Сув турлари
Сув турлари
Савол: Сув турлари ҳақида баҳс бўлди. Баъзилар: «Сув икки турга: пок ва ифлос сувларга бўлинади» деса, бошқалар: «Сув уч турга: пок, покловчи ва ифлос сувларга бўлинади», деди. Саволим шу: «Буларнинг қайси бирлари тўғри айтаяпти?». Сиз жанобларидан бу масалага ойдинлик киритшингизни сўрайман.
Жавоб: Тўғриси – мутлақ сувлар икки қисм: пок ва ифлос сувларга бўлинади. Аллоҳ таоло айтди:
«… ва биз осмондан пок сув ёғдирдик» (Фурқон: 48);
«Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни Ўз тарафидан уйқуга чўмдирган ва поклаб, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун дилларингизни бир ва қадамларингизни маҳкам қилиш учун устингизга самодан сув – ёмғир ёғдирган эди» (Анфол: 11).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат сув – покдир ва уни бирон нарса ифлос қила олмайди» – деган эдилар. Бу ҳадисни Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар саҳиҳ (ишончли) санад билан нақл қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган гапларидан мақсадлари: Таъми, ҳиди ёки ранги тушган нажосатлар сабабли ўзгарган сувлар бундан мустаснодир. Агар нажосат тушса, бу сув – ифлос сувлар қаторида бўлади. Бироқ, мева сувлари, дарахт япроқлари ёки шуларга ўхшаш бирон нарса тушса, бундай сувлар ифлос сувга айланмайди. Балки, «сув» деган номи қолар экан, ўз поклигини йўқотмайди.
Ўзига тушган нарса сабабли «сув» деган номини йўқотиб, «сут», «қаҳва», «чой» ва бошқа нарсаларга айланган бўлса, у «сув» номидан чиқади ва «сув»дан бошқа ном билан аталади. Бироқ, у – шу нарсалар билан аралашган бўлишига қарамай пок бўлиб, ифлос бўлмайди.
Аммо чекланган – муқайяд сувлар, масалан: (ачитилмаган) гул суви, узум суви ва анор суви «пок» деб аталиб, «покловчи» деб аталмайди. Бу сувларни истеъмол қилиш билан на кирликдан ва на нажосатлардан покланиб бўлади. Чунки, улар муқайяд-чекланган сув бўлиб, мутлақ сув эмасдир. Сув билан покланишга далолат қилган шаръий ҳужжатлар, бу сувларни ўз ичига олмайди. Шариат «поклайди» деб ёмғир, денгиз, дарё ва булоқ сувларини тавсифлаб берган.
Аллоҳ муваффақият соҳибидир.
Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раҳимаҳуллоҳ
Манба: Ҳикмат Нури

