Қадр кечаси қайси кечада бўлади? - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Фиқҳ (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=10) +--- Forum: Рўза (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=14) +---- Forum: Қадр кечаси (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=98) +---- Thread: Қадр кечаси қайси кечада бўлади? (/showthread.php?tid=61) |
Қадр кечаси қайси кечада бўлади? - Меҳмон - 09-11-2009 Қадр кечаси қачон бўлади?
Савол: Қадр кечаси қачон бўлади?
Жавоб: Ҳамду сано Аллоҳга хосдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидадир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана шундай сўз саҳиҳ бўлиб келган. У зот: «У Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир», деб айтганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Қадр кечаси мана шу ўн кунликнинг тоқ кечаларида бўлади. Лекин тоқ дегани ўтган кечаларнинг ҳисоби билан бўлиши мумкин. Ана шунда сиз уни йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечалардан излайсиз. Шунингдек, у қолган кечаларнинг ҳисоби билан бўлиши ҳам мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «... Қолган тўққизинчи, қолган еттинчи, қолган бешинчи, қолган учинчи (кечалар)да...» (кечалар) деганлар (Бухорий ривоятлари). Шунга биноан, агар ой ўттиз кунлик бўлса, бу жуфт кечаларга тўғри келади ва йигирма иккинчи кеча охиридан қолган тўққизинчи кеча, йигирма тўртинчи эса охиридан қолган еттинчи кеча деб ҳисобланади. Буни Абу Саид Худрий саҳиҳ ҳадисда шу тарзда тушунтирганлар (Муслим ривоятлари). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда мана шундай қилганлар. Агарда ой йигирма тўққиз кунлик бўлса, қолган кечалар бўйича қилинадиган ҳисоб ўтган кечалар бўйича қилинадиган ҳисоб билан бир хилда бўлади (яъни унақасига ҳисобланганда ҳам, бунақасига ҳисобланганда ҳам кечаларнинг тоқ ва жуфтлиги бир хил чиқаверади – таржимон). Модомики шундай экан, мўмин киши Қадр кечасини охирги ўн кунликнинг ҳаммасидан излаши керак. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Уни охирги ўн кунликдан изланглар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Охирги етти кечанинг Қадр кечаси бўлиш эҳтимоли кўпроқ. Унинг энг кўпроқ бўлиш эҳтимоли йигирма еттинчи кечадир. Убай ибн Каъб Қадр кечаси йигирма еттинчи кеча, деб қасам ичар эдилар. Улардан: «Буни қайдан билдингиз?» деб сўрашганда у киши: «Расулуллоҳ бизга айтиб берган белгидан билдим. У зот бизга ўша куни эрталаб қуёш нурсиз бўлиб худди тоғора каби чиқишини айтиб берганлар», деб жавоб берганлар (Муслим ривоятлари). Убай ибн Каъб айтиб берган мана шу аломат Қадр кечасининг ҳадисда айтилган энг машҳур аломатларидан ҳисобланади. Унинг яна қуйидаги аломатлари ҳам ривоят қилинган: У ёғдули, нурли кеча, у тинч кеча бўлиб, унда кучли иссиқ ҳам, кучли совуқ ҳам бўлмайди. Аллоҳ уни айрим одамларга тушда ёки ўнгда аён этиши ҳам мумкин. Ана шунда у мазкур кечанинг нурларини ёки унга “Бу қадр кечасидир”, дейдиган кимсани кўради. Гоҳо Аллоҳ унинг қалбига шундай мушоҳадаларни очиб қўядики, у Қадр кечасини аниқлаб олади. Аллоҳ таоло билгувчироқдир. RE: Қадр кечасига оид фатволар - Меҳмон - 09-11-2009 Лайлатул-қадрни қандай ўтказмоқ лозим ва у қайси кеча?
Савол: Лайлатул-қадр, яъни Қадр кечасини қандай ўтказмоғимиз лозим? Уни намоз ўқиш билан ўтказамизми ёки Қуръон тиловат қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқиш, дарс ва маърузаларни эшитиш биланми ёки бўлмаса уни масжидда ўтказамизми?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Сўнг... Биринчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида бошқа кунлардан ўзгача ғайрат билан ибодатга берилиб, намоз ўқир, Қуръон тиловат қилар ва кўп дуо қилардилар. Оиша разияллоҳу анҳодан имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисга кўра, Рамазоннинг сўнгги ўн куни кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунлари бедор бўлар ва оила аъзоларини ҳам уйғотар ҳамда аёлларига яқинлик қилишдан тийилардилар. Имом Аҳмад ва Муслимнинг бошқа ривоятларида у киши Рамазоннинг сўнгги ўн кунида бошқа кунларда кузатилмайдиган ўзгача ғайрат билан ибодатга қаттиқ бел боғлашлари келтирилади. Иккинчидан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини савоб умидида иймон билан бедор ўтказишга буюрганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Кимки Қадр кечаси бедор бўлиб, иймон ва савоб умидида ибодат қилса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилгусидир» (Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадис Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш буюрилганини кўрсатади. Учинчидан: Қадр кечаси ўқилиши мумкин бўлган энг яхши дуолардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша разияллоҳу анҳога ўргатган дуоларидир. Имом Термизий ривоят қилган ва муҳаддислар томонидан саҳиҳ деб тасниф этилган ҳадисда Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: «Мен: «Ё Расулаллоҳ, агар мен қайсидир кеча Қадр кечаси эканини билсам, ўша кеча нимани айтишим керак?» дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сен «Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул-афва, фаъфу анний», (яъни) «Ё Аллоҳ, дарҳақиқат Сен афв этувчисан. Афв этишни яхши кўрасан. Бас, мени афв эт», деб айтгин» дедилар». Тўртинчидан: «Рамазоннинг қайси кечаси Қадр кечаси?» деган масалага келсак, бу нарса аниқ ҳужжатни талаб қилади. Ҳадисларда келган маълумотларга биноан, сўнгги ўн кечадаги тоқ кечалар ва Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси бошқаларидан кўра Қадр кечаси бўлишининг эҳтимоли кўпроқ. Бешинчидан: Бидъатлар масаласига келсак, улар на Рамазонда ва на бошқа пайтларда жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган ҳадисда у киши айтадилар: «Кимки бизнинг мана бу дин ишимизда ундан бўлмаган бирон нарсани ихтиро этар экан, у нарса албатта рад этилади». Бошқа ривоятда эса: «Кимки бизнинг мана бу дин ишимиздан бўлмаган бирон амални қилар экан, у албатта рад этилгусидир», дейилади. Биз Рамазон кечалари ўтказиладиган баъзи тантаналарнинг бирон асос-далили борлигини билмаймиз. Йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидир, нарсаларнинг ёмони эса одамлар ўзлари ўйлаб топиб, кейин уни диндан деб гумон қилинадиган бидъатлардир. Тавфиқ Аллоҳдан. Пайғамбаримиз Муҳаммадга ва у зотнинг оилаларию асҳобларига Аллоҳнинг салоту саломи бўлсин. Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси,
Фатво № 10/413. Лайлатул-қадрни қандай ўтказмоқ лозим ва у қайси кеча? Қадр кечаси қайси кечада бўлади? - Admin - 09-05-2010 Дилмурод Абу Муҳаммад Рўза ва Рамазонга оид турли мавзулар Қадр кечаси қайси кечада бўлади? [audio]https://tavhid.com/downloads/maruza/dilmurod/fiqh/roza_ramazonga_oid_turli_mavzular/qadr_kechasi_qaysi_kechada_boladi.mp3[/audio] Юклаб олиш |