Ҳожат пайтида қиблага юзланиш ёки орқаси билан ўтириш
Ҳожат пайтида қиблага юзланиш ёки орқаси билан ўтириш
Савол: Сизга уйлардаги (ҳожатхоналарда ёки очиқ ерларда) ҳожат пайтида қиблага юзланиб ёки орқа қилиб ўтириш ҳақида маълумот сўраб мактуб йўлламоқдаман. Ҳозирги биноларда қурилган ҳожатхоналардаги қурилмалар, қиблага юзланиш ёки орқа қилиб ўтиришни тақозо этади. Уларни бутунлай ёки қисман тузатиш учун эса, уларни бузиш керак бўлади. Бу ҳожатхоналарнинг ҳукми нима? Охирида шуни сўрамоқчиман, қўлимизда ҳали амалга ошмаган лойиҳалар бор. Унда кўрсатилган ва қиблага юзланган ёки орқа қилиб ўтиришга мосланган ҳожатхона лойиҳаларини ўзгартиришимиз керакми ёки ўз ҳолича қурсак бўлаверадими?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг…
Аввало, очиқ (масалан: саҳро ва одамлар кўзидан йироқ жойларда) кичик ва катта ҳожатдан қибла – Каъбага юзланиб ёки орқа қилиб бўшаниш, уламоларнинг кучли қавлларига кўра ҳаром бўлиб, биноларда, одам билан қибла ўртасини юзланиш ёки орқа қилиб ўтиришдан яқиндан тўсиб турадиган эгар, дарахт, тоғ каби нарсалар бўлса, жоиздир.
Бу – Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга суянган кўплаб уламоларнинг қавлларидир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бировингиз ҳожати учун ўтирса қиблага юзланмасин ва орқасини қилиб ўтирмасин» – дедилар» (Имом Муслим 1/155, Имом Аҳмад 2/247, 250, 3/487, 5/414, 416, Насоий 1/23).
Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса шундай дейилган: «Агар катта ҳожат учун борсангиз қиблага юзланиб ёки орқа қилиб ўтирмангиз! Балки ғарб ёки шарқ томонларга қараб ўтирингиз!» (Имом Бухорий 1/45, Имом Муслим 1/154, Имом Аҳмад 2/247, Абу Довуд 1/3, Насоий 1/24, Термизий 1/23, Ибн Можа 318, Дору Қутний 1/60).[1]
Абдуллоҳ ибн Умар эса ушбу ривоятни айтди: «Мен Ҳафса разияллоҳу анҳонинг томига чиқдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Шом тарафга юзланиб, Каъбага орқаларини қилиб бўшанаётганларини кўрдим» (Имом Бухорий 1/45, Имом Муслим 1/155, Имом Аҳмад 2/41, Абу Довуд ¼, Насоий 1/25, Термизий 1/26, ибн Можа 322, Дору Қутний 1/61).
Абу Довуд ва Ҳоким раҳимаҳумаллоҳлар Марвон ибн Асфар раҳимаҳуллоҳнинг шундай деганини нақл қилдилар: «Мен Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг уловини қибла томонга чўктириб, қовуғини бўшатаётганини кўрдим ва: «Ҳой Абу Абдурраҳмон, бу таъқиқланмаганмиди?» – деб сўрасам: «Бундай қилишни очиқ жойларда таъқиқланган. Агар сен билан қибла ўртасини тўсиб турадиган нарса бўлса, зарари йўқ» – деб жавоб берди» (Абу Довуд 1/3, Дору Қутний 1/58). Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул-Борий» китобида бу ҳадиснинг санади ҳасан (яхши) эканини таъкидлади.
Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, ибн Можа раҳимаҳумуллоҳлар Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумонинг шундай деганини келтирдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кичик ҳожат пайтида қиблага юзланишни таъқиқлаган эдилар. Бироқ мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, вафотларидан бир йил илгари, қибла томонга юзланиб қовуқларини бўшатаётганларини кўрдим» (Имом Аҳмад 3/360, Абу Довуд ¼, Термизий 1/29, ибн Можа 325, Дору Қутний 1/58).
Кўплаб илм аҳллари Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ва бошқа ҳадисларни қазойи ҳожатнинг тўсиқсиз очиқ жойларда бўлишига, Жобир ибн Абдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумолар ривоят қилган ҳадисни эса қазойи ҳожатнинг бино ва одам билан қибла ўртасини тўсиб турадиган тўсиқ бўлган жойларга ҳужжат қилдилар. Бунга кўра бино ва атрофида бўшаниш асносида қиблага юзланиш ёки орқа қилиб туришнинг жоизлиги маълум бўлади.
Иккинчидан, агар қурилаётган бинонинг ҳануз амалга ошмаган лойиҳасида қиблага юзланиш ёки орқа қилиб туришни тақозо этган ҳожатхона лойиҳаси бўлса, қазойи ҳожат пайтида қиблага юзланиш ёки орқа қилиб ўтиришдан қутилиш ҳамда бу ҳақдаги ихтилофлардан чиқиш учун, унга тузатиш киритиш афзалроқ (эҳтиётлироқ)дир. Агар лойиҳага тузатиш киритилмай ўз ҳолича қурилса ҳам, юқоридаги ҳадислар мазмунига кўра, зарари йўқдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 4480.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Манба: Ҳикмат Нури
[1] Бу ҳукм жуғрофий жойлашиши Каъбанинг шимол ёки жануб тарафида бўлган давлатлар аҳолиси учундир. Мутаржим.

