Рамазон ойининг ўзига хос хусусиятлари - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Фиқҳ (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=10) +--- Forum: Рўза (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=14) +--- Thread: Рамазон ойининг ўзига хос хусусиятлари (/showthread.php?tid=3098) |
Рамазон ойининг ўзига хос хусусиятлари - Admin - 07-10-2010 Рамазон ойининг ўзига хос хусусиятлари
Улуғ Рамазон ойининг Қуръон сабаб ўзига хос хусусияти бор. У одамларга ҳидоят бўлиб Қуръони Карим нозил қилинган ойдир. Аллоҳ таоло деди: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» (Бақара: 185). Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада рўза ойини бошқа ойлардан буюк Қуръонни нозил қилиш учун танлаб олганини айтиб мадҳ этди. Балки ҳадисда, у пайғамбарларга илоҳий Китоблар нозил бўлган ой экани ворид бўлган. Имом Аҳмаднинг «Муснад»и ва Табаронийнинг «Мўъжам ал-Кабир»ида Восила ибн Асқоъдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари Рамазоннинг аввалги тунида нозил қилинган. Таврот Рамазондан олти (кеча) ўтганда нозил қилинган. Инжил Рамазондан ўн уч (кеча) ўтиб нозил қилинган. Фурқон эса Рамазондан йигирма тўрт (кеча) ўтганда нозил қилинган» (Аҳмад «Муснад» (4/107) 16921-рақам, Табароний (17646), лафз имом Аҳмадники). Ушбу ҳадис Рамазон ойи, у элчилар алайҳимуссаломга илоҳий Китоблар нозил бўлган ой эканига далолат қиляпти. Бироқ улар нозил қилинган пайғамбарга бир бутун ҳолида нозил бўларди. Қуръони Каримга келсак, шарафининг зиёдалиги ва фазилатининг улканлиги сабабли дунё осмонидаги «Байтул Изза»га бир бутун ҳолида нозил бўлган. Бу эса муборак Рамазон ойининг қадр кечасида бўлган. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр: 1). Субҳанаҳу шундай деди: «Албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантиргувчи бўлдик» (Духон: 3). Шундан сўнг юлдузларнинг ботар жойларига кетма-кетлик билан алоҳида-алоҳида нозил бўлди. Бу ўринда ушбу рўза ойи, муборак Рамазон ойининг, шаъни нақадар буюк ва унинг Қуръони Карим сабаб ўзига хос хусусиятга эга эканига далолат бор. Зеро унда Аллоҳ томонидан ушбу уммат учун ана шу катта фазл – Унинг буюк ваҳийси, ҳамда ҳидоятни ўз ичига олган улуғ Каломи нозил бўлиши юз берди.
«Одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб…» (Бақара: 185). Дин ва дунё фойдаларига йўллашлик. Унда ҳақ аниқ-равшан баён қилинган. Унда (Қуръонда) ҳидоят ва зололат, ҳақ ва ботил, ҳамда зулуматлар ва нур орасидаги Фурқон бор. Сўнг Рамазон ойида Аллоҳ у ҳақда шундай деб айтган қадр кечаси бор: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр: 2-3). Яъни, у кечадаги амал ундан ўзга минг ойдаги амалдан яхши. Ажр ҳам ҳудди шундай. Ушбу ойнинг рўзаси гуноҳлар мағфират қилинишига сабабдир. Икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким Рамазон рўзасини (фарз эканига) иймон келтириб, (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади» (Бухорий (2014), Муслим (760)). Яъни, Аллоҳга иймон келтирган ва зиммасига рўза фарз эканига рози бўлган, ҳамда унинг ажру савобини умид қилган ҳолда. Унинг фарз эканини ёмон кўрмай ва унинг ажру савобида шак-шубҳа қилмаган бўлиши. Шунда Аллоҳ унинг ўтган гуноҳларини мағфират қилади. Муслим(нинг «Саҳиҳ»лари)да яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Беш вақт намоз, жума (кейинги) жумагача, Рамазон (кейинги) Рамазонгача гуноҳи кабиралардан узоқ бўлса ўрталаридаги (гуноҳ)ларни каффорот қилувчидир» (Муслим (233)). Юқорида ёдга олинганлар бўлмиш кимки Рамазонда иймон ва (ажрини) умид қилган ҳолда қоим бўлса ўтган гуноҳлари кечирилишига қўшимча ўлароқ унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари ёпилади. Ушбу ойда Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган (банда)лари бўлиб, бу ҳар кечада (юз беради). Ушбу муборак ойда Аллоҳ мусулмонларга катта Бадр ғазотида мушрик душманлари устидан нусрат берди. Ушбу жангда мушрикларнинг адади мусулмонлардан уч баробар кўп эди. Бу ойда Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларида омонлик диёри Маккаи мукаррамани фатҳ қилди. Байт-(Каъба) ва унинг атрофидаги санамларнинг сони уч юз олтмишта эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу санамларни синдира туриб, шундай дердилар: «Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир»» (Исро: 81). У ғайрат, фаол-тетиклик ва амал ойи. Ибодат ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилишлик ойи. Ушбу фазилатга эга ва Аллоҳнинг бандаларига ана шу эҳсони бўлган ой, бандалар улуғлашлиги ҳамда улар учун ибодат мавсуми ва қайтиш куни учун озуқа бўлишига ҳақлидир. Эй Аллоҳ! Бизни ушбу ойнинг ўрни ва ҳурматини биладиганлардан қил! Унда Сени рози қиладиган ишларни адо қилишмизга муваффақ айла! Албатта, Сен дуоларни Эшитувчисан. Эй Аллоҳ! Бизни Ўзингнинг тоатинга муваффақ айла. Бизга Сени зикр қилиш, шукр қилиш ва Сенга гўзал ибодат қилишда кўмак бер. Бизни осонликка муяссар қил. Ушбу ҳурматли меҳмон ҳаққини адо қилиш билан бизга неъматни тўла-тўкис қил. Эй оламларнинг Раббиси, бизга унинг рўзаси, қиёми ва унда гўзал одобда бўлишга мадад бер. |