Рамазонда кафтаки (онанизм) билан шуғулланиш
Рамазонда кафтаки (онанизм) билан шуғулланиш
Савол: Бир йигит рамазон ойида кафтаки (онанизм) билан шуғулланган. Бироқ, шаҳвати ғолиб келган пайтда, кафтакининг рўзани бузишини билмаган ҳолда бу ишни қилган. Бунинг ҳукми нима?
Жавоб: Унинг ҳукми – у ҳеч нарса қилмайди. Чунки биз юқорида рўзадорнинг учта шарт: билиш, эслаш ва истак-хоҳиш билангина рўзаси бузилишини таъкидлаган эдик. Лекин мен шуни ҳам айтиб ўтмоқчиман, инсон бардошли бўлиб, кафтаки билан шуғулланмаслиги керак. Чунки кафтаки – ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтди:
«Улар (мўъминлар) авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир. Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошгувчилардир» (Мўъминун: 5 – 7).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай деганлар: «Ҳой, ёшлар жамоаси! Уйланишга кучи етганингиз уйлансин! Чунки у (ҳаром нарсадан) кўзни юмдиради, таносил аъзоларини сақлайди. Агар уйланишга кучи етмаса, рўза тутсин!» (Имом Бухорий, ҳадис № 1905, Имом Муслим, ҳадис № 3379).
Агар кафтаки жоиз бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тавсия этар эдилар. Чунки, балоғат ёшига етган киши учун кафтаки уйланишдан кўра (харажатсиз) қулайдир. Чунки, инсон кафтакида ҳам лаззатни ҳис қилади. Рўзада эса, бунинг акси ўлароқ, қийинчилик бор. Бу – кафтакининг жоиз эмаслигига далилдир.
Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ
Манба: Ҳикмат Нури

