Наҳорларини уйқу билан ўтказаётган рўзадорларнинг ҳукми
Наҳорларини уйқу билан ўтказаётган рўзадорларнинг ҳукми
Савол: Ҳурматли шайх, айрим одамлар бамдод намозигача бедор бўладилар, сўнгра пешин намозигача ухлайдилар. Пешин намозини ўқиб бўлгач, яна аср намозигача ухлайдилар. Ифтор пайтигача вақтларини шу алфозда ўтказадилар. Исломда бу турмуш тарзининг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Модомики бирон фарз ибодатлар зое қилинмас ва гуноҳ ишлар қилинмас экан (рамазон ойининг) кечаси ва наҳорида ухлашнинг зарари йўқдир. Аслида эса мусулмон одамнинг рўзадор бўлсин ёки бўлмасин кечаларни (бутунлай) бедор ўтказмаслиги, Аллоҳ таоло муяссар қилган таҳажжуд намозини ўқиб бўлгач, ухлаб ором олишга шошилиши, сўнгра, рамазон ойида бўлса саҳарлик учун ўрнидан туриши керак. Чунки, саҳарлик қилиш суннат муаккада ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар: «Саҳарлик қилинглар! Чунки саҳарликда барака бордир!» (Муттафақун алайҳ. Имом Бухорий 1789, Имом Муслим 1835).
Бундан ташқари барча рўзадор ва бошқа эркаклар беш вақт намозни жамоат билан масжидларда ўқишга ҳарис бўлишлари керак. Уйқу ёки бошқа бирон иш сабабли бундан чалғишдан сақланинглар! Шунингдек давлат доиралари ёки бошқа жойларда хизмат қилаётган барча мулозим ва хизматчиларнинг иш вақтларида уйқу ёки бошқа бирон иш сабабли намозларни жамоат билан масжидларда ўқишга лоқайдлик кўрсатишдан сақланишлари керак.
Хуллас, эркаклар ва хотин-қизлар, рўзадорлар ва бошқаларга васиятим: Барча ҳолатларида Аллоҳдан тақво қилсинлар. Ҳар бир ибодатни ўз вақтида, Аллоҳ таоло кўрсатиб берган услубда адо этсинлар!
Ибодатларни Аллоҳ кўрсатганидек адо этишдан уйқу ёки бирон бир мубоҳ нарса чалғитиб қўймасин. Агар буларни адо этишдан бирон бир гуноҳ иш чалғитаётган бўлса, гуноҳнинг катталиги ортади ва жиноят оғир бўлади.
Аллоҳ таоло мусулмонларнинг аҳволини тузатиб, уларни динларини билишга муваффақ айласин. Ҳақда устувор қилиб, уларнинг раҳбарларини ислоҳ қилсин. Зеро Аллоҳ – саховатпеша ва жўмарддир.
Аллома Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ
«ал -Жомеъ ли фатаавал маръатил муслимаҳ»
Манба: Ҳикмат Нури

