Иқлим совуқ бўлганида таяммум қилишнинг ҳукми
Иқлим совуқ бўлганида таяммум қилишнинг ҳукми
Савол: Совуқ кунлари эрталаб уйқудан турган одам, таяммум қилса бўладими?
Жавоб: Агар одам жунуб бўлса ғусл қилиши керак. Аллоҳ таоло:
«Агар жунуб бўлсангизлар покланинглар!» (Моида: 6) деган. Кеча совуқ бўлгани сабабли совуқ сувда ғусл қила олмаса, сувни иситишга ҳаракат қилади. Сувни иситадиган жиҳозлар топа олмаса таяммум қилиб, намозни ўқийверади. Чунки, Аллоҳ таоло шундай деган:
«Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёҳуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз (яъни юзингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз). Аллоҳ сизларга машаққат қилишни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди» (Моида: 6).
Агар жунубликдан таяммум қилса, сувни топгунича таҳоратлик ҳисобланади. Сувни топганида эса сув билан ғусл қилиши фарз бўлади. Бу – Имрон ибн Ҳусайн разияллоҳу анҳу ривоят қилган узун ҳадисда нақл қилинган. У ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавм билан бирга намоз ўқимай четда турган бир одамни кўриб: «Сен(инг бирга намоз ўқишинг)га нима монеълик қилди?» – деб сўрадилар. У: «Мен жунуб бўлиб қолдим ва сув йўқ эди» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тупроқни ишлатсанг сенга кифоя қилар эди!» – дедилар. Кейин сув олиб келинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги одамга сувни бериб: «Буни устингдан қуй!» - дедилар. Бу ҳодиса ҳоҳ жунублик, ҳоҳ таҳоратсизлик сабабли таяммум қилган кишининг сувга етишгач сув билан покланиши кераклигига далолат қилмоқда. Жунубликдан таяммум қилган одам, бошқа жунуб бўлгунича ёки сув топгунича таҳоратли ҳисобланаверади. Шунинг учун ҳам у, таяммумини ҳар қачон такрорлашга эҳтиёжи йўқ. Фақатгина, таҳорати бузилганидан кейингина таяммум қилиши мумкин.
Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ
Манба: Ҳикмат Нури

