«У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сувдан) пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни билувчидир»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимда ким шериги йўқ бўлмиш, Яккаю Ягона Аллоҳдан ўзга сиғинилишга лойиқ маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканлигига, ва Исо Аллоҳнинг бандаси ва Марямга юборган сўзи ва Унинг ҳузуридан бўлган Руҳи эканлигига, ва Жаннат Ҳақлигига ва Жаҳаннам Ҳақ эканлигига шаҳодат берса, унинг амаллари қанча бўлишидан қатъий назар Аллоҳ у кимсани албатта Жаннатга киритур”
(Имом Бухорий ва Муслим, Уббода ибн Сомит разияллаҳу анҳудан ривоятлари).