Мусулмонлар бир ерда кўрилган ҳилолга кўра амал қилиши
Бутун дунё мусулмонлари бир ерда кўрилган ҳилолга кўра амал қилишлари жоизми?
Савол: Бутун дунё мусулмонларининг бир ерда кўринган ҳилолга кўра амал қилишлари лозимми? Кофир мамалакатларда яшаётган ва шаръий кўриш имкони бўлмаган мусулмонлар рўзаларини қандай тутадилар?
Жавоб: Бу савол, яъни: «Ҳилол мусулмонларнинг бир мамлакатида кўринса ва кўрингани шаръан исбот этилса, шу кўриш бошқа мусулмонларнинг амал қилишларини лозим қиладими?» – деб сўралганида уламолар турли фикрларни билдирдилар. Уларнинг айримлари: «Бошқа мусулмонлар бу кўриш тақозоси билан амал қилишлари керак» деб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисининг умумий маъносини ҳужжат қилдилар:
«Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади» (Бақара: 185).
«У (рамазон ҳилоли)ни кўрсангиз рўза тутингиз!» (Имом Бухорий, ҳадис № 1900, Имом Муслим, ҳадис № 2556, 2569).
Бу олимлар: «Хитоб – барча мусулмонлар учун умумийдир. Маълумки, бу кўришдан ҳар бир инсоннинг алоҳида кўриши қасд қилинмаган. Чунки бунинг имкони йўқ. Бундан кўриши билан ойнинг кириши аниқ бўладиган кишининг кўриши назарда тутилган. Бу (ҳукм) – ҳар бир жойда умумийдир» – дедилар.
Бошқа илм аҳллари эса шу фикрга бордилар: «Ҳилолниннг кўриниш фазалари фарқли бўлса, ҳар бир жойнинг ўз кўриниши бўлади. Агар кўриниш фазалари фарқли бўлмаса, ҳилолни кўрмаган одамларга кўриниш фазаси ўзлари билан бир хил бўлган ерда ҳилол кўринган бўлса, ўша кўриниш тақозосига риоя қилишлари керак».
Булар юқоридаги уламолар ҳужжат қилган далилларни ҳужжат қилдилар ва шундай дедилар: «Аллоҳ таоло:
«Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185) – деган. Маълумки, бундан ҳар бир инсоннинг алоҳида кўриши қасд қилинмаган. Шунинг учун унга ҳилол кўринган жойда ҳам, ҳилолнинг кўриниш фазасида бир хил бўлган бошқа жойда ҳам амал қилинади».
Ҳилолнинг кўриниш фазасига муносиб бўлмаган, на аниқ ва на ҳукман кўрмаган кишилар ҳақида шундай дедилар: «Инчунун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «У (рамазон ҳилоли)ни кўрсангизлар рўза тутингиз! У (шаввол ҳиллоли)ни кўрсангизлар рўзангизни очинглар!» (Имом Бухорий, ҳадис № 1900, Имом Муслим, ҳадис № 2556, 2569) ҳадиси ҳақида шундай деймиз: «Уламолар ҳилолни кўрган одамнинг ҳилол кўриниш фазасида бўлмаган ва на ҳақиқатан ва на ҳукман кўрмаган киши ҳақида шундай дедилар: «Ой вақтлари ҳам кундалик вақтларга ўхшайди. Мамлакатлар рўзани бекитиш ва очишда фарқ қилар эканлар, ой боши ва охирида фарқли бўлишлари керак. Мусулмонларга кундалик вақтларнинг таъсири борлиги маълумдир. Шарқликлар рўзаларини ғарбликлардан илгари бекитадилар ва очадилар.
Агар ҳилол чиқишининг кунлик вақтларда фарқли бўлишига ҳукм қилсак, унинг ойлик чиқиши ҳам шундай бўлади.
Биров Аллоҳ таолонинг:
«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз (яъни эр-хотин бир-бирига киши либосга муҳтож бўлгани каби муҳтождирлар). Аллоҳ сизлар ўзларингга хиёнат қилаётганларингни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187) ояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳов анави ердан кеча келса, ҳов анави жойдан кундуз кетса ва Қуёш ботса, рўзадор оғзини очади» (Имом Бухорий, ҳадис № 1954, Имом Муслим, ҳадис № 2526) ҳадиси дунёнинг ҳар бир мамлакатдаги барча мусулмонларга умумийдир» – деб айтмасин.
Бироқ, Аллоҳ таолонинг:
«Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185) ояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «У (рамазон ҳилоли)ни кўрсангизлар рўза тутингиз! У (шаввол ҳиллоли)ни кўрсангизлар рўзангизни очинглар!» (Имом Бухорий, ҳадис № 1900, Имом Муслим, ҳадис № 2556, 2569) ҳадисининг ҳукми умумийлигини айтамиз.
Бу сўзларнинг лафз, соғлом назар ва ой вақтларини кун вақтларига қиёслаш тақозоси билан ҳам қувватли эканини кўрмоқдасиз.
Айрим илм аҳллари бу масъаладаги ечимнинг раҳбарларга боғлиқ эканини айтдилар: «У шаръий асосларга кўра рўза ёки оғиз очишнинг фарз бўлганини фикр қилса одамлар ихтилоф қилмасликлари ва бир раҳбарлик остида тарқоқ ҳолатга тушмаслиги учун унга риоя қилинади».
Бу уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Рўза – одамлар рўза тутган, ҳайит эса одамлар оғизларини очишган кундир» ҳадисини ҳужжат қилдилар.
Бу масъала ҳақида бошқа фарқли фикрлар ҳам бўлиб, уни айрим илм аҳллари айтмоқдалар.
Саволнинг иккинчи қисмига келсак: «Шаръий кўриш имконияти бўлмаган ва кофир мамлакатларда яшаётган мусулмонлар қандай рўза тутадилар?». Улар ҳилолни шаръий йўллар билан кўришлари мумкин. Бу, агар имконияти бўлса, ҳилолни кўришга ҳаракат қилишлари билан амалга ошади. Агар имкониятлари бўлмаса, биринчи фатвога амал қилишларини айтамиз. Чунки, бирон бир Ислом давлатида ҳилолнинг кўрингани аниқ бўлса, улар ҳилолни кўрган бўлсинлар, кўрмаган бўлсинлар, шунга кўра амал қилаверадилар.
Агар иккинчи фатвони айтсак, (яъни) ўша мамлакатнинг ўзи ҳилолнинг кўриниш фазасида фарқли бўлса ва мусулмонлар истиқомат қилишаётган давлатда ҳилолни кўришга имконлари бўлмаса, ўзларига яқин бўлган исломий давлатларни эътиборга оладилар. Чунки бу – улар амал қилишлари мумкин бўлган энг олий ишдир.
Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ
Манба: Ҳикмат Нури

