Тавҳид форуми
Қолдирилган рўза эвазига тўланадиган «фидя» - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Фиқҳ (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=10)
+--- Forum: Рўза (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=14)
+--- Thread: Қолдирилган рўза эвазига тўланадиган «фидя» (/showthread.php?tid=81)



Қолдирилган рўза эвазига тўланадиган «фидя» - Admin - 09-29-2009

Қолдирилган рўза эвазига тўланадиган «фидя»

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
«Фидя» арабча сўз бўлиб, ўзбек тилига «эваз тўлаш» деб таржима қилинади. Фидя тутилмаган рўза эвазига жарима тўлаш маъносини англатади. Фидя Қуръонда рўза аҳкомларини баён қилувчи «Бақара» сурасининг 184-оятида зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
«(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз (фидя) тўлашлари лозим».
Қария, заиф ва тузалишидан умиди узилган бемор инсонлар, зикр қилинган «Бақара» сурасининг 184-оятига кўра иш тутишлари лозим. Шунга биноан улар рўза тутмайдилар, бироқ рўза эвазига «фидя» тўлайдилар, яъни мискинни таомлантирадилар.
Энди таомлантириш масаласига тўхталсак:
Уламолар қуйидаги икки йўлнинг хоҳлагани билан таомлантириш мумкинлигига иттифоқ қилдилар.
Биринчи: Мискинларни тайёр таом билан таомлантириш. Бу ҳолатда мусулмон аввалдан таом тайёрлайди, сўнгра ўша таом орқали муҳтожларни таомлантиради. 30 та мискинни таклиф қилиб, бир кундаёқ барчасини таомлантириши мумкин. Ёки 30 кун давомида кунига 1 та мискинни таомлантирса ҳам бўлади. Икки ҳолатга ҳам ижозат берилган.
Иккинчи: Мискинга озиқ-овқат маҳсулотини бериш. Мискин ўша маҳсулот орқали ўзига таом тайёрлайди. Қандай маҳсулотни қанча миқдорда бериш лозим? Бу мусулмонлар фитр закоти сифатида улашадиган маҳсулотлардир: ун, гуруч ва шу кабилар.
Миқдор масаласига келсак, жумҳур уламоларнинг айтишича, масалан «фидя» гуруч орқали берилса, уни қуйидагича ҳисобланади: 1 кун эвазига тахминан 3 кг миқдорда гуруч берилади.
Ушбу рақамлар мана бу тарзда пайдо бўлган: Уламоларнинг фикрларича, «фидя»нинг миқдори «фитр закоти» миқдорига тенг бўлиши лозим, яъни тахминан 2,5 - 3 кг.
Шундай қилиб шариат рўза ўрнига «фидя» тўлашларига рухсат берилган мусулмонлар кўрсатилган миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини ҳарид қилишлари ва муҳтожларга тарқатишлари мумкин. Масалан, гуруч орқали берилса олдиндан 90 кг гуруч (3 кг х 30 кун) ҳарид қилинади, сўнгра ушбу маҳсулотни бир неча ёки бир мискинга берилади.
«Фидя» тўлаш вақти қатъий чегараланмаган. Афзали «фидя»ни Рамазонда беришлик. Ундай қилинмаса, бошқа ойларда берилса ҳам бўлади. Шуни таъкидлашимиз лозимки, «фидя»ни фақатгина фақир ва мискинларга бериш мумкин.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.