Рамазон – истиғфор ойи - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Фиқҳ (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=10) +--- Forum: Рўза (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=14) +--- Thread: Рамазон – истиғфор ойи (/showthread.php?tid=4417) |
Рамазон – истиғфор ойи - Abu Umar - 12-07-2012 Рамазон – истиғфор ойи
Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53). Ушбу ояти карима Аллоҳнинг раҳмати ва бандаларига лутфи кенг эканини баён қиляпти. Унда энг улкан ва шармандали гуноҳларга (ширк, куфр ва гуноҳи кабиралар шунинг остига дохил бўлади) қўл урган гуноҳкор ва ўз жонига жиноят қилганларга Раҳмон, Раҳим Зот томонидан ушбу гуноҳларини ташлаб, Ғофур, Раҳим бўлган Раббиларига истиғфор айтишликларига нидо қилиняпти. Батаҳқиқ, У барча гуноҳларни мағфират қилади ва ҳар қанча катта ва улкан бўлмасин гуноҳ соҳиби истиғфор айтиб, тавба қилса У асло гуноҳни катта санамайди. Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: «Аллоҳ табарока ва таоло шундай деди: Эй Одам боласи! Модомики сен Менга дуо қилиб, Мендан умид қилар экансан, сени гуноҳинг қанча бўлишига қарамай мағфират қиламан ва аҳамият бермайман. Эй Одам боласи! Агар гуноҳларинг осмон булутларига етса сўнг Мендан мағфират сўрасанг, сени мағфират қиламан ва аҳамият бермайман. Эй Одам боласи! Сен агар Мени ҳузуримга ер қобиғичалик хатолар билан келсанг сўнг Менга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолатда йўлиқсанг, албатта, сени олдинга унинг қобиғичалик мағфират билан келаман» (Термизий (3540)).
Дарҳақиқат, Аллоҳ Қуръонда бандаларини истиғфор айтишга буюриб, шундай деди: «Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Музаммил: 20). Аллоҳ таоло деди: «(Аллоҳ сизларга амр қилурки), Раббингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар» (Ҳуд: 3). У субҳанаҳу Ундан мағфират сўраган кишини мағфират қилишини баён қилиб, шундай деди: «Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар – кўрар» (Нисо: 110). Аллоҳ истиғфор айтувчи бандаларини мадҳ қилиб, шундай деди: «Ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган бандалари» (Оли Имрон: 17). Субҳанаҳу деди: «Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун) Парвардигордан мағфират сўрар эдилар» (Зориёт: 18). Кўп истиғфор айтишлик у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан эди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтаман» (Муслим (2702)). Бошқа ҳадисда эса: «Етмиш мартадан кўпроқ» (Бухорий (6307)). Рамазон ойининг гуноҳлар мағфират қилиниши ва хатолар ўчирилишида зиёда хусусияти бор. Бахтли – Рамазонга етган, унинг кеча ва кундузларини Аллоҳнинг тоати ва Уни рози қиладиган нарса-(ибодат)ларда ўтказиб, шу билан Подшоҳ, Қиёмат куни ҳисоб қилувчи Зотнинг мағфират ва розилигига мустаҳиқ бўлган кишидир. Бахтсиз, маҳрум – ушбу буюк ой кириб келсада, ўзининг даражасини кўтарадиган солиҳ амал қилмаган, уни ҳалок ва расво қиладиган гуноҳларидан тавба қилмаган, ушбу ойнинг кун ва тунларини Раббисини ғазаблантирадиган ва ўзини қулатадиган ишларда зое қилган, Раббисига гуноҳ ва ёмон ишларидан мағфират талаб қилган ҳолда юзланмаган, ҳатто у ўзининг юз ўгириш ва пасткашлигида қолган ҳолда мағфират ойи чиқиб кетган кимсадир. Табароний «Мўъжам»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб, шундай деди: «Эй Муҳаммад! Кимки ота-онасидан бирига етиб, вафот этса ва дўзахга кирса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим. Айтдики: «Эй Муҳаммад! Кимки Рамазон ойига етиб, вафот этса ва (гуноҳлари) мағфират қилинмай дўзахга киргазилса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим. Айтдики: «Кимники ҳузурида ёдга олинсангиз ва сизга саловат айтмай, вафот этиб, дўзахга кирса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим» (Табароний «Мўъжам ал-Кабир» (2023)). Термизий ва бошқалар яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мен унинг ҳузурида ёдга олинсаму, менга саловат айтмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин! Рамазон кириб сўнг (ундан гуноҳлари) мағфират қилинмай чиққан кимсанинг бурни ерга ишқалансин! Олдида ота-онаси улуғ ёшга етсаю, уни жаннатга киргазишмаган-(киришига сабабчи бўлишмаган) кимсанинг бурни ерга ишқалансин!» (Термизий (3545), Ҳоким «Мустадрок» (2016)). Мўмин бандага ушбу ой яхшилик ва баракаларини ғанимат билиши, истиғфор айтишни лозим тутиши, ҳамда унинг муборак фойда ва улуғ манфаатларини ғанимат билиши учун (истиғфорни) кўп-кўп айтиши лойиқ бўлади. У (истиғфорнинг фойдалари) дунё ва охиратда сон-саноқсиз даражада кўпдир. Унинг дунёвий фойдаларидан бири Аллоҳ таолонинг ушбу қавлида ворид бўлган: «Мен дедимки: «Раббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур, ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12). Асарда Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳга бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келгани ворид бўлган. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. У кишига бошқаси фақирликдан шикоят қилди. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. Бошқаси боғи қуриб қолганидан шикоят қилди. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. Бошқаси эса у кишига фарзандсизликдан шикоят қилди. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. Сўнг уларга Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссалом ҳақидаги қавлини тиловат қилдилар: «Мен дедимки: «Раббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур, ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12). «Яъни, агар Аллоҳга тавба қилиб, Унга истиғфор айтиб, бўйинсунсангиз сизларга кўп ризқ ато этади. Сизларни осмон баракаларидан суғоради. Сизлар учун ер баракаларини ўстириб қўяди ва зироатга унум беради. Сизлар учун сутни мўл-кўл қилади, ҳамда сизларга мол ва фарзандлар билан мадад беради. Яъни, сизларга мол ва фарзандлар беради. Сизларга турли мевалари бор боғ-роғлар беради ва ўртасидан оқар дарёлар ўтказади» (Ибн Касир тафсири, Нуҳ сураси (8/233)). Бу ўринда зикр қилинган самаралар, банда айтган истиғфори мукофоти ўлароқ дунёда эришадиган умумяхшиликлар, мукаррам ҳадялар ва турли-туман самаралардир. Истиғфор айтувчилар қиёмат куни эришадиган мўл-кўл савоб, улкан ажр, раҳмат, мағфират, дўзахдан озод бўлиш ва азобдан саломат қолишга келсак, бу Аллоҳ таологина саноғига етадиган ишдир. Ибн Можжа «Сунан»да Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «(Амал) саҳифасида кўп истиғфорни топган кишига шодлик бўлсин» (Ибн Можжа «Сунан» (3818)). Санади саҳиҳ. Табароний «Авсат»да ва Зиё ал-Мақдисий «Ал-Аҳадис ал-Мухтароҳ»да Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимни (амал) саҳифаси хурсанд қилишини яхши кўрса, бас, унда истиғфорни кўпайтирсин» (Табароний «Муъжам ал-Авсот» (839), Байҳақий «Шуъаб ал-Ийман» (639)). Бироқ бу ўринда истиғфордан, унга (гуноҳда) давом этишни ташлашлик чамбарчас боғлиқ бўлгани ирода қилинганини билишлик лозим бўлади. У ана шу дамда ўзидан олдинги нарса-(гуноҳ)ни бекор қиладиган чинакам тавба деб саналади. Ана шу Аллоҳ тарғиб этган ва эгаларига мағфиратни мукофот қилиб берган истиғфордир. Аллоҳ таоло деди: «(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. Уларнинг мукофотлари Раббилари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр!» (Оли Имрон: 135-136). Мағфиратнинг уч улкан сабаби бўлиб, улар юқоридаги Анас (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисларида жамланган: Биринчи: Банда бирор гуноҳ қилса, уни мағфират қилишни Раббисидан ўзгасидан умид қилмайди. Ҳамда Ундан ўзгаси гуноҳларни мағфират қилиб, кечиб юбормаслигини билади. «Саҳиҳ»да Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари ривоят қилинади: «Банда бир гуноҳ қилиб: «Эй Аллоҳ! Гуноҳимни мағфират қил», дейди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилиб, Унинг гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Раббиси борлигини билди», деди. Сўнг қайтиб, гуноҳ қилди. Ва: «Эй Раббим! Гуноҳимни мағфират қил», деди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилиб, Унинг гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Раббиси борлигини билди», деди. Сўнг қайтиб, гуноҳ қилди. Ва: «Эй Раббим! Гуноҳимни мағфират қил», деди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилиб, Унинг гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Раббиси борлигини билди. Хоҳлаганингни қил. Дарҳақиқат, сени мағфират қилдим», деди». Абдул Аъла: «Хоҳлаганингни қил, деб учинчи ёки тўртинчисида айтдиларми билмай қолдим», деди. Бир ривоятда (шундай ворид бўлган): «Дарҳақиқат, бандамни мағфират қилдим. Хоҳлаганини қилаверсин» (Муслим (2758)). Иккинчи: Истиғфор. Агар гуноҳлар улканлашиб, кўплигидан осмондаги булутлар ёки осмонда кўз илғар жойгача етсада, бошқа ривоятда эса: «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар осмон ва ер орасини тўлдириб юборар даражада хато қилсангиз, сўнг Аллоҳ азза ва жаллага истиғфор айтсангиз, албатта, сизларни мағфират қилади» (Имом Аҳмад «Муснад» (13427)). Истиғфор – мағфират сўрашлик. Мағфират – гуноҳларни сатр қилиш билан уларнинг ёмонлигидан сақлаш. Агар истиғфор тавба билан бўлса, ана шу вақт истиғфор тил билан мағфират сўрашдан иборат, тавба эса қалб ва аъзолар билан гуноҳларни ташлашликдан иборат бўлади. Учинчи: Тавҳид. У энг катта сабабдир. Ким уни йўқотса мағфиратни йўқотибди. Ким уни олиб келса, дарҳақиқат, мағфиратнинг энг катта сабабини олиб келибди. Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48). Эй Аллоҳ! Гуноҳларимизнинг барини, кичиги ва каттаси ҳамда биз билган ва билмаганларимизни мағфират қил. (Ҳаётимизни) солиҳ амалларимиз билан якунла. |