PDF WORD

Мусҳаф (Қуръон)ни ушлаш

Мусҳаф (Қуръон)ни ушлаш

Савол: Мусҳафни таҳоратсиз ушласа бўладими ёки йўқми?

Жавоб: Мусҳафни таҳоратли одам ушлаши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Амр ибн Ҳазм разияллоҳу анҳуга ёзган мактубида: «У (Қуръон)ни таҳоратли одамгина ушласин!» – деб ёздирганидек, тўрт имомнинг мазҳабидир. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтди: «Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб ёз(дир)дилар. Салмон Форсий ва Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумолар ҳам шундай фатво бердилар. У иккисига бирон бир саҳоба қарши чиққани маълум эмас».

Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ

Манба: Ҳикмат Нури


·

6 та мулоҳаза

  1. Abdulhamid → 05.07.2009 йил

    Ассаламу алайкум биродарлар.
    Таҳорат деганда нима назарда тутлишини ёзсангиз тушунарлироқ бўларди.
    Биз Ўзбекистонда тахорат деганда вуъду тушунилади.
    Арабларда таҳорат деганда ғусл ва вуъду биргаликда тушунилади. Шунга кўра ғусл вожиб бўлган киши Мусҳафни ушлаши мумкин эмаслиги рост, лекин вуъдуси йўқ киши ҳам мусҳафни ушлаши мумкин эмасми? Шу масалага ойдинлик киритсангиз.

  2. Муваҳҳид → 07.07.2009 йил

    Билишимча айни вудуъси бўлмаган киши Мусҳафни ушламаслиги керак деган уламолар оз эмас. Шу жумладан Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймийн “Қуръонни фақат пок ушласин” ҳадисига шарҳ берар эканлар шундай деганлар:
    “Қуръонни фақат пок ушлайди, яъни иккала – катта ва кичик таҳоратсизликдан пок бўлган киши. Агар сен Мусҳафни ушламоқчи бўлсанг, уни фақат таҳорат билан ушла”.

  3. Муваҳҳид → 07.07.2009 йил

    Аммо вудуъсиз Мусҳафни ушлаш жоиз деган уламолар ҳам йўқ эмас. Улар “Қуръонни фақат пок ушласин” ҳадисига бошқачароқ шарҳ беришган.
    Шавконий раҳимаҳуллоҳ “Найлул-автор”да (1/180-181) шундай деди: “Бу ҳадис Мусҳафни фақат пок одам ушлаши жоизлигига далолат қилади. Лекин “тоҳир” (пок) сўзи муштарак (омоним)дир. У катта таҳоратсизликдан пок одамга ҳам, кичик таҳоратсизликдан пок кишига ҳам, мўминга ҳам, баданида нажосати йўқ кишига ҳам ишлатилади. Шунинг учун ҳадисдаги муайян нарсани тушуниш учун бирон бир қарина (ишора, боғлиқлик) албатта бўлиши керак”. Албоний “Тамомул-минна”да (107-с.) айтади: “Ҳақиқатга энг яқини шуки, бу “пок”дан мурод мўминдир, у катта таҳоратсизликда бўладими, кичик таҳоратсизликда бўладими, ҳайзли бўладими, баданида нажосат бўладими фарқи йўқ. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин нажосатли бўлмайди”, деганлар. Буни Бухорий ва Муслим келтиришган (унинг саҳиҳлигига иттифоқ қилишган). Бу ҳадисдан мурод мушрикнинг Қуръонни ушлашга имкони бўлмасин. Бу қуйидаги ҳадис кабидир: “(Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам) душман ерига Мусҳаф билан сафар қилишдан қайтардилар”. Бу ҳам муттафақун алайҳ ҳадис. Ишлардаги асл – жоизликдир. Шунинг учун очиқ далил бўлмагунича Мусҳафни мўмин киши фақат таҳорат билан ушлаши вожиб бўлмайди”. Қ.: “Тамомул-минна” 107-с. “Воқеа” сурасидаги оятида: “Уни фақат поклар ушлайди”, дейилган. Биринчидан, “уни” олмоши “Китоб Макнун”га тегишли, яъни араб тилида бу осмондаги “кўзлардан яширинган китоб” дегани. Уни фақат фаришталар ушлайди. Демак, “поклар”дан мурод – фаришталардир. Иккинчидан. Оятда: “Мутоҳҳаруун” дейилган, яъни “поклар”. Покланувчиларга эса: “Мутатоҳҳир” сўзи ишлатилади, “Тавба” сурасидаги оят каби. Учинчидан, бу хабардир. Агар бу қайтариқ бўлганида, унда у: “Ла ямассуҳу” ўрнига: “Ла ямсасҳу”, деб келарди. Тўртинчидан, Молик ибн Анас, раҳимаҳуллоҳ, шундай деган: “Уни фақат поклар ушлайди” оятининг тафсирида мен эшитган нарсаларнинг энг яхшиси – “Абаса” сурасидаги оятларнинг тафсири кабидир”. Яъни: “У –эслатмадир, ким хоҳласа, уни эсласин. У мукаррам, кўтарилган, покланган саҳифаларда, мукаррам ва яхши котибларнинг қўлидадир”. Бешинчидан, бу маккий оят бўлиб, унда ақида масалалари келган. Агар бу оятдан мурод Мусҳафни таҳоратсиз тегиш ҳаромлиги келганида, у фиқҳ бобидан бўларди, (яъни бу маданий оятларга хос бўлади). Олтинчидан, агар Қуръон осмонда бўлсагина, уни ҳеч ким таҳқирлай олмайди ва шайтон ҳам унга тега олмайди. Қ.: Ибнул-Қоййим “Тафсири”. Оятдаги “мутоҳҳарун”дан мурод фаришталар эканини муфассир тобеъинлардан (Рабиъ) ибн Анас, Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, Заҳҳок, Абу ал-Олия айтишган. Буни Ибнул-Мунзир “Авсат”да келтиради. Ибн Ҳазмнинг айтишича, бу оятдаги хабарни буйруқ деб тушуниш мумкин эмас, агар унинг маъноси ёки ижмоъ бунга далолат қилмаса. Мусҳафни поклар ҳам, нопоклар ҳам ушлашидан билдикки, бу оятда Аллоҳ Таоло Мусҳафни эмас, осмондаги Китобни – Зикрни назарда тутган. Буни Салмон Форсий ҳам айтган. Алқама ибн Қайс (Ибн Масъудданинг соҳибларидан) насронийга Мусҳафдан нусха кўчиришни буюрган эди. Мусулмон бўлмаганларга Мусҳафни тегиш жоизмаслиги ўз-ўзидан мумкин эмаслигидан эмас, балки уни таҳқирлаш эҳтимоли бўлганидандир. Умар розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилганида синглиси унга: “Сен ифлоссан, уни (Қуръони) фақат поклар ушлайди”, дегани ҳақидаги ривоятда иккита заиф ровий бор: Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Ҳаниний ва Усома ибн Зайд. У заиф ривоятдир. Ҳаким ибн Ҳизомнинг ҳадиси ҳам заиф, унинг ровийси Сувайд Абу Ҳотим заифдир. Бу ҳақда Ҳайсамий, Ибн Ҳажар ва бошқалар айтган. Али розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Қуръондан ул зотни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) фақат жанобат тўсарди”, заифдир. Ибн Аббос, Саъид ибн ал-Мусайяб ва Саъид ибн Жубайрдан Ибн Ҳазм ривоят қилган хабарда улар жунуб ҳолда Қуръон ушлашни жоиз дейишган. Албоний унинг санадини яхши деган. Яна Бағавий “Шарҳус-сунна”да (2/43) Икрима ҳам шу фикрда эканлигини айтган. Бу имом Довуд Зоҳирийнинг ҳам фикри. Лекин “Саҳиҳа”да (№834) келтирилган ҳадисга биноан бу макруҳ бўлади, яъни қилиш жоиз, аммо афзали жанобат ва таҳоратсизликдан пок ҳолда Қуръон ўқишдир. Яъни у ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бавл қилганларида у кишига салом беришади. У зот алик олмайдилар. Кейин деворга таяммум қилиб айтадиларки: “Мен Аллоҳни пок бўлмаган ҳолда зикр қилишни кариҳ кўрдим”. Қ.: “Тамомул-минна” (107, 118-с.). Ибн Ҳазм шундай деган: “Қуръон ўқиш, тиловат саждаси, Мусҳафни ушлаш ва Аллоҳни зикр қилиш таҳорат билан ҳам, таҳоратсиз ҳам, жунуб ҳолда ҳам, ҳайз ҳолда ҳам жоиздир”. Ибн Таймия ҳам ҳайз ҳолдаги аёл учун Мусҳафни ушлашга монеълик йўқ деган. Ибн Аббос, розияллоҳу анҳумодан, Термизий (№1772), Абу Довуд (№3268) и Насоий (№132) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Менга фақат намоз учун таҳорат олиш буюрилган”. Бу саҳиҳ ҳадис. Ундаги: “Иннама” – “фақат” чегараси юқоридаги айтилган фикрга далолат қилади. Бунинг устига Оиша онамиз ҳажда ҳайз кўрганларида у кишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳожи қиладиган ишни қил, фақат намоз ва тавофдан ташқари”, дедилар. Ҳожи эса Қуръон ўқийди, Аллоҳни зикр қилади, масжидга киради ва ҳоказо. Юқорида келтирилган Оиша онамизнинг ҳадисида: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча вақтда Аллоҳ зикр қилардилар”, дейилган. Ваҳоланки, Муслим ривоят қилган ҳадисда баъзан жунуб ҳолда тонг оттирганлари айтилган. Демак, жунуб киши Аллоҳни зикр қилиши, Қуръон ўқиши жоиз, лекин афзали ғусл қилиб кейин шу ишни қилишидир. Қ.: Албонийнинг оғзаки фатволари (“Силсила ҳуда ван-нур”).
    Валлоҳу аълам …

  4. Abdulhamid → 12.07.2009 йил

    Ассалам алайкум. Жуда тўлиқ жавоб бўлибди. Аллоҳ рози бўлсин.

  5. Муваҳҳид → 17.07.2009 йил

    Шайхулислом ибн Таймийя таҳоратсиз киши Мусҳафни ушлаши мумкин эмаслигини айтиб: «Бу тўрт имомнинг мазҳабидир», дейди.
    Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ айтади: «Улар – яъни тўртала имом – таҳоратсиз киши Мусҳафни ушлаши жоиз эмаслигига ижмоъ қилганлар».
    Ибн Абдилбар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳукм одамлар тарафидан қабул қилинганидан мутавотирга ўхшаб кетгандир».

  6. Administrator → 23.06.2010 йил

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
    Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала росулиллаҳ …
    Аммо баъд …
    Аввало, тилшуносликда эквивалент деган сўз бор. Бу бир тилдаги сўзнинг иккинчи тилдаги маънодоши демакдир. Ислом илк ёйила бошлаганида одамлар ўртасида ҳозирги оддий таҳоратнинг арабчадаги аслий синоними «вудуъ» истеъмол қилинса эди, балки ажам бўлган биз ўзбек халқига ҳам Ислом динининг атамалари араб тилидаги ўз исми ва маъноси билан кириб келган бўлар эди. Тарафимиздан ёйинланган фатводаги маъноларни тушуна олмасликнинг бир тарафи, бизнингча, шунга боғлиқ бўлса керак.
    Ҳа, Қуръон Каримнинг нашр нусхаси бўлган Мусҳафларнинг муқовалари ичидаги оятлари ёзилган 600 дан ортиқ саҳифасини оддий таҳорати ва ғусли бўлмаган одамнинг ушлаши мумкин эмас.
    Эътибор берган бўлсангиз, айрим фатволарда «катта ва кичик ҳадас» деган жумлалар бор. Кичик ҳадас оддий таҳоратни бузадиган нарсалар бўлса, катта ҳадас одамнинг ғусл қилиши фарз бўлган ҳолати – жунублигига сабабчи бўлган нарсалардир. Масалан: жинсий алоқа ва эҳтилом каби.
    Аммо тафсир китобларини оддий таҳорати бўлмаган одамларнинг ушлашида зарар йўқ. Ҳукм Қуръоннинг ўзигагина чекланган. Бироқ, жунуб бўлган одам Қуръонни ушлаши у ёқда турсин, Қуръон оятларини ёддан ўқиши ва бошқа зикрларни ҳам ғусл қилмагунича тилга олиши мумкин эмас. Чунки зикр – Аллоҳнинг ҳузурида Аллоҳни тилга олиш, демакдир. Аллоҳнинг ҳузурида Аллоҳни маънавий дунёси кир ҳолатда зикр қилиш, бандага муносиб эмасдир. Шунинг учун ҳам ғусл қилиши фарз бўлган одам имкони борича тезроқ ғусл қилиб, Аллоҳнинг зикрларини пок ҳолатида қилиши керак.
    Бу ерда ҳайз ва нифос қони келаётган аёлларнинг Қуръонга нисбатан ҳукмлари айрича бўлиб, улар ҳам саҳифамизда қисман бўлсада ёритилган эканини эслатиб ўтишимиз ва унга бир кўз ташлаб олишда фойдадан бошқа нарса йўқ эканини ҳам таъкидламоқчимиз.
    Валлоҳу аълам.
    Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратига муҳтож бўлган бизларни солиҳ дуоларингизда ёд қилиб туришингиз тилаги ила

    http://www.hikmatnuri.com веб саҳифаси таҳририяти

Фикр билдиринг