PDF WORD

Ғусл қилишни тақозо этган нарсалар

Ғусл қилишни тақозо этган нарсалар

Савол: Қайси нарсалар ғусл қилишни тақозо этади? Жавоб: Ғусл қилишни тақозо этган нарсалар қуйидагилардир: Биринчи: Маний-уруғнинг уйқуда ёки уйғоқликда шаҳват-лаззат билан чиқиши. Аммо уйқуда чиққан, бироқ лаззатни ҳис этмаган бўлса ҳам, ғусл қилиш фарз бўлади. Чунки, уйқудаги одам эҳтилом бўлиши ва эҳтилом бўлганини билмаслиги мумкин. Маний-уруғ лаззат-шаҳват билан чиққан бўлса, доимо ғусл қилиш фарздир. Иккинчи: Жинсий алоқа. Агар эр хотини билан қовушиб, олатининг хатна қилинган бош қисми қинга кирса, ғусл қилиш фарз бўлади. (Ҳа), олатнинг бош қисми ёки ҳаммаси кирса ғусл қилиш фарз бўлади. Биринчи ҳолатнинг далили, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сув – сувдандир» – деб айтган сўзларидир. Яъни, маний чиқиши билан ғусл қилиш фарз бўлади. Иккинчи ҳолатнинг далили эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Агар (эркак) хотиннинг сонлари ўртасига ўтириб, «ҳаракат қилса» ғусл фарз бўлади» – деб айтган сўзларидир. Яъни, маний тўкилмаса ҳам. Бу масалани кўп одамлар билмайдилар. Мен маний тўкилмаган ҳолатда ғусл қилиш фарзлигини назарда тутмоқдаман. Баъзи эркаклар маний оқмаган жинсий алоқаларини ҳафталар ва ойлар мобайнида давом эттириб, жоҳилликлари сабабли ғусл қилмайдилар. Бу иш – хатарлидир. Ҳар бир мусулмон Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган ҳукмларни билиши шарт. Демак, юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан, хотини билан жинсий алоқа қилган, бироқ маний тўкилмаган одам (ҳам, унинг хотини ҳам) ғусл қилиш(лар)и фарздир. Учинчи: Ҳайз ва нифос қонининг келиши. Хотин киши ой кўриб, қон тўхтаса ғусл қилиши фарздир. Аллоҳ таоло айтди: «Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади» (Бақара: 222). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам истиҳоза қони кўрган аёлнинг ҳайз қони келадиган муддат давомида кутиши, сўнгра ғусл қилавериши, нифос қони кўрган аёлнинг ҳам шундай қилиши, сўнгра ғусл қилиши фарз эканини уқтирдилар. Ҳайз ва нифос қони тўхтаганидан кейин қилинадиган ғусл, жунубликдан қилинадиган ғуслнинг айнан ўзгинасидир. Бироқ, баъзи уламолар бу ғуслда аёл кишининг сидр бутасини истеъмол қилиши мустаҳаб эканини, чунки бу унинг тозароқ покланишига катта омиллардан бири эканини таъкидладилар. Айрим уламолар ғусл қилишни тақозо қилган нарсалар қаторига ўлимни ҳам қўшиб қўйдилар ва бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (вафот этган) қизларини юваётган хотинларга қарата: «Уни уч, беш, етти ёки маъқул кўрсангизлар ундан кўпроқ мартадан ювинглар!» – деб айтган сўзларини, ҳамда Арафотда уловидан йиқилиб, эҳромлик пайтида ўлган кишига: «Уни сув ва сидр (бутаси) билан ювинглар ва икки матоҳ ичида кафанланглар!» - деб айтган сўзларини далил қилиб келтирдилар ва: «Ўлим – ғусл қилиш тақозосидир» – дедилар. Бу ерда назарда тутилган ғусл тириклар зиммасидадир. Ўликнинг ўлиши билан масъулияти соқит бўлади. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига биноан, тирикларнинг ўликларини ювишлари фарздир.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ

Манба: Ҳикмат Нури



·

Фикр билдиринг