Эр, хотини билан бирга ғусл қилиши мумкинми?
Эр, хотини билан бирга ғусл қилиши мумкинми?
Савол: Эр, хотини билан бирга ғусл қилиши мумкинми?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг…
Эрнинг хотини билан бирга жунубликдан бир идишдан ғусл қилиши жоиздир. Бундаги асос Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (рафиқалари) Маймуна (разияллоҳу анҳо)дан ортган сув билан ювинар эдилар» (Имом Аҳмад «Муснад» 1/366, Имом Муслим «Саҳиҳ» 1/257).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Маймуна разияллоҳу анҳодан ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг жунублик ғуслимдан ортиб қолган сув билан ғусл қилдилар» (Имом Аҳмад «Муснад» 6/330, Ибн Можжа «Сунан» 1/132).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқаларидан бири тоғорада ғусл қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб ўша сувдан таҳорат олмоқчи ёки ғусл қилмоқчи бўлдилар. Ўша рафиқаси: «Ё Расулуллоҳ, мен жунуб эдим!?» – деганида: «Сув жунуб бўлмайди!» – деб жавоб берган эдилар» (Имом Аҳмад «Муснад» 1/337, Абу Довуд «Сунан» 1/18, Термизий «Сунан» (ҳасан саҳиҳ ҳадис) 1/200).
Абу Довуд ва Насоий раҳимаҳумаллоҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суҳбатдош бўлган бир кишининг ушбу ривоятини келтирдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотин киши эркак кишидан, эркак киши эса хотин кишидан ортган ёки икковлари ҳам қўлларини солган сувдан ғусл қилишни таъқиқладилар» (Абу Довуд «Сунан» 1/21, Насоий «Сунан» 1/130). Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул-Борий»да айтди: «Бу ҳадисни Абу Довуд ва Насоий ривоят қилди ва бу ҳадиснинг санади яхшидир»).
Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар Умму Салама разияллоҳу анҳонинг шундай деганини ривоят қилдилар: «Жунублик пайтимизда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир идишдан ғусл қилар эдим» (Имом Муслим «Саҳиҳ» 4/7).
Оиша разияллоҳу анҳо айтди: «Жунублик пайтимизда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир идишдан ғусл қилар эдим. Идишга солган қўлларимиз бир-биримизникига тегиб кетар эди» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий «Саҳиҳ» 1/70, Имом Муслимга Нававий шарҳи 4/6, Насоий «Сунан» 1/201).
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида шундай дейилган: «… ҳар иккимиз бир идишдан ғусл қилар ва ундан ҳовучлаб сув олар эдик» (Имом Бухорий «Саҳиҳ» 1/72).
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг ривояти эса бундайдир: «… Иккимизнинг ўртамиздаги идишдан ғусл қилар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳо мендан тезроқ ҳаракат қилар ва мен: «(Сувдан) менга ҳам қолдиринг!» – дер эдим. Гоҳида эса мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра тезроқ ҳаракат қилардим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «(Сувдан) менга ҳам қолдиринг!» – дер эдилар» (Имом Муслим «Саҳиҳ» 4/6).
Насоий раҳимаҳуллоҳнинг лафзи эса қуйидагичадир: «… бир идишдан ғусл қилар эдик. Гоҳида мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шоштирар ва мен: «(Сувдан) менга ҳам қолдиринг!» – дер эдим. Гоҳо эса мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шоштирар ва У менга: «(Сувдан) менга ҳам қолдиринг!» – дер эди» (Насоий «Сунан» 1/202).
Ушбу ҳадислардан эр ва хотиннинг бирга бир идишдан ғусл қилишлари жоиз экани кўринмоқда. Бирининг ғусли ёки таҳоратидан ортган сув билан бошқасининг фойдаланишида зарар йўқдир. Бироқ, ҳадисларнинг умумий маъноларига кўра, бошқа сув бор экан, у сувни ишлатмаслик афзалдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 4503 – 3.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Манба: Ҳикмат Нури

