Ислом рукнлари
Ислом рукнлари
«Аҳлуссунна вал-жамоа» кутубхонаси «Тавҳид рисолалари» силсиласи (2)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча оламлар роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга, унинг оиласи ва саҳобалари ҳамда қиёмат кунига қадар уларга яхшилик билан эргашган кишиларга салавот ва саломлар бўлсин.
Сўнг …
Ислом дини асосланадиган ва киши мусулмон бўладиган асос ва рукнлари: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақиқий илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг элчисидир)» – деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, рамазон ойи рўзасини тутиш ва йўлига қодир бўлган кишининг Аллоҳнинг уйини ҳаж қилишидир. Мусулмон Исломи ва иймонини ҳимоя қилиш учун уларни бузадиган куфр, ширк ва мунофиқликнинг барча турларидан, динга бидъатлар қўшишдан, Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига зид бўлган янгиликлардан узоқ бўлиши керак. Чунки, бу ишлар банданинг қилган амалларини бекор қилади. Бундан ташқари иймонни бузадиган ёки уни қалбда заифлатадиган катта гуноҳларни ҳам қилмаслик керак.
Шу сабабдан ҳам ушбу рисолани мусулмон деб ўйлаганимиз кишиларга насиҳат, Ислом рисолатини етказиш ва танитиш учун таълиф этдик ва Аллоҳ таъолодан барчамизни ўзининг тўғри йўлига йўллаши ва салаф солиҳ билан э нг олий мақомларда бирга жам қилишини сўраймиз. Омийн.
Исломнинг таърифи
«Ислом»нинг луғавий маъноси: «бўйинсуниш», «итоат этиш» ва «таслим бўлиш» бўлиб, шаръий маъноси: «Аллоҳ таъолога тавҳид билан таслим бўлиш ҳамда итоат ва ширкдан халос бўлиш билан итоат этиш», демакдир.
Исломнинг рукнлари
Ислом рукнлари Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисга кўра бештадир: ««Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур-Расулуллоҳ (Аллоҳдан ўзга ҳақиқий илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир)» – деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, ҳаж қилиш ва рамазон ойининг рўзасини тутиш» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Биринчи рукн: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур-Расулуллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақиқий илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир)» – деб гувоҳлик бериш.
Бу гувоҳлик тил ва аъзолар билан талаффуз қилинган қатъий эътиқоддир. Унинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга ҳақиқий илоҳ йўқ», демакдир. Бу гувоҳлик диннинг негизи ва биринчи асосидир. Барча таълимот ва фарзлар ундан келиб чиқади. У – куфр ва Ислом ўртасини ажратадиган сўздир. Шу гувоҳлик асосида Ер ва Осмонлар барпо бўлди, барча махлуқотлар яратилди. Шу гувоҳлик билан Аллоҳ таъоло пайғамбарларни юборди, китобларни индирди ва шариатни жорий қилди. Шу гувоҳлик сабабли тарозулар қурилди, номалар ёзилди, жаннат ва жаҳаннам барпо бўлди. Уларнинг асосида савоблар ҳамда жазолар берилди. Унинг учун жиҳодлар қилинди. У – Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққидир. У – Ислом калимаси ва Ислом диёрининг калитидир. У ҳақида аввалгилар ва охиргилар сўроққа тутилади. У – мустаҳкам арқон, Аллоҳ ҳузуридаги аҳд, калимаи тоййиба, ўзгармас ва ҳақ сўз ҳамда ҳаёт дастуридир. У ва унинг аҳамияти сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка шаҳрида мушрикларни даъват этдилар, саҳобаларини тарбия қилдилар. У калимани маъноларига боғланиб ва талабларига амал қилиб талаффуз қилган киши, муваҳҳидлар имоми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, жаннатга киради: «Аллоҳдан ўзга ҳақиқий маъбуд йўқ эканини била туриб вафот этган киши жаннатга киради» (Имом Муслим ривояти).
«Ла илаҳа иллаллоҳ» – пайғамбарлар олиб келган тавҳид калимасидир. Аллоҳ таъоло деди:
«Биз сиздан аввал юборганимиз барча пайғамбарларга: «Мендан ўзга ҳақиқий маъбуд йўқ, менгагина ибодат қилинглар!» – деб ваҳий қилганмиз» (Анбиё: 25).
Пайғамбарларнинг ўз халқларига қилган биринчи хитоблари: «Аллоҳгагина ибодат қилинглар! Сизлар учун ундан ўзга илоҳ йўқ» (жумласи) бўлган эди.
«Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси» деб гувоҳлик бериш, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб берилган гувоҳликдан кейинги иккинчи фарздир. У – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг буюрган нарсаларида итоат этиш, берган хабарларини тасдиқлаш, таъқиқлаган нарсаларидан сақланиш, Аллоҳ таъолога У олиб келган ва буюрган нарсалар билан ибодат қилиш билангина рўёбга чиқади. Ҳолбуки, Аллоҳ таъоло бизни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этиш ва эргашишга буюрган:
«Аллоҳга ва пайғамбарга итоат этган кишилар, ана ўшалар Аллоҳ неъматлар инъом этган кишилар билан биргадирлар» (Нисо: 63).
Аллоҳ таъоло бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий ва мухолиф бўлишни таъқиқлади:
«Аллоҳ Аллоҳга ва Аллоҳнинг расулига осий бўлган ҳамда Аллоҳнинг ҳудудларидан ошган кишини мангу қоладиган жаҳаннамга киритади. Унга хўрловчи азоб бордир» (Нисо: 14).
Аллоҳ таъоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг белгиси қилиб қўйди:
«Айтинг: «Аллоҳни севсангиз менга эргашингиз, Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли зотдир»» (Оли Имрон: 31).
Ҳурматли ўқувчи, «Ла илаҳа аллаллоҳ ва Муҳаммадур Расулуллоҳ» – деб гувоҳлик беришнинг еттита шарти бордир. Улар қуйидагилардир: ушбу шаҳодат калималарининг маъноларини билиш, шакка зид бўлган ишонч, шаҳодат калималарини рад этишга зид бўлган қабул, Аллоҳ таъоло учун ихлос ва шу калималарга бўлган муҳаббат.
Бу шартлардан мақсад, фақатгина шаҳодат калималарини талаффуз қилиш эмас, балки, маъноларга боғланиш ва талабга амал қилишдир. Чунки, шаҳодат калималари амалларнинг соғломлиги ва қабул бўлишининг асосидир. Амалнинг соғломлиги ва қабули Аллоҳ таъолога бўлган ихлос ва Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан бўлади. Аллоҳга бўлган ихлос билан «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан эса «Муҳаннадур Расулуллоҳ» деб гувоҳлик бериш рўёбга чиқади.
Мусулмнон дўстим, билингки, шаҳодат калималарини маъноларига боғланиб, талабларига амал қилиб талаффуз қилган киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, жаннатга киради: «Мен «Аллоҳдан ўзга (ҳақиқий) маъбуд йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» – деб гувоҳлик бераман. Шу икки калима билан, уларга шубҳа қилмай, Аллоҳга дуч келган банда жаннатга киради» (Имом Муслим ривояти).
««Аллоҳдан ўзга (ҳақиқий) илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг элчисидир» – деб гувоҳлик берган кишига Аллоҳ жаҳаннамни ҳаром қилди» (Имом Муслим ривояти).
Одамлар бошқа нарсаларда эмас, жаннатга кириш ва жаҳаннамга кирмаслик учун бир-бирлари билан мусобақа қилсинлар!
Иккинчи рукн: Намоз.
Намоз ўзига хос шартлари, рукнлари, фарзлари ва суннатлари бўлган ибодат бўлиб, мусулмонга бир кеча ва кундузда беш вақт ўқиш фарздир.
Намознинг калити – бадан, кийим ва намоз ўқиладиган жойнинг поклиги ҳамда ҳадас (таҳоратни бузадиган нарсалар)дан тозаланишдир. Намознинг дунё ишларини ҳаром қилиши такбир биландир. Намозда хушуъ ва қалбнинг ҳушёрлиги фарздир. Намоз баданнинг поклиги билан бошланиб, руҳ ва нафснинг тозаланиши билан тугайди. Уни ҳаққи билан адо этган кишига Аллоҳнинг жаннатга киритиш аҳди бордир. Намозни адо этмаганлар учун Аллоҳнинг жаннатга киритиш аҳди йўқдир. Намоз – банданинг қиёмат кунида биринчи бўлиб сўраладиган нарсасидир. Агар унинг намози дуруст бўлса, бошқа амаллари ҳам дуруст, агар намози дуруст бўлмаса, бошқа амаллари ҳам дуруст бўлмайди. Намоз дунёдаги охирги нафасларини олар эканлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги васиятлари бўлган эди: «Намозга, намозга ва қўл остингиздаги кишиларга диққат этинг!» (Имом Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).
Аллоҳ таъоло бизларни намозларни ўз вақтларида адо этишимизга буюрди:
«Намозларини, ўрта намозни (аср намози) ўз вақтида адо этинглар ва Аллоҳ учун умид билан туринглар!» (Бақара: 238).
Аллоҳ таъоло намозларни зое қилишдан огоҳлантирди:
«Ҳар бир жон ўзи қилган ишларга гаровга қўйилган. Фақатгина, ўнг тараф соҳиблари бундан мустаснодир. Улар жаннатларда гуноҳкорлардан: «Сизларни жаҳаннамга нима олиб келди?» – деб сўрайдилар. Гуноҳкорлар: «Биз намоз ўқимас эдик» – деб жавоб бердилар» (Муддассир: 38 – 43).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Киши билан ширк ва куфр ўртасида намозни тарк қилиш бордир» (Имом Муслим ривояти);
«Биз билан у (мушрик) лар ўртасидаги аҳд – намоздир. Ким намозни тарк этса кофир бўлибди» (Имом Нисоий, саҳиҳ ҳадис).
Аллоҳ таъоло намозларни ўз вақтидан кечиктирмай, жамоат билан ўқишга рағбатлантирди:
«Намозларига эътиборсиз бўлган намозхонларнинг ҳолларига войлар бўлсин!» (Моъун: 4 – 5). Намозларига эътиборсиз бўлганлар намозларини ўз вақтида адо этмаганлардир.
Абдуллуоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аллоҳга энг севимли бўлган амал қайси амалдир?» - деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Белгиланган) вақтида ўқилган намоз» – деб жавоб бердилар» (Муттафақун алайҳ).
Ҳар бир мусулмон у хоҳ имом, хоҳ муқтадий ва хоҳ ёлғиз бўлсин, ўқиётган намозида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоздаги ҳолатларига риоя қилиши керак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқингиз!» – деб амр қилдилар (Имом Бухорий ривояти).
Биз юқорида намоз хусусида келтирган хабарлар қалби бўлиб, Аллоҳ таъоло қалбини мунаввар қилган ва қулоқ солган кишилар учун етарлидир.
Намознинг самараларидан баъзилари: юракнинг кенглиги, қувонч, фаҳш ва гуноҳ ишлардан узоқ ва Аллоҳ таъоло билан доимий алоқада бўлиш.
Учунчи рукн: Закот.
Закот молиявий ибодат бўлиб, бадавлат одамларнинг бойликларидан олиниб, камбағалларнинг эҳтиёжлари учун сарф этилади.
Закот, шариатда бойлик учун белгиланган миқдорга тўла бир йил ўтганидан сўнг, бадавлат одам томонидан олинган ер ҳосилларидан, ёки аслига боғланган ҳайвон болалари, ёки савдо фойдалари (агар ҳақиқий сармоясидан тўла бир йил ўтган бўлса) каби бойликлардан чиқарилиши фарз бўлган садақадир.
Закот тўрт турдаги бойликдан чиқарилиши фарздир:
- туя, мол ва қўй каби чорва ҳайвонларидан;
- ердан чиққан мева ва донлар, маъдан ва конлардан;
- ўз қийматини йўқотмайдиган олтин ва кумушдан ёки исмлари фарқли бўлсада, муомалада ишлатилаётган пуллардан;
- фойда олиш учун ҳозирланган тижорат молларидан. Булардан тури қандай бўлсада, қирқдан бири закот қилиб чиқарилади.
Кўплаб одамлар Исломнинг ушбу буюк рукнига бахилликлари, қизғанишлари ва шаръий бўлмаган ерларга сарф этишлари ёки бойликларининг камайишидан қўрқиб, эътиборсизлик қиладилар. Ҳолбуки, мусулмонлар закотнинг фарз эканига қатъий қарор қилганлар. Шунинг учун ҳам, буни била туриб унинг фарз эканини инкор этганлар, гарчи намоз ўқисаларда, рўза тутсаларда, Аллоҳ сақласин, Ислом миллатидан чиққан кофир бўладилар. Закотни беришда бахиллик қилиб, белгиланган миқдордан оз берган одам жазо ва сазога лойиқ золим бўлади.
Аллоҳ таъоло Қуръон Каримнинг кўп ерида намозни закотга боғлаб зикр қилди. Аллоҳ таъоло деди:
«Намозни тўкис адо этинглар ва закотни беринглар …» (Бақара: 110).
Закотни адо этиш мўминларнинг сифатларидан биридир. Аллоҳ таъоло мўминларни сифатлар экан шундай деди:
«Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир» (Мўминун: 4).
Закотни бермаслик мушрикларнинг сифатларидан биридир. Аллоҳ таъоло деди:
«Закотни бермайдиган мушрикларнинг ҳолларига войлар бўлсин» (Фуссилат: 7).
Закотни бермаганларга қарши Абу Бакр разияллоҳу анҳу каби уруш очилади. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: «Намоз ва закот ўртасини ажратган кишиларга қарши жанг қиламан» – деб айтган эди.
Закот беришнинг самараларидан баъзилари: нафсни бахиллик каби разил хулқдан тозалаш, молни поклаш ва мусулмонлар эҳтиёжини қондириш.
Тўртинчи рукн: Рамазон рўзасини тутиш.
Рамазон рўзасини тутиш рамазон ойида эрта тонгдан то Қуёш ботгунига қадар ейиш, ичиш ва жинсий алоқадан Аллоҳ таъолонинг розилиги учун тийилиш билан Аллоҳ таъолога қулликни бажо келтиришдир. Рамазон рўзаси балоғат ёшига етган, ақлли, рўза тутишга қудрати етадиган ва ўз турар-жойида бўлган мусулмон учун фарздир. Унинг фарзлиги ҳақида Аллоҳ таъоло деди:
«Ҳой мўминлар, сизларга сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек рўза тутиш фарз қилинди. Шояд тақволи бўлсангизлар» (Бақара: 183).
Аллоҳ таъоло амаллар ичидан рўзани ўзи учун танлаб олди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ҳадис қудсийда Аллоҳ таъоло деди: «Рўза мен учундир ва мен унинг учун мукофот бераман …» (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ҳадисларида рўза тутишга рағбатлантирдилар: «Рўза қалқондир (яъни жаҳаннам оловидан)».
«Рамазон рўзасини иймон билан савоб умидида тутган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ).
Рамазон ойида ҳидоят ва ҳидоят белгилари қилиб Қуръон Карим индирилди. Рамазон ойида таровиҳ намозларини ўқиш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон (ойининг кечалари) ни иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ривояти).
Рамазон ойининг охирги ўн кунида масжидларда эътикоф ўтириш суннатдир.
Рамазон ойида минг ойлик ибодатдан кўра яхшироқ бўлган қадр кечаси бордир. У кечада само эшиклари очилади ва дуолар ижобат бўлади.
Рамазон рўзасининг самараларидан баъзилари: Аллоҳни рози қилиш учун мубоҳ (рухсатли) нарсалардан тийиш ҳамда тарбиялаш ва тоат-ибодат ва сабр қилишга ўргатиш.
Бешинчи рукн: Каъбатуллоҳни ҳаж қилиш.
Ҳаж муайян анъаналарни адо этиш учун Каъбатуллоҳни қасд қилишдир. Ҳаж балоғат ёшига етган, ақлли ва ҳур бўлган барча мусулмон эркак ва аёллараг ҳаёти давомида бир марта фарздир. Ҳаж ҳаж сафарига етарли бойлиги бўлган ва соғлом мусулмонлар учун фарздир. Аллоҳ таъоло деди:
«Аллоҳнинг одамлар устида йўлига қодир бўлган кишилар учун ҳаж қилиш ҳаққи бордир» (Оли Имрон: 97).
Ҳаж қилмоқчи бўлган кишида учта нарса бўлиши керак: соғлиқ, йўл хавфсизлиги ва (ҳажга бориш) учун етарли маблағ. Табиийки, бу маблағ унинг оиласи ва бориш-келиш чиқимларидан ортиқча бўлиши керак. Хотин киши учун бошқа бир шарт ҳам бор. У – унинг маҳрамининг сафарда ҳамроҳ бўлишидир.
Ҳажнинг фарзлигини инкор этган киши мусулмонлар ижмоъси билан кофир бўлади.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳаж қилмоқчи бўлган одам шошилсин» (Абу Довуд ривояти) – деб айтган сўзларига биноан ҳаж қилиш учун шошилиш керак.
Хусусан, ҳаж қилиши фарз бўлган одам камбағаллик, касаллик ёки ўлим келишидан аввал имкониятларни бой бермай, ҳаж қилиш учун шошилиши керак. Ҳаж ва умра қилиш учун ажратилган маблағ ҳалол бўлиши керак. Чунки, Аллоҳ таъоло покдир ва пок нарсанигина қабул қилади.
Ҳажнинг катта савоблари бор. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умра умрага қадар ўрталаридаги (гуноҳларга) каффоротдир. Мабрур (хатолари бўлмаган) ҳажнинг мукофоти жаннатдир» (Муттафақун алайҳ).
Одам ҳаж ва умрани ҳаёти давомида бир марта қилиши фарздир. Имконияти бўлган кишилар учун бошқа қилиш ихтиёрлидир.
Ҳажнинг самараларидан: нафсни Аллоҳ таъоло йўлида молиявий ва жисмоний кучларни сарф этишга чиниқтириш.
Сўнг…
Мусулмон дўстим, билингки, ислом рукнларини билиш ва уларга амал қилиш жаннатга кириш ва жаҳаннамдан қутулишнинг энг муҳим сабабларидан биридир.
Аллоҳ таъолодан ушбу рисолани мусулмонлар учун фойдали ва уларнинг ҳидоятланишларига сабаб қилишини ҳамда ўзининг юзи учун холис қабул қилишини сўраймиз. У бунга қодирдир.
Манба: Ислом Нури

