PDF WORD

Зулҳижжа ойининг аввалги 10 кунлигининг фазилатлари

Зулҳижжа ойининг аввалги 10 кунлигининг фазилатлари

Тайёрловчи: «Ислом Йўли» таҳририяти

Барча ҳамду-санолар Аллоҳ учундир, Биз У Зотга ҳамдлар айтамиз ва У Зотдангина ёрдам (истеонат) сўраймиз, ва У Зотгагина (гуноҳларимиз сабабли) истиғфор сўраймиз. Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ истаймиз. Дарҳақиқат, кимники Аллоҳ ҳидоят қилган бўлса, ҳеч ким уни залолатга йўллай олмас ва кимники Аллоҳ залолатда қилган бўлса, ҳеч ким уни ҳидоят қила олмас. Мен Яккаю ягона, шариги йўқ бўлган Аллоҳдан ўзга сиғинишликга лойиқ барҳақ илоҳ йўқлигига шаҳодат бераман ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг қули ва Расули эканлигига шаҳодат бераман.

Вақтни яратган ва баъзи вақтларни бошқа вақтлардан афзал қилган Зотга ҳамдлар бўлсин.  Дарҳақиқат, баъзи ойлар ва кунлар бошқа ой ва кунлардан афзалдир ва бу афзаллик оламлар роббиси бўлмиш Аллоҳдан фазл марҳаматдир. Бу фазилатлик ой ва кунларда солиҳ амалларга бериладиган савоблар ҳам кўпайтирилур. Баъзи ой ва кунларни афзал қилишлик кишини бу пайтларда яхшиликларни кўпайтиришга чорлайди ва бу савоблар билан на болаю ва на мол-мулк ёрдан қила олмайдиган кун бўлмиш Қиёмат кунига тайёр бўлади.

Ҳар бир мўмин-мусулмон ўз ҳаётининг қадр-қийматини яхши тушунишлиги ва унга берилган мана шу ҳаёти дунё Аллоҳ таолога бўлган ибодатни кўпайтирмоқлиги ва мана шу ибодатларни ҳатто ўлим келгунча собитқадамлик билан қилмоқлиги муҳимдир. Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилиб айтади:

«То сизга аниқ-нарса (яқийн, яъни ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99). Муфассирлар: «Бу оятдаги яқийндан мурод ўлимдир», дейишган.

Зулҳижжа ойининг аввалги 10 кунлари ҳам мана шу Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло афзал кўрган кунлардандир. Аллоҳ таоло бу кунларнинг йилнинг бошқа кунларинидан афзал кўрган.  Абдуллоҳ Ибн Аббос разияллаҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар:

«Аллоҳнинг наздида мана бу ўн кунликдаги қилинган амаллардан кўра суюмлироқ кун йўқдир» дедилар. Шунда (Саҳобалар): «Ҳатто Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам тенг кела олмайдими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳатто Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам тенг кела олмайди, магар кимса (Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодга) ўзининг жони ва моли билан кетганда ва биронтаси билан ҳам қайтиб келмаган бўлса (ана шунда тенг бўлади)», деб марҳамат қилдилар. (Имом Бухорий, Абу Довуд, Ибн Можжа ва Термизийлар ривояти).

Аллоҳу акбар! Аллоҳ буюкдир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари бу кунларда қилинган амалнинг афзаллигини очиқ-ойдин кўрсатиб бермоқда. Бу кунлардаги қилинган амалларнинг афзаллиги ҳатто Аллоҳнинг йўлидаги жиҳоддан афзал бўлса, демак бизларнинг ҳар биримиз мана шу олтин ва кумушлардан ҳам қимматбаҳо бўлган кунлардан унумли фойдаланмоқлигиз керак. Муслим биродарим, бу кунларнинг афзаллигини ифодаловчи қуйидаги далиллар ҳам бор:

1. Аллоҳ таоло мана шу кунлар номи қасам ичган. Агар Аллоҳ таоло бир нарсанинг номига қасам ичган экан, бу ўша нарса ёки куннинг улуғлигига ишорадир. Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Тонгга қасам ва ўн кунга қасам …» (Фажр: 1-2).

Муфассирлардан Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Мужоҳидлар бу кунлардан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги 10 кунларидир деганлар (Тафсир Ибн Касир 8/413).

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунларнинг афзаллигини зикр қилганлар:

«Аллоҳнинг наздида мана бу ўн кунликдаги қилинган амаллардан кўра суюмлироқ кун йўқдир» дедилар. Шунда (Саҳобалар): «Ҳатто Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам тенг кела олмайдими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳатто Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам тенг кела олмайди, магар кимса (Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодга) ўзининг жони ва моли билан кетганда ва биронтаси билан ҳам қайтиб келмаган бўлса (ана шунда тенг бўлади)», деб марҳамат қилдилар. (Имом Бухорий, Абу Довуд, Ибн Можжа ва Термизийлар ривояти).

3. Мана кунлар мобайнида бутун дунёдан келган мусулмонлар Байтуллоҳи Ҳарамга ҳаж қилишади.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни барчамизни мана шу кунларда Тасбиҳ («Субҳаналлоҳ», яъни «Аллоҳ барча айбу нуқсонлардан пок бўлган зотдир», дейишлик), Таҳмид («Алҳамдулиллаҳ», яъни «барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир») ва Такбир («Аллоҳу акбар», яъни «Аллоҳ буюкдир») айтишликка буюрдилар. Ибн Умар разияллаҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар:

«Аллоҳнинг наздида мана бу 10 кунлик ва унда қилинган амаллардан кўра афзалроқ кун йўқдир. Шунинг учун бу кунларда таҳлил («Ла илаҳа иллаллоҳ», яъни «Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ ҳеч бир ҳақ маъбуд йўқ»), такбир ва таҳмид айтишликни кўпайтиринглар» (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳ ҳадис).

5. Мана шу 10 кунлик ичида, Аллоҳ таоло Ўзининг динини комил қилган кун – Арафа куни (9 – Зулҳижжа) бордир. Бу кунда тутилган рўза 2 йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Қатода ибн Нўъмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар:

«Кимда ким Арафа куни рўза тутса, унинг келаси йилги ва ўтган йилги гуноҳлари кечирилади» (Ибн Можжа ривояти).

6. Мана шу кунлар мобайнида Қурбонлик куни (10-Зулҳижжа) ва Ҳаж кунлари бор.

Қурбонлик қилмоқчи бўлган кимса учун бу кунларда нималардан эҳтиёт бўлмоқликлари керак?

Ҳадисларни шу нарса собит бўлганки, қурбонлик қилмоқчи бўлган кимса Зулҳижжанинг 1-кунидан бошлаб сочини, тирноқларини ва умуман олганда баданидан бирон тук олмаслиги керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Қачонки Зулҳижжанинг ойини кўрсангиз ва биронтангиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, ҳатто қурбонлик қилгунича сочини ва тирноқларини олмасин» (Имом Муслим ривояти).

Агар кимсада синган тирноқ ва шунга ўхшаш соғлиққа таъсир қиладиган вазиятлар бўлиб қолса, унда соч ёки тирноқни олишликнинг зарари йўқ. Ундан ташқари, эркак ва аёлларга бу 10 кунликда чўмилишликнинг зарари йўқдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунларда сочни олишни ман қилганлар, ювинишни эмас.

Бу кунларни соч ва тирноқларни олмасликнинг ҳикмати, ҳожилар қилишлиги керак бўлган баъзи амалларда ҳам уларга ўхшашлик ва бу билан Аллоҳ таолога яқинлик қилишликдир.  Шунинг учун ҳам то қурбонлик қилгунча тирноқ ва соч олишдан ўзини тийилади. Аллоҳ таоло билгувчироқдир.

Агар кимса аввалида қурбонлик қилишликка ният қилмаган бўлса ва 10 кун мобайнида нияти ўзгариб қурбонлик қилишликни истаб қолса, ана шу ондан бошлаб то қурбонлик қилгунига қадар тирноқ ва сочларини олмаслиги керак.

Баъзи аёллар ўзларини ака ёки ўғиллари уларнинг номидан қурбонлик қилишга тайинлайдиларда, ўзлари сочларини мана шу 10 кунлик ичида қисқартираверадилар. Бу хатодир. Чунки ҳукм қурбонлик қилмоқчи бўлган кимсага бўлган. Бошқа кимса унинг номидан қурбонлик қилишлигидан қатъий назар, ана шу кимса ўзини мана шу амаллардан тийилмоқлиги керак. Бу ҳукм бир кимсанинг номидан қурбонлик қилувчи кимсага таъаллуқли эмас.

Бундан ташқари, бу ҳукм агар муайян оила аъзоси ўзи алоҳида қурбонлик қилишликни истаб қолмаса, оила аъзоларига тааллуқли эмас. Ундай ҳолда, бу ҳукм қурбонлик қилмоқчи бўлган оила аъзо (аёли ёки ўғли)га ҳам таалуқлидир.

Бу кунларда қилинишликка тарғиб қилинган амаллар

Бу кунлар мобайнида ҳар бир мўмин ва мўмина ўзининг солиҳ амаларини ўз кўз-қорачиғини асрагандек асрамоқлиги ва бу кунларни бекорчи нарсалар билан қўлдан бой бермаслиги керак. Бу кунларда қилинишига тарғиб қилинган амаллардан:

1. Бошқаларни ҳам солиҳ амаллар қилишликка чақиришлик

Бу йўл ҳам киши учун савоблар олиши энг қулай бўлган йўллардандир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар:

«Яхши амалларга йўллагувчи, ҳудди у амални қилгувчидек (ўша қилганларнинг савобини ҳам олувади)» (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Имом Муслим, Термизий, Аҳмад ва Абу Давуд ривоятлари). Демак агар 5 кимсани рўза тутишлигига сабабчи бўлсак, 5 кун рўза тутгандек савобни оламиз. Агар жамоат намозига 10 кимсани йўллаб қўйсак, ана шу 10 кимса олган савобни бизларнинг амаллар китобимизга ҳам ёзиб қўйилади. Аллоҳ ҳаммамизни ҳам бошқаларни яхши амаллар қилишликка чақирувчилар қаторидан бўлишликка тавфиқ берсин.

2. Рўза

Бу ўн кунлик ичида рўза тутишлик суннат. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни яхши амаллар қилишликка чақирдилар ва рўза – энг афзал солиҳ амаллар жумласидандир. Аллоҳ таоло рўзани Ўзи учун танлаган ва уни тутганга алоҳида ажр беради. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Одам боласининг барча қилган амаллари ўзи учундир, магар рўза Мен учундир ва у учун Мен алоҳида ажр бераман» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳунайда ибн Холид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи аёлари шундай дейишган экан: «Расулуллоҳ Зулҳижжанинг 9-кунида, Ашуро кунида, ҳар ойда 3 кун ва душунба пайшанба кунлари рўза тутар эдилар» (Имом Абу Довуд ривояти, Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни саҳиҳ деганлар).

3. Такбир, Таҳмид, Таҳлил ва Тасбиҳ айтишлик

Бу ўн кунликда Такбир, Таҳмид, Таҳлил ва Тасбиҳ айтишлик таъкидланган cуннатдир. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар:

«Аллоҳ наздида Зулҳижжанинг ўн кунидан улуғроқ кун йўқдир. Ҳеч қайси амал ушбу ўн кунда қилинган амалчалик Аллоҳ Таолога суюкли эмас. Бас, ўша кунларда таҳлил, такбир ва ҳамдни кўп айтинглар!» (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Эркаклар бу зикрларни овозларини чиқарган ҳолда ва аёллар эса овозларини чиқармаган ҳолда айтмоқликлари керак. Минг афсуслар бўлсинки, бу зикрлар эсдан чиқариб юборилган суннат бўлиб қолган. Ибн Умар ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолар мана шу 10 кунлик ичида бозорларга чиқиб такбир айтишар ва инсонлар ҳам уларни эшитиб такбир айтишар экан.

Унутилган суннатни тирилтиришлик – жуда фазилатли амаллар жумласидандир. Амр ибн Авф разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деганларини ривоят қилганлар:

«Кимда ким мен вафот этгандан сўнг эсдан чиқарилган суннатимни тирилтирса ва ўшанга инсонлар амал қилса, ўша амални қилгувчиларнинг савобини, савоблари камайтирилмаган ҳолда у кимсага (ўша суннатни инсонлар орасида тирилтирган кимсага) ҳам берилур» (Имом Ибн Можжа ривояти, саҳиҳ ҳадис).

4. Ҳаж ва Умра қилишлик

Бу ўн кунлик Ҳаж маросимлари бўлиб ўтадиган кунлардир. Шунинг учун мана шу кунларда Умра ва Ҳаж қилишликнинг ажри буюкдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар:

«Қабул бўлган Ҳажнинг ажри Жаннатдур» (Имом Бухорий ва Муслимнинг Абу Ҳурайрадан қилган ривоятлари).

Агар кимса Ҳаж ва Умра қилишликка қодир бўлмаса, унга баробар келадиган амалларни қилишликка ошиқмоғи керак, булардан бири – фажр намозини жамоат билан ўқишгандан сўнг масжидда қуёш чиққунча ибодат қилиб ўтиришлик ва қуёш чиққандан сўнг 2 ракаат ишроқ намози ўқишликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Кимда ким эрталабки (бомдод) намозни жамоат билан ўқиса, сўнгр масжидда Аллоҳни зикр қилган ҳолда то қуёш чиққунча ўтирса ва ундан сўнг 2 ракаат намоз ўқиса, Ҳаж ва Умра савобини тўлиқлигича олади, тўлиқлигича олади, тўлиқлигича олади» (Имом Термизийнинг Анас ибн Моликдан қилган ривоятлари, саҳиҳ ҳадис, Саҳиҳ ал-Жомиъ).

5. Қурбонлик

Қурбонлик қилишлик – кимсани Аллоҳ таолога яқинроқ қиладиган амаллар жумласидандир. Албатта, қурбонлик ҳалол пул билан Аллоҳ таолонинг ризоси учунгина суннатдаги шартларга амал қилган ҳолда бўлмоқлиги шарт.

6. Ҳақиқий тавба

Дарҳақиқат, ҳар бир кимса хатокордир, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкид қилиб дедилар:

» كُلُّ بَنِي آدَمَ خَطَّاءٌ وَخَيْرُ الْخَطَّائِيْنَ التَّوَّابُونَ »  ‌

«Ҳар бир инсон боласи хатокордир. Лекин хатокорларнинг энг афзали (хато қилгандан сўнг) тавба қилгувчиларидир» (Имом Аҳмад, Ибн Можжа ва Термизийларнинг Анас ибн Моликдан қилган ривоятлари).

Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин ва мўминани Унга ҳақиқий тавба қилишликка чақириб шундай дейди:

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга ҳақиқий тавба қилингиз» (Таҳрим: 8).

7. Қуръон ўқишлик

Дарҳақиқат, Қурони каримни тиловат қилишлик, унинг оятлари борасида тадаббур қилишлик энг катта ибодатлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар:

«اِقْرَءُوا الْقُرآنَ فَإِنَّهُ يَأْتِي يَومَ الْقِيَامَةِ شَفِيْعًا لأَِصْحَابِهِ»

«Қуръонни ўқингиз, чунки Қиёмат Куни унинг соҳибига шафоат қилади» (Имом Муслимнинг Абу Умома разияллоҳу анҳудан қилган ривоятлари).

Кимда ким Қуръони Каримнинг бир ҳарфини ўқиса унинг учун 10 та ҳасанот ёзилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:

«Кимки Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, у кимса учун бир ҳасанот ёзилади ва у ҳасанот 10 га кўпайтирилади. Мен «Алиф, Лаам, Миим»ни бир ҳарф деб айтмайман, лекин «Алиф» бир ҳарф, «Лаам» бир ҳарф ва «Мим» бир ҳарфдир (яъни 3 ҳарф = 30 ҳасанот)» (Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).

8. Таҳоратни комил қилишлик ва унда давомий бўлишлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар:

«Кимда ким таҳорат қилса ва уни комил қилса, унинг баданидан гуноҳлари чиқиб кетади, ҳатто тирноқлари тагидан ҳам чиқиб кетади» (Усмон розияллоҳу анҳудан имом Муслим ривояти).

Бундан ташқари, таҳоратда доим бўлишлик. Таҳоратда доим бўлишлик бу мўминларнинг сифатларидандир (яъни таҳорат бузилиши билан тезда таҳорат қилишлик). Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:

«Таҳоратни фақат мўмин кимсагина доимо муҳофаза қилади» (Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан имом Дароқутний ва Имом Аҳмад ривоятлари, саҳиҳ ал-Жомиъ).

9. Таҳоратдан сўнг дуо ўқишлик

Таҳоратдан сўнг, суннатдаги дуони ўқишлик қилинган гуноҳларни кечирилишига сабаб бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар:

«Кимда ким таҳорат қилса, уни комил қилса ва мана шу дуони ўқиса: «Ашҳаду алаиатларидандуْعًا لأَِصْحَابِهِла илаҳа иллаллjҳ ваҳдаҳу ла шарика лаҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммаддан абдуҳу ва расулуҳу», у кимса учун Жаннат эшиклари очилади ва хоҳлаганидан кириши мумкин» (Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан Имом Муслим ривояти).

10. Таҳоратдан сўнг икки ракаат намоз ўқиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:

«Бирон бир мусулмон таҳорат қилса ва уни комил қилса, сўнгра қалби ва юзи билан (бутун вужуди билан) икки ракаат (нафл) намоз ўқиса, у кимса учун Жаннат вожиб бўлади» (Уқба ибн Амр розияллоҳу анҳудан Имом Муслим ривояти).

11. Намозларни вақтида ўқишликни муҳофаза қилиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал энг яхши амал?», деб сўралди.  Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

‏ ‏الصَّلاَةُ لِوَقْتِهَا»

«Ўз вақтида (кечиктирилмасдан) ўқилган намоз», дедилар (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

12. Жума кунида Каҳф сурасини ўқиш

Шак-шубҳа йўқки, мана шу 10 кунлик орасида Жума куни ҳам тўғри келади. У кундаги баъзи солиҳ амаллардан Каҳф сурасини ўқишликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай деганлар:

» مَنْ قَرَأَ سُورَةَ الْكَهْفِ فِي يَومِ الْجُمُعَةِ أَضَاءَ لَهُ مِنَ النُّورِ مَا بَيْنَ الْجُمُعَتَيْنِ «

«Кимки жума куни Каҳф сурасини ўқиса, у учун икки жума орасида (яъни келгуси жумагача) нур қилиб берилади», (Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан Имом Байҳақий, Насоий ва Ҳоким ривоятлари).

13. Жамоат билан намоз ўқиш

Дарҳақиқат намоз диннинг устунидир ва намозларини ўз вақтларида ўқиган кимсалар Аллоҳнинг наздида жуда улуғ кимсалардир, Аллоҳ таоло мўминларни «улар намозларини муҳофаза қилувчилардур» деб мақтади. Албатта, намозни вақтида ўқишлик уни жамоат билан ўқишликка ҳам ишора бўлади. Агар кимса масжиддан чақириладиган азонни (микрафон ва бошқа жиҳозларсиз айтилганда) эшита олсаю, унга жавоб бермаса катта гуноҳ ишни қилибди. Чунки бу вожибдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Кимки азонни эшитсада ва (шаръий) узри бўлмай туриб уни жамоат билан ўқимаса, у кимсага намоз йўқдир». Бошқа ҳадисда: «Узри нима?» деб сўралганда, улар: «Ўлимдан бўлган ҳавф ва касаллик» деб жавоб берган эканлар (Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Имом Ибн Можжа ривоятлари).

Намозни жамоат билан ўқишликнинг савоби якка ҳолда ўқилган намоздан 25 ёки 27 баробар афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар:

«Жамоат намози якка ҳолда ўқиган намоздан 25 баробар афзалдир» (Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бошқа ривоятда эса:

«Жамоат намози якка ҳолда ўқилган намознинг 25 баробарига тенгдир» [Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Имом Муслим ривояти).

14. Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиш

«Кимки Хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, у кимса худди ярим кечани ўқигандек. Кимки бомдод намозини жамоат билан ўқиса, у ҳудди бир кеча намоз ўқигандек (яъни бир кеча ўқиган кимсани савобини олади)» (Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Имом Муслим ривояти).

15. Кечанинг охирида бедор бўлишлик (Қиёмул Лайл)

Қиёмул Лайлнинг фазилатлари жуда улуғдир. Дарҳақиқат у энг афзал намозлар туркумидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Энг афзал намоз кечанинг охирги 3-қисмида ўқилган намоздир»

Ундан ташқари, қиёмул лайлда узунроқ суралар ўқишликка тарғиб қилинган.  Расулуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:

«Кимки кечаси туриб ўн оят билан намоз ўқиса, у ғофиллардан эмас деб ёзиб қўйилади. Кимки кечаси туриб 100 оят билан намоз ўқиса, у қонитлар (доим Аллоҳга хушу билан ибодат қилгувчилар) қаторидан деб ёзиб қўйилади. Кимки 1000 оят билан қиём қилса, у кимсани муқантиринлар (албатта бу қаторидан) деб ёзиб қўйилади» (Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳудан Абу Давуд ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Хулоса

Юқоридаги ояти карималар ва ҳадиси мубораклар шунга далолат қиладики, бу 10 куннинг фазилатлари улкандир. Унда қилинган амаллар бошқа кунларда қилинган амалларга баробар бўла олмас, ҳатто Аллоҳнинг йўлидаги жиҳоддан ҳам. Ундан ташқари бу амалларга авваламбор ўзимиз амал қилиб, ундан сўнг бошқаларга ҳам шу амаллар қилишга йўллаб қўйишлигимиз керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб:

«Яхши амалларга йўллагувчи, ҳудди у амални қилгувчидек (ўша қилганларнинг савобини ҳам олади)» (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Имом Муслим, Термизий, Аҳмад ва Абу Давуд ривоятлари).

Мана шунинг учун ҳам ҳар биримиз иложи борича бидъат амалларига кирмаган ҳолда суннат амалларини қилмоқлигимиз керак ва ўзимизнинг номаи амалларимиздаги солиҳ амалларни кўпайтирмоқлигимиз керак. Бу кунларни қўлдан бой берган кимса шундай кимсага ўхшайдики, у кимсага: «Мана бу жойда бир тоғ олтин бор” дейилса, у ўшани фақат бориб олишга чақирилган бўлса, ўшани ҳам қилмаган кимсага ўхшайди. Аллоҳ таоло ҳаммамизни солиҳ амаллар қилишимизга насиб қилсин ва бошқаларни ҳам тарғиб қилишликка тавфиқ берсин. Амин.

Фикр билдиринг