экан, ҳукмдорларга қулоқ солиб, итоат қилиш ҳақидаги боб»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Қулоқ солиб, итоат қилинглар. Агарчи устиларингизга боши магиз донасига ўхшаш қора қул бошлиқ бўлиб қолса ҳам».

Яна шу ҳақида келган ҳадислардан: Саҳиҳайнда (Бухорий 13/192, Муслим 3/1470), Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни чақирдилар. Биз у кишига байъат бердик. Ушбу берган байъатимиз ичида, тетиклигимизда ва хушимизга ёқмай турганда ҳам, қийинчилик ва енгилликда ҳам ва биздан молимиз зўрлик билан тортиб олинганда ҳам эшитиб, итоат қилишга, ҳамда ишни (бошқарувни) иш эгалари (ҳукмдорлар) билан талашиб-тортишмасликка байъат бердик». Айтдиларки: «Фақат сизларда ушбу масалада Аллоҳ томонидан очиқ ҳужжат бўлган, аниқ-равшан куфрни кўрсангиз бундан мустаснодир». Бу Муслимнинг лафзлари.

Яна шу мавзудаги ҳадислардан: Ибн Абу Осим «Сунна»да 2/503 (яна имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида 4/96 ва яна «Мажмаъ аз-Заваид» 5/271 да) ишончли санад билан Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Қулоқ солиб, итоат қилувчига қарши ҳужжат йўқдир. Қулоқ солиб, итоатсизлик қилувчини фойдасига ҳужжат йўқдир».

Яна Ибн Абу Осимнинг «Сунна» китобларида (Албоний ҳадис саҳиҳ дедилар. «Зилал ал-Жанна фий тахриж ас-Сунна» 2/508 га қаралсин) Адий ибн Ҳатим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтдиларки: «Эй Росулуллоҳ, биз сиздан: Аллоҳдан қўрқадиган (ҳукмдорга) итоат қилиш ҳақида сўрамаяпмиз. Бироқ у фалон, фалон ишларни қилади» деб ёмон нарсаларни зикр қилдилар. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Аллоҳдан қўрқинглар ва қулоқ солиб, итоат қилинглар».

Ибн Занжуянинг «Китаб ал-Амвал» деган асарларида (1/73-74, иснодда Ибн Луҳайъа бор. У киши ростгўй бўлсаларда, китоблари ёниб кетгандан сўнг, ҳадисларни (бир-бирига) аралаштириб юборганлар. Лекин ҳадиснинг матнини бошқа ҳадислар қўллаб-қувватлайди) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Қулоқ солиб, итоат қилиш, бир ишни ёқтирмасанглар тарк этиб, (фақат) ёқтирган нарсаларингизда эмас. Бироқ қулоқ солиб, итоат қилиш, ҳам ёқтирмаган ва ҳамда ёқтирган нарсаларингиздадир. Қулоқ солиб, итоат қилувчига қарши (азоблашга) бирор йўл йўқдир. Қулоқ солиб, итоатсизлик қилувчининг фойдасига эса бирор ҳужжат йўқдир».

Салафий даъват имомлари (шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб даъватларини давомчилари), роҳимаҳумуллоҳ, ушбу бобдаги бир қанча пайғамбар ҳадисларини келтиришгач, айтадиларки: «Ҳукмдорларга қулоқ солиб, итоат қилишни вожиб эканлиги, улар билан бошқарувни талашиш ва уларга қарши бош кўтариб чиқишни ҳаром эканлиги, ҳамда дин ва дунё фойдалари фақат бошқарув ва бирдамлик билангина тартибга тушишлиги ҳақида келган Қуръон оятлари, пайғамбар ҳадислари ва тадқиқотчи уламоларнинг сўзлари тушунарли бўлган бўлса, шу нарса маълум бўладики, ҳукмдорларга итоат қилишдан бош тортиш, уруш ёки бошқа ишлар билан ҳукмдорга қарши юриш, Аллоҳ ва Унинг Росулига қарши чиқишликдир. Аҳли сунна вал жамоанинг йўлига хилоф чиқишликдир» («Насиҳа Муҳимма фий саласа қозоя» 47-саҳифа, иккинчи босма).

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: «Аҳли илм, дин пешволари ва аҳли фазл бирор кишига ҳукмдорларга итоатсизлик қилиш, уларга ёлғон муомала ишлатиш ва қай йўл билан бўлса ҳам уларга қарши бош кўтаришдан иборат Аллоҳ қайтарган ишларга рухсат бермайдилар. Бу ҳолат аввалда ҳам, ҳозирда ҳам аҳли сунна вал жамоанинг одатидан экани маълум ва машҳур бўлди» (Мажмуъ фатава ибн Таймийя 35/12).

10 – Ҳукмдорларнинг обрўларига тил текказиш, уларни ҳақоратлаш ва айбларини (омма олдида) эслаб ўтиш катта хато ва қабиҳ жиноятдир. Пок шариат бундай ишлардан қайтарган ва ушбу ишга қўл урувчи кимсани қоралаган. Бу ҳолат дину-дунёни фасодга юз тутишиниг негизи бўлмиш, ҳукмдорларга қарши бош кўтариб чиқишнинг илк куртакларидир.

Маълумки, (мақсадларга элтувчи) воситалар мақсадлар ҳукмида бўлади. Бош кўтариб чиқиш ва ушбу иш билан шуғулланувчилар қораланиши ҳақида келган ҳужжатлар, (ҳукмдорларни) ҳақоратлаш ҳаром эканлиги ва ушбу ишга киришган кимсани қораланишига (яққол) далил бўлади.

Дарҳақиқат «Саҳиҳайн»да (Бухорий-10/445-531 Фатҳул Борий, Муслим-1/65), Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўзни сўзласин ёки жим турсин». Яна «Саҳиҳайн»да (Бухорий-1/54 Фатҳул Борий, Муслим-1/65), Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу дедилар: Айтишдики: «Эй Росулуллоҳ, қайси Ислом афзалроқ?» (Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдиларки: «Мусулмонлар кимнинг тилидан ва қўлидан омонда бўлишса (ана ўша кишининг Исломи афзалроқдир)».

Хоссатан ҳукмдорларни ҳақорат қилишдан қайтариб келган ҳужжатлар ҳам ворид бўлган. Чунки уларни ҳақорат қилиш сабаб фитна олови аланга олади, умматга ёмонлик эшиклари ланг очиб берилади.

«Сунан Термизий»да Зиёд ибн Касийб ал-Адавийдан ривоят қилинади. У киши айтдиларки: Абу Бакра билан Ибн Омирнинг минбарини (шундай) тагида эдим, у киши устида юпқа кийим билан хутба ўқирди, шу вақт Абу Билол айтдики: «Ҳукмдоримизга бир қаранглар, фосиқларни кийимини кийиб олибди». Шунда Абу Бакра айтдиларки: «Жим бўл! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деганларини эшитганман: «Кимки Аллоҳни ерда (сайлаб қўйган) ҳукмдорини қадрини туширса, Аллоҳ уни (ўзини) хор қилади»» (Сунан Термизий, 2225).

Ибн Абу Осимнинг «Сунна» (2/488)да: Ҳадийя ибн Абдулваҳҳоб бизга шундай ҳадис айтди, Фазл ибн Мусо бизга шундай ҳадис айтди, Ҳусайн ибн Воқид Қайс ибн Ваҳбдан, (у киши) Анас ибн Моликдан бизга шундай ҳадис айтди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан иборат киборларимиз бизни мана бундай деб қайтаришарди: «Ҳукмдорларингизни ҳақорат қилманглар. Уларга ёлғон муомала ишлатманглар. Уларни нафратини қўзғатманглар ва Аллоҳдан тақво қилинглар. Албатта иш яқин (қолди)»».

Иснод яхши, (исноддаги) кишиларнинг барчаси сиқот (ишончли). Ҳусайн ибн Воқид (баъзан) хатога йўл қўйсада ишончлидир, унинг сўзи олинади. Ибн Абдулбарр «Тамҳид» (21/287)да Яҳё ибн Яманнинг йўлига кўра (ушбу асарни) ривоят қиладилар: «Суфён Қайс ибн Ваҳбдан, (у киши) Анас ибн Моликдан бизга шундай ҳадис айтди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан иборат киборлар, бизни ҳукмдорларни ҳақорат қилишдан қайтаришарди» (Санаддаги Суфёндан мурод) Суфён ибн Саъийд ас-Саврий.

Яна бу асарни Ҳофиз Абул Қосим ал-Асбаҳоний ҳам ўзларининг «ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб» (3/68) китобларида ривоят қилганлар. (У киши) суннатни барпо қилувчи деб лақабланганлар. Али ибн Ҳасан ибн Шақиқ, Ҳасан ибн Воқид Аъмашдан, (у киши) Зайд ибн Ваҳбдан, (у киши) Анас ибн Моликдан бизга шундай ҳадис айтди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан иборат киборларимиз бизни (мана бу ишлардан) қайтаришди. Ҳукмдорларингизни ҳақорат қилманглар, уларга ёлғон муомала ишлатманглар, уларга итоатсизлик қилманглар. Сабр қилинглар ва Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилинглар. Албатта иш яқин (қолди)». Абу Умома розияллоҳу анҳудан ворид бўлган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳукмдорларни ҳақорат қилманглар. Уларни ҳаққига Аллоҳдан салоҳият тилаб дуо қилинглар. Чунки уларнинг ўнгланиши, сизларнинг ҳам ўнгланишингиздир» (Табароний «ал-Авсат» ва «ал-Кабир»да ўзларининг шайхлари Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Мусъаб ал-Аснанийдан ривоят қилганлар). Ҳайсамий «Мажмаъ» (5/249)да айтдиларки: «Мен уни билмайман, лекин (санаддаги) қолган кишилар ишончлидир». Суютий бу ҳадисни заиф эканлигига ишора қилганлар, «Фатҳул Қодир» (6/398-399)га қаралсин. Яна бу ҳадисни Байҳақий «Жомеъ» (13/71)да ривоят қилганлар. Ақийлий заиф (ҳадислар қаторида) (3/59-60)да Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилганлар: «Ҳукмдорни ҳақорат қилманглар. Чунки у Аллоҳнинг еридаги соясидир». Бироқ исноди жуда заиф. Аийлий айтдиларки: «Бу бобда саҳиҳликка ярайдиган бирор нарса йўқ». Ушбу марфуъ дейилган ҳадис ҳақида айтяптилар.

Бу асарни яна Байҳақий ўзларининг «ал-Жамеъ ли Шуъаб ал-Ийман» (13/186-202)да Қайс ибн Ваҳбнинг йўлига кўра ушбу лафз билан ривоят қилганлар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан иборат киборларимиз бизни ҳукмдорларимизни ҳақорат қилмасликка буюрдилар …» Исноди яхши.

Ҳукмдорларни ҳақорат қилишдан қайтарувчи очиқ-ойдин ҳужжатни кўргандан кейин ҳам, қалбига иймон ўрнашган ва Аллоҳнинг шиорларини улуғлаган мусулмон ҳақида, ушбу жиноятга қўл уриши ёки ушбу мункар иш содир бўлганда (индамай) сукут сақлаб туришини қандай тасаввурга сиғдирса бўлади?!

«Мусулмон ҳақида бундай гумонга бормаймиз. Ундан бундай иш рўй беришини тасаввуримизга ҳам сиғдира олмаймиз. Чунки шаръий ҳужжатлар ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари (юриб ўтган) йўл, аслида шайтон васвасаси ва бидъий фикрлар бўлмиш қалбдаги (турли) кечилмалар ва хиссиётлардан устундир. Бундай ишга қалбларида ҳужжатлар учун ўрин йўқ бўлган аҳли ҳавогина қўл уради. Балки уларнинг ҳолатлари шуни айтиб турибдики: Бу бобда келган ҳужжатлар етарлича эмас «Уларнинг оғизларидан чиққан сўз оғир сўздир. Улар фақат ёлғон сўзлайдилар» (Каҳф: 5)» (Мусонниф 15/75, 11/137-138).

Ибн Абу Шайба роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: Бизга Уяйна Иброҳим ибн Майсарадан, (у киши) Товусдан шундай ҳадис айтди: «Ибн Аббоснинг ҳузурларида ҳукмдорлар тилга олинди. Шунда бир киши уларни (ҳукмдорларни) қоралашга киришиб кетди. Бўйини шундай баланд чўздики, уйда ундан баландроқ одамни кўрмадим. Кейин Ибн Аббосни шундай деганларини эшитдим: «Ўзингни золим қавм учун фитна қилиб бермагин». Ҳалиги киши бўйини шундай паслатдики, уйда ундан кўра бўйи пасроқ одамни кўрмадим».

Ибн Абдул Барр «Тамҳид» (21/287)да Абу Дардо розияллоҳу анҳуга тақаладиган санад билан ривоят қиладилар: «Кишида (бўладиган) нифоқнинг аввали ҳукмдорига таъна етказишидир»

Ибн Абу Осим «Сунна» (2/488)да Абул Яман ал-Ҳузнийдан, (у киши) Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Ҳукмдорларга лаънат айтишдан ўзларингизни тийингиз. Чунки уларга лаънат айтиш (дин ишларини амалга ошириш имкониятларини) кесувчидир. Уларни нафратларини қўзғаш эса ҳалок қилувчидир». Айтилдики: «Эй Абу Дардо, уларда ўзимиз ёқтирмаган нарсани кўрсак нима қилайлик?» Айтдиларки: «Сабр қилинглар. Агар Аллоҳ у (ҳукмдор)ларда ана шу нарсани кўрса, уларни сизлардан ўлим билан тўсади (яъни ўлгандан кейин қутуласизлар)». Санадда Абул Яман ал-Ҳузнийдан ташқари барчалари ишончлидир. Абул Яман ал-Ҳузнийни исми: Омир ибн Абдуллоҳ ибн Лиҳя ал-Ҳузний ал-Ҳимсий. Бу киши Абу Умомадан, Абу Дардодан ва оталари Абдуллоҳ ибн Лиҳядан ва Каъб ал-Ахбордан ривоят қилган.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар йўлласин.

Манба: Тавҳид форуми

4 thoughts on “Ҳукмдорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари

  1. Assalomu alaykum. Men bularni o’qib o’zimga yarasha saboq oldim.Lekin Муслим ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадиларки:…shu joyda Abduvali qori akani maruzasida keltirgan hadisda qarama qarshilik borligini ko’ryapman: http://dars.sofislom.com/Dars/21-Allohning Yagonaligi (Tawheed).mp3
    2chi menda jumboq bo’layotgan narsa “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир” (Нисо: 59).Bu yerda esa to’liq berilmagan. Hukuronlar bilan nimani tortishganda Alloh vauning rasuliga qaytarish lizim?Menga shular hususida aniqlik kiritib bersangizlar!

  2. Ва алайкумуссалам ва роҳматуллоҳ!
    Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бир неча йўлга кўра ривоят қилинган. Ва ушбу ривоятларнинг баъзи лафзлари ўртасида фарқ мавжуд бўлиши мумкин. Ушбу ҳадис борасида батафсил маълумот олиш учун ушбу боғламадаги биринчи марузага мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз: http://toislam.ws/audio-manhaj/193-manhaj2010
    Нисо сурасининг 59-оятида ҳукмдорлар билан тортишиш ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Аксинча маъсият бўлмаган ўринда уларга итоат қилиш Аллоҳ ва Унинг Росулига итоат этишга атф қилинди. Итоат этишга бўлган буйруқ Аллоҳ ва Росули борасида такрор келиб, иш эгалари борасида яна учинчи бор такрорланмаслигини сабаби, муфассир уламолар изоҳи билан, ушбу ҳукмдорларга Аллоҳ ва Росулига маъсият қилиш ўринларида итоат қилинмаслиги учундир. Ва шу билан бирга уларга итоат этишдан бутунлай бўйин товлаб олишлик ҳам жоиз эмас. Балки айнан ўша маъсиятда уларга итоат йўқ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan