«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйсинувчиларнинг аввали — пешқадамиман»
Парвардигор субҳанаҳу ва таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: «Қай бир киши Менга бирон нарсани шерик қилмаган ҳолида ер юзи тўла гуноҳлар билан Менга йўлиқса, Мен унга ер юзи тўла мағфират билан рўбарў бўламан»
(Муслим «Саҳиҳ»ида «Зикр ва дуонинг фазли» бобида (4/2068) ривоят қилган).
Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларни зиёрат қилишдаги кўрсатмалари – охиратни эслаш, маййитнинг ҳаққига дуо қилиш, унга раҳмат сўраш, истиғфор айтиш, офият тилаш билан унга яхшилик қилиш эди. Шунда зиёрат қилувчи ўзига ҳам, маййитга ҳам яхшилик қилган бўлар эди. Бу мушриклар эса ишни бутунлай тескари томонга айлантиришди ва зиёратдан бўлган мақсаднинг акси ўлароқ, маййитни Аллоҳга шерик қилиб, унга дуо қилиш ёки дуода уни восита қилиш, ундан ҳожатларини раво этишини сўраш, устларига баракотлар ёғдиришини ёки душманлари устидан нусрат беришини сўраш каби ширк амалларини қиладиган бўлишди. Натижада ўзларига ҳам, маййитга ҳам ёмонлик қилишди, яъни уни ҳеч бўлмаганда ҳаққига қилинадиган дуо ва истиғфорлардан маҳрум қилишди»