Кафил, ишчилардан рўзасини очишни талаб қилмоқда …
Кафил, ишчилардан рўзасини очишни талаб қилмоқда …
Савол: Кафил кафолатга олган ишчиларини рамазон ойида оғизларини очмаса ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилса, ишчилар рўза тутишмаса бўлаверадими? Бундай кафилга қандай насиҳатларингиз бор?
Жавоб: Банда бировнинг таҳдиди сабабли Аллоҳнинг фарзларидан биронтасини тарк қилмаслиги керак. Балки, Аллоҳнинг фарзларини қилиши фарздир. Ким Аллоҳдан қўрқса Аллоҳ унга чиқиш йўли қилади ва кутмаган тарафидан ризқлантиради. Айтингчи, агар у одам сизга: Намоз ўқима! Акси тақдирда менинг олдимда ишлама! – деса, унга итоат этасизми? Табиийки, йўқ! Аллоҳнинг зиммангизга юклаган барча фарзлари ҳам худди шундай бўлиб, уларни қилаётган ишингиздан маҳрум қўйишни айтаётган одамнинг таҳдиди сабабли қилмаслигингиз мумкин эмас.
Ишчиларни ишлатаётган одамга эса шундай деймиз: Модомики мусулмон экансиз, сиз ишчиларнинг ўртангиздаги шартномага амал қилар намоз ўқиш, рўза тутиш ва бошқа ибодатларда Аллоҳ таолога итоат этишларида ёрдамчи бўлишингиз керак. Агар шундай қилган бўлсангиз эзгулик ва тақво асосида ҳамкор бўлган бўласиз. Эзгулик ва тақвога ҳамкор бўлган одам эса, ўша ишни қилган одам кабидир. Ҳолбуки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғозийни қуроллантирган одам ғазот қилган бўлади. Ғозийнинг оиласига боққан одам ғазот қилган бўлади» – деганлар.
Эй биродар, ишчиларинг ҳаққида Аллоҳдан қўрқ! Ишингга на зарар ва на нуқсон келтирмайдиган Аллоҳнинг марҳаматидан уларни маҳрум қўйма! Балки бундай қилишинг ишингнинг баракаси олиб кетиши мумкин.
Мен бунга шуни ҳам қўшиб қўймоқчиманки, шу кунларда ишчилар тарафидан кафиллар устидан шикоятлар кўпайиб кетди. Чунки кўплаб кафиллар, Аллоҳ таолодан улар ва ўзимиз учун ҳидоят сўраймиз, ишчиларига азият бериб, ҳақларини вақтида бермаяптилар. Ҳатто икки, уч ва тўрт ойлик маошларини бермаяптилар. Гоҳида бу ҳақларини инкор этаяптилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Мен қиёмат кунида уч кишига даъвогарман: Менинг номим билан берган кейин эса хиёнат қилган кишига, ҳур одамни сотиб пулини еган одамга ва мардикор ёллаган ва ишни тўкис қилишини талаб қилган бўлсада ҳаққини бермаган одамга».
Бундан ташқари бу мамлакатга тирикчилик учун келган анави фуқаролар ҳаққида иш берганлар Аллоҳдан қўрқсинлар! Уларнинг ҳақларини икки, уч ёки тўрт ойга кечиктирмасинлар! Чунки ишчиларнинг ўзлари ва оилалари ўша маошга муҳтождирлар.
Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн
Фатво ва мақолалар девони, Рўза китоби, 19 жилд. Фатво № 53.
Манба: Ҳикмат Нури

