Сафар ва бошқа ойлар ҳақидаги будгумонлик – ҳаромдир
Сафар ва бошқа ойлар ҳақидаги будгумонлик – ҳаромдир
Хатиб: Аллома Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Асл сарлавҳа: تََحْرِيمُ التَّشَاؤُمِ بِشَهْرِ صَفَرَ وَغَيْرِهِ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Еру Осмонлардаги мулклар эгаси бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳга охиратда ҳам ҳамду санолар бўлсинки, У – Ҳакийм ва Хабардор зотдир. Мен: «Шериксиз ягона, мулк эгаси, ҳамду санога лойиқ ва барча нарсага Қодир бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ экани ҳамда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг қули ва жаннат башоратчиси, жаҳаннам огоҳлантирувчиси, атрофларни ёритгувчи чироқ – расули эканига» гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг оиласи, асҳоблари ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан издош бўлганларга салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг …
Ҳой одамлар, Аллоҳдан тақво қилинглар, умидларингизни Унга боғланглар, Унгагина таваккул қилиб, Ундангина ажру савоблар тиланглар ва азобидан қўрқинглар:
«Бас (шундай экан) сизлар ризқни (ёлғиз) Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар, Унгагина шукр қилинглар, (зотан) сизлар Унгагина қайтарилурсизлар» (Анкабут: 17).
Айрим одамлар шахслар ва замонлардан ирим қилиб, Аллоҳнинг қазо ва қадари билан эмас, балки ўзлари зарар бериб қўйишини гумон қиладилар. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаган ва ширк эканидан хабар берган бадгумонликдир. Чунки ирим қилаётган одам ўзига келадиган мусибатни замон ёки макон ёхуд шахслардан келади дея бадгумонлик қилади-да, ўша шахс ёки замон ёхуд маконни ёмон кўради ва менга ёмонлик келтиради деган хаёл билан нафратланади ва бошига етган мусибат Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари ва қилган гуноҳлари сабабли келганини ё унутади, ёки билмайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ҳам қадимги халқлар яхшилик манбаи бўлган пайғамбар ва мўъминлардан ирим қилганликларини эслатиб, Фиръавн қавми ҳақида:
«Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, Мусо ва у билан бирга (унга иймон келтирган) кишилардан бадгумон бўлдилар» (Аъроф: 131) деган бўлса, Самуд қабиласи ўз пайғамбарлари Солиҳ алайҳиссаломдан ирим қилганини баён қилади:
«Улар дедилар: «Бизлар (бошимизга тушган очарчилик-қаҳатчилик) сенинг ва сен билан бирга бўлган (мўминларнинг) шумқадамлигидан деб билдик»» (Намл: 47).
Мушрик араблар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бадгумон бўлган эдилар. Аллоҳ таоло уларни шундай танитди:
«Агар уларга бирон яхшилик етса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдилар. Бордию бирон ёмонлик етиб қолса, «Бунга сен сабабсан», дейдилар» (Нисо: 78).
Аллоҳ таоло уларга бошларига етган ёмонлик ва мусибатларнинг барчаси гуноҳлари эвазига Аллоҳнинг қазо ва қадари билан келган эканини айтиш билан жавоб берди:
«(Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир» (Нисо: 79).
Эзгулик ва яхшилик манбаъи бўлган одам ҳақида ёмонлик бор дея бадгумон бўлиш, улар фитратининг бузилишидан эди.
Аллоҳнинг бандалари, жоҳилият аҳли сафар ойи ҳақида «машъум ой» дея қилган бадгумонликлари иримнинг бир тури эди. Улар бу ой давомида бошқа ойларда қилишган мубоҳ ишларни қилишдан воз кечишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у одатни: «(Касалликнинг) юқиши, бойқуш ва сафар ойидан ирим қилиш йўқ!» – дея бекор қилдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривояти). Бу – жоҳилият аҳлининг: Касаллик Аллоҳнинг тақдирисиз ўз-ўзидан юқаверади, деган этиқодининг инкори эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «وَلاَ هَامَةَ» сўзидан мақсад «бойқуш»дир. Бу уларнинг бировнинг уйига бойқуш қўнганида «Бу менинг ёки қариндошларимдан бирининг ўлимидан хабар бераяпти!» деб тушуниб, ўзи ёки оиласидан бирининг ўлиб қолиши ҳақида ирим қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу эътиқодни бекор қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «وَلاَ صَفَرَ» сўзидан мақсад эса, жоҳилият аҳли сафар ойидан ирим қилишар ва уни «машъум ой» дея таърифлашар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу эътиқодни ҳам бекор қилдилар ва ойнинг инсонга таъсири йўқ экани, у ҳам бошқа вақтлар каби Аллоҳ таоло фойдали амаллар учун яратиб қўйган замон эканини баён қилдилар.
Бу жоҳилий эътиқод одамлар ҳаётида ҳозирги кунимизгача давом этиб келмоқда. Уларнинг айримлари сафар ойидан шумланадилар, айрим одамлар эса чоршанба ёки шанба ёхуд бошқа бирон кундан ирим қиладилар ва у кунлари уйланмайдилар. Чунки ўша кунлари уйланиш, муваффақиятсиз бўлади, деб ўйлайдилар. Жоҳилият аҳли бундан ташқари шаввол ойидан шумланишар ва у ой давомида уйланишмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу эътиқодларни ҳам бекор қилиб, Умму Салама ва Оиша разияллоҳу анҳумоларга шаввол ойида уйландилар.
Ҳой мусулмонлар, яхшилигу ёмонлик, фаровонлигу мусибатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари билан бўлади:
«Айтинг: «Ҳамма нарса Аллоҳдандир»» (Нисо: 78).
Аллоҳгина хоҳлаган нарсасини яратиб, хоҳлаган нарсасини танлайди. Бандаларнинг бошига келаётган уқубат ва мусибатларнинг барчасини, қилган гуноҳлари эвазига Аллоҳ таоло осий учун тақдир қилгандир:
«(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур)» (Шўро: 30).
У мусибат ва уқубатларни махлуқотларнинг биронтаси ўз-ўзидан яратишга ёки ижод қилишга қодир эмасдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Билгинки, Уммат сенга бирон манфаат келтириш учун бирлашса, Аллоҳ сен учун тақдир қилганича фойда келтира олади. Агар сенга зарар бериш учун бирлашса, Аллоҳ сенга тақдир қилганича зарар бера олади. Қаламлар кўтарилган ва сиёҳлар қуриган!» (Термизий 2516. Термизий бу ҳадисни ҳасан-саҳиҳ деди).
Бу, Аллоҳ таолонинг баъзи махлуқотларни яхшилик ёки ёмонлик учун сабаб қилганига зид эмас. Лекин, шуни унутмаслик керакки, сабабларнинг ўзигина ишларни вужудга келтирмайди. Балки у, сабабларни сабаб қилган Зот – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қайтади. Банданинг вазифаси эса, яхшилик сабабларини қилиш ва ёмонлик сабабларидан нари туришдир. Аллоҳ атоло айтди:
«Ва (бахиллик қилиш билан) ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади» (Бақара: 195).
Ҳофиз Ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Будгумонликни сафар ёки бошқа бирон ойларга чеклаш тўғри эмас. Чунки замонниг барчаси Аллоҳнинг махлуқи бўлиб, уларда одамзоднинг амаллари содир бўлади. Аллоҳга итоат этиш билан ўтказилган ҳар бир вақт, банда учун муборакли, Аллоҳга осийлик билан ўтказилган вақт эса банда учун машъум замондир. Шумланиш, аслида, Аллоҳга осий бўлиш, демакдир» (Латоифул маъаариф, 151).
Гуноҳ ва осийликлар эса, Аллоҳни ғазаблантиради. Аллоҳ ғазаб қилган банда дунё ва охиратда бахтиқаро бўлади. Бинобарин, ибодатлар Аллоҳни рози қилади ва Аллоҳ қайси бандасидан рози бўлса, у банда дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Осий – ўзи ва атрофидаги кишилар учун машъумдир. Чунки унга келган бало ва уқубатлар одамларга, хусусан, уни қайтармаган одамларга ҳам ёппа келади. Шу боис осийдан узоқ туриш афзалдир. Балолар ёппа келишидан эҳтиёт бўлиб, маъсиятхоналардан нари туриш керак. Инчунун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Самуд қавми яшаган диёрлардан ўтар эканлар саҳобаларига: «Бу азобланганлар (диёри)га бошингизга уларга етган мусибатлар етишидан қўрқиб йиғлаб киринглар!» – дедилар (Имом Бухорий 433). Маъсият бўлаётган жойлар ва осийларни тарк этиш, буюрилган ҳижратлардан биридир. Чунки муҳожир – Аллоҳ таъқиқлаган нарсалардан воз кечган одамдир. Иброҳим Адҳам (раҳимаҳуллоҳ): «Тавба қилмоқчи бўлган одам зулм қилмасин, бирга юрган осийлардан айрилсин. Акси тақдирда мақсадига ета олмайди» – деган. Шундай экан, гуноҳлардан сақланинглар! Чунки гуноҳлар машъум ва уқубатлари аламлидир. Аслида жой ва маконлар покдир. Бироқ, бандаларнинг гуноҳлари шумлиги билан уларни ифос қилиб, вайронага айлантиради. Замонлар ҳам яхшиликлар қилиш учундир. Бироқ банда уларни гуноҳлари билан булғайди. Бу ҳақда шундай дейилган:
Айблаймиз замонани, асли айб биз инсонда,
Ўйлаб кўринг, айб борми ўтаётган замонда?!
Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан тақво қилингиз ва хонадон ва вақтларингизни тоату ибодатлар билан безангиз! Қалбингизни қўрқув, умид ва муҳаббат билан Аллоҳга боғлангиз! Ўзингизнигина маломат қилингиз! Унутмангки, бошингизга етган ва сиз ёқтирмаган нарсалар замониннг ёки маконнинг ёмонлигидан эмас, қилган гуноҳларингизнинг шумлигидандир! Улар одамзоднинг қилган ёмон ишлари сабаблидир.
Бирон ой ёки кун ёхуд соатлардан бадгумон бўлган ёкида улардан бирини сўккан одам, Аллоҳ таолони сўккан ва Унга озор берган бўлади. Чунки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ушбу ҳадисни нақл қилган: «Аллоҳ таоло айтди: Одам фарзанди замонни ҳақорат қилиб, Менга озор беради. Мен – Замонман ва кечаю кундузни айлантираман» (Имом Муслим 6000). Бошқа бир ривоятда эса: «Замонни ҳақорат қилманглар! Чунки, Аллоҳ – Замондир» (Имом Муслим 6003).
Имом Бағавий (раҳимаҳуллоҳ) «Шарҳус сунна» китобида шундай дейди: Ҳадиснинг маъноси шуки, араблар замонни мазаммат қилишар – мусибатлар пайтида уни ҳақорат қилишар эди. Чунки улар бошларига келаётган барча мусибатларни замонга тўнкашар ва: «Бошимизга замоннинг мусибатлари келди» ёки: «Замон уларнинг кулини кўкка совурсин!» – дер эдилар. Агар бошларига келган қийинчиликларни замонга нисбатласалар, замонни яратган Зотни ҳам ҳақорат қилган бўладилар. Демак, улар буларнинг манбаи бўлган Аллоҳ таолони ҳақорат қилган бўладилар. Чунки буларнинг ҳақиқий яратгувчиси Аллоҳ таоло бўлиб, замон ичида содир бўлаётган яхшилигу ёмонлик Унинг хоҳиши билан бўлади. Яхшилик – Аллоҳ таолонинг марҳамати бўлса, ёмонлик бандаларнинг осийликлари ва гуноҳлари туфайлидир. Аузу биллаҳи минаш шайтонир рохийм:
«Агар уларга бирон яхшилик етса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдилар. Бордию бирон ёмонлик етиб қолса, «Бунга сен сабабсан», дейдилар. Айтинг: «ҳамма нарса Аллоҳдандир». Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар-а?! (Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизни Биз одамларга пайғамбар қилиб юбордик. Бунга Аллоҳнинг ўзи етарли гувоҳдир. Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир. Зеро) Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ» (Нисо: 78 – 80).
Аллоҳ таоло менга ва сизларга Қуръон Каримни муборакли қилсин.
Манба: Ҳикмат Нури


Сизлардан Аллох рози булсин рахмат!Ман бу маколани толик укиб чикдим,айни шу замонга талукли илмилар бунданда зиёда булсин!Амин!