Қуръон ўқиш учун таҳорат қилиш
Қуръон ўқиш учун таҳорат қилиш
Савол: Тингловчилардан бири Қуръон ўқиш учун таҳорат олиш ҳақида сўрамоқда?
Жавоб: Қуръон Карим – Аллоҳ азза ва жалланинг каломи ва улуғ китобдир. У – самодан нозил қилинган китобларнинг сўнггисидир. Аллоҳ таоло уни улуғлаб шундай деди:
«Албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир! Уни фақат таҳоратли – пок кишиларгина ушларлар. (У) барча оламлар Роббиси томонидан нозил қилингандир» (Воқеа: 77 – 80).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эса, яманликларга ёзилган мактубда: «Қуръонни – таҳоратли инсонгина ушласин» – деб айтганлари ривоят қилинган (Доримий «Сунан», Талоқ ҳақидаги китоб, 2266).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳам шунга фатво берганлар.
Илм аҳллари жумуҳури, жумладан, тўрт имом, катта ва кичик ҳадас (ифлослик)дан пок бўлган одамларгина Қуръонни ушлай олиши жоиз эканини, шунингдек, жунубнинг ғусл қилмагунича Қуръон ўқиши мутлақо жоиз эмаслигини айтдилар. Бу гап – тўғридир. Жунуб одамнинг ғусл қилмагунича Қуръон ўқиши мутлақо жоиз эмасдир. Агар таҳорати бўлмаса Қуръонни ёддан ўқиш мумкин. Бироқ жунубнинг Қуръонни (ёддан) тиловат қилиши мутлақо жоиз эмасдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жунубликдан бошқа бирон нарса Қуръонни тиловат қилишдан тўсмас эди. Алий разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жунубликдан бошқа бирон нарса Қуръон ўқишларига монеъ бўла олмас эди» (Насоий «Сунан»: Таҳорат ҳақидаги китоб, 265; Термизий «Сунан»: Таҳорат ҳақидаги китоб, 146; Абу Довуд «Сунан»: Таҳорат ҳақидаги китоб, 229; Ибн Можжаҳ «Сунан»: Таҳорат ва унинг суннатлари, 594; Имом Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад», 1/107).
Уламолар ҳайзли ва нифосли аёлларни (бу масъалада) жунубга қўшиш ёки қўшмаслик ҳақида турлича фикр билдирдилар. Уларнинг аксари ҳайз ва нифосли хотинларни жунубга қўшдилар ва покланмагунича Қуръон ўқишни таъқиқладилар. Бу ҳақда ибн Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳайзли аёл ва жунуб одам Қуръондан бирон нарсани ўқимайдилар» деганларини ривоят қилди (Термизий «Сунан»: Таҳорат ҳақидаги китоб, 131; Ибн Можжаҳ «Сунан»: Таҳорат ва суннатлари ҳақидаги китоб, 595). Абу Довуд ривояти.
Бошқалар эса: «Ҳайзли ва нифосли аёллар Қуръонни ёддан ўқисалар бўлаверади. Чунки уларнинг «муддат»лари узайиб кетиши мумкин ва иш, жунуб одамда бўлганидек, уларнинг қўлларида эмас» – дедилар. Бу – тўғри ечимдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзли Оиша разияллоҳу анҳони Видолашув ҳажида тавофдан бошқа барча ибодатларни қилишга буюрдилар. Унга Қуръон ўқишни таъқиқламадилар.
Бундан ташқари, ҳайз ва нифосли аёлни жунуб одамга таққослаш, ўрталаридаги катта фарққа кўра ҳам, тўғри эмасдир. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мазкур ҳадис эса, илм аҳллари наздида заифдир. Чунки у Исмоил ибн Айёшдан, у эса ҳижозлик Мусо ибн Уқбадан ривоят қилди. Исмоилнинг шомлик бўлмаган ровийлардан қилган нақли – заифдир.
Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раҳимаҳуллоҳ
«Йўлдаги ёғду» радиодастури.
«Мажмуъу фатава ибн Баз», 10/147.
Манба: Ҳикмат Нури

