Рамазонда азонни эртароқ айтиш

Рамазонда азонни эртароқ айтиш

Савол: Рамазонда эртароқ азон айтадиганларнинг ҳукми қандай бўлади?

Жавоб: Рўза кунлари бомдоднинг азонини эртароқ айтиб, бу билан рўзанинг эҳтиётини қилаяпмиз, дейдиганлар икки сабабга биноан хато қилаётган бўладилар:

Биринчи сабаб: Ибодатда эҳтиёткорлик бу шариатда келган кўрсатмани лозим тутишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «То Ибн Умми Мактум азон айтгунича еб-ичаверинглар, зеро у тонг отмагунича азон айтмайди», деганлар. У зот: «То тонг отишига яқин қолгунича…» демаганлар-ку! Демак, муаззинлар учун эҳтиётлиси то тонг кирмагунича азон айтмасликдир.

Иккинчи сабаб: Тонг отмасидан бомдодга азон айтадиган ва ўзларича эҳтиёткорлик қиляпмиз, деб ўйлайдиган муаззинлар ноўрин эҳтиёткорлик қилишади. Балки улар эҳтиёткорлик қилиш вожиб бўлган бир ишда сусткашликка йўл қўйган бўладилар. Бу иш бомдод намозидир. Агар муаззинлар тонг отишидан олдин азон айтсалар, одамлар, хусусан масжидларда намоз ўқимайдиган аёллар ва жамоатга чиқишдан узри бор кишилар бомдод намозини ўқиб юборадилар. Ана шунда улар бомдод намозини вақтидан илгари ўқиб қўйган бўладилар. Бу эса улкан хатодир!

Шунинг учун муаззин биродарларимга насиҳатим, улар тонг отгани аён бўлмасдан туриб азон айтиб юбормасинлар. Хоҳ кўз билан кўриш, хоҳ дақиқ ҳисоб-китоб орқали тонг отгани уларга маълум бўлса, ана шунда азон айтсинлар. Инсон тонг отмасидан олдин оғзини ёпишга тайёр бўлиши керак. Баъзи одамлар эса бунинг аксича тонг ниҳоятда яқин қолганида саҳарлик қилишга тушадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳарликни кечиктириш ҳақидаги буйруқлари мана шу бўлади, деб гумон қиладилар. Лекин бу тўғри эмас. Чунки саҳарликни кечиктириш инсон бомдоддан олдин саҳарлик қилиб олишга улгурадиган даражада бўлиши лозимдир.

Валлоҳу аълам.

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ

Таржимон: Абу Аҳмад

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan