Эркаклар ғусли билан, хотинлар ғусли ўртасида фарқ борми?
Эркаклар ғусли билан, хотинлар ғусли ўртасида фарқ борми?
Савол: Эркаклар ғусли билан, хотинлар ғусли ўртасида фарқ борми? Ғусл пайтида хотин киши соч ўримларини ёзиши керакми ёки бошига, ҳадисда келганидек, уч ҳовуч сув қуйиши етарлими? Жанублик ғусли билан, ҳайз ғусли ўртасида қандай фарқ бор?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг…
Жунублик пайтида эркак кишининг ғусли билан, хотин кишининг ғусли ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Уларнинг ҳар иккиси ҳам сочларини ёзмайдилар, балки, Умму Салама разияллоҳу анҳонинг ривоятига кўра, бошларига уч ҳовуч сув қуядилар ва бутун таналарига сув етказадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мен сочларининг ўримларини боғлаб юрадиган аёлман. Жунуб бўлганимда уларни ёзишим керакми?» – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, сизга бошингизга уч ҳовуч сув қуйишингиз кейин танангизга сув етказишингиз етарлидир. Шу билан пок бўласиз» – деб жавоб бердилар» (Имом Муслим 1/259).
Агар эркак ёки хотин кишининг бошида сидр ёки хина бўлиб, сувнинг терига етишига тўсиқлик қилса, бу сидр ва хинани олиб ташлаш керак бўлади. Агар сув етишига монеълик қилмайдиган даражада юпқа қўйилган бўлса, уларни олишга ҳожат йўқдир.
Хотин кишининг ҳайздан қиладиган ғусли жунублик ғуслидан сочларини ёзиши билан фарқланади. Тўғриси, бунда ҳам ёзиши фарз эмас. Имом Муслим ривоят нақл қилган Умму Салама разияллоҳу анҳонинг ривоятида унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мен сочларимнингш ўримини боғлаб юрадиган хотинман. Ҳайз ёки жунублик учун уни ёзаманми?» – деб савол берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, сизнинг бошингизга уч ҳовуч сув қуйишингиз ва (бутун) танангизга сув етказишингиз кифоядир. Шу билан пок бўласиз» – деб жавоб бердилар» (Имом Муслим 1/260).
Бу ривоят ҳайз ва жунублик ғусли учун сочларни ёзмаслик жоизлигини ифодалайди. Бироқ, эҳтиёт ва ихтилофдан чиқиш ҳамда далилларни жамлаш нуқтаи назаридан, ҳайз ғуслида сочларни ёзиш афзалдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 1191.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Сулаймон Манийъ ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Манба: Ҳикмат Нури

