Чучук сув бўла туриб, денгиз сувидан таҳорат қилса бўладими?
Ёнимда етарлича чучук сув бўла туриб, денгиз сувидан таҳорат қилсам бўладими?
Савол: Аллоҳ устингиздан савоблар ёғдирсин, қуйидаги саволимга фатво берсангиз: Денгиз сувидан намоз учун таҳорат олинса бўладими? Денгиз соҳилида турсам ва етарлича чучук сувим бўлса, шу сувим билан таҳорат қилишим керакми ёки денгиз сувидан таҳорат олсам бўлаверадими? Чунки, баъзилар: «Денгиз сувидан зарурат бўлсагина таҳорат олинади» дейишса, баъзилар: «Денгиз сувидан таҳорат олинмайди» демоқдалар. Аллоҳ умрингизни узоқ қилсин, менга жавоб берсангиз. Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Сўнг… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «У (денгиз)нинг суви – покловчи ва ўлимтиги – ҳалолдир» (Имом Аҳмад ривояти, 2/ 237, 361, 378, 392; Абу Довуд ривояти, ҳадис № 83; Насоий «Мужтабаа» 1/ 44, 144 (ал-Мактабул Исламий нашриёти); Имом Молик «Муваттоъ», 26; (Нафоис нашриёти, Байрут) Ибн Можжа, ҳадис №№ 386, 387, 388) деб айтган ҳадисларига кўра, денгиз сувидан таҳорат олишингиз жоиздир. Бунинг учун ёнингизда таҳорат қилишингиз мумкин бўлган чучук сувнинг борлиги ёки йўқлигининг аҳамияти йўқдир. Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 7604.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Манба: Ҳикмат Нури

